Skip to main content

Венокор

Улашиш:
  Reading time 9 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

ВЕНОКОР

VENOCOR

Препаратнинг савдо номи: Венокор

Таъсир этувчи модда (ХПН): этилметилгидроксипиридин сукцинат (ethylmethylhydroxypyridine succinate)

Дори шакли: инъекция учун эритма

Таркиби:

1 мл эритма қуйидагиларни сақлайди:

фаол модда: 50 мг этилметилгидроксипиридин сукцинат;

ёрдамчи моддалар: натрий метабисульфит (Е 223), инъекция учун сув.

Таърифи: рангсиз ёки бироз сарғиш тиниқ эритма.

Фармакотерапевтик гуруҳи: нерв тизимига таъсир қилувчи воситалар.

АТХ коди: N07XX.

Фармакологик хусусиятлари

Фармакодинамикаси

Венокор эркин радикалли жараёнлар ингибитори, мембранопротектор ҳисобланади, антигипоксик, стресс протектор, ноотроп, тиришишга қарши ва анксиолитик таъсир кўрсатади. Препарат организмнинг турли шикастловчи омилларнинг таъсирига, кислородга боғлиқ патологик ҳолатлар (шок, гипоксия ва ишемия, бош мия қон айланишининг бузилиши, алкоголь ва антипсихотик воситалар (нейролептиклар) билан заҳарланиш)га резистентлигини оширади.

Венокор бош мияда метаболизм ва қон айланишини яхшилайди, микроциркуляция ва қоннинг реологик хусусиятларини яхшилайди, тромбоцитлар агрегациясини камайтиради. Гемолизда қон ҳужайралари (эритроцитлар ва тромбоцитлар) мембрана структураларини барқарорлаштиради. Гиполипидемик таъсир кўрсатади, умумий холестерин ва паст зичликдаги липопротеидлар (ПЗЛП) миқдорини камайтиради. Ўткир панкреатитда ферментатив токсемия ва эндоген интоксикацияни камайтиради.

Препаратнинг таъсир механизми унинг антиоксидант ва мембранапротектор таъсири билан боғлиқ. У липидларнинг пероксидли оксидланишини ингибиция қилади, супероксиддисмутазанинг фаоллигини оширади, липид-оқсил нисбатини оширади, мембрана қовушқоқлигини камайтиради, унинг оқувчанлигини оширади. Мембрана билан боғлиқ ферментлар (кальцийга боғлиқ бўлмаган фосфодиэстераза, аденилатциклаза, ацетилхолинэстераза), рецептор комплекслар (бензодиазепинли, гамма-аминомой кислотали (ГАМК), ацетилхолинли) фаоллигини модуляция қилади, бу уларнинг лигандлар билан боғланиш хусусиятини кучайтиради, биомембраналарнинг структур-функционал тузилишини сақланишига, нейромедиаторларнинг транспорти ва синаптик ўтказилишини яхшиланишига ёрдам беради. Венокор бош мияда дофаминнинг миқдорини оширади. Аэроб гликолизнинг компенсатор фаоллашувининг кучайиши ва аденозинтрифосфат (АТФ) ва креатинфосфат миқдорини ошиши билан содир бўлган гипоксия шароитида, Кребс циклида оксидланиш жараёнлари сусайиши даражасининг камайишини, митохондрийларнинг энергия синтезловчи функциясининг фаоллашуви, ҳужайралар мембраналарининг барқарорлашишини келтириб чиқаради.

Венокор ишемияга учраган миокардда метаболик жараёнларни нормаллаштиради, некроз сохасини камайтиради, миокарднинг электрик фаоллиги ва қисқарувчанлигини тиклайди ва яхшилайди, шунингдек ишемия сохасида коронар қон айланишини оширади, ўткир коронар етишмовчиликда реперфузион синдромнинг оқибатларини камайтиради. Нитропрепаратларнинг антиангинал фоллигини оширади. Оқибати сурункали ишемия ва гипоксия бўлган авж олиб борувчи нейропатияда Венокор ривожланиб борувчи нейропатияда кўз тўр пардаси ганглиоз ҳужайралари ва кўриш нерви толаларининг сақланишига ёрдам беради. Кўз тўр пардаси ва кўриш нерви функционал фаоллигини яхшилайди, кўриш ўткирлигини оширади.

Фармакокинетикаси.

Мушак ичига юборилганда препарат қон плазмасида юборилгандан кейин 4 соат давомида аниқланади. Максимал концентрацияга эришиш вақти 0,45-0,5 соатни ташкил қилади. 400-500 мг дозаларда максимал концентрацияси–3,5-4,0 мкг/мл. Венокор қон томирларидан аъзо ва тўқималарга тез ўтади ва организмдан тез чиқарилади. Препарат организмдан, асосан глюкурон билан конъюгацияланган шаклда ва оз миқдорда ўзгармаган ҳолда сийдик билан чиқарилади.

Қўлланилиши

  • Бош мия қон айланишини ўткир бузилишлари;
  • бош суяги мия жароҳати, бош суяги мия жароҳатларининг оқибатлари;
  • дисциркулятор энцефалопатия;
  • нейроциркулятор дистония;
  • атеросклеротик генезли енгил когнитив бузилишлар;
  • невротик ва неврозга ўхшаш ҳолатлардаги хавотирли бузилишлар;
  • ўткир миокард инфаркти (биринчи суткадан бошлаб), мажмуавий даволаш таркибида;
  • бирламчи очиқ бурчакли глаукоманинг турли бочқичлари, мажмуавий даволаш таркибида;
  • неврозга ўхшаш ва вегетатив-томирли бузилишлари устунлик қилувчи алкоголизмда абстинент синдромини бартараф қилиш;
  • антипсихотик воситалар билан ўткир заҳарланиш;
  • қорин бўшлиғидаги ўткир йирингли-яллиғланиш жараёнлари (ўткир некротик панкреатит, перитонит), мажмуавий даволаш таркибида.

Қўллаш усули ва дозалари

Венокор мушак ичига ёки вена ичига (оқим билан ёки томчилаб) юборилади. Доза индивидуал танланади. Инфузион юбориш усулида препаратни натрий хлориднинг физиологик эритмасида (200 мл) суюлтириш керак. Катталарни даволаш 50-100 мг дозада суткада 1-3 мартадан бошланади, доза терапевтик самарага эришилгунча аста-секин ошириб борилади. Венокор оқим билан аста-секин 5-7 минут давомида, томчилаб – 1 минутда 40-60 томчи тезликда юборилади. Максимал суткалик доза 800 мг дан ошмаслиги керак.

Бош мия қон айланишининг ўткир бузилишларида Венокор катталарга мажмуавий даволашнинг дастлабки 2-4 кун давомида томчилаб 200-300 мг дан суткада 1 марта, кейин мушак ичига 100 мг дан суткада 3 марта юборилади. Даволаш муддати 10-14 кунни ташкил этади.

Бош суяги мия жароҳати ва бош суяги мия жароҳатининг оқибатларида Венокор 10-15 кун давомида 200-500 мг дан суткада 2-4 марта вена ичига томчилаб юбориш йўли билан буюрилади.

Декомпенсация фазасидаги дисциркулятор энцефалопатияда Венокорни вена ичига оқим билан ёки томчилаб 100 мг дозада суткада 2-3 марта 14 кун давомида қўллаш керак. Кейин препарат мушак ичига суткада 100 мг дан 2 ҳафта давомида юборилади.

Дисциркулятор энцефалопатиянинг профилактик курси учун препарат мушак ичига суткада 100 мг дан 10-14 кун давомида юборилади.

Кекса ёшли беморлардаги енгил когнитив бузилишларда ва хавотирли ҳолатларда препарат мушак ичига суткада 100-300 мг дан 14-30 кун давомида қўлланилади.

Ўткир миокард инфарктида Венокор вена ичига ёки мушак ичига 14 сутка давомида нитратлар, бета-адреноблокаторлар, ангиотензин-айлантирувчи фермент (ААФ) ингибиторлари, антикоагулянт ва антиагрегант воситалар, шунингдек кўрсатмалар бўйича симптоматик даволашни ўз ичига олувчи миокард инфарктини традицион даволаш фонида юборилади. Максимал самарага эришиш учун дастлабки 5 сутка давомида, Венокорни вена ичига, кейинги 9 кун давомида мушак ичига юборган маъқул. Венокор томчили инфузия йўли билан вена ичига аста-секин (ножўя таъсирларидан сақланиш учун), 100-150 мл ҳажмдаги натрий хлориднинг 0,9% эритмаси ёки декстроза(глюкоза)нинг 5% ли эритмаси билан 30-90 минут давомида юборилади. Зарурати бўлганида Венокорни вена ичига оқим билан аста-секин камида 5 минут давомида юбориш мумкин.

Венокорни юбориш (вена ичига ёки мушак ичига) суткада 3 марта, ҳар 8 соатда амалга оширилади. Суткалик терапевтик доза кунига тана вазнининг ҳар бир килограммига 6-9 мг, бир марталик доза – тана вазнига 2-3 мг/кг ни ташкил этади. Максимал суткалик доза 800 мг, бир марталик доза 250 мг дан ошмаслиги керак.

Очиқ бурчакли глаукоманинг турли босқичларида Венокор комлекс даволаш таркибида мушак ичига 100-300 мг дан, суткада 1-3 марта 14 кун давомида қўлланади.

Алкоголни абстинент синдромида Венокор 100-200 мг дозада мушак ичига, суткада
1-2 марта 5-7 кун давомида юборилади.

Антипсихотик воситалар билан ўткир заҳарланишда препарат вена ичига 50-300 мг дозада 7-14 кун давомида юборилади.

Қорин бўшлиғидаги ўткир йирингли-яллиғланиш жараёнлари(ўткир некротик панкреатит, перитонит)да препарат дастлабки суткаларда жарроҳликдан олдинги ва кейинги даврда ҳам қўлланади. Доза касалликнинг тури ва оғирлиги, жараённинг тарқалганлиги, клиник кечишига боғлиқ. Препаратни бекор қилиш аста-секин, фақат турғун ижобий клиник-лаборатор самарасидан кейин амалга оширилиши керак.

Ўткир шишли (интерстициал) панкреатитда Венокор 100 мг дан суткада 3 марта вена ичига томчилаб (натрий хлориднинг изотоник эритмаси билан) ва мушак ичига буюрилади. Ўртача оғирлик даражаси: катталарга – 200 мг дан суткада 3 марта вена ичига томчилаб (натрий хлориднинг изотоник эритмаси билан). Оғир кечиши: пульс-дозада дастлабки суткаларда 800 мг дан 2 марта юбориш; кейин – 300 мг дан суткада 2 марта дозани аста-секин камайтириш билан. Ўта оғир кечиши: суткада 800 мг дастлабки дозада панкреатик шок белгилари турғун бартараф қилингунча, холат барқарор стабиллашгандан кейин – 300-400 мг дан суткада 2 марта вена ичига томчилаб (натрий хлориднинг изотоник эритмаси билан) суткалик дозани аста-секин камайтириш билан.

Болалар. Болаларда препарат қўллашнинг хавфсизлиги бўйича қатъий назоратли қилинадиган клиник тадқиқотлар ўтказилмаган, шунинг учун Венокор бу гуруҳ пациентларда қўлланмайди.

Ножўя таъсирлари

Кам ҳолларда – кўнгил айнаши, оғиз шиллиқ қаватини қуриши, аллергик реакциялар, уйқучанлик, уйқуга кетиш жараёнини бузилиши, хавотирлик ҳисси, эмоционал реактивлик, дистал гипергидроз, бош оғриқлари, координацияни бузилиши, артериал босимни ошиши, артериал босимни пасайиши.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

Ўткир жигар ёки буйрак етишмовчилиги, препаратга юқори сезувчанлик, болалар, ҳомиладорлик, эмизиш даврида қўллаш мумкин эмас.

Дориларнинг ўзаро таъсири

Венокор бензодиазепинли анксиолитиклар, тиришишга қарши воситалар (карбамазепин), паркинсонизмга қарши воситалар (леводопа) таъсирини кучайтиради. Этил спиртининг токсик самарасини камайтиради.

Номутаносиблик. Препаратни бошқа дори воситалари билан аралаштирмаслик керак. Фақат йўриқномада кўрсатилган эритувчиларни ишлатиш керак.

Махсус кўрсатмалар

Алоҳида ҳоллларда, айниқса мойиллиги бўлган пациентларда, сульфитларга юқори сезувчанлиги бўлган бронхиал астмали пациентларда оғир ўта юқори сезувчанлик реакциялари ривожланиши мумкин.

Ҳомиладорлик ва эмизиш даврида қўлланилиши

Ҳомиладорлик ва эмизиш даврида препаратни қўллашнинг хавфсизлиги бўйича қатъий назоратли клиник тадқиқотлар ўтказилмаган, шунинг учун Венокор бу даврда қўлланмайди.

Автотранспорт ёки бошқа механизмларни бошқаришда реакция тезлигига таъсир қилиш қобилияти

Реакция тезлиги ва диққатни жамлаш қобилиятига таъсир қилиши мумкин бўлган ножўя таъсирлар ривожланиши эҳтимолини ҳисобга олиб, даволаниш вақтида автотранспортни бошқаришда ёки механизмлар билан ишлашда эҳтиёткорликка риоя қилиш керак.

Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин.

Дозани ошириб юборилиши

Доза ошириб юборилганда уйқучанлик кузатилиши мумкин. Даволаш – дезинтоксикацион даволаш.

Ўрами

2 мл дан ампулаларда, 10 ампуладан қутида ёки 5 ампуладан блистерда, 2 блистердан қутида; 5 мл дан ампулаларда, 5 ампуладан қутида, 5 ампуладан блистерда, 1 блистердан қутида.

Сақлаш шароити

Оригинал ўрамида, 25оС дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.

Яроқлилик муддати

2 йил.

Бериш тартиби

Рецепт бўйича.

Улашиш: