Skip to main content

Нитроминт

Улашиш:
  Reading time 14 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

(пациентлар учун маълумот)

Нитроминт®

дозаланган тил ости аэрозоль

(нитроглицерин)

 

Ушбу дори препаратини қабул қилишни бошлашдан олдин бу йўриқномани диққат билан ва тўлиқ ўқиб чиқинг, чунки у Сиз учун муҳим маълумот сақлайди.

  • Бу илова-варақани сақлаб қўйинг. Эҳтимол, Сизга уни яна ўқиб чиқиш керак бўлиши мумкин.
  • Агар Сизда қўшимча саволлар пайдо бўлса, шифокорга ёки фармацевтга мурожаат қилинг
  • Бу дори воситаси шахсан Сизга буюрилган. Уни бошқа шахсларга бермаслигингиз керак. Ҳатто агар уларда касалликни шу симптомлари бўлса ҳам, у уларга зарар етказиши мумкин.
  • Агар Сизда бирон-бир ножўя самара пайдо бўлса ёки Сиз ушбу йўриқномада кўрсатилмаган ножўя самараларни сезсангиз, бу ҳақида даволовчи шифокорингизга ёки фармацевтга хабар беринг (4 бўлимга қаранг).

Ушбу илова-варақа қуйидаги маълумотларни сақлайди:

  1. Нитроминт® аэрозоль препарати нима ва у нима учун қўлланади
  1. Нитроминт® аэрозоль препаратини қўллашни бошлашдан олдин нималарни билиш керак
    1. Нитроминт® аэрозоль препаратини қандай қўллаш керак
    2. Бўлиши мумкин бўлган ножўя самаралари
    3. Нитроминт® аэрозоль препаратини қандай сақлаш кекрак
    4. Яроқлилик муддати
    5. Дорихоналардан бериш тартиби
    6. Ўрам ичидагиси ва бошқа маълумот

  1. Нитроминт® аэрозоль препарати нима ва у нима учун қўлланади

Нитроглицерин силлиқ мушакларни кенгайтиради. Силлиқ мушаклар веналар ва артерияларнинг деворлари таркибига киради, шундай қилиб, нитроглицерин бу қон томирлар бўшлиғини кенгайтиради. Нитроглицерин аэрозолини тил остига пуркагандан кейин препарат тез сўрилади, қон оқимига тушади. Нитроглицерин қон оқимини яхшилайди ва тезлаштиради. Бу юракка юклама камайишини билдиради. Юракни қон билан таъминланишини яхшиланиши шунингдек юрак самаралироқ ишлашини билдиради. Нитроглицериннинг бу самаралари стенокардия хуружларини бартараф этади ва янги хуруж ривожланишини олдини олиши мумкин.

Нитроглицерин стенокардия (кўкракда оғриқ) хуружларини бартараф этиш ва олдини олиш учун мўлжалланган.

  1. Нитроминт® аэрозоль препаратини қўллашни бошлашдан олдин нималарни билиш керак

Аэрозоль билан нафас олиш тақиқланади!

Нитроминт® аэрозоль препаратини қўлламанг, агар Сизда қуйидагилар бўлса:

  • нитроглицерин ва бошқа нитратлар ёки 8 бўлимда келтирилган ҳар қандай ёрдамчи моддаларга аллергия (агар Сизда илгари нитратлар қўлланилганидан кейин юзни, қўл-оёқни, лабларни, оғиз шиллиқ қаватини, тилни, ҳақилдоқ ва/ёки ҳалқумни шиши бўлган бўлса);
  • яққол гипотензия (систолик АБ ни 90 мм сим.уст. дан паст бўлиши билан артериал босимни пасайиши);
  • айниб юрувчи қон хажмини камайиши (қонни йўқотиш ёки сувсизланиш билан боғлиқ);
  • Сизнинг юрагингиз организмни кислород билан тўйинган қон билан таъминлаб бераолмайдиган ҳолат (кардиоген шок ёки юрак чап қоринчаси етишмовчилиги);
  • гипертрофик обструвтив кардиомиопатиядаги стенокардия (юракни нормал бўлмаган ошиши);
  • констриктив перикардит (юрак атрофидаги халта мембранасини яллиғланиши);
  • перикард тампонадаси (юрак атрофидаги халтада суюқлиқни тўпланиши);
  • аортал ёки митрал стеноз (юрак клапанлари касаллиги);
  • бирламчи ўпка гипертензияси (ўпкада қон айланишига қаршиликни ошиши);
  • юракни қон билан таъминланиши камайиши билан юрак хуружи бўлган бўлса;
  • яққол анемия;
  • агар Сиз силденафил, тадалафил ёки варденафил сақловчи препаратларни (эркакларда импотенцияни даволаш учун препаратлар) қабул қилаётган бўлсангиз;
  • бош мия ички босимини ошиши билан кечиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолат (масалан, бош мияга қон қуйилиши ёки жароҳат).

Тиббиётда қўллашдаги эҳтиёткорлик чоралари

Нитроминт® аэрозоль препаратини қўллашни бошлашдан олдин даволовчи шифокорингиз ёки фармацевт билан маслаҳатлашинг:

  • Агар Сиз ўтираётганда ёки тураётганда бош айланиши ва/ёки хушдан кетишни чақириши мумкин бўлган ортостатик гипотензияга (артериал босимни пасайиши) мойил бўлсангиз
  • Мигренда ва ёпиқ бурчакли глаукомада (кўз ички босимини ошиши)
  • Аэрозолни қўллаш жигар касалликлари, алкоголни суистеъмол қилиш, тутқаноқ, бош мия жароҳати ва марказий нерв тизимининг бошқа касалликларида айрим хавфларни туғдириши мумкин. Аэрозоль оз миқдорда алкоголь сақлайди, бу ушбу пациентларга зарар етказиши мумкин.
  • Агар Сизда бош мияни қон билан таъминлайдиган қон томирлар касалликлари (цереброваскуляр касаллик) бўлса
  • Агар Сизда ўпка касаллиги ёки ўпка касаллиги билан боғлиқ юрак касаллиги бўлса
  • Агар Сизда яқинда юрак хуружи бўлган бўлса

Дозани оширганда Сизда бу препаратга толерантлик ривожланиши мумкин (стенокардия хуружларини олдини олиш ёки бартараф этиш учун Сизга юқори дозаларни қўллашингиз лозим бўлганда).

6-yillik-qizil-jenshen

Агар препарат самарасиз бўлса, бу миокард инфарктининг (юрак хуружи) эрта белгиси бўлиши мумкин. Агар бу кузатилса, Сиз дарҳол даволовчи шифокорингиз ёки шошилинч тиббий ёрдам бўлимига мурожаат этишингиз лозим.

Агар Сизда қон ёки сийдик таҳлилини ўтказишаётган бўлса, Сиз ушбу препаратни қўллаётганлигингизни албатта даволовчи шифокорингиз ёки тиббиёт ходимига хабар беринг, чунки у таҳлил натижаларига таъсир қилиши мумкин.

Болалар ва 18 ёшгача бўлган ўсмирлар

Нитроминт® аэрозоль препаратини болалар ва ўсмирларда қўллаш тавсия этилмайди.

Бошқа дори воситалари ва Нитроминт® аэрозоль препарати

Ушбу препарат билан даволаш вақтида Сиз қабул қилаётган, яқинда қабул қилган ёки кейинчалик қабул қилишни режалаштирган ҳар қандай дори воситалари ҳақида албатта шифокорга хабар беринг.

Нитроминт® аэрозолни қуйидаги препаратлар билан ҳеч қачон қўлламанг:

Силденафил, варденафил ёки тадалафил сақловчи эрекцияни бузилишини даволаш учун препаратлар (бундай Нитроминт® препаратининг антигипертензив самараси кучайиши мумкин).

Қуйидаги препаратлар билан Нитроминт® аэрозолни эҳтиёткорлик билан қўллаш лозим:

  • Қон томирларни кенгайтирувчи ва бошқа антигипертензив воситалар каби қон босимини пасайтирувчи дори воситалари, нейролептиклар (руҳий касалликларни даволаш учун препаратлар), депрессияни даволаш учун препаратлар (трициклик антидепрессантлар), сапроптерин (фенилкетонурияни даволаш учун препарат) ва N-ацетилцистеин (аминокислотали қўшимча). Ушбу барча препаратлар нитроглицериннинг антигипертензив самарасини кучайтириши мумкин.
  • Аёллар репродуктив тизимида нормал бўлмаган қон кетишларни даволаш учун мўлжалланган дигидроэрготамин сақловчи препаратлар, чунки нитроглицерин бу препаратларнинг самарасини кучайтириши мумкин.
  • Гепарин сақловчи қонни суюлтириш учун препаратлар (гепариннинг самарадорлигини камайтириши мумкин).

Агар Сиз илгари узоқ таъсир этувчи нитроглицерин (масалан, изосорбид динитрати ёки мононитрати) қабул қилган бўлсангиз, Сизга нитроглицериннинг юқорироқ дозалари талаб этилиши мумкин.

Агар даволовчи шифокорингиз Сизда стенокардия хуружларини бартараф этиш учун тил ости таблеткаларини буюрган бўлса, Сиз худди шу стенокардия хуружини бартараф этиш учун аэрозолни ҳам қўлламаслигингиз лозим.

Нитроминт® аэрозолини алкоголь билан қўлланиши

Нитроминт® аэрозоль билан даволаш вақтида алкоголли ичимликларни истеъмол қилиш қатъиян ман қиланади, чунки баъзи бўлиши мумкин бўлган ножўя реакциялар одатдаги кўринишга нисбатан оғирроқ намоён бўлиши мумкин (4 бўлимга қаранг).

Агар Сиз ўзингизнинг ҳозирдаги ёки аввал ўтказган касалликларингизни аниқ билмасангиз, шифокор билан маслаҳатлашинг.

Ҳомиладорлик ва эмизиш

Агар Сиз ҳомиладор бўлсангиз, бола эмизсангиз, ҳомиладорман деб тахмин қилсангиз ёки ҳомиладор бўлишни режалаштирсангиз, бу хақида даволовчи шифокорингизга хабар беринг.

Нитроглицеринни ҳомиладорлик ва эмизиш вақтида фақат, агар шифокор она учун фойда ҳомила учун бўлиши мумкин бўлган хавфдан устун деб ҳисоблагандагина қўллаш мумкин.

Агар Сиз ҳомиладор бўлсангиз ёки эмизсангиз, ҳар қандай дори воситасини қабул қилишдан олдин шифокор ёки фармацевт билан маслаҳаташинг.

 

Автотранспорт ва механизмларни бошқариш

Даволашнинг биринчи босқичларида транспорт воситалари ва механизмларни бошқариш тавсия этилмайди, чунки препаратнинг гипотензив (қон босимини пасайтирувчи) самараси Сизда бош айланиши ва ўзингизни ёмон ҳис қилишингизни чақириши мумкин. Сиз аэрозолни қўллашга кўникиб қолганингиздан кейин Сизда эҳтимол бундай муаммолар бўлмайди ва Сиз автотранспортни хавфсиз бошқара оласиз.

Нитроминт® аэрозоль препарати оз миқдорда этанол (алкоголь) ва пропиленгликоль сақлайди

Бу препарат 79,2 хажм % этанол сақлайди. Ҳар бир пуркаладиган доза 0,04 г гача алкоголь сақлайди. Уни қўллаш жигар касалликлари, алкоголизм, тутқаноқ, бош мия жароҳати ва марказий нерв тизимининг бошқа касалликлари бўлган пациентларга зарар етказиши мумкин.

Препарат терини таъсирланишини чақириши мумкин бўлган пропиленгликоль сақлайди.

  1. Нитроминт® аэрозолни қандай қўллаш керак

Ушбу препаратни даволовчи даволовчи шифокорингиз ёки фармацевтнинг буюришига қатъий риоя қилган ҳолда қўллаш лозим.

Агар Сизда ушбу препаратни қўллаш бўйича қўшимча саволлар туғилса, шифокор ёки фармацевтга мурожаат этинг.

Қўллаш усули

Ушбу препаратни ҳар доим даволовчи шифокорингиз ёки фармацевтнинг буюришига қатъий риоя қилган ҳолда қўлланг. Агар Сизда ишонч бўлмаса, даволовчи шифокорингиз ёки фармацевт билан маслаҳатлашинг.

Биринчи марта қўллашдан олдин дозаловчи клапан ишлаётганини текшириш лозим. Бунинг учун ҳимояловчи қалпоқчани ечиш ва тешикни ҳавога қаратиб, аэрозоль пайдо бўлгунигача клапаннинг тугмасига бир неча босиш керак. Агар мослама анча вақтгача ишлатилмаган бўлса, тўлдириш жараёнини такрорлаш зарурати туғилиши мумкин.

Аэрозолни тил остига пуркашни ўрганиш учун қоғоз варағида машқ қилинг. Агар Сизга аэрозолни тез-тез ишлатиш зарур бўлмаса, дозаловчи клапаннинг фаолиятини текширишни унутманг.

Аэрозолни иложи борича ўтирган ҳолатда ишлатинг. Пластмасса қалпоқчани ечинг ва баллонни аертикал ҳолатда тутинг.

Ишлатишдан олдин баллонни чайқатиш керак эмас.

Пуркайдиган клапан тешигини иложи борича оғизга яқин тутиш лозим. Аэрозоль билан нафас олмаслик учун нафасни тутинг, сўнгра оғизни очиб ва дозаловчи клапанга босиб ва қўйиб юбориб аэрозолни тил остига пурканг. Ҳар бир дозадан (пуркашдан) кейин оғизни дарҳол ёпинг.

Аэрозоль билан нафас олиш мумкин эмас.

Дозаловчи клапаннинг тешигини пайпаслаб топиш осон, бу препаратни тунда қўллаш имконини беришни билиш афзал.

Нитроминт® аэрозоль препарати алюмин ёки тиниқ пластмасса баллонларда сотувга чиқарилади.

Тиниқ пластмасса баллонда препаратни биринчи марта ишлатилганда биринчи очиш назоратли қалпоқчадан ҳимоя халқасини олиб ташлаш лозим (1-расмга қаранг).

 

1-расм. – Биринчи очиш назоратли қалпоқчадан ҳимоя халқасини олиб ташлаш

Шундан кейин баллонни бир қўлга олиб, бошқа қўл билан ҳимоя қалпоқчасини ечиш мумкин (2-расмга қаранг).

 

 

 

2-расм. – ҳимоя қалпоқчасини ечиш

Алюмин баллондаги препаратни қўллаганда ҳимоя қалпоқчасини енгил олиб ташлаш мумкин (3-расмга қаранг).

3-расм. – алюмин баллондан биринчи очиш назоратли ҳимоя халқаси бўлмаган ҳимоя қалпоқчасини ечиш

 

Дозалаш тартиби

Тавсия этиладиган дозалари:

Стенокардиянинг бошланаётган хуружини бартараф этиш:

Бир дозани тил остига пуркаш лозим, бундан кейин бурун орқали нормал нафас олишни тиклагунгача дарҳол оғизни ёпиш керак. Агар симптомлар ўтиб кетмаса, дозалашни (пуркаш) 5 минутлик интервал билан такрорлаш мумкин, лекин жами учта дозани пуркашдан ошмаслиги керак. Агар учта дозадан (пуркашдан) кейин симптомлар ўтиб кетмаса, дарҳол шифокорга мурожаат этинг.

Стенокардия хуружини олдини олиш:

Кутилаётган юкламадан олдин бир дозани пуркаш керак.

Қўллагандан кейин аэрозолли баллонга ҳимоя қалпоқчасини кийдиринг.

Агар Сиз аэрозоль билан қандай тўғри қўллашга ишонч ҳосил қилмасангиз, Сизга буни қандай бажаришни тушунтириб беришни фармацевтдан сўранг.

Кекса пациентлар худди шундай дозани қабул қилишлари мумкин.

Нитроминт® аэрозолни болалар ва ўсмирларда қўллаш тавсия этилмайди.

Агар Сизга Нитроминт® аэрозоль ҳаддан ташқари кучли ёки ҳаддан ташқари кучсиз самара кўрсатаётгандек туюлса, шифокор ёки фармацевт билан маслаҳатлашинг.

Агар Сиз керагидан кўпроқ Нитроминт® аэрозоль препаратини қўллаган бўлсангиз

Агар Сиз ҳаддан ташқари кўп пуркашларни амалга оширган бўлсангиз, бўлиши мумкин бўлган айрим ножўя реакциялар (қуйига қаранг) уларни одатдаги доза қўллаганда пайдо бўлишига нисбатан ёмонлашиши мумкин.

Бундай ҳолларда дарҳол даволовчи шифокорингизга мурожаат этинг.

Агар Сизда ушбу препаратни қўллаш бўйича қўшимча саволлар туғилса, шифокорга ёки фармацевтга мурожаат этинг.

  1. Бўлиши мумкин бўлган ножўя реакциялар

Барча дори воситалари каби, ушбу препарат ҳам ножўя реакциялар чақириши мумкин, лекин улар ҳаммада пациентларда пайдо бўлавермайди.

Жуда тез-тез (10 пациентдан 1 тасида учрайди)

  • бош оғриғи*

Тез-тез (100 пациентдан 1-10 тасида учрайди)

  • бош айланиши
  • уйқучанлик
  • юрак ритмини тезлашиши
  • қон босимини пасайиши**
  • турганда ёки ётган ҳолатдан ўтирган ҳолатга ўтганда қон босимини пасайиши**
  • ҳолсизлик

Тез-тез эмас (1000 пациентдан 1-10 тасида учрайди)

  • синкопе (ҳушдан кетиш)
  • стенокардия хуружларини кучайиши (кўкракдаги оғриқни кучайиши)
  • юрак ритмини секинлашиши
  • цианоз (терга яқин жойлашган тўқималарда кислород миқдорини камлиги билан боғлиқ тери ва шиллиқ қаватларини кўк-бинафша ранги)
  • юз терисида қизиб кетиш ҳисси
  • қон томир етишмовчилиги
  • кўнгил айниши
  • қусиш

Жуда кам ҳолларда (10000 пациентдан 1 тадан камроқ учрайди)

  • метгемоглобинемия (қонда метгемоглобин даражасини ошиши билан боғлиқ ҳолат, бу қизил қон таначаларининг кислородни тўқималарга бериш қобилиятини пасайтиради).
  • безовталик
  • бош мияни кислород билан таъминланишини камайиши
  • жиғилдон қайнаши
  • оғиздан ёқимсиз ҳид келиши
  • нафас олишни бузилиши
  • дерматит
  • дори воситаси чақирган тошма

* одатда даволашни бошида пайдо бўладиган бош оғриғи нитроглицериннинг энг кўп учрайдиган ножўя самараси ҳисобланади. Бу “нитрат бош оғриғи” деб номланувчи бош оғриғи бир неча кун давомида ўтиб кетади.

** даволашни бошида ва доза оширилганида кузатилади.

Бошқа ножўя самаралар (тез-тезлиги номаълум)

Аллергик реакциялар.

Аэрозолни қўллаш оғизда кучсиз, ўтувчан ачишишни чақириши мумкин.

Ножўя самаралар ҳақида хабар бериш

Агар Сизда бирон-бир нохуш самаралар, шу жумладан ушбу илова-варақада кўрсатилмаган нохуш самаралар аниқланса, бу ҳақида даволовчи шифокорингиз ёки фармацевтга хабар беринг.

Сизнинг хабарларингиз туфайли, Сиз бу дори воситасининг хавфсизлиги хақида кўпроқ маълумот олишингиз мумкин.

  1. Нитроминт® аэрозолни қандай сақлаш керак

Оригинал ўрамида, 15-25оС ҳароратда, ёруғликдан ва иссиқликдан ҳимояланган жойда сақлансин.

Препарат болалар олаолмайдиган жойда сақлансин.

Препаратни очиқ оловга ёки чекиш жойларига яқин жойда сақлаш ва қўллаш тақиқланади! Аэрозолни оловга ёи иссиқ юзаларга пуркаш мумкин эмас.

Бўш баллонни тешиш ёки оловга ташлаш тақиқланади!

Баллон потлаши хавфи ва оловдан хавфли!

Дори воситаларини маиший чиқиндилар ёки оқава сувларга ташлаш мумкин эмас. Агар керак бўлмаган препаратни чиқиндиларга ташлаш керак бўлса, фармацевт билан маслаҳатлашинг. Бу чоралар атроф-муҳитни ифлосланишини олдин олишга ёрдам беради.

 

  1. Яроқлилик муддати

Яроқлилик муддати ўрамида кўрсатилган.

Ўрамида кўрсатилган яроқлилик муддати ўтганидан кейин препарат ишлатилмасин. Яроқлилик муддатининг ўтиш санаси кўрсатилган ойнинг охирги куни ҳисобланади.

  1. Дорихоналардан бериш тартиби

Шифокор рецепти бўйича берилади.

  1. Ўрам ичидагиси ва бошқа маълумот

Нитроминт® аэрозоль препарати нималарни сақлайди

Таъсир этувчи модда:

Бир баллон (10 г) 8 г 1%-ли нитроглицерин эритмаси сақлайди. Аэрозолнинг бир дозаси 0,4 мг нитроглицерин сақлайди. Ҳар бир баллон камида 180 доза сақлайди.

Ёрдамчи моддалар: этанол, пропиленгликоль.

Нитроминт® аэрозоль препаратининг ташқи кўриниши ва ўрам ичидагиси

Ташқи кўриниши: Рангсиз ёки деярли рангсиз, тиниқ, чўкмасиз эритма.

Ўрами: 10 г пурковчи учликли дозаловчи насос ва ҳимоя қалпоқчаси билан таъминланган ЦОС (циклоолефин сополимер) баллон ёки алюмин баллонга қуйилади. Баллон препаратни тиббиётда қўллаш бўйича пациентлар учун йўриқномаси билан картон қутига жойланади.

 

Улашиш: