Умуртқа поғонаси 33-34 умуртқа суягидан ташкил топган. Ва бу умуртқа суяклари бир-бири билан умуртқалараро жойлашган диск ёрдамида бирикади.
Диск тоғай ва бириктирувчи тўқимадан ташкил топган гидрофил тўқима бўлиб, ўзида 70% сув сақлайди. Диск икки қисмдан марказий пулпоз ядро ва унинг атрофини ўраб турувчи фиброз ҳалқалардан ташкил топган. Диск чурраси ундаги моддалар алмашинуви бузилиши оқибатида унинг эластиклиги йўқолиши ва марказдаги пулпоз ядронинг фиброз ҳалқа бутунлигини бузиб, атрофга оқиб чиқиши натижасида кузатилади. Агар чурра материали дорсал томонга, яъни орқа мия канали ичига оқиб чиқса бунда орқа мия ва нерв илдизининг компрессион эзилиши ҳисобига кучли оғриқ, увушиш, қўл ва оёқ кучининг камайиши ёки бутунлай ҳаракатнинг йўқолиши, кичик чаноқ аъзолари функциясининг бузилизи, жинсий фаолиятнинг пасайиши каби белгилар билан намоён бўлиши кузатилади.
Умуртқалараро диск чуррасини келтириб чиқарувчи сабаблар?
Умуртқалараро диск чуррасининг энг кўп тарқалган сабаблари ҳисобланади:
1.Эрта қариш, яъни организмда дегенератив жараёнларнинг жадаллиги: диск қурийди ва эластиклигини йўқотади.
2.Доимий такрорланиб турадиган ҳаракат: кунлик иш, хаёт тарзи ва хаттоки баъзи бир спорт турлари.
- Оғирликни нотўғри кўтариш оқибатида: гавда билан эгилган ҳолатда кўтариш асло мумкин эмас. Оғирликни тўғри кўтариш қад тўғри, тик ва оёқлар иштирокида амалга оширилади.
- Травмалар таъсирида.
- Семизлик: ортиқча тана вазни умуртқа поғонасининг зўриқишига олиб келади.
Умуртқалараро диск чуррасини қандай ташҳисланади?
Умуртқалараро диск чурраси умуртқа поғонасининг ҳар қайси соҳасида шаклланиши мумкин, кўпчилик ҳолатларда бўйин ва бел соҳасида учрайди.Ташҳислаш бирламчи неврологик кўрик ва инструментал текширув (МРТ, МСКТ) ёрдамида аниқланади. МРТ диск чуррасини ташҳислашда олтин стандарт ҳисобланади. МРТ ёрдамида диск чуррасининг жойлашуви, ҳажми, зичлиги ва орқа мияга нисбатан компрессион босим бор ёки йўқлиги ҳақида юқори информатив икки ўлчамли тасвирни яратиб беради. МСКТ эса бу борада МРТ га нисбатан кам маълумот беради. Қачонки мажбурий ҳолатларда: МРТ га қарши қўрсатмалар бўлганда, шошилинч ҳолатларда МРТ текшируви мавжуд бўлмаганда, МРТ текширувига кўшимча маълумот сифатида ўтказилади.
Диск чуррасининг симптомлари
Умуртқалараро диск чуррасининг белгилари чурра жойлашган жойга ва унинг атрофдаги юмшоқ тўқималарга боғлиқ бўлади.
Оғриқ.Оғриқ интенсивлиги сезилмас даражадан жуда ўткир оғриқларгача
бўлиши ва оғринг нерв илдизчаси бўйлаб иррадиацияланиши, яъни тарқалиши.
Сезги ўзгаришлари. Увушиши, ачишиб куйиши, санчиб оғриши, сезгининг бузилиши.
Ҳаракатдаги ўзгаришлар: мушаклардаги ҳолсизлик, фалажликлар ва рефлекслар ўзгариши.
Даволаш усуллари
Невролог ёки вертебролог шифокори томонидан беморнинг клиник ва инструментал текширувлар асосида даволаш режасини тузади.
Касалликнинг дастлабки босқичида медикаментоз даво олиб борилади.
Бунда асосан, оғриқ қолдириш ва яллиғланишни тўхтатиш (диклофенак, ибупрофен ва бошқа); Мушаклардаги спазмни (тортишишни) бартараф этиш (тизанидин,толперизон ва б.ш.); Шишни қайтарувчи ва тоғай тўқимасини тикловчи дори воситаларидан фойдаланилади.
Касаллик ўткир кечиши, кучли оғриқлар билан намоён бўлганда медикаментоз давога қўшимча тарзда физиотерапевтик муолажалар олиб борилади.
Медикаментоз даводан самара кузатилмаганда касаллик жарроҳлик усулида даволанади. Жарроҳлик усулида даволашга кўрсатма: бартараф этиб бўлмайдиган оғриқ, неврологик нуқсоннинг ортиб бориши(оёқ кучининг камайиши ёки йўқолиши, сезишнинг йўқолиши), каудал синдромда (кичик чаноқ аъзоларининг фаолиятининг бузилиши, потенции пасайиши, оралиқ соҳада уюшишнинг пайдо бўлиши). Жарроҳлик амалиётидан мақсад нервни сиқиб турувчи механик-компрессион босимни бартараф этиш ва нервнинг функционал фаолиятини тиклаш.
Ҳозирги кунда хирургик амалиётнинг бир неча турлари бор:
-Очиқ яъни, анъанавий усул 5см дан 8 см гача жарроҳлик кесими орқали бажарилади;
-Микродискэктомия усули-бунда жарроҳлик амалиёти микроскоп ёрдамида бажарилади. Жароҳат ҳажми 3-5 см орасида бўлади.
-Эндоскопик усул- ҳозирги кунда оммалашаётган замонавий, энг ҳавфсиз бўлган жарроҳлик усули. Теридаги жароҳат ҳажми қайси эндоскопик усулдан келиб чиқиб:
Еasy Go усулида 2-2,5 см; Бипортал усулда 2 та 1см ли кесма орқали; Монопортал терида 7мм ли кесмани ташкил қилади.
Эндоскопик монопортал усул-бошқа усулларга қараганда жуда юқори афзалликларга эга. Тери, мушак ва умуртқа суякларининг табиий анатомик ҳолати сақланиб қолади ва беморнинг жарроҳлик амалиётидан бир неча соат ўтиб, мустақил туриб юриши мумкин. Ҳавфсизлик даражаси нуқтаи назаридан жуда юқори аниқликка эга оптик системаси умуртқа канали бўшлиғида жойлашган нерв, қон-томир тузилмаларини 25-30 баробарига катталаштириб кўрсатади. Шунинг ҳисобидан жарроҳликдан кейинги ногиронлик кўрсаткичи нолга тенг.
Муаллиф: шифокор нейрохирург Ҳамдамов Шоҳжахон Шуҳрат уғли
Мурожаат учун: Телефон рақам: +99897-490-24-34
Телеграм манзил: https://t.me/dr_shohjahon_hamdamov