Skip to main content

Беневрон БФ

Улашиш:
  Reading time 12 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

БЕНЕВРОН БФ

BENEVRON BF

Препаратнинг савдо номи: Беневрон БФ

Дори шакли: ичакда эрувчан қобиқ билан қопланган таблеткалар.

Таркиби:

Ичакда эрувчан қобиқ билан қопланган ҳар бир таблетка қуйидагиларни сақлайди:

фаол моддалар:

Тиамин мононитрати (В1 витамини)                                                                               250 мг

Пиридоксин гидрохлориди (В6 витамини)                                                                     200 мг

Рибофлавин фосфат натрий рибофлавинга қайта ҳисобланганда (В2 витамини)     15 мг

Фолат кислотаси (В9 витамини)                                                                                       0,50 мг

Цианокобаламин (В12 витамини)                                                                                     0,25 мг;

ёрдамчи моддалар: повидон (К30), микрокристалл целлюлоза, кальций гидрофосфати дигидрати, сувсиз коллоид кремний диоксиди, натрий метабисульфити, динатрий эдетати, лимон кислота моногидрати, натрий цитрати, натрий метилгидроксибензоати, натрий пропилгидроксибензоати, натрий кроскармеллоза, магний стеарати;

қобиғининг таркиби: гипромеллоза, тальк, Акрил-ИЗ® 930250004 қизил (метакрил кислотаси сополимери, тальк, понсо 4R лаки, сариқ сансет FCF алюмин лаки, триэтилцитрати, кремний диоксиди, натрий гидрокарбонати, натрий лаурилсульфати).

Таърифи: думалоқ, икки томонлама қавариқ, тўқ-қизил рангли ичакда эрувчан қобиқ билан қопланган таблеткалар.

Фармакотераевтик гуруҳи: В гуруҳи витаминлари комплекси.

АТХ коди: А11ЕА

Фармакологик хусусиятлари

Беневрон БФ мажмуавий препарат бўлиб, таъсири унинг таркибига кирувчи компонентларнинг хусусиятлари билан ифодаланади.

В1 витамини (тиамин мононитрати) организмни ўсиши ва ривожланишига ёрдам берадиган ҳужайра энергияси ҳисобланади, ақлий ва жисмоний иш қобилиятини оширади, детоксикацион таъсир кўрсатади, шунингдек нерв тўқимаси метаболизмини яхшилайди. Тиамин жигарда фосфорланиш жараёнлари натижасида кўпчилик ферментатив реакцияларнинг коферменти ҳисобланган кокарбоксилазага айланади. В1 витамини углеводлар, оқсиллар ва ёғ алмашинувини бошқаришда, шунингдек синапсларда нерв қўзғалувчанлигини ўтказиш жараёнларида муҳим роль ўйнайди, анемик миокардиодистрофияда миокардиоцитларнинг метаболизмида ва уларни қисқариш фаолиятини яхшиланишига ёрдам беради.

В6 витамини (пиридоксин гидрохлориди) организм томонидан тўйинмаган ёғ кислоталарини ишлатилишини яхшилайди, нерв тизими, жигар, қон яратиш тизимининг фаолиятига ижобий таъсир қилади. Пиридоксин нерв-мушак ўтказувчанлигини, мушаклар қисқарувчанлигини нормаллаштирадиган, тиришишларни ривожланишига қарши таъсир қиладиган, таркибида олтингугурт сақловчи аминокислота – тауринни синтезига ёрдам беради. Триптофан, метионин, цистеин, глутамин ва бошқа аминокислоталарни алмашинувида иштирок этади, гистамин алмашинувида муҳим роль ўйнайди. Липидлар алмашинувини нормаллашишига ёрдам беради. Пиридоксин етишмовчилиги анемия, дерматит ва тиришишларни келтириб чиқаради.

В2 витамини (рибофлавин) ҳужайра нафаси ва кўриш жараёнларининг муҳим катализатори ҳисобланади. Рибофлавин, оксидланиш-қайтарилиш жараёнларини бошқаради, водород ионларини ташилишида, тўқима нафасида, углеводлар, оқсиллар, ёғлар алмашинувида, кўриш аъзоларини нормал фаолият кўрсатишида, гемоглобин ва эритропоэтин синтезида иштирок этади.

В9 витамини (фолат кислотаси) ичак микрофлораси томонидан синтезланиши мумкин. Организмда фолат кислотаси тетрагидрофолат кислотасигача қайтарилади, у коэнзим бўлиб, турли метаболик жараёнларда иштирок этади. Фолат кислотаси мегалобластларни нормал етилиши ва нормобластларни ҳосил бўлиши учун муҳим, эритропоэзни рағбатлантиради, аминокислоталар (шу жумладан, глицин, метионин), нуклеин кислоталари, пуринлар, пиримидинлар синтезида, холин, гистидин алмашинувида иштирок этади.

В12 витамини (цианокобаламин) организмнинг ҳаёт фаолиятини таъминлайдиган қатор биокимёвий реакциялар (метил гуруҳларини ташилиши, нуклеин кислоталар, оқсил синтези, аминокислоталар, углеводлар, липидлар алмашинуви) да қатнашади. Цианокобаламин нормал қон яратилиши ва эритроцитларни етилиши учун муҳим. У эритроцитларда сульфгидрил гуруҳларини сақловчи бирикмаларни тўпланишига ёрдам беради, бу уларни гемолизга нисбатан чидамлилигини оширади. Цианокобаламиннинг кофермент шакллари – метилкобаламин ва аденозилкобаламин – ҳужайраларни репликацияси ва ўсиши учун муҳим. Цианокобаламин нерв тизимидаги жараёнларга (РНК, ДНК, миелин, цереброзидлар ва фосфолипидларнинг липид таркибини синтезига) таъсир кўрсатади. Унинг периферик қисмини шикастланиши билан боғлиқ бўлган оғриқ ҳисларини камайтиради. В12 витамини қонда холестериннинг концентрациясини пасайтиради, жигар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, тўқималарни регенерация ҳусусиятини оширади.

Фармакокинетикаси

В1 витамини (тиамин мононитрати) ичакнинг юқори қисмида сўрилади ва организмга бир хил тақсимланади, сўрилиш даражаси дозасига боғлиқ. Тиамин асосан жигар, юрак, буйраклар, талоқда тўпланади. Умумий миқдорининг ярми кўндаланг тарғил мушакларда ва миокардда ва тахминан 40% – ички аъзоларда сақланади. В1 витамини йўлдош тўсиғи орқали ўтади ва кўкрак сутида аниқланади. Жигарда тиамин фосфорланади, бунда коэнзим фаолликка эга бўлган тиаминфосфат энг фаол фосфор эфири ҳисобланади. Ичак ва буйраклар орқали чиқарилади, ярим чиқарилиш даври тахминан 4 соатни ташкил этади.

В6 витамини (пиридоксин гидрохлориди) ингичка ичакда тез сўрилади. Пиридоксин жигарда метаболизмга учраб, фармакологик жиҳатдан фаол метаболитлар (пиридоксальфосфат ва пиридоксаминофосфат) ни ҳосил қилади. Барча тўқималарга яхши ўтади; асосан жигарда, камроқ даражада – мушакларда ва марказий нерв тизимида тўпланади. Йўлдош орқали ўтади, кўкрак сути билан ажралиб чиқади. Ярим чиқарилиш даври 15-20 кунни ташкил этади. Буйраклар орқали, шунингдек гемодиализ жараёнида чиқарилади.

В2 витамини (рибофлавин) осон сўрилади ва барча аъзолар ва тўқималарга тақсимланади, жигарда, буйракларда ва миокардда тўпланади. Йўлдош орқали ўтади ва кўкрак сутига ўтади. Рибофлавин буйраклар орқали асосан ўзгармаган ҳолда чиқарилади. Организмда витаминларнинг миқдори нормал бўлганида сутка давомида сийдик билан юборилган дозанинг тахминан 9% чиқарилади, қолган қисми эса буйрак найчаларида қайта сўрилади; ортиқча юборилганида экскрецияси ошади ва сийдик сариқ рангга бўялади.

В9 витамини (фолат кислотаси) меъда-ичак йўлларида, асосан ўн икки бармоқ ичакнинг юқори бўлимларида яхши сўрилади. Қон плазмасида максимал концентрациясига 30-60 минут давомида эришади. Фолат кислотаси плазма оқсиллари билан жадал равишда боғланади, гематоэнцефалик тўсиқ, йўлдош тўсиғи орқали ва кўкрак сутига ўтади. В9 витамини жигарда тўпланади ва жигарда метаболизмга учраб тетрагидрофолат кислотасини ҳосил қилади. Асосан буйраклар орқали метаболитлар кўринишида чиқарилади; агар қабул қилинган доза фолат кислотасига бўлган суткалик талабдан аҳамиятли даражада устун бўлса, у ҳолда ўзгармаган ҳолда чиқарилади. Гемодиализ ёрдамида организмдан чиқарилади.

В12 витамини (цианокобаламин) ни сўрилиши кўпроқ меъда ва ичакнинг юқори бўлимларидаги ички омилни борлиги билан белгиланади, кейинчалик тўқималарга ташилиши транспорт оқсил – транскобаламин ёрдамида амалга оширилади. Йўлдош тўсиғи орқали ва кўкрак сутига ўтади. Асосан жигарда тўпланади. Жигардан сафро билан ичакка чиқарилади ва яна қонга сўрилади. Буйрак фаолияти нормал бўлганида – 7-10% буйраклар орқали, тахминан 50% – ахлат массалари билан чиқарилади; буйрак фаолияти паст бўлганида – 0-7% буйраклар орқали, 70-100% – ахлат массалари билан чиқарилади.

Қўлланилиши

  • В1, В2, В6, В12, ва фолат кислотасини гипо- ва авитаминозларида;
  • периферик невритлар ва полиневритлар, невралгиялар, периферик парезлар ва фалажлар, ўраб олувчи герпес, люмбаго, плекситлар, қовурғалараро невралгия, юз нерви парези, уч шохли ва юз нервлари невралгияси, ён амиотрофик склероз, болалар церебрал фалажи, периферик нерв тизимини жароҳатлари каби касалликларни симптоматик даволашда;
  • энцефалопатия (диабетик, алкоголли, жароҳатдан кейинги энцефалопатия) да;
  • турли генезли анемияда;
  • меъда-ичак йўллари касалликлари: сурункали гастрит, энтероколитда;
  • жигар касалликлари: гепатит, циррозда;
  • юрак-қон томир касалликларидан кейинги тикланиш даври, сурункали қон айланиши етишмовчилиги, миокардит, миокардиодистрофияларда;
  • тери касалликлари: невроген экзема ва дерматозлар, дерматитлар ва нейродермитлар, псориазда;
  • офтальмологик касалликлар: гемералопия, конъюнктивит, кератит, ирит, катаракта, шох парда ярасида;
  • изониазид қатори туберкулёзга қарши воситалар, антибиотикларнинг ножўя самараларини олдини олиш ва бартараф қилишда;
  • астеник ҳолатлар: кучли ва сурункали толиқиш, депрессия, таъсирчанлик, асабийлик, уйқуни ва иштаҳани бузилиши, диққатни жамлашни пасайиши ва хотирани ёмонлашишида;
  • юқори жисмоний ҳаракатларда қўлланади.

Қўллаш усули ва дозалари

Беневрон БФ препаратини ичга овқат вақтида ёки овқатдан кейин 1 таблеткадан суткада 1-3 марта қабул қилиш керак.

Дозалаш тартиби ва даволаш давомийлиги шифокор томонидан индивидуал равишда аниқланади.

Ножўя таъсирлари

Препарат қабул қилинганида ножўя самараларни ривожланиш эҳтимоли кам. Айрим ҳолларда қуйидаги ножўя реакциялар бўлиши мумкин:

Нерв тизими томонидан: В6 витаминини ҳар куни 50 мг дан юқори дозаларда узоқ муддат (6-12 ойдан кўп) қўлланиши периферик сенсор нейропатия, нерв қўзғалувчанлиги, лоҳаслик, бош айланиши, бош оғриғига олиб келиши мумкин;

Овқат ҳазм қилиш тизими томонидан: меъда-ичак бузилишлари, шу жумладан кўнгил айниши, қусиш, диарея, қоринда оғриқ, меъда ширасининг кислоталигини ошиши;

Иммун тизими томонидан: ўта юқори сезувчанлик реакциялари, кучли терлаш, тахикардия, ҳансираш, анафилактик шок, анафилаксия, тери реакциялари, шу жумладан қичишиш, тошма, эшакеми бўлиши мумкин.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

  • препаратнинг бирон-бир компонентига юқори сезувчанлик;
  • аллергик реакциялар;
  • меъда ва ўн икки бармоқ ичак яра касаллигини зўрайиш босқичи;
  • нефролитиаз;
  • эритремия, эритроцитоз, тромбоэмболия;
  • 10 ёшгача бўлган болаларда қўллаш мумкин эмас.

Дориларнинг ўзаро таъсири

Циклосерин, гидралазин ва пеницилламин тиаминнинг антагонистлари ҳисобланади. Тиришишга қарши препаратлар (фенобарбитал, фенитоин, карбамазепин) билан узоқ муддат даволаш, шу билан бирга Беневрон БФ препаратини дигоксин, индометацин, антацид препаратлар билан бирга қўллаш тиаминни танқислигига олиб келиши мумкин. Тиосемикарбазон ва 5-фторурацил тиаминнинг фаоллигини ингибиция қилади. Тиамин қутбсизлантирувчи мушак релаксантлар (дитилин ва бошқалар) нинг кураресимон таъсирини сусайтиради. Кофеин, таркибида олтингугурт сақловчи препаратлар ва эстрогенларни қўлланиши тиаминга бўлган талабни оширади. Алкоголь ва қора чой истеъмол қилиш тиаминнинг сўрилишини пасайтиради.

Пиридоксин диуретикларнинг таъсирини кучайтиради, леводопанинг фаоллигини сусайтиради. Изоникотин гидразиди, пеницилламин, циклосерин ва эстроген сақловчи перорал контрацептивлар пиридоксиннинг самарасини сусайтиради. Юрак глюкозидлари (пиридоксин миокардда қисқартирувчи оқсиллар синтезини ошишига олиб келади), глутамин кислотаси ва аспаркам (гипоксияга бўлган чидамлилик ошади) билан бирга қўллаш мумкин. Пиридоксин стероид гормонларнинг самараларини пасайтириши мумкин. Изониазид пиридоксинни сийдик билан чиқарилишини оширади.

Рибофлавин доксициклик, тетрациклин, окситетрациклин, эритромицин ва линкомициннинг фаоллигини камайтиради. Стрептомицин билан мутаносиб эмас. Хлорпромазин, имипрамин, амитриптилин флавинокиназани блокадаси ҳисобига рибофлавинни флавинаденинмононуклеотидга ва флавинадениндинуклеотидга киришишини издан чиқарадилар ва уни сийдик билан чиқарилишини оширадилар. Тиреоид гормонлар В2 витаминининг метаболизмини тезлаштирадилар. Рибофлавин хлорамфениколнинг ножўя самараларини (гемопоэзни бузилиши, кўрув нерви невритини) камайтирадилар ва олдини оладилар.

Тиришишга қарши препаратлар (жумладан фенитоин ва карбамазепин), эстрогенлар, перорал контрацептивлар фолат кислотасига бўлган талабни оширадилар. Антацидлар (шу жумладан, кальций, алюминий ва магний препаратлари), колестирамин, сульфонамидлар (шу жумладан сульфасалазин) фолат кислотасини сўрилишини пасайтирадилар. Метотрексат, пириметамин, триамтерен, триметоприм дигидрофолатредуктазани ингибиция қиладилар ва фолат кислотасининг самарасини пасайтирадилар (ушбу препаратларни қабул қилаётган пациентларга уни ўрнига кальций фолинатини буюриш керак).

Цианокобаламин фармацевтик жиҳатдан аскорбин кислотаси, оғир металларнинг тузлари билан номутаносибдир (цианокобаламин фаолсизланади). Аминогликозидлар, салицилатлар, тутқаноққа қарши дори воситалари, колхицин, калий препаратлари В12 витаминини сўрилишини пасайтирадилар. Цианокобаламин тиамин томонидан чақирилган аллергик реакцияларни ривожланишини кучайтиради. Хлорамфеникол гемопоэтик жавоб реакциясини пасайтиради. Қон ивишини оширадиган препаратлар билан бирга қўллаш мумкин эмас.

Махсус кўрсатмалар

Беневрон БФ қабул қилинганида сийдик сариқ рангга бўялиши мумкинлигини ҳисобга олиш керак, бу препаратнинг таркибида рибофлавин борлиги билан боғлиқ.

Препарат қўлланганида гипервитаминозни олдини олиш мақсадида В гуруҳи витаминларини бошқа манбалардан истеъмол қилинишини инобатга олиш керак, гарчи бундай ҳолатлар кам кузатилади, чунки В гуруҳи витаминлари сувда эрийди ва ортиқча миқдори сийдик билан чиқарилади.

Ҳомиладорлик ва эмизиш даврида қўлланиши

Ҳомиладорликда ва эмизиш даврида препаратни она учун даволашдан кутиладиган фойда ҳомила ёки эмизикли бола учун потенциал ҳавфдан устун бўлган ҳолатдагина қўллаш мумкин.

Педиатрияда қўлланиши

10 ёшгача бўлган болаларда препаратни қўллаш самарадорлиги ва ҳавфсизлиги юзасидан маълумотлар йўқ.

Автотранспортни ҳайдаш ва механизмларни бошқариш қобилиятига таъсири

Беневрон БФ автотранспортни ҳайдаш ва механизмларни бошқариш қобилиятига таъсир қилмайди.

Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати тугаганидан сўнг ишлатилмасин.

Дозани ошириб юборилиши

В гуруҳи витаминлари сувда эрувчан бўлганлиги ва ортиқча миқдори сийдик билан чиқарилганлиги туфайли, дозани ошириб юборилиш ҳоллари жуда кам.

Симптомлари: дозани ошириб юборилиши гипервитаминознинг симптомлари – нерв қўзғалувчанлик, жуда кам ҳолларда – тахикардия, диарея ёки янада яққолроқ ифодаланган ножўя самаралари билан намоён бўлиши мумкин.

Даволаш: симптоматик даволаш ўтказилади.

Чиқарилиш шакли

Ичакда эрувчан қобиқ билан қопланган таблеткалар. 10 таблетка блистерда. 2 блистер қўллаш бўйича йўриқномаси билан бирга картон қутига жойланган.

Сақлаш шароити

Намликдан ҳимояланган жойда, 25оС дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.

Яроқлилик муддати

3 йил.

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецептсиз берилади.

Улашиш: