Skip to main content

ЭСПУМИЗАН® КАПЛИ (Espumizan kapli ) Дориси ҳақида маълумот

Улашиш:
  Reading time 8 minutes

 

 

 

 

ТИББИЁТДА ҚЎЛЛАНИЛИШИГА ДОИР ЙЎРИҚНОМА

ЭСПУМИЗАН® КАПЛИ

 

Препаратнинг савдо номи: Эспумизан® капли

Таъсир этувчи модда (ХПН): cиметикон

Дори шакли: ичга қабул қилиш учун эмульсия

Таркиби:

1 мл қуйидагиларни сақлайди:

фаол модда: 100 мг симетикон;

ёрдамчи моддалар: макрогол стеарати, глицерин моностеарати 40–55, сорбин кислотаси, натрий гидроксиди (pH қийматини тартибга солиш учун), натрий хлориди, карбомерлар, натрий цитрати, сукралоза, тозаланган сув.

Таърифи: оч-сариқ рангли паст қовушқоқ эмульсия. Бу препарат учун суюқликнинг аста секин сарғайиши хос.

Фармакотерапевтик гуруҳи: меъда-ичак воситаси, полисилоксан, кўпик сўндирувчи. Меъда-ичак йўлининг функционал бузилишларини даволаш учун қўлланиладиган бошқа препаратлар. Силиконлар

ATХ коди: A03AX13

 

Фармакологик хусусиятлари

Фармакодинамикаси

Эспумизан® капли препарати таркибида барқарор, юзаки фаол полидиметилсилоксан ҳисобланган симетикон таъсир этувчи моддаси сақланади. У меъда-ичак йўлининг озуқа массалари ва шилимшиқ моддасидаги газ пуфакчаларининг юзаси тортилишини ўзгартиради ва шу тарзда уларни парчалайди.

Бунда эркинликка чиқадиган газлар ичак девори томонидан сўрилиши ҳамда унинг перистальтикасида чиқарилиши мумкин.

Симетикон физикавий даражада таъсир қилади ва кимёвий ёки ферментатив реакцияларга киришмайди.

 

Фармакокинетикаси

Ичга қабул қилинганидан кейин симетикон сўрилмайди, меъда-ичак йўлидан ўтганидан кейин ўзгармаган кўринишда чиқарилади.

 

Қўлланилиши

Мустақил равишда даволаш учун восита сифатида:

  • Метеоризм ёки ҳаддан ташқари кўп газ ҳосил бўлиши каби газ ҳосил бўлиши туфайли юзага келган меъда-ичак йўли томонидан бузилишларда мавжуд бўлганида симптоматик даволаш учун.

 

Шифокор кузатуви остида:

  • Операциялардан кейин метеоризм ёки ҳаддан ташқари кўп газ ҳосил бўлиши каби меъда-ичак йўли томонидан бузилишларда мавжуд бўлганида симптоматик даволаш учун.
  • Қорин бўшлиғи соҳасида ўтказиладиган диагностика муолажалари тайёргарликда ёрдамчи восита сифатида (масалан, рентгенографияда газлардан қорайишлар ҳосил бўлишининг олдини олиш учун, УТТ, эндоскопик текширувлар ҳамда контраст воситаларнинг суспензияларига қўшимча сифатида) қўлланилади.

 

Эспумизан® капли препарати чақалоқлар, болалар, ўсмирлар ва катталарда қўлланиши мумкин.

 

Қўллаш усули ва дозалари

Дозалаш

Препаратни томчили дозатор ёки миллилитрларга ажратилган ўлчов қалпоқчаси ёрдамида дозалаш мумкин.

25 та томчи 1 мл (ёки 100 мг симетикон) га тўғри келади.

 

Газ ҳосил бўлиши туфайли келиб чиққан меъда-ичак йўли томонидан бузилишларда мавжуд бўлганида мустақил равишда даволаш учун восита сифатида

 

Ёш гуруҳиТомчилардаги доза
Гўдаклар5-10 томчи бир марталик дозаси ҳар сафар овқатлантирилганда озуқа солинган бутилкачада эритилади ёки ҳар сафар эмизишдан олдин берилади*
1 –6 ёш10 томчи суткада 3 – 5 марта
6 – 14 ёш10–20 томчи суткада 3 –5 марта
Ўсмирлар ва катталар20 томчи суткада 3 –5 марта

*5-10 томчи бир марталик дозаси озуқа солинган бутилкачада эритилади ёки гўдакка бевосита эмизишдан олдин кичкина қошиқчада берилади.

 

Эспумизан® капли препаратини операциялардан кейин (шифокор назорати остида) қабул қилиш мумкин.

 

Тасвирга олинадиган текширувларга тайёрланиш учун (шифокор кўрсатмаси бўйича)

Доза мл да
Текширувдан бир кун олдин 1 мл дан овқатдан кейин суткасига 3 марта ва текширув куни эрталаб 1 мл.

 

Контраст воситалар суспензияларига қўшимча сифатида (шифокор назорати остида)

Доза мл да
Иккиланган контрастланишга эга тасвирни олиш учун қўлланиладиган 1 л контраст восита «бўтқасига» 2-4 мл.

 

Гастродуоденоскопияга тайёрланиш учун (шифокор назорати остида)

Доза мл да
Эндоскопиядан олдин 2 –3 мл
Зарурат бўлганида, агар текширувга кўпик пуфакчалари халақит берса, текширув пайтида эндоскопнинг инструментал каналига яна бир неча миллилитр эмульсия киритган ҳолда уларни бартараф этиш мумкин.

 

Қўллаш усули ва қабул қилишнинг давомийлиги

Қўллашдан олдин яхшилаб чайқатинг!

Томчиларда аниқ дозалашга эришиш учун флаконни вертикал тарзда, томчили дозаторни пастга қаратган ҳолда ушлаш керак.

Ўлчов қалпоқчаси (дозаловчи ускуна) миллилитрларга бўлинган ўйиқчали, 30-мл флакон-томизгичнинг бураладиган тиқинига маҳкамланган. Зарурат бўлганида (масалан, 25 томчи ва ундан кўп доза зарур бўлганида) уни чиқариб олиш ва томчили дозатор ўрнига дозани ўлчаш учун қўллаш мумкин.

Изоҳ: Ютиш хавфи борлиги учун ўлчов қалпоқчасини болаларнинг қўли етмайдиган жойда сақлаш керак.

 

Газ ҳосил бўлиши туфайли келиб чиққан меъда-ичак йўли томонидан бузилишларда мавжуд бўлганида мустақил даволаш учун восита сифатида

Эспумизан® капли препарати овқатланиш пайтида ёки ундан кейин ҳамда заруратга қараб уйқудан олдин қабул қилинади.

Қўллаш давомийлиги симптомларнинг динамикасига боғлиқ.

Зарурат бўлганида Эспумизан® капли препаратини шунингдек узоқ вақт давомида қабул қилиш мумкин.

 

Тасвирга олинадиган текширувларга тайёрланиш учун

Эспумизан® капли препарати текширувдан бир сутка олдин ва текширув куни эрталаб тавсия қилинган дозада қабул қилинади.

 

Изоҳ

Янги шикоятлар пайдо бўлганида ва/ёки мавжуд шикоятлар 14 кун давомида сақланиб турганида, клиник текширишни ўтказиш зарур.

 

Агар Сиз Эспумизан® капли препаратини қабул қилишни унутган бўлсангиз

Сиз бу дозани исталган пайтда тўлдиришингиз мумкин.

 

Агар Сиз Эспумизан® капли препаратини қабул қилишни тўхтатган бўлсангиз

Бузилишлар яна пайдо бўлиши мумкин.

 

Ножўя таъсирлари

Симетикон сақловчи дори воситаларига ўта юқори сезувчанлик реакциялари, жумладан эшакеми, эритема, тошма, қичима, аллергик дерматит ва бошқа тери реакциялари ҳақида маълумот берилган. Мавжуд маълумотлар асосида учраш тез-тезлигини баҳолаш имкони йўқ (тез-тезлиги номаълум).

 

Бўлиши мумкин бўлган нохуш реакциялар ҳақидаги хабарлар

Дори препаратини рўйҳатдан ўтказилгандан кейин бўлиши мумкин бўлган ножўя реакциялар ҳақидаги хабарлар муҳим роль ўйнайди ва ушбу дори воситасига нисбатан «фойда/хавф» мутаносиблигини кузатиб боришни давом эттиришга имкон беради.  Соғлиқни сақлаш тизими ходимларидан қуйидаги манзил бўйича Ўзбекистондаги “Берлин-Хеми АГ” Компаниясининг Ваколатхонасига ҳар қандай бўлиши мумкин бўлган ножўя реакциялар ҳақида хабар бериш талаб этилади: Тошкент ш., 100031, Афросиёб кўч., 12а (бизнес-марказ).

 

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

Таъсир этувчи моддага ёки «Таркиби» бўлимида келтирилган препарат компонентларининг исталган бирига ўта юқори сезувчанликда қўллаш мумкин эмас.

 

Дориларнинг ўзаро таъсири

Хозирги вақтгача аниқланмаган.

 

Махсус кўрсатмалар

Ушбу дори препаратида 1 мл га 1 ммолдан (23 мг) кам натрий сақланади, буни амалда “натрий сақламайди” деб ҳисобласа бўлади.

 

 

Фертиллик, ҳомиладорлик ва лактация

Ҳомиладорлик даврида Эспумизан® капли препаратининг таъсири ҳақида клиник маълумотлар йўқ. Ҳомиладор аёлларга препаратни эҳтиёткорлик билан буюриш керак.

 

Транспорт воситаларини бошқариш ва механизмларга хизмат кўрсатиш қобилиятига таъсири

Алоҳида эҳтиёт чоралари талаб этилмайди.

 

Дозани ошириб юборилиши

Ҳозирги вақтга қадар симетикондан фойдаланганда интоксикация ҳолатлари юзага келиши маълум эмас.

Меъда-ичак йўли орқали ўтаётганда симетикон сўрилмайди ва кимёвий ёки ферментатив айланишларга дучор бўлмайди. Шу сабабли, интоксикация имконияти деярли истисно этилади. Эспумизан® капли препарати ҳатто кўп миқдорда қабул қилинганида ҳам симптомларни келтириб чиқармайди.

 

Хавфсизлик бўйича клиник олди маълумотлар

Симетикон кимёвий жиҳатдан инерт бўлиб, ичак йўлидан сўрилмайди. Шу сабабли, тизимли токсик самаралар юз беришидан хавотир олмаса ҳам бўлади.

Эспумизан® капли препарати бўйича ноклиник маълумотлар мавжуд эмас. Такрорий дозаларнинг токсиклиги, канцероген фаоллик ва репродукция аъзоларига нисбатан токсиклик бўйича ўтказилган чекланган тадқиқотларга асосланган симетикон бўйича клиникагача бўлган маълумотларга кўра одам учун репродуктив тизим томонидан бирор-бир хавф аниқланмаган.

 

Чиқарилиш шакли

Ёрлиқли 30 мл ҳажмли жигарранг шиша флаконлар, дозатор томизгичли, бураладиган қопқоқ ва бириктирилган ўлчов қопқоқчаси билан. Тиббиётда қўлланилишига доир йўриқномаси билан бирга картон қутида

 

Сақлаш шароитлари

30 °С юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин. Совитилмасин ва музлатилмасин.

Ушбу дори воситасини болаларнинг қўли етмайдиган жойда сақланг.

 

Ҳеч қандай дори препаратларини канализацияга ёки маиший чиқиндилар билан бирга ташламанг. Кераксиз дори препаратини қандай утилизация қилиш борасида дорихона ходими билан маслаҳатлашинг. Ушбу чоралар атроф-муҳитни ҳимоя қилишга ёрдам беради.

 

Яроқлилик муддати

3 йил.

Эспумизан® капли препарати флаконини биринчи марта очилганидан кейин 6 ой давомида барқарорлигини сақлайди.

 

Ушбу дори воситасини ташқи ўрами ва этикеткасида “годен до” сўзларидан кейин кўрсатилган яроқлилик муддати тугаганидан сўнг қўлламанг. Яроқлилик муддати кўрсатилган ойнинг охирги кунига таалуқлидир.

 

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецептсиз.

 

Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг эгаси ва ишлаб чиқарувчи:

Берлин-Хеми АГ (Менарини Групп)

Глиникер Вег 125

12489 Берлин, Германия

 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дори воситаларининг сифати бўйича эътирозлар (таклифлар) ни қабул қилувчи ташкилот номи ва манзили:

«Берлин-Хеми АГ» Компаниясининг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси

100031, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш. Афросиёб кўчаси, 12а (бизнес-марказ).

Тел.: (+998 71) 252 25 57, 252 77 01.

Улашиш: