Skip to main content

Магния сульфат

Улашиш:
  Reading time 6 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

МАГНИЯ СУЛЬФАТ

MAGNESII SULFAS

Препаратнинг савдо номи: Магния сульфат

Таъсир қилувчи модда (ХПН): магний сульфати (magnesium sulfate)

Дори шакли: инъекция учун 25% эритма

Таркиби:

5 мл инъекция учун эритмали 1 ампула 1,25 г магний сульфати сақлайди.

Таърифи: тиниқ, рангсиз суюқлик

Фармакотерапевтик гуруҳи: антигипертензив (тиришишга қарши, тутқаноққа қарши) воситалар.

АТХ коди: В05Х А05

 

Фармакологик хусусиятлари

Магний – одам организмининг хужайра ички суюқлигида энг кўп учрайдиган катионлардан биридир. Уни фаоллашишида муҳим роль ўйнайди. Унинг хусусиятларидан бири нерв-мушак ўтказувчанлигига сусайтирувчи таъсиридир. Парентерал юборилганида тиришишга қарши таъсир кўрсатади. Седатив самара кўрсатади. Периферик ва коронар томирларнинг силлиқ мушакларини бўшаштиради, артериал босимни пасайтиришга ёрдам беради; синоатриал тугундан чиқувчи импульслар пайдо бўлиши тез-тезлигини секинлаштиради, яъни аритмияга қарши таъсир кўрсатади. Сурги самарасига эга.

Фармакокинетикаси

Ичга қабул қилинганида меъда-ичак йўлларидан ёмон сўрилади. Магний сульфати асосан ингичка ичакда сўрилади. Ичакнинг перистальтикасини кучайтиради. Сурги самара кўрсатади. Парентарал юборилганида гематоэнцефалик ва йўлдош тўсиғи орқали енгил ўтади. Она сутида аниқланади, ҳатто плазмадаги концентрациясидан 2 марта юқори концентрацияда аниқланади.

Сийдик билан чиқарилади, бунда диурез кучаяди (буйрак экскрецияси плазмадаги концентрациясига пропорционалдир).

Қўлланилиши

Инъекция шаклида организмда магний танқислиги, гипомагниемия, тиришиш синдроми (эклампсия, оғир даражали преэклампсия), ўткир миокард инфарктидаги аритмияларни, шунингдек “пируэт” туридаги полиморф қоринчалар тахикардиясини шошилинч даволашда қўлланади.

Қўллаш усули ва дозалари

Катталарга оғир даражали гипомагниемияда мушак ичига ёки вена ичига кунига 1-5 г (5-20 мл 20-25% эритма) дан бўлинган ҳолда секин юборилади. Инъекцияни қон зардобида магнийнинг нормал миқдорига эришилгунича такрорланади.

Енгил даражали гипомагниемия – суткада 1-2 марта 1 г (5 мл 25% эритма) дан вена ичига юборилади. 4 г магний сульфати инфузиясини амалга ошириш учун 5% декстрозанинг 150 мл эритмасида суюлтирилади. Юбориш тезлиги минутига 3 мл дан ошмаслиги керак.

Эклампсияда тиришишларни олдини олиш учун одатдаги дозалаш тартиби – бошида 4 г дан давомийлиги 5-15 минутдан кўпроқ бўлган вена ичига инъекция кўринишида, сўнгра вена ичига инфузия шаклида соатига 1 г дан сўнги тиришишлардан кейин 24 соат давомида юборилади. Инъекцияларни артериал босим назорати остида амалга оширилади. Агар тиришишлар такрорланса – вена ичига инъекция кўринишида 2 г (ёки тана вазни 70 кг дан ортиқ бўлса 4 г) қўшимча юборилади. Бунда қонда магний миқдорини назорат қилиш керак.

Пре-эклампсияда тиришишларни олдини олиш – 4 г дан вена ичига инфузия шаклида 5-15 минутдан кўпроқ, сўнгра кейинги 24 соат давомида соатига 1 г дан юборилади. Агар тиришишлар такрорланса 2 г магний сульфати қўшимча юборилади.

“пируэт” туридаги қоринчалар тахикардиясини шошилинч даволаш –10-15 минутдан ортиқ вақт давомида 2 г (8 ммоль магний сульфати) дан вена ичига юборилади. Зарурати бўлганида дозани такрорлаш мумкин.

Ўткир миокард инфарктида аритмияларни шошилинч даволаш – бошида 20 минутдан узоқроқ вақт давомида 2 г (8 ммоль магний сульфати) дан вена ичига, сўнгра кейинги 24 соат давомида 65-72 ммоль магний сульфати вена ичига инфузия кўринишида юборилади.

Препаратнинг максимал суткалик дозаси 40 г ни ташкил қилади.

Ножўя таъсирлари

Гипотензия, AV ўтказувчанликни бузилиши, брадикардия, гиперемия, қизиб кетиш ҳисси, гипотермия, терлаш, ҳолсизлик, пай рефлексларини сусайиши, мушак тонусини сусайиши, хавотирлик, кўнгил айниши, қусиш, полиурия, нафас маркази қўзғалувчанлигини пасайиши (препаратнинг юқори дозаларини парентерал юбориш нафас марказининг фалажини чақириши мумкин).

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

Препаратга юқори сезувчанлик, атриовентрикуляр блокада, миокардни шикастланиши, брадикардия, гипотензия, оғир даражали буйрак етишмовчилиги, нафас марказини сусайишида қўллаш мумкин эмас.

Дориларнинг ўзаро таъсири

Магний сульфати марказий нерв тизимини сусайтирувчи бошқа дори воситалари: барбитуратлар, наркотик анальгетиклар, тизимли анальгетикларнинг самарасини потенциялайди.

Магний сульфатини миорелаксантлар (тубокурарин, суксаметоний) аминогликозидлар билан бир вақтда қўллаганда миорелаксантлар ва аминогликозидларнинг самараси кучаяди.

Нифедипиннинг самарасини потенциялаши ҳақида маълумотлар бор.

Магний сульфати тетрациклиннинг таъсири камайтиради.

Кальций препаратлари магний сульфатининг марказий ва периферик сусайтирувчи самарасига қарши таъсир кўрсатади.

Магний сульфати кальций препаратлари, алкогол, карбонатлар, бикарбонатлар ва ишқорий металларнинг фосфатлари, мишьяк кислотаси тузлари, барий, стронций, клиндамицин фосфати, гидрокортикзон натрий сукцинати, полимиксин В сульфати, новокаин гидрохлориди, салицилатлар ва тартратлар билан фармацевтик номутаносиб.

Махсус кўрсатмалар

Магний сульфатини қонда препаратнинг токсик концентрациясига эришишдан сақланиш  учун эҳтиёткорлик билан қўллаш керак.

Кекса ёшли, шунингдек буйрак ва жигар фаолияти сусайган шахсларда препаратнинг камайтирилган дозасини қўллаш тавсия этилади.

Оғир даражали буйрак етишмовчилиги, нафас йўллари касалликлари, препаратга юқори сезувчанлик бўлганида эҳтиёткорликка риоя қилиш керак.

Ҳомиладорлик ва эмизиш. Ҳомиладорликнинг учинчи уч ойлигида эклампсияда препаратни қисқа муддатли юборишда шикастловчи таъсири ҳақида маълумотлар йўқ, аммо ортиқча дозалар ҳомилада нафасни сусайишини чақириши мумкин. Шунинг учун препаратни қўллаш ҳомиланинг нафас фаолиятини доимий назорати остида амалга оширилиши керак.

Эҳтиёткорлик чоралари

Узоқ муддатли даволашда артериал босим, электрокардиограмма кўрсаткичлари, пай рефлекслари, буйрак фаолияти, нафас олиш тез-тезлигини назорат қилиш керак. Зарурати бўлганида кальций глюконати ёки кальций хлоридининг 10% эритмаси вена ичига юборилиши учун тайёр туриши керак.

Препарат болалар олаолмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин.

Дозани ошириб юборилиши

Симптомлари: пай рефлексларини йўқолиши (заҳарланиш бошланишининг асосий белгиси), кўнгил айниши, қусиш, артериал босимни ҳаддан ташқари пасайиши ва нафасни сусайиши, ҳатто нафас марказини фалажигача сусайиши кузатилади.

Даволаш: Вена ичига 5-10 мл кальций глюконати ёки кальций хлоридининг 10% эритмасини юбориш, кислород ёки карбоген билан нафас олдириш, зарурати бўлганида беморни сунъий нафас олдиришга ўтказиш керак.

Чиқарилиш шакли

25% ли инъекция учун эритма 5 мл дан ампулаларда.

25% ли инъекция учун эритма 5 мл дан 10 ампула тўсиқли картон қутида.

 

Сақлаш шароити

+15 дан +25оС ҳароратдаги одатдаги шароитда сақлансин.

Яроқлилик муддати

3 йил.

Дорихоналардан бериш тартиби

Шифокор рецепти бўйича.

Улашиш: