Skip to main content

Оксалиплатин Эбеве

Улашиш:
  Reading time 28 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

ОКСАЛИПЛАТИН ЭБЕВЕ®

OKSALIPLATIN EBEVE

 

Препаратнинг савдо номи: Оксалиплатин Эбеве®

Таъсир этувчи модда (ХПН): оксалиплатин (oxaliplatin)

Дори шакли: инфузия учун эритма тайёрлаш учун лиофилизат

Таркиби:

Бир флакон қуйидагиларни сақлайди:

фаол модда: 10 мл ёки 20 мл эритувчини тайёрлаш учун мувофиқ равишда 50 мг ёки 100 мг оксалиплатин.

Инфузия учун тайёрланган 1 мл эритма 5 мг оксалиплатин сақлайди.

Ёрдамчи модда: лактоза моногидрати.

Таърифи: тиниқ, рангсиз ёки оч-сариқ, рН кўрсаткичи 4,0-6,0 бўлган эритма

Фармакотерапевтик гуруҳи: ўсмаларга қарши бошқа воситалар, платина бирикмалари.

АТХ коди: L01XA03.

 

Фармакологик хусусиятлари

Фармакодинамикаси

Оксалиплатин ўсма моделларининг турли тизимларида, шу жумладан одам колоректал раки моделида цитотоксик хусусиятларнинг кенг спектрини in vitro шароитда, шунингдек ўсмаларга қарши фаолликни in vivo шароитда намоён қилади.

Цисплатинга резистент бўлган турли моделларга нисбатан фаолликни намоён қилади.

Оксалиплатиннинг цитотоксик ва ўсмаларга қарши таъсир механизми ҳужайраларнинг ДНК синтезини издан чиқаришга асосланган. Синергетик цитотоксик таъсир 5-фторурацил билан мажмуасида қўлланганда кузатилади.

Фармакокинетикаси

2 соатлик инфузия якунида юборилган платинанинг 15% катта қон айланиш доирасида бўлади, айни вақтда қолган 85% тўқималарда тезда тақсимланади ёки сийдик билан чиқарилади. Қон ва плазма эритроцитлари билан қайтмас ҳолда боғланиши шунга олиб келадики, бунда ушбу матрицалар билан боғлиқ бўлган ярим чиқарилиши даври қон эритроцитлари ва зардоб альбуминининг ярим яшаш даврига яқин бўлади.

Икки ҳафтада бир марта 85 мг/м2 дозада ёки уч ҳафтада бир марта 130 мг/м2 дозада юборилганида плазма ультрафильтратида платинанинг тўпланиши кузатилмаган. Ушбу матрицада мувозанат ҳолатига 1-циклда эришилган.

In vitro шароитдаги биотрансформацияси ноферментатив парчаланиш натижаси бўлиб ҳисобланади; диаминоциклогексан (DACH) ҳалқаси метаболизмида Р450 цитохромининг иштирокига доир далиллар йўқ.

Оксалиплатин организмда сезиларли биотрансформацияга учрайди. 2 соатлик инфузия якунида плазма ультрафильтратида ўзгармаган фаол модда аниқланмаган. Кейинчалик тизимли қон оқимида биотрансформациянинг цитотоксик маҳсулотлари, шу жумладан монохлор-, дихлор- ва диаква-DACH платина катта миқдордаги нофаол конъюгатлар билан бир қаторда идентификация қилинган.

Платина асосан сийдик билан ажратилади. Клиренси, одатда юборилганидан кейин 48 соатдан ошмайди. 5-кунга келиб умумий дозанинг тахминан 54% сийдикда ва 3% дан кам миқдори ахлатда аниқланган.

Алоҳида клиник ҳолларда фармакокинетикаси. Буйрак етишмовчилигида клиренсни соатига 17,6±2,18 л дан соатига 9,95±1,91 л гача сезиларли даражада пасайиши ва тақсимланиш ҳажмининг 330±40,9 л дан 241±36,1 л гача сезиларли пасайиши кузатилади. Буйрак функциясини оғир бузилишининг платина клиренсига таъсири ўрганилмаган.

 

Қўлланилиши

Оксалиплатин Эбеве 5-фторурацил (5-FU) ва фолинат кислотаси (FA) билан мажмуада қуйидаги ҳолларда:

  • бирламчи ўсма тўлиқ олиб ташланганидан сўнг III босқичдаги (Дьюк бўйича – С босқичдаги) йўғон ичак ракини адъювант даволашда;
  • метастатик колоректал ракни даволашда буюрилади.

 

Қўллаш усули ва дозалари

Фақат катталарни даволаш учун мўлжалланган

Адъювант даволаш учун тавсия этиладиган доза – 12 та цикл (6 ой) давомида ҳар 2 ҳафтада тана юзасининг 1 м2 га 85 мг дан вена ичига юборилади.

Метастатик колоректал ракни даволаш учун тавсия этиладиган доза – ҳар 2 ҳафтада тана юзасининг 1 м2 га 85 мг дан вена ичига юборилади.

Дозага препаратни ўзлаштираолишини инобатга олган ҳолда тузатиш киритилади («Махсус кўрсатмалар ва эҳтиёткорлик чоралари» бўлимига қаранг).

Оксалиплатинни юбориш доимо фторпиримидинлар юборилишидан олдин амалга оширилиши керак.

250–500 мл 5% ли глюкоза эритмасида суюлтирилган оксалиплатинни 2–6 соат давом этадиган вена ичига инфузия йўли билан юборилади.

Оксалиплатин, одатда, 5-фторурацилни узлуксиз инфузияси билан мажмуада қўлланилган.

Икки ҳафталик схема бўйича 5-фторурацил асосида оқим билан юборишни узлуксиз инфузия қилиш билан бирга олиб бориладиган тартиблар қўлланилган.

Пациентларнинг алоҳида гуруҳлари

Буйрак етишмовчилиги бўлган пациентлар

Оғир даражадаги буйрак етишмовчилиги бўлган пациентларда оксалиплатинни қўлланилиши ўрганилмаган.

Ўртача даражадаги буйрак етишмовчилиги бўлган пациентларда оксалиплатин билан даволашни стандарт тавсия этиладиган дозадан бошланади (шунингдек «Махсус кўрсатмалар ва эҳтиёткорлик чоралари» бўлимига қаранг). Енгил даражадаги буйрак етишмовчилиги бўлган пациентларда дозага тузатиш киритиш талаб қилинмайди.

Жигар функциясини бузилиши бўлган пациентлар

Жигар функциясини ва ўт чиқариш йўллари бузилишлари тез-тезлиги ва оғирлигини касаллик ривожланишига ва пациентнинг дастлабки ҳолатини ўрганиш чоғида жигар синамаларидаги ўзгаришларга боғлиқлиги қайд этилган. Жигар синамалари кўрсаткичларини бузилишлари бўлган пациентлар учун дозага препаратни ишлаб чиқишнинг клиник босқичида тузатиш киритилмаган.

Кекса пациентлар: дозага тузатиш киритиш талаб этилмайди.

Болалар: болаларда қўллаш учун буюрилмайди.

Қўллаш усули

Вена ичига инфузия йўли билан юборилади.

Оксалиплатин юборилганда гипергидратация талаб қилинмайди.

Лиофилизация қилинган оксалиплатин қўлланилишидан олдин эритилиши ва кейинчалик суюлтирилиши керак.

Лиофилизатни эритиш ва эритмани кейинчалик суюлтириш учун натрий хлориди эритмасидан ҲЕЧ ҚАЧОН ФОЙДАЛАНМАНГ (қолган эҳтиёткорлик чоралари ҳақида қуйида келтирилган «Ишлатиш ва юборилишда эҳтиёткорлик чоралари» бўлимига қаранг).

Лиофилизатни эритиш

Лиофилизатни эритиш учун инъекция учун сувдан ёки 5% ли глюкоза эритмасидан
(50 мг/мл) қуйидаги миқдорда фойдаланилади:

  • 50 мг ли оксалиплатин флакони учун 10 мл ва
  • 100 мг ли оксалиплатин флакони учун 20 мл.

Тайёрланган эритманинг концентрацияси – 5 мг/мл.

Инфузия учун эритмани тайёрлаш

Тайёрланган эритманинг зарур миқдори дарҳол 250–500 мл 5% ли глюкоза эритмаси билан суюлтирилади. Инфузия учун ҳосил қилинган эритмада оксалиплатин концентрацияси
0,2 мг/мл дан 0,7 мг/мл гачани ташкил этади; бунда 0,7 мг/мл ли концентрация клиник амалиётда қўлланиладиган максимал концентрация бўлиб ҳисобланади ва оксалиплатиннинг 85 мг/м2 ли дозасини таъминлайди. Ушбу концентрациялар диапазонида оксалиплатиннинг физик-кимёвий барқарорлиги намоён бўлган.

Суюлтиришдан ва кейинги фойдаланишдан олдин эритмани кўздан кечирилади. Кейинги қўлланилиши учун фақат кўринадиган заррачалари бўлмаган тиниқ эритма яроқлидир.

Ушбу дори воситаси бир марта фойдаланиш учун мўлжалланган. Фойдаланилмаган эритма йўқ қилинади.

Инфузия учун оксалиплатин эритмасининг мутаносиблиги поливинилхлорид асосидаги репрезентатив тўпламлардан фойдаланган ҳолда синовдан ўтказилган.

Инфузия

Камида 0,2 мг/мл ли концентрацияни ҳосил қилиш учун 250–500 мл 5% ли глюкоза эритмасида (50 мг/мл) суюлтирилган оксалиплатинни марказий веноз катетери орқали ёки периферик венага 2–6 соат давомида юбориш зарур.

Экстравазация юз берган тақдирда препаратни юбориш дарҳол тўхтатилади.

5-фторурацил билан қўлланилиши

Оксалиплатинни фторпиримидинлар, яъни 5-фторурацил юборилишига қадар юбориш лозим.

Оксалиплатин юборилганидан кейин линияни ювиш лозим, сўнгра эса 5-фторурацил юборилиши керак.

Фолинат кислотаси (кальций фолинати ёки динатрий фолинати) билан қўлланилиши

250–500 мл 5% ли глюкоза эритмасида оксалиплатиннинг 85 мг/м2 ли дозасини вена ичига инфузияси 250–500 мл 5% ли глюкоза эритмасида фолинат кислотасини инфузияси билан бир вақтда инфузия жойига бевосита яқин жойлаштирилган Y-линиядан фойдаланган ҳолда 2–6 соат давомида бажарилади.

Ушбу икки дори воситасини инфузия учун битта қопчада бирлаштириш мумкин эмас. Фолинат кислотаси ёрдамчи модда сифатида трометамол сақламаслиги керак. Уни изотоник 5% ли глюкоза эритмаси билан суюлтириш лозим. Уни суюлтириш учун ишқорий эритмалардан ёки натрий хлоридини ёки бошқа хлоридларни сақловчи эритмалардан асло фойдаланиш мумкин эмас.

Ишлатиш ва юборишда эҳтиёткорлик чоралари

  • Инъекция учун алюминий сақловчи материаллардан фойдаланиш МУМКИН ЭМАС.
  • Суюлтирилмаган кўринишда юбориш МУМКИН ЭМАС.
  • Экстраваскуляр юбориш учун фойдаланиш МУМКИН ЭМАС.
  • Фақат 5% ли глюкоза эритмаси (50 мг/мл) билан суюлтирилиши керак.
  • Натрий хлориди эритмаси ёки бошқа хлоридларни сақловчи инфузиялар учун эритмалар билан суюлтириш МУМКИН ЭМАС.
  • Битта инфузия қопчасида ҳар қандай бошқа дори воситаси билан аралаштириш ёки айнан ўша битта инфузия линияси орқали бир вақтда юбориш МУМКИН ЭМАС.
  • Ишқорий дори воситалари ёки эритмалари, хусусан ёрдамчи моддалар сифатида трометамол сақловчи 5-фторурацил, фолинат кислотаси препаратлари ва трометамол тузлари кўринишида бошқа фаол моддалар препаратлари билан бирга фойдаланиш МУМКИН ЭМАС. Ишқорий дори воситалари ва препаратлари оксалиплатиннинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади.

Цитотоксик моддаларни инъекция қилиш учун эритмаларни тайёрлаш фойдаланиладиган дори воситасини қўллашга доир билимларга эга бўлган малакали ходимлар томонидан, дори воситасининг интактлигини, атроф муҳит муҳофазасини ва айниқса дори воситалари билан ишлайдиган ходимлар ҳимоя қилинишини кафолатловчи шароитларда касалхонанинг ички қоидаларига мувофиқ амалга оширилиши керак. Бу ушбу мақсад учун мўлжалланган зонани тайёрлашни талаб қилади. Бундай зонада чекиш, овқатланиш ва ичимлик ичиш тақиқланади.

Ходимлар тегишли материаллар, хусусан енги узун халатлар, ҳимоя ниқоблари, қалпоқчалар, ҳимоя кўзойнаклари, стерил бир марта ишлатиладиган қўлқоплар, ишчи зона учун ҳимоя ғилофлари, чиқиндиларни тўплаш учун контейнер ва қопчалар билан таъминланган бўлиши керак.

Экскрементлар ва қусилган массалар билан эҳтиёткорлик билан муомалада бўлиш лозим.

Ҳомиладор аёллар цитотоксик препаратлар билан боғлиқ ишлардан сақланишлари зарурлиги ҳақида огоҳлантирилишлари керак.

Синдирилган флаконлар билан худди шундай эҳтиёткорлик чораларига риоя қилган ҳолда муомалада бўлиш лозим.

Улар ифлосланган чиқиндилар деб ҳисобланиши керак. Ифлосланган чиқиндилар тегишли тарзда маркировка қилинган қаттиқ контейнерларда ёқиб ташланиши керак.

Оксалиплатин кукун, тайёрланган эритма ёки инфузия учун эритма кўринишида терига ёки шиллиқ қаватларга тушган тақдирда, уларни дарҳол ва синчковлик билан сув билан ювиб ташлаш зарур.

Преципитация белгилари мавжуд бўлганида тайёрланган эритмадан фойдаланиш мумкин эмас; у хавфли чиқиндиларни утилизация қилишга доир қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ утилизация қилиниши керак.

Утилизация принциплари

Дори воситаларининг қолдиқлари, шунингдек тайёрлаш, суюлтириш ва юбориш учун ишлатилган барча материаллар цитотоксик препаратларга қўллаш мумкин бўлган касалхонанинг стандарт процедураларига ва хавфли чиқиндиларни утилизация қилишнинг маҳаллий талабларига мувофиқ утилизация қилиниши керак.

 

Ножўя таъсирлари

Оксалиплатинни 5-фторурацил ва фолинат кислотаси билан мажмуада меъда-ичак йўллари томонидан бузилишлар (ич кетиши, кўнгил айниши, қусиш ва мукозит), гематологик бузилишлар (нейтропения, тромбоцитопения) ва неврологик бузилишлар (ўткир ва доза тўпланиб қолганида ривожланадиган периферик сенсор нейропатияси) энг кўп учрайдиган нохуш ножўя таъсирлари бўлиб ҳисобланади.

Умуман олганда ушбу ножўя таъсирлар кўпроқ учраган ва 5-фторурацил/фолинат кислотаси билан монотерапияга қараганда 5-фторурацил/фолинат кислотасини оксалиплатин билан мажмуада юборилганида янада оғирроқ кўринишда бўлган.

Ножўя самаралар ривожланишининг тез-тезлиги қуйидагича аниқланади: жуда тез-тез (≥1/10), тез-тез (≥1/100, <1/10), тез-тез эмас (≥1/1 000, <1/100), кам ҳолларда (≥1/10000, <1/1000), жуда кам ҳолларда (<1/10 000), тез-тезлиги номаълум (мавжуд маълумотлар асосида баҳолаш мумкин эмас).

Инфекциялар ва инвазиялар

Жуда тез-тез: инфекциялар.

Тез-тез: ринит, юқори нафас йўллари инфекциялари, нейтропеник сепсис.

Қон ва лимфатик тизим томонидан бузилишлар

Жуда тез-тез: анемия, нейтропения, тромбоцитопения, лейкопения, лимфопения.

Тез-тез: фебрил нейтропения.

Кам ҳолларда: иммуноаллергик тромбоцитопения, гемолитик анемия.

Тез-тезлиги номаълум: гемолитик-уремик синдром.

Иммун тизими томондан ўзгаришлар

Жуда тез-тез: аллергия/аллергик реакциялар*.

* Эшакеми, конъюнктивит ва ринит кўринишида намоён бўладиган тери тошмаси билан кечадиган аллергик реакциялар жуда тез-тез учрайди. Анафилактик ёки анафилактоид реакциялар, шу жумладан бронхоспазм, ангионевротик шиш, артериал гипотензия, кўкракда оғриқ ҳисси ва анафилактик шок тез-тез учрайди.

Метаболизм ва озиқланиш томонидан бузилишлар

Жуда тез-тез: анорексия, гипергликемия, гипокалиемия, гипернатриемия.

Тез-тез: сувчизланиш.

Тез-тез эмас: метаболик ацидоз.

Руҳий бузилишлар

Тез-тез: депрессия, уйқуни бузилиши.

Тез-тез эмас: нерв тизимининг юқори қўзғалувчанлиги.

Неврологик бузилишлар

Жуда тез-тез: периферик сенсор нейропатия, сенсор бузилишлар, таъмнинг бузилиши, бош оғриғи.

Тез-тез: бош айланиши, ҳаракатланиш невритлари, менингизм.

Кам ҳолларда: дизартрия, қайтувчан орқа лейкоэнцефалопатия синдроми (шунингдек «Махсус кўрсатмалар» бўлимига қаранг).

Тез-тезлиги номаълум: тиришишлар.

Неврологик токсиклиги дозани чекловчи ножўя таъсир бўлиб ҳисобланади.

У кўпинча совуқда қолиб кетиш оқибатида келиб чиқадиган тиришишлар ёки уларсиз қўл-оёқлар дизестезияси ва (ёки) парестезияси билан ифодаланадиган сенсор периферик нейропатияни ўз ичига олади.

Ушбу симптомлар 95% пациентларда учрайди; уларнинг давомийлиги даволаш цикллари сони кўпайиши билан ортиб боради.

Оғриқ ва (ёки) функционал бузилишларнинг пайдо бўлиши дозага тузатиш киритиш ёки ҳатто ушбу симптомларнинг давомийлигига боғлиқ ҳолда даволашни тўхтатиш учун кўрсатма бўлади («Махсус кўрсатмалар» бўлимига қаранг).

Функционал бузилишлар аниқ координацияланган ҳаракатларни бажаришдаги қийинчиликларни ичига олади ва сенсор бузилишларининг эҳтимол оқибати бўлиб ҳисобланади. Турғун симптомлар юзага келиши хавфи 850 мг/м2 кумулятив доза (10 та цикл) учун тахминан 10% ни, 1020 мг/м2 кумулятив доза (12 та цикл) учун тахминан 20% ни ташкил этади.

Кўпгина ҳолларда неврологик белгилар ва симптомлар даволаш тўхтатилганидан кейин камаяди ёки тўлиқ ўтиб кетади. Йўғон ичак раки адъювант даволашда даволаш тўхтатилганидан кейин 6 ой ўтгач пациентларнинг 87 фоизи симптомларга эга бўлмаган ёки енгил симптомларга эга бўлган. 3 йилгача давом этган кейинги кузатувлар давомида пациентларнинг тахминан 3 фоизида ёки ўртача жадалликдаги чекланган барқарор парестезиялар (2,3%) ёхуд функционал бузилишлар бўлган парестезия (0,5%) кузатилган.

Ўткир нейросенсор ҳолатлар қайд этилган бўлиб, улар препарат юборилганидан кейин бир неча соат ўтгач пайдо бўлган ва кўпинча совуқлик таъсири билан боғлиқ бўлган. Улар ўтиб кетувчи парестезия, дизестезия ва гипестезия кўринишига эга бўлиши мумкин. Учраш тез-тезлиги 1–2% ни ташкил этадиган ҳалқум-ҳиқилдов дизестезиясининг ўткир синдроми дисфагиянинг субъектив ҳислари билан ёки респиратор дистресс (цианозсиз ёки гипоксиясиз), ларингоспазм ёки бронхоспазмнинг (стридорсиз ёки ҳуштаксимон нафас олишсиз) бирон-бир объектив белгиларисиз ҳансираш билан характерланади. Бундай ҳолларда антигистамин препаратлари ва бронходилататорлар юборилган, бироқ симптомлар ҳатто даволаш ўтказилмаганида ҳам тезда ўтиб кетган. Даволашнинг кейинги циклларида инфузия давомийлигини ошириш ушбу нохуш ҳолатнинг учраши тез-тезлигини камайишига олиб келган («Махсус кўрсатмалар» бўлимига қаранг). Бундан ташқари, кам ҳолларда қуйидаги симптомлар: жағларнинг спазми, мушаклар спазми, мушакларнинг беихтиёр қисқаришлари, мушакларнинг тортишиши, миоклонус, ҳаракатлар мувофиқлигини бузилиши, қадам ташлашнинг бузилиши, атаксия, мувозанат бузилишлари, томоқда ёки кўкракда сиқилиш ҳисси, босимни сезиш ҳисси, дискомфорт, оғриқ кузатилган. Шунингдек бош мия нервлари дисфункциялари ёхуд юқорида эслатиб ўтилган ҳолатлар билан боғлиқ дисфункциялар, ёхуд птоз, диплопия, афония, дисфония, гоҳида овоз пайларининг фалажлиги сифатида таърифланадиган овоз бўғилиши, тилда аномал ҳислар ёки гоҳида афазия сифатида таърифланадиган дизартрия, учламчи нервнинг невралгияси, юз оғриғи, кўзларда оғриқ, кўриш ўткирлигининг пасайиши, кўриш майдонининг бузилиши каби симптомлар кўринишида ажралиб турувчи ҳодиса сифатида юзага келадиган дисфункциялар ривожланиши мумкин.

Оксалиплатин билан даволаш вақтида шунингдек дизартрия, чуқур пай рефлексларининг йўқолиши ва Лермитт синдроми каби бошқа неврологик симптомлар қайд этилган.

Кўриш нервининг неврити ҳақидаги якка хабарлар мавжуд.

Кўриш аъзоси томонидан бузилишлар

Тез-тез: конъюнктивит, кўришни бузилиши.

Кам ҳолларда: кўриш ўткирлигини ўткинчи пасайиши, кўриш майдонини бузилиши, кўриш нервининг неврити, кўришни қисқа муддатли йўқотилиши (даволаш тўхтатилганидан кейин қайтувчан бўлади).

Эшитиш аъзоси ва мувозанат томонидан бузилишлар

Тез-тез эмас: ототоксиклик.

Кам ҳолларда: карлик.

Қон томирлар томонидан бузилишлар

Тез-тез: қон кетиши, қизиб кетиш ҳисси, чуқур веналар тромбози, гипертензия.

Нафас аъзолари, кўкрак қафаси ва кўкс оралиғи аъзолари томонидан бузилишлар

Жуда тез-тез: ҳансираш, йўтал, бурундан қон кетиши.

Тез-тез: ҳиқичоқ, ўпка артериясининг тромбоэмболияси.

Кам ҳолларда: ўпканинг интерстициал касаллиги (гоҳида ўлим билан якунланувчи), ўпка фибрози (шунингдек «Махсус кўрсатмалар» бўлимига қаранг).

Меъда-ичак йўллари томонидан бузилишлар

Жуда тез-тез: кўнгил айниши, диарея, қусиш, стоматит/шиллиқ қаватнинг яллиғланиши, қоринда оғриқ, қабзият.

Тез-тез: диспепсия, меъда-қизилўнгач рефлюкси, ректал қон кетиши.

Тез-тез эмас: ичак тутилиши, ичак обструкцияси.

Кам ҳолларда: колит, шу жумладан Clostridium difficile келтириб чиқарадиган диарея, панкреатит.

Оғир диарея/қусиш, айниқса оксалиплатинни 5-фторурацил (5-FU) билан мажмуада қўлланилганида сувсизланиш, паралитик илеус, ичак тутилиши, гипокалиемия, метаболик ацидоз ва буйрак етишмовчилигини келтириб чиқариши мумкин (шунингдек «Махсус кўрсатмалар» бўлимига қаранг).

Жигар ва ўт чиқариш йўллари томонидан ўзгаришлар

Жуда кам ҳолларда: шунингдек жигарнинг облитерацияловчи касаллиги сифатида маълум бўлган синусоидал обструкция синдроми ёки жигарнинг бундай бузилиши билан боғлиқ бўлган патологик ҳолатларнинг намоён бўлиши, шу жумладан жигар пурпураси, тугунли регенератив гиперплазия ва перисинусоидал фиброз. Клиник жиҳатдан портал гипертензия ва (ёки) трансаминазалар даражасининг ошиши кўринишида намоён бўлиши мумкин.

Тери ва тери ости-ёғ тўқималари томонидан ўзгаришлар

Жуда тез-тез: тери бузилишлари, алопеция.

Тез-тез: терини кепакланиши (масалан, «қўл панжаси-оёқ кафти» синдроми), эритематоз тошма, тошма, гипергидроз, онихопатия.

Суяк-мушак тизими, бириктирувчи тўқималар ва суяклар томонидан бузилишлар

Жуда тез-тез: белда оғриқ.

Тез-тез: артралгия, суякларда оғриқ.

Буйрак ва сийдик чиқариш йўллари томонидан бузилишлар

Тез-тез: гематурия, дизурия, сийиш тез-тезлигининг бузилиши.

Жуда кам ҳолларда: ўткир каналчалар некроз, ўткир интерстициал нефрит ва ўткир буйрак етишмовчилиги.

Умумий бузилишлар ва юбориш жойида бузилишлар

Жуда тез-тез: иситма (эт увишиши (тремор) ёхуд фебрил нейтропения билан ёки усиз кечадиган инфекция туфайли ёхуд иммунологик механизм бўйича содир бўладиган), толиқиш, астения, оғриқ, юбориш жойида реакциялар.

Юбориш жойида реакциялар маҳаллий оғриқ, қизариш, шиш ва тромбозни ўз ичига олади. Экстравазация маҳаллий оғриқ ва яллиғланишга олиб келиши мумкин бўлиб, улар оғир шаклга эга бўлиши ва асоратларга, шу жумладан, айниқса оксалиплатин периферик вена орқали юборилганида некрозга олиб келиши мумкин.

Лаборатор ва инструментал маълумотлар

Жуда тез-тез: қонда жигар ферментлари, ишқорий фосфатаза, билирубин, лактатдегидрогеназа (ЛДГ) даражасини ошиши, тана вазнини ошиши (адъювант даволаш ўтказилганида).

Тез-тез: креатинин даражасини ошиши, тана вазнини камайиши (метастазлар мавжуд бўлганида).

 

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

  • Анамнезда оксалиплатинга ёки препаратнинг ёрдамчи моддасига юқори сезувчанликда;
  • эмизиш даврида;
  • даволашнинг биринчи курси бошланишига қадар миелосупрессияда, бу ҳақида нейтрофилларнинг < 2 x 109/л ва (ёки) тромбоцитларнинг < 100 x 109/л дастлабки даражаси далолат беради;
  • даволашнинг биринчи курси бошланишига қадар функционал бузилишлари бўлган периферик сенсор нейропатияда;
  • буйрак функциясини оғир бузилишларида (креатинин клиренси минутига 30 мл дан кам) қўлланилади.

 

Дориларнинг ўзаро таъсири

5-фторурацилни юборишдан бевосита олдин оксалиплатинни 85 мг/м2 дозада бир марта қабул қилган пациентларда плазмада 5-фторурацил даражасини ўзгариши кузатилмаган. Эритромицин, салицилатлар, гранисетрон, паклитаксел ва натрий вальпроати каби препаратлар билан іn vitro шароитда бирга қўлланилганида плазма оқсиллари билан боғлардан оксалиплатинни сиқиб чиқарилиши кузатилмайди.

Номутаносиблик

Мазкур дори воситасини бошқа дори воситалари билан аралаштириб бўлмайди. Лиофилизатни эритиш учун инъекция учун сувдан ёки глюкозанинг 5% ли эритмасидан фойдаланиш керак; суюлтириш учун фақат глюкозанинг 5% ли эритмасидан фойдаланиш керак. Эритилган дори воситасини битта инфузия қопчасида ёки инфузия линиясида бошқа дори воситалари билан аралаштириш мумкин эмас.

Oксалиплатинни Y-симон система орқали фолинат кислотаси билан бир вақтда юбориш мумкин.

  • Ишқорий дори воситалари ёки эритмалари (хусусан, ёрдамчи моддалар сифатида трометамол сақлайдиган 5-фторурацил, фолинат кислотаси препаратлари ва трометамол тузлари кўринишида бошқа фаол моддаларнинг препаратлари) билан бирга қўллаш МУМКИН ЭМАС. Ишқорий дори воситалари ва препаратлари оксалиплатиннинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади.
  • Эритиш ва суюлтириш учун физиологик эритма ёки хлор ионларини сақловчи бошқа эритмалардан (шу жумладан кальций, калий ёки натрий хлориди сақловчи эритмалардан) фойдаланиш МУМКИН ЭМАС.
  • Битта инфузия қопчасида ёки инфузия линиясида бошқа дори воситалари билан аралаштириш МУМКИН ЭМАС.
  • Инъекция учун алюминий сақловчи ускунадан фойдаланиш МУМКИН ЭМАС.

 

Махсус кўрсатмалар

Препаратни фақат ихтисослашган онкологик бўлимларда қўллаш ва тажрибали онколог кузатуви остида юбориш лозим.

Буйрак етишмовчилиги

Ўртача даражада буйрак функциясини бузилиши бўлган пациентлар учун хавфсизлиги бўйича маълумот чекланганлиги туфайли, препарат қўлланилишини фақат пациент учун фойда/хавф нисбати баҳоланганидан кейин кўриб чиқиш лозим. Буйрак функциясини синчковлик билан назорат қилиш зарур, дозага эса токсиклигига боғлиқ равишда тузатиш киритиш керак.

Ўта юқори сезувчанлик реакциялари

Анамнезида платина сақловчи бошқа препаратларга аллергик реакциялар қайд этилган пациентлар алоҳида кузатув остида бўлишлари керак. Анафилактоид кўринишлар намоён бўлганида инфузия дарҳол тўхтатилади ва тегишли симптоматик даволаш бошланади. Оксалиплатинни бундай пациентларга такроран юбориш тақиқланади. Платинанинг барча бирикмалари билан кесишган реакциялар, гоҳида ўлим билан якунланадиган реакциялар қайд этилган.

Экстравазация юз берганида инфузия дарҳол тўхтатилади ва одатдаги маҳаллий симптоматик даволаш бошланади.

Неврологик симптомлар

Оксалиплатиннинг неврологик токсиклигини, айниқса специфик неврологик токсиклигига эга бўлган бошқа дори воситалари билан бир вақтда қўлланилганида синчковлик билан назорат қилиш зарур. Неврологик текширув ҳар бир юборилишидан олдин, шунингдек кейинчалик даврий ўтказилиши керак. Агар 2 соатлик инфузия вақтида ёки ундан кейин дастлабки бир неча соатлар давомида ўткир ҳиқилдоқ-ҳалқум дизестезияси ривожланса, оксалиплатиннинг кейинги инфузияси 6 соат давом этиши керак.

Периферик сенсор нейропатия

Неврологик симптомлар (парестезия, дизестезия) ривожланганида мавжуд симптомларнинг давомийлиги ва оғирлик даражасини инобатга олган ҳолда оксалиплатин дозасига тузатиш киритиш тавсия этилади, айнан эса:

  • агар симптомлар етти кундан ортиқ давом этаётган ва дискомфортни келтириб чиқараётган бўлса, кейинги юборилганида оксалиплатин дозасини 85 мг/м2 дан 65 мг/м2 гача (метастатик колоректал ракни даволаш учун қўлланилганида) ёки 75 мг/м2 гача (адъювант даволаш учун қўлланилганида) пасайтирилади;
  • агар функционал бузилишларсиз парестезия кейинги циклгача сақланиб қолинса, кейинги юборилганида оксалиплатин дозасини 85 мг/м2 дан 65 мг/м2 гача (метастатик колоректал ракни даволаш учун қўлланилганида) ёки 75 мг/м2 гача (адъювант даволаш учун қўлланилганида) пасайтирилади;
  • агар функционал бузилишлар билан парестезия кейинги циклгача сақланиб қолинса, оксалиплатинни қўллаш тўхтатилиши зарур;
  • агар ушбу симптомлар оксалиплатин билан даволаш тўхтатилганидан кейин йўқолса, даволашни қайтадан бошлаш масаласини кўриб чиқиш мумкин.

Периферик сенсор нейропатиянинг турғун симптомлари даволаш якунланганидан кейин ҳам сақланиши мумкин. Адъювант даволашда чегараланган ўртача парестезия ёки функционал фаолликка салбий таъсир кўрсатишга қодир бўлган парестезия даволаш тўхтатилганидан кейин уч йилгача муддат давомида сақланиб қолиши мумкин.

Қайтувчан орқа лейкоэнцефалопатия синдроми

Оксалиплатинни мажмуавий даволашда қабул қилаётган пациентларда қайтувчан орқа лейкоэнцефалопатия синдроми (ҚОЛС) ҳоллари қайд этилган. ҚОЛС кам учрайдиган, қайтувчан, тезда ривожланадиган неврологик ҳолат бўлиб, у тиришишлар, қон босимини ошиши, бош оғриғи, онгнинг хиралашиши, кўрлик ва кўриш аъзоси ва нерв тизими томонидан бошқа бузилишлар билан кечиши мумкин. ҚОЛС ташҳиси бош мияни визуализацияси усуллари, асосан МРТ (магнит-резонанс томографияси) ёрдамида тасдиқланади.

Кўнгил айниши, қусиш, диарея, дегидратация ва гематологик ўзгаришлар

Агар оксалиплатин юборилганидан кейин кўнгил айниши ва қусиш билан намоён бўладиган меъда-ичак токсиклиги ривожланса, профилактика ва (ёки) даволаш мақсадларида қусишга қарши воситалар қўлланилади.

Оғир диарея/қусиш, айниқса оксалиплатинни 5-фторурацил билан мажмуада қўлланилганида сувсизланиш, паралитик илеус, ичак тутилиши, гипокалиемия, метаболик ацидоз ва буйрак етишмовчилигини келтириб чиқариши мумкин.

Гематологик токсиклик ривожланганида (нейтрофиллар < 1,5 x 109/л ёки тромбоцитлар < 50 x 109/л) кейинги даволаш курсини гематологик кўрсаткичлар мақбул даражагача қайта тикланмагунча қолдириб туриш лозим. Оксалиплатин билан даволаш бошланишига қадар ва ҳар бир кейинги даволаш курси олдидан кенгайтирилган лейкоцитар формуласи билан умумий қон таҳлилини бажариш зарур.

Оксалиплатин ва 5-фторурацил юборилганидан кейин диарея/қусиш, мукозит/стоматит ва нейтропения хавфи мавжуд; бундай симптомлар мавжуд бўлганида даволовчи шифокорингиз билан шошилинч равишда боғланиш лозим ва у тегишли даволашни таъминлаб беради.

Нейтропения билан ёки усиз кечадиган мукозит/стоматит ривожланганида кейинги юборилишини мукозит/стоматит симптомлари 1-даражагача ёки ундан камга пасаймагунича ва (ёки) нейтрофиллар сони ≥ 1,5 x 109/л га етмагунича қолдириб туриш керак.

Оксалиплатинни 5-фторурацил билан (фолинат кислотаси билан ёки усиз) мажмуада қўлланилганида 5-фторурацил келтириб чиқарган токсикликка боғлиқ ҳолда дозага одатдаги тузатиш киритилиши керак.

4-даражали диарея, 3–4-даражали нейтропения (нейтрофиллар < 1 x 109/л), 3–4-даражали тромбоцитопения (тромбоцитлар < 50 x 109/л) ривожланганида
5-фторурацил дозасини пасайтиришга қўшимча равишда оксалиплатин дозасини 85 мг/м2 дан 65 мг/м2 гача (метастатик колоректал ракни даволаш учун қўлланилганида) ёки 75 мг/м2 гача (адъювант даволашда) пасайтириш зарур.

Ўпка томонидан кўринишлар

Қуруқ йўтал, ҳансираш, ўпкада нам хириллаш ёки инфильтратлар (рентгенография маълумотларига кўра) каби тушунтириб бўлмайдиган респиратор симптомлар ривожланганида ўпканинг интерстициал касаллиги мавжудлиги ҳолатини истисно қилишга қадар оксалиплатин юборилиши тўхтатилади.

Ҳомиладорлик

Аёллар оксалиплатин билан даволаниш вақтида ҳомиладорликдан сақланишлари керак. Даволаш давомида ва у якунланганидан кейин 4 ой давомида самарали контрацепция воситаларини қўллаш зарур.

Фертиллик

Оксалиплатиннинг клиник олди синовларида генотоксик таъсирлар кузатилган. Шу сабабли оксалиплатин билан даволанаётган эркакларга даволаш давомида ва у якунланганидан кейин 6 ой давомида ҳомиладор қилмаслик маслаҳат берилади.

Оксалиплатин қайтмас бепуштликни келтириб чиқариши мумкинлиги туфайли, даволаш бошланишига қадар спермани консервация қилиш ҳақидаги масала бўйича маслаҳат олиш учун мурожаат қилиш лозим.

Иммунодепрессант самаралар/инфекцияларга юқори мойиллик

Химиотерапия препаратлари, шу жумладан оксалиплатин билан даволашдан келиб чиққан иммун танқислиги бўлган пациентларга тирик ёки кучсизлантирилган тирик вакциналарни юборилиши оғир ёки ўлим билан якунланувчи инфекцияга олиб келиши мумкин. Тирик вакциналар билан вакцинациялашдан сақланиш лозим. Ўлдирилган ёки фаолсизлантирилган вакциналарни юбориш мумкин, бироқ бундай вакциналарга реакция паст бўлиши мумкин.

Болалар

Оксалиплатинни болаларда қўллаш мумкин эмас. Болаларда қўлланилганида оксалиплатиннинг хавфсизлиги ва самарадорлиги ўрганилмаган.

Фертиллик, ҳомиладорлик ва эмизиш даври

Oксалиплатинни ҳомиладорлик даврида ва контрацепция воситаларидан фойдаланмайдиган, туғруқ ёшидаги аёлларда қўллаш тавсия этилмайди

Oксалиплатинни фақат ҳомила учун хавф тегишли тарзда баҳоланганидан ва пациент розилиги олинганидан кейин қўллаш мумкин.

Тегишли контрацепция чоралари даволаш вақтида ва даволаш тўхтатилганидан кейин аёллар учун 4 ой давомида ва эркаклар учун 6 ой давомида қўлланилиши керак.

Oксалиплатин билан даволаш вақтида эмизиш мумкин эмас.

Оксалиплатин бепуштликни келтириб чиқариши мумкин.

Транспорт воситаларини бошқариш ва механизмлар билан ишлаш қобилиятига таъсири

Транспорт воситаларини бошқариш ва механизмлар билан ишлаш қобилиятига таъсири ўрганилмаган. Оксалиплатин билан даволаш бош айланиши, кўнгил айниши ва қусиш хавфини ошишига, қадам ташлаш ва мувозанатга таъсир кўрсатувчи бошқа неврологик симптомларнинг пайдо бўлишига, шунингдек кўришни бузилишларига (кўриш қобилиятини ўткинчи йўқотилишига) олиб келади, бу эса транспорт воситаларини бошқариш ва механизмлар билан ишлаш қобилиятига таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ҳақида пациентларни огоҳлантириш зарур.

Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин.

Дозани ошириб юборилиши

Оксалиплатин учун антидот номаълум. Доза ошириб юборилганида нохуш кўринишлар кучайиши мумкин. Гематологик кўрсаткичларни назорат қилиш ва симптоматик даволашни бошлаш зарур.

 

Чиқарилиш шакли

Рангсиз шишадан тайёрланган, резина тиқинли ва пластик қопқоқлари бўлган алюминий ҳимояловчи қалпоқчали флаконлар.

Ўрамининг ўлчами: 50 мг ёки 100 мг дан 1 та флакон препаратни қўллаш бўйича йўриқномаси билан бирга картон қутига жойланган.

Сақлаш шароити

Корхона ўрамига жойланган дори воситаси.

25°C дан юқори бўлмаган ҳароратда оригинал ўрамида сақлансин.

Яроқлилик муддати

3 йил.

Оригинал флаконда тайёрланган эритма: инфузион эритмани тайёрлаш учун дарҳол фойдаланиш лозим.

Инфузия учун эритма.

Микробиологик нуқтаи назардан қаралганда инфузия учун эритмадан дарҳол фойдаланиш лозим.

Тайёрланган эритмани 5% ли глюкоза эритмаси билан эритилганидан кейин кимёвий ва физик барқарорлиги 2°C дан 8°C гача ҳароратда 24 соат давомида исботланган.

Агар эритмадан дарҳол фойдаланилмаса, сақлаш шароитлари ва муддатлари учун фойдаланувчи жавобгар бўлади.

 

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецепт бўйича берилади.

Улашиш: