Skip to main content

Оксалиплатин медак

Улашиш:
  Reading time 22 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

ОКСАЛИПЛАТИН МЕДАК

OXALIPLATIN MEDAC

Препаратнинг cавдо номи: Оксалиплатин медак

Таъсир этувчи модда (ХПН): оксалиплатин (oxaliplatin)

Дори шакли: инфузия учун эритма тайёрлаш учун лиофилизат.

Таркиби:

Препаратли 1 флакон қуйидагиларни сақлайди:

фаол модда: оксалиплатин 50 мг, 100 мг ёки 150 мг.

ёрдамчи моддалар: лактоза моногидрати.

Таърифи: оқ ёки деярли оқ рангли лиофилизацияланган масса ёки кукун.

Фармакотерапевтик гуруҳи: ўсмаларга қарши воситалар, алкилловчи бирикма.

АТХ коди: L01XA03

Фармакологик хусусиятлари

Фармакодинамикаси

Оксалиплатин платина асосидаги бирикмаларнинг янги синфига кирувчи ўсмаларга қарши препарат бўлиб, уларда платина атоми 1,2-диаминоциклогексан ва оксалат гуруҳи билан комплекс ҳосил қилади. Оксалиплатин кенг цитотоксик таъсир доирасига эга. У шунингдек in vitro ва in vivo шароитларда цисплатинга чидамли бўлган ўсмаларнинг турли моделларида нисбатан фаолликни намоён қилади. 5-фторурацил билан мажмуада қўлланганида синергик цитотоксик таъсир кузатилади.

Оксалиплатиннинг таъсир механизмини ўрганиш, оксалиплатиннинг биотрансформацияга учраган сувли ҳосилалари ДНК билан ўзаро таъсир қилиб занжирлараро ва занжирлар ичра боғларини ҳосил қилиш йўли билан, ДНК синтезини бостириши оқибатида цитотоксиклик ва ўсмаларга қарши таъсирларига олиб келиши тўғрисидаги гипотезани тасдиқлайди.

Фармакокинетикаси

Оксалиплатин организмда фаол биотрансформацияга учрайди ва 130 мг/м2 дозада юборилганда инфузиянинг 2-нчи соатини охирига бориб плазмада ўзгармаган ҳолда аниқланмайди, бунда юборилган платинанинг 15% қонда бўлади, қолган 85% эса тез тўқималар бўйлаб тез тақсимланади ёки буйраклар орқали чиқарилади. Платинани эритроцитлар ва плазма компонентлари билан қайтмас боғланиши, бу матрицалар билан боғланган оксалиплатиннинг ярим яшаш даври эритроцитлар ва зардоб альбуминининг ярим яшаш даврига яқинлашишига олиб келади.

Платина плазма альбумини билан боғланади ва биринчи 48 соат давомида сийдик билан чиқарилади.

Бешинчи кунга келиб, бутун дозанинг тахминан 54% сийдикда ва 3% дан камроғи – аҳлатда аниқланади. Буйрак етишмовчилигида оксалиплатиннинг клиренси соатига 17,6±2,18 литрдан 9,95±1,91 литргача анча пасайиши, шунингдек тақсимланиш ҳажмини 330±40,9 литрдан 241±36,11 литргача анча пасайиши кузатилади. Оғир буйрак етишмовчилигини платинанинг клиренсига таъсири ўрганилмаган.

Қўлланилиши

  • бирламчи ўсмани радикал резекциясидан кейин, колоректал ракнинг III босқичини (Дьюк таснифи бўйича “С”) фторурацил ва кальций фолинати билан мажмуада адъювант даволаш;
  • диссеминацияланган колоректал раки (монотерапия сифатида ёки фторурацил ва кальций фолинати билан мажмуада комбинацияланган даволашда) да қўлланилади.

Қўллаш усули ва дозалари

Вена ичига 2-6 соатлик инфузия кўринишида қўлланади. Оксалиплатин қўлланганида гипергидратация талаб қилинмайди.

Фақат катталарда қўлланилади.

Препаратни эритма тайёрланиши биланоқ дарҳол қўллаш керак.

Фторурацил билан мажмуада қўлланганда, оксалиплатиннинг инфузияси фторурацилни юборилишидан олдин ўтказилиши керак.

Колоректал ракни адъювант даволаш: 85 мг/м2 дан 12 цикл (6 ой) давомида 2 ҳафтада 1 марта буюрилади.

Диссеминацияланган колоректал ракни даволаш: 85 мг/м2 дан 2 ҳафтада 1 марта монотерапия сифатида ёки фторурацил билан мажмуада буюрилади.

Оксалиплатинни такрорий юбориш, фақат нейтрофиллар сони 1,5х109/л ва тромбоцитлар сони – 50х109/л дан ортиқ бўлганида ўтказилади.

Оксалиплатиннинг юбориш тартиби ва дозасига тузатиш киритиш бўйича тавсиялар.

Юбориладиган дозага токсикликнинг яққоллик даражасига кўра тузатиш киритиш керак.

Гематологик токсикликнинг кўринишларида (нейтрофиллар сони 1,5х109/л дан кам ёки тромбоцитлар сони 50х109/л дан кам бўлганида), кейинги даволаш курсни ўтказиш гематологик кўрсаткичлар мувофиқ қийматларгача (нейтрофиллар сони ≥ 1,5х109/л ёки тромбоцитлар сони ≥ 50х109/л) тиклангунича қолдирилиши лозим. Даволашни бошлашдан олдин ва ҳар бир кейинги цикл олдидан лейкоцитлар ва тромбоцитлар сонини аниқлаш билан қон умумий таҳлилини ўтказиш лозим.

4- токсиклик даражасига эга (ЖССТ шкаласи бўйича) диарея, 3-4 даражали нейтропения (нейтрофиллар сони < 1,0х109/л), 3-4 даражали тромбоцитопения (тромбоцитлар сони <50х109/л) ривожланганида оксалиплатиннинг дозаси кейинги юборишларда диссеминацияланган колоректал ракни даволашда 85 мг/м2 дан 65 мг/м2 гача пасайтирилиши ва колоректал ракни адъювант даволашда, фторурацил (ФУ) нинг дозасини бу ҳолатда зарурий равишда пасайтирилиши билан бирга 75 мг/м2 гача пасайтирилиши лозим.

Инфузия вақтида ёки 2-соатли инфузиядан кейин бир неча соат давомида ўткир ҳиқилдоқ-томоқ дизестезияси ривожланган пациентларга, Оксалиплатинни кейинги юборишларини 6 соатлик инфузия кўринишида ўтказиш керак.

Неврологик симптомлар (периферик сенсор нейропатиянинг кўринишлари – парестезиялар, дизестезиялар) юз берганида, бу симптомларнинг давомийлиги ва яққоллик даражасига қараб, оксалиплатиннинг дозасига тузатиш киритиш тавсия қилинган:

  • пациентни 7 кундан ортиқ безовта қилувчи неврологик симптомларда оксалиплатиннинг кейинги дозаси диссеминацияланган колоректал ракни даволашда 85 мг/м2 дан 65 мг/м2 гача пасайтирилиши ва колоректал ракни адъювант даволашда 75 мг/м2 гача пасайтирилиши керак.
  • кейинги циклгача сақланиб турувчи функционал бузилишларсиз кечувчи парестезияда оксалиплатиннинг кейинги дозаси диссеминацияланган колоректал ракни даволашда 85 мг/м2 дан 65 мг/м2 гача пасайтирилиши ва адъювант даволашда 75 мг/м2 гача пасайтирилиши керак.
  • функционал бузилишлар билан кечувчи парестезия кимётерапиянинг кейинги цикли бошлангунича сақланиб қолганида оксалиплатин бекор қилиниши керак.
  • оксалиплатинни бекор қилиниши фонида нейтротоксиклик симптомларининг яққоллиги камайганида, даволашни қайтадан бошлаш масаласини кўриб чиқиш мумкин.

Иккинчи ва ундан ортиқ даражали токсикликка эга стоматит ва/ёки мукозитлар ривожланганида оксалиплатин билан даволаш, улар бартараф бўлгунича ёки токсиклик кўринишлари биринчи даражага пасайгунича тўхтатиб турилиши керак.

 

Буйрак етишмовчилиги бўлган пациентлар.

Оксалиплатинни буйрак фаолиятини оғир даражали бузилишлари бўлган пациентларда қўллаш бўйича маълумотлар йўқ. Буйрак фаолиятини ўртача даражали бузилиши бўлган пациентларда бу ёндош патологияда препаратнинг хавфсизлиги ва ўзлаштираолиниши юзасидан маълумотларнинг чекланганлиги туфайли, препаратни қўллашдан олдин фойда/хавф нисбатини баҳолаш керак. Даволаш буйрак фаолиятини синчков мониторинги остида тавсия этилган дозадан бошланиши мумкин. Дозага тузатиш киритиш токсиклик даражасига қараб ўтказилиши лозим

Буйрак фаолиятини енгил даражали бузилишларида оксалиплатиннинг дозасига тузатиш киритиш талаб қилинмайди.

Жигар фаолиятини етишмовчилиги бўлган пациентлар.

Жигар фаолиятини енгил ёки ўртача оғирлик даражасидаги етишмовчилиги бўлган пациентларда дозалашни ўзгартириш талаб этилмайди. Жигар фаолиятини оғир бузилишлари бўлган беморларда оксалиплатинни қўллаш бўйича маълумотлар йўқ.

Кекса пациентлар.

65 ёшдан ошган пациентларда монотерапия воситаси сифатида ёки фторурацил билан мажмуада қўлланадиган оксалиплатиннинг хавфсизлик профили 65 ёшдан кичик ёшдаги пациентлардаги профил билан бир хил. Кекса ёшдаги пациентларда дозалаш тартибига тузатиш киритиш талаб этилмайди

Эритмани тайёрлаш ва юбориш қоидалари

Оксалиплатин эритмаларини тайёрлашда ва юборишда, алюминий сақловчи игналар ва бошқа жиҳозларни ишлатиш мумкин эмас.

Тикланган эритмани тайёрлаш учун оксалиплатиннинг лиофилизати инъекция учун сувда ёки 5% декстроза эритмасида эритиб (50 мг ли флаконга 10 мл эритувчи юборилади,
100 мг ли флаконга 20 мл эритувчи юборилади, 150 мг ли флаконга – 30 мл эритувчи юборилади), оксалиплатиннинг 5 мг/мл концентрацияли эритмаси олинади. Олинган эритмани дарҳол 5% ли декстроза эритмасининг 250-500 мл да суюлтирилади. Оксалиплатиннинг олинган эритмасининг концентрацияси 0,2 дан 0,7 мг/мл гачани ташкил қилиши керак; бунда 0,7 мг/мл – клиник амалиётда 85 мг/м2 дозада қўлланадиган энг юқори концентрациядир.

Препаратнинг эритмасини тайёрлаш учун фақат тавсия қилинган эритувчилар қўлланиши керак.

Препаратни суюлтирилмаган ҳолда қўллаш мумкин эмас.

Препаратни эритиш учун ёки инфузион эритмани тайёрлаш учун тузли эритмалар (шу жумладан натрий хлориди эритмасини) ишлатиш мумкин эмас.

Бир идишда ёки бир инфузион тизимда бошқа препаратлар (айниқса фторурацил, асосли эритмалар, трометамол билан ва ўзининг таркибида трометамол сақловчи кальций фолинати препаратлари билан) билан аралаштирилмасин.

Оксалиплатин билан даволаш кальций фолинати препаратининг инфузиялари билан бирга ўтказилиши мумкин, бунда препаратларни инфузия учун битта идишда аралаштириш мумкин эмас. Кальций фолинатини 5% ли декстроза эритмасида суюлтириш керак, лекин натрий хлоридини сақловчи эритмалар ёки ишқорий эритмаларни ҳеч хам ишлатиш мумкин эмас.

Препаратнинг тайёрланган эритмаси тиниқ бўлиши ва эримаган заррачаларни сақламаслиги керак. Акс ҳолда препаратнинг эритмасини қўллаш мумкин эмас.

Препаратнинг эритмаси тайёрланиши биланоқ дарҳол қўлланади.

Препарат фақат бир марта қўллаш учун мўлжалланган. Препаратнинг ишлатилмаган эритмаси йўқ қилиниши керак.

Препаратни марказий ёки периферик катетер орқали 2-6 соат лавомида юбориш керак.

Экстравазация (қон томиридан ташқарига тушган) ҳолларида препаратни юборилиши дарҳол тўхтатилиши лозим.

Эритмани тайёрлаш ва уни юбориш учун ишлатилган материаллар, цитотоксик препаратларни ишлатиш бўйича қоидаларга мувофиқ йўқ қилиниши лозим.

Ножўя таъсирлари

Оксалиплатинни, шу жумладан фторурацил/фолинат кислотаси билан мажмуада қўлланганида энг кўп кузатиладиган ножўя самаралари меъда-ичак йўллари томонидан реакциялар (диарея, кўнгил айниши, қусиш, мукозит), гематологик реакциялар (нейтропения, тромбоцитопения) ва неврологик реакциялар (ўткир ва кумулятив дозага боғлиқ периферик сенсор нейропатия) бўлган. Умуман олганда, бу ножўя таъсирлар, оксалиплатинни фторурацил/фолинат кислотаси билан мажмуавий даволашда, бу препаратларни монотерапияда қўлланганига нисбатан кўпроқ кузатилган ва оғирроқ бўлган.

Ножўя реакциялар қуйидаги градацияга мувофиқ келтирилган: жуда тез-тез (>1/10), тез-тез (>1/100, <1/10); тез-тез эмас (>1/1000, <1/100); кам ҳолларда (>1/1000, <1/1000); жуда кам ҳолларда (<1/10000, шу жумладан алоҳида хабарлар), тез-тезлигини баҳолаш мумкин эмас (тез-тезлигини мавжуд маълумотларга асосланиб аниқлаш мумкин эмас).

Қон яратиш тизими томонидан: жуда тез-тез – анемия, лейкопения, нейтропения, тромбоцитопения, лимфопения; тез-тез – фебрил нейтропения (шу жумладан 3-4 даражали), кам ҳолларда – гемолитик анемия, аутоиммун тромбоцитопения.

Овқат ҳазм қилиш тизими томонидан: жуда тез-тез – кўнгил айниши, қусиш, диарея, стоматит, мукозит, қорин соҳасида оғриқлар, қабзият; тез-тез – диспепсия, гастро-эзофагеал рефлекс, меъда-ичакдан қон кетиши, ректал қон кетиши; тез-тез эмас – ичак тутилиши, кам ҳолларда – колит, шу жумладан clostridium difficile томонидан чақирилган, сохтамембраноз диарея, панкреатит.

Жигар ва ўт чиқариш йўллари томонидан: жуда кам ҳолларда – жигарнинг синусоидал обструкцияси синдроми, шунингдек жигарнинг венеокллюзион касаллиги сифатида маълум бўлган касаллиги; жигар веналари эндофлебити, жигар пурпураси (жигар пелиози), жигар тўқимасини тугунли регенератив гиперплазияси, клиник жиҳатдан портал гипертензия ва/ёки қонда «жигар» трансаминазаларининг концентрациясини ошиши билан намоён бўлувчи перисинусоидал фиброз.

Нерв тизими томонидан: жуда тез-тез – периферик сенсор нейропатия, сезувчанликни бузилиши, бош оғриғи, таъм сезишни бузилиши; тез-тез – бош айланиши, менингизм, ҳаракат нервини неврити, депрессия, уйқусизлик; тез-тез эмас –асабийлик; кам ҳолларда – дизартрия, орқа миядаги қайтувчан лейкоэнцефалопатия синдроми (ОМҚЛС); тез-тезлигини баҳолаш мумкин эмас – тиришишлар.

Нейротоксиклик дозани чекловчи ножўя таъсир ҳисобланади. Кўпинча сенсор нейтропатия симптомлари совуқ таъсирида қўзғалади ва одатда даволаш курслари орасида бартараф бўлади. Бу симптомларнинг давомийлиги, оксалиплатиннинг умумий дозасига қараб ошади. Аниқ ҳаракатларни бажаришдаги қийинчилик кўринишидаги функционал бузилишлар, эҳтимол сенсор шикастланишнинг оқибатлари бўлиши мумкин. Тахминан 850 мг/м2 (10 цикл) ли йиғинди доза учун функционал бузилишларнинг хавфи тахминан 10% ни ташкил қилади, йиғинди доза 1020 мг/м2 (12 цикл) бўлганида 20% гача етади. Кўпчилик ҳолларда неврологик симптомлар даволаш тўхтатилганидан кейин кучсизлашади ёки улар батамом йўқолади. Бироқ 3% беморларда даволаш тугаганидан кейин 3 йилдан сўнг ўртача жадалликка эга барқарор локализацияланган парестезиялар (2,3%) ёки функционал фаолликка таъсир қилувчи парестезиялар (0,5%) кузатилган.

Оксалиплатин билан даволаниш фонида ўткир нейросенсор кўринишлар аниқланган, улар одатда препарат юборилганидан кейин бир неча соат давомида пайдо бўлган ва кўпроқ совуқнинг таъсирида қўзғалган. Улар ўткинчи парестезия, дизестезия ёки гипестезия билан, кам (1-2%) ҳолларда ҳиқилдоқ-томоқ дизестезиянинг ўткир синдроми билан характерланган. Охиргиси, дисфагия ва респиратор дистресс–синдромнинг объектив белгиларсиз (цианоз ёки гипоксия) ҳансирашнинг субъектив ҳисси билан ёки ҳиқилдоқ спазми ёки бронхоспазм билан (стридор ёки хуштаксимон нафассиз) намоён бўлган. Шунингдек, жағ спазми, тил дизестезияси, дизартрия ва кўкрак қафасида босим ҳисси каби ҳолатлар кузатилган. Одатда бу симптомлар ҳам медикаментоз даволашни қўлламасдан, ҳам антигистамин ва бронолитик воситаларни юборилиши оқибатида тезда бартараф бўлган. Оксалиплатин билан даволашнинг кейинги циклларида инфузия вақтини ошириш, бу синдромнинг тез-тезлигини камайтириш имконини беради.

Суяк-мушак тизими томонидан: жуда тез-тез – белда оғриқлар; тез-тез – артралгия, суякларда оғриқлар.

Модда алмашинуви томонидан: жуда тез-тез – анорексия, гипергликемия, гипокалиемия, гипернатриемия; тез-тез – дегидратация, тез-тез эмас – метаболик ацидоз.

Нафас тизими, кўкрак қафаси ва кўкс оралиғи аъзолари томонидан: жуда тез-тез – ҳансираш, йўтал, бурундан қон кетиши; тез-тез – хиқичоқ, ўпка артерияси эмболияси; кам ҳолларда – ўпка фибрози, ўпкани ўткир интерстициал, баъзида ўлим билан якунланувчи шикастланиши.

Юрак-қон томир тизими томонидан: тез-тез – қон кетиши, қизиб кетишлар ҳисси, чуқур веналарнинг тромбози, артериал босимни ошиши.

Сийдик чиқариш тизими томонидан: тез-тез – гематурия, дизурия; жуда кам ҳолларда  – ўткир тубуляр некроз, ўткир интерстициал нефрит ва ўткир буйрак етишмовчилиги; тез-тезлигини баҳолаш мумкин эмас – гемолитико-уремик синдром.

Тери ва тери ости тўқималари томонидан: жуда тез-тез – алопеция, тери тошмалари; тез-тез – кафт ва оёқ панжалари терисининг қипиқланиши (масалан, кафт-товон синдроми), эритематоз тошмалар, тошма, кучли терлаш, тирноқлар томонидан ўзгаришлар.

Кўриш аъзолари томонидан: тез-тез – конъюнктивит, кўришни бузилиши; кам ҳолларда – кўриш ўткирлигини транзитор пасайиши, кўриш майдонини тушиб қолиши, кўриш нервининг неврити, даволаш тугаганидан кейин қайтувчи кўришни ўткинчи йўқолиши.

Эшитиш аъзолари томонидан: тез-тез эмас – ототоксиклик, кам ҳолларда –эшитишни пасайиши, эшитиш нервининг неврити, карлик.

Иммун тизими томонидан: жуда тез-тез – асосан инфузия вақтида юз берувчи аллергик реакциялар (тери тошмаси, хусусан эшакеми, конъюнктивит, ринит); тез-тез – анафилактик реакциялар, шу жумладан бронхоспазм, ангионевротик шиш, артериал босимни пасайиши ва анафилактик шок.

Инфекцион ва паразитар касалликлар: жуда тез-тез – инфекциялар; тез-тез – ринит, юқори нафас йўлларининг инфекциялари, нейтропеник сепсис.

Маҳаллий реакциялар: жуда тез-тез – препаратни юбориш жойида оғриқ, қизариш, шиш ва тромбоз. Препаратнинг экстравазацияси (қон томиридан ташқарига тушиши) хам, айниқса оксалиплатинни периферик венага юборилганда юбориш жойида маҳаллий оғриқни ва некрозга қадар ривожланувчи яллиғланишни пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Лаборатор кўрсаткичлари томонидан: жуда тез-тез – ишқорий фосфатаза концентрациясини, “жигар” ферментлари фаоллигини, билирубин, лактатдегидрогеназанинг миқдорини ошиши, қон зардобида натрий ва глюкозанинг миқдорини ўзгариши; тез-тез – креатинин концентрациясини ошиши.

Бошқалар: жуда тез-тез – эт увишиши, инфекцияни ривожланиши туфайли (фебрил нейтропения билан ёки усиз) ёки эҳтимол иммун механизм туфайли тана ҳароратини ошиши, кучли толиқиш, оғриқ, тана вазнини ошиши (адъювант даволашда), тез-тез – тана вазнини камайиши (диссеминацияланган колоректал ракни даволашда) кузатилади.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

  • оксалиплатинга ёки препаратнинг бошқа таркибий қисмларига юқори сезувчанлик,
  • биринчи даволаш курсини бошланишидан олдинги миелосупрессия (нейтрофиллар сони 2х109/л дан кам ва/ёки тромбоцитлар сони 100х109/л дан кам).
  • биринчи даволаш курси бошлангунича бўлган функционал бузилишлар билан кечувчи периферик сенсор нейропатия,
  • буйрак фаолиятини оғир бузилишлари (креатинин клиренси минутига 30 мл дан кам),
  • ҳомиладорлик,
  • эмизиш даврида
  • 18 ёшгача бўлган болаларда қўллаш мумкин эмас.

Эҳтиёткорлик билан

– жигар фаолиятини оғир бузилишлари,

– буйрак фаолиятини ўртача оғирлик даражасидаги бузилишлари,

– лактаза танқислиги, лактозани ўзлаштираолмаслик, глюкоза-галактоз мальабсорбцияда эҳтиёткорлик билан қўллаш керак.

Дориларнинг ўзаро таъсири

Алюминий сақловчи инфузион қурилмалар ишлатилганда, чўкма тушиши ва оксалиплатиннинг фаоллашиши пасайиши мумкин.

Оксалиплатин ишқорий эритмалар ва хлорид-ионларини сақловчи эритмалар, шунингдек трометамол билан фармацевтик жиҳатдан номутаносибдир.

Бевосита фторурацилни юборишдан олдин оксалиплатиннинг 85 мг/мм2 бир марталик дозаси юборилганда, фторурацилнинг даражасини ўзгариши аниқланмаган.

Эритромицин, салицилатлар, гранисетрон, паклитаксел ва вальпроат кислотаси билан бир вақтда қўлланилганда in vitro шароитида оксалиплатинни қон плазмаси оқсиллари билан боғланишининг жиддий ўзгаришлари қайд этилмаган.

Махсус кўрсатмалар

Оксалиплатин медак билан даволашни фақат цитотоксик препаратларни қўллаш тажрибасига эга бўлган шифокор назорати остида амалга ошириш  керак. Оксалиплатин билан даволашда бўлиши мумкин бўлган токсик самараларни доимий назорат қилиш шарт.

Оксалиплатин билан даволашда юз бериши мумкин бўлган токсик самараларни доимий назорат қилиш мажбурийдир.

Буйрак фаолиятини ўртача оғирлик даражасидаги бузилиши бўлган пациентларда препаратни қўллаш хавфсизлиги бўйича маълумотларни чекланганлигини назарда тутиб, препаратни қўлланиши, фақат ҳар қандай конкрет пациент учун фойда/хавф нисбати баҳолангандан кейингина амалга оширилиши лозим. Бундай ҳолларда буйрак фаолиятини синчков назорат қилиш ва токсик таъсирини ҳисобга олган ҳолда дозасига тузатиш киритиш лозим.

Анамнезида платинанинг бошқа бирикмаларига аллергик реакциялари бор бўлганида пациентларнинг ҳолатини синчков кузатиш лозим.

Оксалиплатинга анафилактик реакция юз берган ҳолларда, инфузияни дарҳол тўхтатиш ва тегишли симптоматик даволашни буюриш керак. Аллергик реакциялар юз берган ҳолларда Оксалиплатин медак препаратини кейинчалик қўллаш мумкин эмас. Платинанинг барча бирикмаларига кесишган реакциялар, шу жумладан ўлим билан якунланган ҳолатлар тўғрисида хабарлар келиб тушган.

Экстравазия ҳолларида инфузияни дарҳол тўхтатиш ва маҳаллий симптоматик даволашни бошлаш керак. Препаратнинг қолган дозасини бошқа венага юбориш керак.

Мунтазам (ҳафтада 1 марта), шунингдек Оксалиплатин медак препаратини ҳар бир юборишдан олдин периферик қоннинг шаклли элементларини ва буйрак ва жигар фаолияти кўрсаткичларини назоратини ўтказиш керак.

Нейротоксикликни аниқлаш юзасидан, айниқса неврологик токсикликка эга бошқа препаратлар билан бир вақтда қўлланган ҳолларда, синчков назорат амалга оширилиши лозим. Оксалиплатин медак препарати билан ҳар бир даволаш циклини бошлашдан олдин, нейротоксиклик белгиларини аниқлаш мақсадида неврологик текширувни ўтказиш керак.

Нейротоксикликда, токсикликнинг гематологик ва меъда-ичак кўринишларида оксалиплатиннинг дозаси ва юбориш тартибига тузатиш киритиш юзасидан тавсиялар ”Қўллаш усули ва дозалар” бўлимида келтирилган.

Пациентлар даволаш тугаганидан кейин периферик сенсор нейропатиянинг барқарор симптомлари пайдо бўлиши тўғрисида хабардор қилиниши керак. Функционал бузилишлар билан кечувчи локализацияланган ўртача парестезиялар, препаратни адъювант қўллаш схемаси бўйича даволаш тугаганидан кейин 3 йилгача сақланиб қолиши мумкин.

Орқа миядаги қайтувчан лейкоэнцефалопатия синдроми (ОМҚЛС)

Оксалиплатинни мажмуавий кимётерапия таркибида қабул қилган айрим пациентларда  орқа миядаги қайтувчан лейкоэнцефалопатия синдроми кузатилган. ОМҚЛС кам учрайдиган қайтувчан неврологик ҳолат бўлиб, у ўткир ривожланади ва тиришишлар, артериал босимни ошиши, бош оғриғи, онгни чалкашиши, кўрлик ва бошқа кўриш ва неврологик бузилишлар билан кечиши мумкин. ОМҚЛС ташҳиси бош миянинг, асосан МРТ (магнит-резонанс томография) текширувининг визуал усуллари билан тасдиқланади.

Қуруқ йўтал, диспноэ, хириллашлар ёки рентгенологик текширувларда ўпка инфильтратларини аниқланиши каби симптомлари пайдо бўлганида, Оксалиплатин медак препарати билан даволашни, интерстициал пневмонитнинг борлиги истисно қилингунича тўхтатиб туриш керак.

Кўнгил айниши ва қусиш билан намоён бўлувчи меъда-ичак токсиклиги қусишга қарши препаратларни профилактик ва/ёки терапевтик қабул қилинишини талаб этади.

Дегидратация, паралитик илеус, ичак тутилиши, гипокалиемия, метаболик ацидоз ва буйрак етишмовчилиги каби симптомлар, айниқса оксалиплатинни фторурацил билан мажмуада қўлланганида, оғир диарея ёки қусиш оқибатида юз бериши мумкин.

Пациентлар оксалиплатин ва фторурацилни қабул қилганларидан кейин диарея/қусиш, мукозит/стоматитни ва нейтропенияни пайдо бўлганлиги тўғрисида, адекват чораларни кўриш учун даволовчи шифокорга дарҳол хабар беришлари лозим.

Оксалиплатинни фторурацил билан мажмуада қўлланганда (кальций фолинати препаратларини буюрилишидан қатъий назар), фторурацил билан боғлиқ токсиклик туфайли, дозага одатдаги тузатиш киритиш ўтказилиши керак.

Жигар метастазалари билан боғлиқ бўлмаган жигар фаолиятини бузилишлари ёки портал гипертензия пайдо бўлганида, препаратни қўлланиши оқибатида анча кам ҳолларда юз берадиган гепато-васкуляр бузилишлар ривожланиши мумкинлигини ҳисобга олиш лозим.

Оксалиплатин билан даволанаётган эркаклар, бутун даволаниш даври давомида ва кейинги 6 ой давомида ишончли контрацепция усулларини қўллашлари керак, шунингдек даволаш бошлангунга қадар спермани консервация қилиш мумкинлиги тўғрисида маслаҳат олишлари керак, чунки оксалиплатин қайтмас бепуштликни чақириши мумкин. Аёллар препаратни қабул қилиш вақтида ва кейинги 4 ой давомида ишончли контрацепция усулларини қўллашлари керак.

Оксалиплатин медак препарати ишлатилганида, цитостатик препаратлар билан муомала қилинганда қабул қилинган барча эҳтиёткорлик чораларига амал қилиниши керак. Оксалиплатин медак препаратининг лиофилизати ёки эритмаси терига ёки шиллиқ қаватларга тушганида, уларни сув билан дарҳол яхшилаб ювиб ташлаш керак.

Ҳомиладорликда ва эмизиш даврида  қўлланилиши

Оксалиплатинни ҳомиладорлик вақтида ва эмизиш даврида қўллаш мумкин эмас.

Автомобилни бошқариш ва механизмларни ишлатиш қобилиятига таъсири

Ўрганилмаган. Бироқ, оксалиплатинни қўллаш бош айланиши, кўнгил айниши, қусиш ва реакция адекватлиги ва тезлигига таъсир қилувчи, ва шу йўл билан  автомобилни бошқариш ва механизмларни ишлатиш қобилиятини пасайтирувчи бошқа неврологик симптомларнинг кўринишларини пайдо бўлиш хавфини оширади. Юқорида санаб ўтилган симптомлар юз берганида транспорт воситаларини бошқаришдан ва диққатни юқори жамлаш ҳамда психомотор реакцияларнинг тезлигини талаб этувчи бошқа потенциал хавфли фаолият турлари билан шуғулланишдан сақланиш керак.

Препарат болалар олаолмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин.

 

Дозани ошириб юборилиши

Симптомлари: ножўя самараларини янада яққолроқ намоён бўлиши.

Даволаш: оксалиплатиннинг антидоти маълум эмас. Гематологик кўрсаткичларни мониторинги ва симптоматик даволашни ўтказиш тавсия қилинади.

Чиқарилиш шакли

Инфузия учун эритма тайёрлаш учун лиофилизат.

50 мг, 100 мг ёки 150 мг дан хлорбутил резина тиқин билан беркитилган, алюминий ва полимер ҳимоя қопқоқча билан ёпилган рангсиз шиша флаконларда.

Бир флакон қўллаш бўйича йўриқномаси билан бирга картон қутида.

Сақлаш шароити

Ёруғликдан ҳимояланган жойда, 25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.

Оригинал флакондаги тайёрланган эритма: тайёрланган эритма дарҳол суюлтирилиши лозим.

Инфузия учун эритма: Эритма 5% ли декстроза эритмасида суюлтирилганда 5°С±3°С ҳароратда 12 соат давомида кимёвий ва физик жиҳатдан барқарор бўлиб қолади. Микробиологик нуқтаи назаридан инфузия учун тайёрланган эритма дарҳол ишлатилиши лозим. Эритма тайёрланганидан кейиноқ дарҳол ишлатилмаган ҳолларда, эритма ишлатилгунича эритмани сақлаш вақти ва сақлаш шароитлари фойдаланувчининг фикрига кўра белгиланади ва 2°С–8°С ҳароратда назорат қилинган асептик шароитларда 24 соатдан ошмаслиги  лозим.

Яроқлилик муддати

4 йил.

 

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецепт бўйича.

Улашиш: