Skip to main content

Тонзилгон Н драже

Улашиш:
  Reading time 4 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

ТОНЗИЛГОН® Н

TONSILGON® N

Препаратнинг савдо номи: Тонзилгон® Н

Дори шакли: драже

Таркиби

1 драже майдаланган қуйидаги доривор ўсимлик хомашёси (кукун) ни сақлайди:

Althaeae radix (Гулҳайри илдизи)                          8 мг

Chamomillae flores (Мойчечак гуллари)                6 мг

Equiseti herba (Қирқбўғим ўти)                              10 мг

Joglandis folia (Ёнғоқ барги)                                  12 мг

Millefolium herba (Бўймадарон ўти)                       4 мг

Quercus cortex (Эман пўстлоғи)                             4 мг

Taraxaci herba (Доривор момоқаймоқ ўти)           4 мг

Қўшимча ингредиентлар: лактоза моногидрати, маис крахмали, картошка крахмали, стеарин кислотаси, глюкоза моногидрати, сувсиз коллоид кремний диоксиди, кальций карбонати,  канакунжут мойи, декстрин, глюкоза сиропи, индиготин Е132, монтан гликоль муми, повидон К25, повидон К30, сахароза, щеллак, тальк, титан диоксиди.

Таърифи: думалоқ, икки ёқлама қавариқ, оч зангори рангли силлиқ драже.

Фармакотерапевтик гуруҳи: оғиз-ҳалқум касалликларини даволаш учун ўсимликлардан олинадиган дори препарати.

АТХ коди: R02АР30.

 

Фармакологик хусусиятлари

Экспериментал тадқиқотларнинг натижалари Тонзилгон® Н фагоцитлар ва табиий киллер ҳужайраларини ошиши ҳисобига иммун тизимига модулятор таъсир қилишини кўрсатди. Бундан ташқари, тадқиқотлар Тонзилгон® Н яллиғланишга қарши, антиоксидант, антибактериал ва антивирал таъсирга эга эканини кўрсатди.

Фармакокинетикаси

Фармакокинетикаси ва биологик кираолишлиги бўйича текширув маълумотлари препаратнинг барча фаол моддалари ҳақидаги маълумотлар етарли бўлмаганлиги сабабли мавжуд эмас.

Қўлланилиши

– юқори нафас йўлларининг ўткир ва сурункали касалликлари (тонзиллит, фарингит, ларингит);

– респиратор вирусли инфекциялардаги асоратларнинг профилактикаси ва бактериал инфекцияларда антибиотиклар билан даволашга қўшимча сифатида.

Қўллаш усули ва дозалари

Касалликни ривожланишининг ўткир даврида:

Катталар ва 12 ёшдан ошган ўсмирлар 2 дражедан кунига 5-6 марта қабул қиладилар. Мактаб ёшидаги 6 ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар 1 дражедан кунига 5-6 марта қабул қиладилар. Касаллик енгиллашганидан кейин  даволанишни яна 1 ҳафта давом эттириш керак.

Ўткир симптомлар енгиллашганидан кейин:

Катталар ва 12 ёшдан ошган ўсмирлар 2 дражедан кунига 3 марта қабул қиладилар. Мактаб ёшидаги 6 ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар 1 дражедан кунига 3 марта қабул қиладилар. Драже чайнамасдан, бутунлигича оз миқдордаги суюқлик билан ютилади.

Ножўя таъсирлари

Аллергик реакциялар ва меъда­ичак бузилишлари  бўлиши мумкин.

Мойчечак гулларини сақловчи препаратлар бошқа мураккаб гулдошлар оиласига мансуб ўсимликларга (масалан, оддий шувоқ, бўймадарон ўти, хризантема, дасторгулга) юқори сезувчанлиги бор одамларда кесишган реакциялар туфайли аллергик реакцияларни чақириши мумкин.

Юқори сезувчанликнинг биринчи белгилари пайдо бўлганида препаратни қабул қилишни тўхтатиш керак.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

Препаратнинг компонентларига юқори сезувчанлик, хусусан мураккаб гулдошлар оиласи ўсимликларига. 6 ёшгача бўлган болалар.

Дориларнинг ўзаро таъсири

Антибактериал воситалар билан бирга ишлатилиши мумкин ва мақсадга мувофиқдир.

Бошқа дори воситалари билан ўзаро таъсири ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

Махсус кўрсатмалар

Агар симптомлар йўқолмаса, шунингдек тана ҳарорати ошганида, ҳансираш, йирингли ёки қонли балғам пайдо бўлганида шифокорга мурожаат қилиш зарур.

Ушбу дори воситаси глюкоза, лактоза ва сахароза сақлайди. Агар шифокорингиз сизда қанднинг қандайдир турини ўзлаштираолмаслик борлигини айтган бўлса, препаратни қабул қилишдан олдин шифокорга мурожаат қилинг.

Препарат транспорт воситаларини бошқариш ва механизмлар билан ишлаш қобилиятига таъсир қилмайди.

Қандли диабети бўлган беморларга эслатма: 1 драже тахминан 0,02 «нон бирлигини» (НБ) сақлайди.

Ҳомиладорлик ва эмизиш даврида қўлланиши

Препарат ҳомиладорлик ва эмизиш даврида фақат шифокорнинг кўрсатмаси бўйича қўлланиши мумкин.

Препарат болалар олаолмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин.

Дозани ошириб юборилиши

Ҳозирги вақтгача препаратнинг дозаси ошириб юборилиши ҳақида маълумотлар йўқ.

Даволаш симптоматик.

Чиқарилиш шакли

Драже: ҳар бир блистерда 25 дражедан. Ўрам ўлчами: № 50 ва №100

 

Сақлаш шароити

Қуруқ ва ёруғликдан ҳимояланган, 30оС дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.

Яроқлилик муддати

Тегишли шароитларда сақлаш таъминланса, дражелар 4 йил яроқлилик муддати эга.

 

Улашиш: