Skip to main content

Венодиол-М

Улашиш:
  Reading time 5 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

ВЕНОДИОЛ

VENODIOLM

 

Препаратнинг савдо номи: Венодиол-М

Таъсир этувчи моддалар (ХПН): диосмин+гесперидин

Дори шакли: таблеткалар.

Таркиби:

Ҳар бир таблетка қуйидагиларни сақлайди:

фаол моддалар: 450 мг диосмин, 50 мг гесперидин;

ёрдамчи моддалар: повидон К30, натрий кроскармеллоза, магний стеарати, микрокристалл целлюлоза.

Таърифи: овал, икки томонлама қавариқ, оч жигарранг рангдан жигарранг ранггача бўлган таблеткалар.

Фармакотерапевтик гуруҳи: ангиопротектор восита.

АТХ коди: С05СА53

Фармакологик хусусиятлари

Фармакодинамикаси

Венодиол-М вена қон томирлари тонусини мустаҳкамловчи ангиопротектор ҳусусиятларга эга.

Препарат веналарнинг кенгаювчанлигини камайтиради, уларнинг тонусини оширади ва вена қон томирларида димланишни пасайтиради, лимфатик дренажни яхшилайди (лимфа капиллярларининг тонуси ва қисқариш тезлигини оширади, уларнинг функционал зичлигини оширади, лимфа босимини пасайтиради). Препарат микроциркуляцияни яхшилайди, капиллярларнинг ўтказувчанлиги ва синувчанлигини пасайтиради ва уларнинг резистентлигини оширади.

Венодиол-М вена қон томири деворига лейкоцитлар адгезиясини ва уларни паравеноз тўқималарга миграциясини камайтиради, тери тўқимасида кислород диффузиясини ва перфузиясини яхшилайди, яллиғланишга қарши ҳусусиятга эга.

Дозасига боғлиқ самарага эга. Препаратнинг статистик ишончли дозага боғлиқ самараси қуйидаги веноз плетизмографик кўрсаткичлар: вена қон томирлар сиғими, кенгаювчанлиги, вена қон томирларни бўшаш вақти учун намойиш этилган. Опатимал доза/самара нисбати 2 таблетка қабул қилинганида кузатилади.

Препаратнинг таъсир натижаси оёқларда периферик шишлар, оғирлик ҳисси, зўриқиш ва оғриқни камайиши ҳисобланади. Венодиол-М тизимли равишда қабул қилинганида оёқларни органик ва функционал табиатли сурункали веноз етишмовчиликнинг клиник кўринишларини яққоллиги камаяди. Геморройни даволашда препаратнинг терапевтик самарадорлиги исботланган.

Фармакокинетикаси

Препарат меъда-ичак йўлларидан тез сўрилади. Қон плазмасида максимал концентрациясига перорал қабул қилингандан сўнг 1-3 соат ўтгач эришилади. Препарат юқори метаболизм даражасига эга, бу сийдикда фенол кислоталарининг борлиги билан тасдиқланади. Ярим чиқарилиш даври 11 соатни ташкил этади. Асосан ахлат билан (80%) чиқарилади, сийдик билан чиқарилиши 14% ни ташкил этади.

Қўлланилиши

  • оёқлардаги функционал ҳамда органик табиатли веноз етишмовчилик (оёқларда оғирлик ҳисси, шиш ва оғриқ, трофик бузилишлар) ни симптоматик даволаш;
  • ўткир геморройни симптоматик даволаш учун қўлланади.

Қўллаш усули ва дозалари

Препарат ичга, овқат вақтида, етарли миқдордаги суюқлик билан қабул қилинади.

Веноз етишмовчиликда суткада 2 таблеткадан (кундузи ҳамда кечқурун) буюрилади, ўткир геморройда – биринчи тўрт кун давомида 3 таблеткадан суткада 2 марта, сўнгра 2 таблеткадан суткада 2 марта уч кун давомида қабул қилинади.

Ножўя таъсирлари

Ножўя самараларни учраш тезлигини қуйида келтирилган кўрсаткичлари қуйидаги тарзда аниқланган: тез-тез (>1/100, <1/10); тез-тез эмас (>1/1000, <1/100); кам ҳолларда (>1/10000, <1/1000); учраш тезлиги аниқланмаган.

Нерв тизими томонидан: кам ҳолларда – бош айланиши, бош оғриғи, умумий лоҳаслик.

Овқат ҳазм қилиш тизими томонидан: тез-тез – диарея, диспепсия, кўнгил айниши, қусиш; тез-тез эмас – колит.

Тери қопламлари ва тери ости тўқималари томонидан: кам ҳолларда – тошма, эшакеми, қичишиш; учраш тезлиги номаълум – юз, лаб, қовоқларни изоляцияланган шиши; айрим ҳолларда – ангионевротик шиш.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

  • препаратга ва/ёки препаратнинг бошқа компонентига юқори сезувчанлик;
  • 18 ёшгача бўлган болаларга қўллаш мумкин эмас.

Дориларнинг ўзаро таъсири

Препаратни бошқа дори воситалари билан ўзаро таъсири маълум эмас.

Махсус кўрсатмалар

Ўткир геморройни даволашда препаратни қўллаш асосий даволашни ўзгартирмайди. Даволаш давомийлиги қисқа бўлиши керак. Агар касалликнинг симптомлари тавсия этилган даволаш курсидан сўнг йўқолмаса, проктологик текширув ўтказиш ва даволаш режасини қайта кўриб чиқиш керак.

Веноз қон айланишини бузилиши бўлганида максимал даволаш самараси соғлом (мувозанатлаштирилган) ҳаёт тарзи билан бирга даволаш орқали таъминланади: қуёш нурлари таъсирида узоқ вақт бўлишдан, оёқларда узоқ вақт туришдан сақланиш керак, шунингдек ортиқча тана вазнини камайтириш чораларини кўриш керак.

Ҳомиладорлик ва лактация даврида қўлланиши

Экспериментал ва клиник тадқиқотларда препаратнинг эмбриотоксик, мутаген ва тератоген таъсири аниқланмаган. Ҳомиладорликни III уч ойлигида бўлган аёллар иштирок этган тадқиқотларда препаратни қўллаш самарадорлиги исботланган ва ҳомила учун ҳавф аниқланмаган.

Препаратни кўкрак сутига тушиши юзасидан маълумотлар етарли бўлмаганлиги сабабли, препаратни лактация даврида қўллаш тавсия этилмайди.

Педиатрияда қўлланиши

Болаларда препаратни қўллаш юзасидан маълумотлар йўқ, шунинг учун препарат 18 ёшгача бўлган болаларда қўллаш учун мўлжалланмаган.

Автотранспортни ҳайдаш ва механизмларни бошқариш қобилиятига таъсири

Препарат автомобиль ва потенциал ҳавфли механизмларни бошқариш қобилиятига таъсир қилмайди.

Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати тугаганидан сўнг ишлатилмасин.

Дозани ошириб юборилиши

Дозани ошириб юборилиш симптомлари таърифланмаган.

Чиқарилиш шакли

Таблеткалар. 10 таблеткадан блистерда. 3 ёки 6 блистер қўллаш бўйича йўриқномаси билан бирга картон қутига жойланган.

Сақлаш шароити

25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.

Яроқлилик муддати

3 йил.

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецепт бўйича берилади.

Улашиш: