Skip to main content

Холестоп

Улашиш:
  Reading time 10 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

ХОЛЕСТОП

HOLESTOPUM

 

Препаратнинг савдо номи: Холестоп

Таъсир этувчи модда (ХПН): Симвастатин

Чиқарилиш шакли: Қобиқ билан қопланган таблеткалар, 10 мг ва 20 мг дан контур уяли ўрамда.

Фармакотерапевтик гуруҳи: Гиполипидемик воситалар.

Фармакологик хусусиятлари

Препарат холестерин синтезини ингибитори ҳисобланади. У 3-гидрокси-3-метил-глутарил-коэнзим А редуктазанинг ингибиторлари (ГМГ-КоА редуктазанинг ингибиторлари) гуруҳига киради, улар шунингдек статинлар деб номланади. ГМГ-КоА редуктазанинг блокадаси натижасида ГМГ-КоА ни холестериннинг ўтмишдоши бўлган мевалон кислотасига айланиши тормозланади ва шундай қилиб ҳужайраларда холестериннинг миқдори камаяди. Холестериннинг синтези асосан жигарда кечиши туфайли, статинларнинг таъсир қилиш жойи гепатоцит ҳисобланади. Статинлар плазмада умумий холестерин, паст зичликка эга липопротеинлар (ПЗЛП) ва жуда паст зичликка эга липопротеинлар (ЖПЗЛП) холестериннинг концентрациясини пасайтирадилар. Шунингдек улар триглицеридларнинг даражасини пасайтириш ва юқори зичликка эга липопротеинлар холестериннинг даражасини ошириш қобилиятига эга. Бироқ бу гуруҳ препаратларнинг гиполипедемик таъсири яна бир механизм билан тушунтирилади. Холестериннинг ҳужайра ички заҳиралари пасайганида гепатоцитларнинг мембраналарида, ПЗЛП рецепторларининг миқдори компенсатор ошади, бу қондан ПЗЛП йўқотилишига ёрдам беради.

Фармакокинетикаси

Симвастатин меъда-ичак йўлларида сўрилади ва гидролиздан кейин бета-гидроксикислота кўринишидаги фаол шаклига айланади. Бошқа фаол ва нофаол метаболитлари ҳам ажратиб олинган. Плазмада препаратнинг максимал концентрациясига (Cmax) 1,3-2,4 соат давомида эришилади. Симвастатин учун дори воситасининг асосий таъсир қилиш жойи – жигар орқали жадал биринчи ўтиш метаболизмига учраши характерлидир. Қабул қилинган дозанинг 5% дан камроғи қон оқимига фаол метаболитлар шаклида тушади. Фаол метоболитни плазмадаги ярим чиқарилиш даври (T1\2) 1,9 соат. Ичга қабул қилинган дозанинг 5% дан камроғи фаол метаболитлари шаклида қон оқимига тушади. Симвастатинни ҳам, унинг фаол метаболитларини (бета-гидроксикислота кўринишида) ҳам плазма оқсиллари билан боғланиши 95% га етади. Симвастатин организмдан метаболитлар кўринишида ўт-сафро билан меъда-ичак йўлларига тушиб, асосан аҳлат билан чиқарилади. Қабул қилинган дори миқдорининг тахминан 10-15% асосан нофаол метаболитлар кўринишида сийдик билан чиқарилади.

Қўлланилиши

– бирламчи гиперхолестеринемиянинг IIa ва IIb турлари, наслий гетерогизот гиперхолестеринемия, туғма гомозигот гиперхолестеринемия ёки парҳез ва бошқа мувофиқ чорарлар ёрдамида тўғирлаб бўлмайдиган аралаш гиперлипидемия;

– юрак ишемик касаллиги бўлган пациентларда юрак-томир бузилишларини (инсульт ёки транзитор ишемик хуружи), коронар томирларни атеросклерозини кучайиб боришини секинлаштириш, реваскуляризация муолажаларидан (коронар артерияларни шунтлаш ва тери орқали транслюминал ангиопластика) кейин томирларни қайта бекилиб қолиш хавфини камайиш учун қўлланади.

 

Қўллаш усули ва дозалари

Препарат ичга овқатланишдан олдин ёки овқатланиш вақтида қабул қилинади.

Симвастатин билан даволашни бошлашдан олдин пациентларга холестерин миқдори кам бўлган одатдаги парҳезни тавсия қилиш ва унга бутун даволаниш даври давомида риоя қилиш керак.

Бирламчи гиперхолестеринемия, наслий гетерозигот гиперхолестеринемия, аралаш гиперлипидемия: симвастатиннинг тавсия қилинадиган дозаси суткада 1 марта кечқурун 10 дан 80 мг гача ўзгариб туради. Максимал суткалик доза – 80 мг. Дозани 4 ҳафтадан кам бўлмаган интервалга риоя қилинган ҳолда танланади.

Наслий гомозигот гиперхолестеринемия: 40 мг дан бир марта кечқурун ёки суткада 80 мг дан, бу дозани 3 марта қабул қилишга бўлиб (энг катта доза кечқурун қабул қилинади) қабул қилинади.

Юрак ишемик касаллиги: бошланғич доза – 20 мг кунига бир марта, кечқурун қабул қилинади. Кейинчалик дозани 4 ҳафтада бир мартадан кам бўлмаган ҳолда танланади. Максимал суткалик доза – 80 мг дан бир марта.

Симвастатин циклоспорин, гиполипидемик восита сифатида ишлатиладиган никотин кислотаси ёки фибратлар билан бирга қўлланганида, максимал суткалик доза – 10 мг ни ташкил қилади. Енгил ва ўртача даражали буйрак етишмовчилиги бўлган пациентларга дозани танлашнинг зарурати йўқ. Бироқ оғир буйрак етишмовчилиги бўлган ҳолларда тавсия қилинган бошланғич доза суткада 5 мг ни ташкил қилади ва бу тоифа пациентларни синчиклаб кузатиш керак.

Болаларда қўлланиши: болаларда симвастатинни қўллаш тажрибаси йўқлиги туфайли, у болаларда қўлланмайди. Препаратни, айниқса 2 ёшгача бўлган болаларга буюриш тавсия қилинмайди, чунки холестерин боланинг нормал ривожланиши учун зарурдир.

Ножўя таъсирлари

Препарат тавсия қилинган терапевтик дозаларда қўлланганида, одатда яхши ўзлаштирилади.

Овқат ҳазм қилиш тизими томонидан: кўнгил айниши, қусиш, қорин оғриғи, қабзият, диарея, метеоризм, гепатит, сариқлик, жигар трансаминазалари фаоллигини ошиши, кам ҳолларда – ўткир панкреатит кузатилиши мумкин.

Марказий нерв тизими ва периферик нерв тизими томонидан: астеник синдром, бош оғриғи, бош айланиши, уйқусизлик, тиришишлар, парестезиялар, периферик невропатия, кўришни ноаниқлиги, таъм билиш ҳиссини бузилиши, чарчоқлик, алоҳида ҳолларда депрессия, периферик нейропатия.

Суяк-мушак тизими томонидан: миопатия, миалгия, мушак заифлиги, мушакда оғриқ, кам – рабдомиолиз, ригидлик, қонда креатинфосфокиназа (КФК) даражасини ошиши.

Сийдик-чиқариш тизими томонидан: протеинурия, буйраклар фаолиятини ёмонлашуви, ўткир буйрак етишмовчилиги (рабдомиолиз оқибатида).

Қон яратиш тизими томонидан: тромбоцитопения, анемия.

Аллергик реакциялар: ангионевротик шиш, ревматик полимиалгия, васкулит, артрит, артралгия, эшакеми, югуриксимон синдром, иситма, (ЭЧТ) эритроцитлар чўкиш тезлиги ошиши, эозинофилия.

Дерматологик реакциялар: фотосенсибилизация, терини қизариши, алопеция, тери тошмаси, ќичишиш, дерматомиозит, экзема.

Бошқалар: қуйилишлар, ҳансираш, юракни уриб кетиши, потенцияни пасайиши.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

– препарат компонентларига ўта юқори сезувчанлик;

– жигар касалликларининг фаол шакли;

– қон плазмасида жигар трансаминазлари фаоллигини турғун ошиши;

– порфирия;

– ҳомиладорлик ва лактация;

– алкоголизм;

– 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларда қўллаш мумкин эмас.

 

Дориларнинг ўзаро таъсири

Дигоксин билан бир вақтда қўлланганида, охиргисининг қон плазмасидаги концентрацияси бироз ошиши мумкин.

Грейпфрут шарбати плазмада симвастатиннинг концентрациясини оширади.

Антибиотиклар кларитромицин ва эритромицин, антидепрессант нефазодон, замбуруғларга қарши воситалар итраконазол ва кетоконазол ва эҳтимол, имидазол ва триазолнинг бошқа ҳосилалари, вирусларга қарши воситалар (вирус протеазаларининг ингибиторлари), иммунодепрессант циклоспорин, шунингдек липидлар миқдорини даражасини пасайтирувчи бошқа воситалар (фибратлар ва никотин кислотаси) миопатияни ва рабдомиолизни ривожланиш хавфини ошириши мумкин.

Симвастатин ёки симвастатин сақловчи дори воситалар амиодарон билан бир вақтда буюрилганда, симвастатиннинг дозаси кунига 20 мг дан ошмаслиги кераклигини ҳисобга олиш керак. Симвастатиннинг 20 мг дан ортиқ дозаси рабдомиолизни ривожланиш хавфини оширади. Аниқ механизми номаълум. Бироқ ушбу ўзаро таъсирни амиодаронни симвастатиннинг метаболизмида ҳам иштирок этувчи цитохром Р450 CYP3A4, изоферментининг фаоллигини ингибирлаш қобилияти билан боғлайдилар.

Агарда плазмада липопротеидларнинг даражасини пасайтириш учун симвастатиннинг кунига 20 мг дан ортиқ дозаси талаб қилинса, амиодарон қабул қилаётган пациентларга статинлар гуруҳининг бошқа препаратини буюриш керак.

Статинларни қабул қилишда рабдомиолизни ривожланишига олиб келувчи омиллар – 65 дан катта ёш, назорат қилиб бўлмайдиган гипотиреоз, буйрак етишмовчилиги ҳисобланади.

Статинлар ва антикоагулянтлар – оксикумарин ҳосилаларини (масалан, аценокумарин, варфарин) бир вақтда қўллаш, протромбин вақтини ёки қон кетиши хавфини ошириши мумкин.

Маҳсус кўрсатмалар

Препарат билан даволанишдан олдин ва даволаниш вақтида пациентларга гипохолестеринемик парҳез тавсия қилиш лозим. Алкоголни хаддан зиёд истеъмол қиладиган ва/ёки анамнезида жигар касаллиги бўлган беморларга эҳиёткорлик билан буюриш лозим. Мушакларда тушунтириб бўлмайдиган оғриқлар пайдо бўлган ҳолларда ва уларни заифлигида, беморларни шифокорга мурожаат қилишлари кераклиги ҳақида огоҳлантириш керак. Умумий ҳолати оғир ёки ўткир касалликлари бўлган пациентларда рабдомиолизни ривожланишига олиб келувчи миопатия ёки унинг хавфли омилларига нисбатан шубҳа бўлган беморларда препарат билан даволаш тўхтатилиши керак.

Бутун даволаш курси давомида қон плазмасида холестерин концентрациясини, жигар трансаминазалари фаоллигини мунтазам назорат қилиш керак.

Симвастатин билан даволаш вақтида зардоб аминотрансферазаларининг фаоллиги меъёр чегарасидан ошиши мумкинлигини ҳисобга олиш керак. Бу ошган кўрсаткичлар одатда танаффуссиз даволанганда, даволашни бошлашдан олдин кузатилган даражагача пасаяди. Жигарнинг функционал кўрсаткичларини даволашни бошлашдан олдин, сўнгра – даволаш бошланганидан кейин 1-3 ой ўтгач, кейинчалик эса, ҳар 6 ойда аниқлаш керак. Агарда даволаш вақтида зардоб трансаминазаларининг фаоллигини ошиши аниқланса, такрорий жигар синамалари ўтказилади. Бироқ, агарда АЛТ ва АСТ нинг фаоллиги узоқ вақт давомида норманинг юқори чегарасидан 3 марта ва кўпроққа ошса, даволашни тўхтатиш керак. Даволашни бошлашдан олдин ва даволаш вақтида КФК фаоллигини аниқлаш керак. Агарда пациентда бу кўрсаткич юқори бўлса ёки мушакларнинг кучсизлиги кузатилса, миопатияни ривожланиш эҳтимолини баҳолаш керак. Айниқса умумий ҳолсизлик ва иситма билан кечувчи ҳар қандай кутилмаган мушак оғриғи ва/ёки мушак кучсизлиги пайдо бўлганида, шифокорга дарҳол мурожаат қилиш кераклиги ҳақида пациентлар хабардор бўлишлари керак. Агарда КФК фаоллиги норманинг юқори чегарасидан 10 марта ошса, миопатия ривожланишига шубҳа бўлса ёки аниқланса, даволашни тўхтатиш керак. Оғир ўткир инфекциялар, гипотензия, жароҳатлар ёки оғир операция ўтказган, эндокрин касалликлари, метаболизми ва электролит мувозанати бузилишлари, шунингдек назорат қилиб бўлмайдиган тиришиш ҳоллари бўлган пациентларда рабдомиолиз ва иккиламчи буйрак етишмовчилигини ривожланиш хавфини синчиклаб баҳолаш керак.

Симвастатин билан даволашни бошлаётган, ушбу препаратнинг дозасини ошириш режалаштирилаётган барча пациентлар рабдомиолизни ривожланиш эҳтимоли ҳақида огоҳлантирилган бўлишлари керак.

Даволашни бошлашдан олдин ва унинг бошланғич даврида офталмологик текширувлари (кўзларни биомикроскопияси) ўтказилиши тавсия қилинади.

Даволаш вақтида плазмада холестериннинг даражасини мунтазам аниқлаш керак.

ПЗЛП рецепторлари бутунлай бўлмаган, наслий гомозигот гиперхолестеринемияси бўлган пациентларда симвастатин камроқ самарали.

Холестерин ва унинг синтезини бошқа оралиқ маҳсулотлари ҳомилани ривожланиши учун, шу жумладан стероидларнинг синтези ва ҳужайра мембраналари учун зарур моддалар ҳисобланади. Мадомики, статинлар холестериннинг синтези ва эҳтимол холестериннинг бошқа биологик фаол ҳосилаларининг синтезини тормозлар экан, ҳомиладорлик вақтида қўлланганида улар ҳомилани шикастлаши мумкин. Шунинг учун ҳомиладорлик ва эмизиш вақтида статинларни қўллаш мумкин эмас. Туғруқ ёшидаги аёлларни статинлар билан даволашда, даволаш вақтида ва у тугаганидан кейин 1 ой давомида тегишли ҳомиладорликка қарши воситаларни қўллаш керак. Агарда даволаш вақтида ҳомиладорлик кузатилса, дори воситасини қўллашни тўхтатиш керак.

Симвастатин таблеткалари лактоза сақлайди. Галактозани туғма ўзлаштираолмаслик, лактаза танқислиги ёки глюкоза-галактозани кам сўрилиши бўлган пациентларга ушбу дори воситасини буюриш мумкин эмас.

Препарат болалар олаолмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач ишлатилмасин.

Дозани ошириб юборилиши

Симптомлари: таърифланган ножўя самараларнинг кўринишларини кучайиши мумкин.

Даволаш: меъдани ювиш, фаоллаштирилган кўмирни буюриш, зарурати бўлганида симптоматик даволаш. Жигар ва буйракларнинг фаолиятини, қон зардобида КФК концентрациясини назорат қилиш лозим.

Сақлаш шароити

Қуруқ, ёруғликдан ҳимояланган жойда, 25оС дан юқори бўлмаган ҳароратда.

 

Яроқлилик муддати

3 йил.

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецепт бўйича

Улашиш: