Skip to main content

Трамадол капсулалар

Улашиш:
  Reading time 15 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

ТРАМАДОЛ

TRAMADOL

 

Препаратнинг савдо номи: Трамадол

Таъсир этувчи модда (ХПН): трамадол (tramadol)

Дори шакли: капсулалар

Таркиби:

1 капсула қуйидагиларни сақлайди:

фаол модда: 100% моддага қайта ҳисобланганда 50 мг трамадол гидрохлориди;

ёрдамчи моддалар: лактоза моногидрати, магний стеарати; желатин капсула қора бриллиант PN бўёвчи (Е 151) ни сақлайди.

Таърифи: цилиндрик шаклли, №2 қаттиқ желатин капсулалар. Капсуланинг корпуси ва қопқоқчаси – яшил рангли. Капсула ичидагиси – оқ рангли кукун.

Фармакотерапевтик гуруҳи: Анальгетиклар. Опиоидлар.

АТХ коди: N02AX02

Фармакологик хусусиятлари

Фармакодинамикаси

Трамадол – марказий-фаол опиоид анальгетикдир. Аралаш таъсир механизмига эга. Опиоид µ-рецепторларга максимал яқинлик билан  µ-, δ- ва к-рецепторларнинг неселектив тоза агонисти ҳисобланади. Трамадол гидрохлоридининг оғриқни қолдирувчи таъсирини таъминлашда иштирок этувчи бошқа механизмлар, нейронларда норадреналинни қайта қамраб олинишини ингибиция қилиниши ва серотонинергик жавобни кучайиши ҳисобланади.

Трамадол шунингдек йўталга қарши таъсир ҳам кўрсатади. Морфиндан фарқ қилиб трамадолнинг оғриқ қолдирувчи дозалари кенг диапазонда нафасни сусайтирмайди. Шунингдек овқат ҳазм қилиш тизимининг моторикаси кучсизроқ тормозланади. Юрак-қон томир тизимига таъсири одатда кучсиз бўлади. Трамадолнинг фаоллиги морфиннинг 1/10 дан 1/6 фаоллиги диапазонида баҳоланади.

Фармакокинетикаси

Ичга қабул қилинганида овқат ҳазм қилиш тизимида 90% дан ортиқ трамадол сўрилади. Қон плазмасидаги максимал концентрациясига 4,8 соатдан кейин эришилади. Мутлоқ биокираолишлиги – 68%. Қон плазмаси оқсиллари билан боғланиши – 20%. Гематоэнцефалик ва йўлдош тўсиқлари орқали ўтади, 0,1% препарат кўкрак сутига ўтади. Жигарда метаболизмга учрайди. Ярим чиқарилиш даври – 6 соат. Трамадол ва унинг метаболитлари буйраклар орқали (25-35%) ўзгармаган ҳолда чиқарилади. Тахминан 7% гемодиализ ёрдамида чиқарилади.

75 ёшдан ошган пациентларда ярим чиқарилиш даврини ошиши аниқланган.

 

Қўлланилиши

Ўртача ва кучли даражадаги оғриқни даволашда қўлланади.

Қўллаш усули ва дозалари

Доза ва даволаш давомийлигини, оғриқ синдромининг жадаллигига қараб шифокор индивидуал равишда белгилайди.

Катталар ва 14 ёшдан ошган болаларга ичга 1-2 капсуладан (50-100 мг) ҳар 4-6 соатда буюрилади.

Максимал суткалик доза – 8 капсула (400 мг) ни ташкил қилади.

Агар трамадолнинг бир марталик дозаси (50 мг) қўлланилгандан кейин 30-60 минут давомида оғриқни енгиллашиши кузатилмаса, иккинчи бир марталик дозани (50 мг) буюриш мумкин.

Кучли оғриқда Трамадолнинг юқорироқ бошланғич дозаси (100 мг) талаб этилиши мумкин. Оғриқ жадаллигига қараб таъсир давомийлиги 4-8 соатни ташкил этади. Эрта операциядан кейинги даврда зарурати бўлганида қўшимча оғриқсизлантириш учун юқорироқ дозалар талаб этилиши мумкин. Суткалик доза одатда қўлланадиган дозадан ошмаслиги керак.

Оғриқни бартараф этиш учун энг паст самарали дозани буюриш керак. Трамадолнинг суткалик дозасини (400 мг) специфик клиник ҳолатлардан (масалан ракдаги оғриқ ёки оғир операциядан кейинги оғриқ) ташқари ошириш мумкин эмас.

Кекса ёшдаги пациентлар. Клиник яққол жигар ёки буйрак етишмовчилиги бўлмаган кекса ёшдаги пациентларда одатда дозага тузатиш киритиш талаб этилмайди.

Жигар ва буйрак етишмовчилиги/диализ. Енгил ва ўртача оғирлик даражасидаги жигар ва/ёки буйрак функциясини бузилишлари бўлган беморларда трамадолнинг чиқарилиш даражаси секинлашган. Бундай беморларда зарурати бўлганида беморнинг талабига қараб дозалар орасидаги интервални ошириш керак.

Изоҳ. Препаратнинг фақат тавсия этилган паст дозаларини қўллаш керак. Сурункали оғриқни даволаганда Трамадол ўрнатилган тартибга мувофиқ буюрилади. Капсулалар бутунлигича, етарли миқдордаги суюқлик билан, овқатланишдан қатъий назар қабул қилинади.

Даволаш давомийлиги. Трамадолни тавсия этилгандан узоқроқ қўллаш мумкин эмас. Агар касалликнинг характери ва оғирлик даражасига қараб трамадол билан узоқ вақт оғриқсизлантириш талаб этилса, кейинги даволаш заруратини аниқлаш учун беморнинг ҳолатини мунтазам ва синчковлик билан (агар зарур бўлса даволашдаги танаффуслар билан) назорат қилиш керак.

Болалар.

Препарат 14 ёшгача бўлган болаларни даволаш учун қўлланмайди.

 

Ножўя таъсирлари

Энг кўп учраган ножўя реакциялар қуйидагилар бўлган: кўнгил айниши, бош айланиши.

Қон ва лимфатик тизим томонидан: трамадол билан даволаганда қонда патологик ўзгаришлар кузатилган, лекин бевосита сабаб-оқибат боғлиқлиги исботланмаган.

Иммун тизими томонидан: ўта юқори сезувчанлик реакциялари/аллергик реакциялар (масалан ҳансираш, бронхоспазм, ҳуштаксимон нафас, ангионевротик шиш) ва анафилактик реакциялар.

Руҳият томонидан: уйқуни бузилиши, делирий, ҳавотирлик, онгни чалкашиши, тунги даҳшатлар, галлюцинациялар. Трамадолни қўллагандан кейин руҳият томонидан ножўя реакциялар характери ва жадаллиги бўйича фарқ қилиши мумкин (бу пациентнинг индивидуал хусусиятлари ва даволаш давомийлигига боғлиқ). Бундай реакцияларга қуйидагилар киради: кайфиятни ўзгариши (одатда эйфория, баъзида – дисфория), фаолликни ўзгариши (одатда пасайиши, баъзида – ошиши), когнитив функцияни ва идрок этишни бузилиши (масалан қарор қабул қилиш жараёни, идрок этишни бузилиши). Трамадолни узоқ вақт қўллаш қарамлик ривожланишига олиб келиши мумкин.

Абстинент реакциялар. Бекор қилгандан кейинги симптомлар бошқа опиоидларни бекор қилгандаги симптомларга ўхшаш. Бу симптомлар қўзғалиш, хавотирлик, асабийлик, уйқусизлик, гиперкинезия, тремор ва овқат ҳазм қилиш тизими томонидан бузилишларни ўз ичига олади. Трамадолни бекор қилгандан кейин бошқа симптомлар, шу жумладан патик хужумлар, ҳавотирликнинг оғир ҳолати, галлюцинациялар, парестезия, қулоқларда шовқин, марказий нерв тизими томонидан одатдаги бўлмаган симптомлар (онгни чалкашиши, мания, деперсонализация, атроф муҳитни идрок этишни бузилишлари, паранойя) кам ҳолларда кузатилади.

Нерв тизими томонидан: бош айланиши, бош оғриғи, уйқучанлик, иштаҳани ўзгариши, парестезия, тремор, мушакларни ихтиёрий тортишиши, координацияни бузилишлари, синкопе, нутқни бузилиши. Тутқаноқсимон хуружлар асосан трамадолни юқори дозаларда ёки тиришиш бўсағасини пасайтирувчи ёки марказий генезли тиришишлар чақирувчи дори воситалари (масалан антидепрессантлар ёки антипсихотик воситалар) билан бирга қўллаганда юзага келади.

Кўриш аъзоси томонидан: кўришни ноаниқлиги, мидриаз.

Юрак томонидан: тахикардия, юрак уришини ҳис қилиш (бу нохуш самаралар айниқса вена ичига юборганда ва жисмонан ҳолсизланган пациентларда намоён бўлиши мумкин), артериал гипертензия, брадикардия.

Қон томир томонидан: постурал гипотензия ёки юрак-қон томир коллапси (бу нохуш самаралар айниқса вена ичига юборганда ва жисмонан ҳолсизланган пациентларда намоён бўлиши мумкин).

Нафас тизими, кўкрак қафаси ва кўкс оралиғи аъзолари томонидан: нафасни сусайиши, ҳансираш. Астмани кечишини ёмонлашиши ҳақида хабар берилган, лекин сабаб-оқибат боғлиқлиги аниқланган. Агар тавсия этилган дозалари сезиларли даражада оширилса, шунингдек марказий таъсирга эга бошқа депрессантлар бир вақтда қўлланса, нафасни сусайиши юзага келиши мумкин.

Овқат ҳазм қилиш тизими томонидан: кўнгил айниши, қусиш, қабзият, диарея, оғизни қуриши, қусишга қистовлар, меъда-ичак дискомфорти (меъдада оғирлик ҳисси, метеоризм).

Тери ва тери ости клетчаткаси томонидан: кўп терлаш, тери реакциялари (шу жумладан тошма, эшакеми, қичишиш, эритема).

Скелет-мушак тизими томонидан: ҳаракат кучсизлиги.

Гепатобилиар тизим томонидан: айрим ҳолларда жигар ферментлари даражасини ошиши кузатилиши мумкин, бу вақт жиҳатидан трамадол билан даволашга мос келган.

Сийдик чиқариш йўллари томонидан: сийишни бузилиши ва сийдикни тутилиши, дизурия.

Моддалар алмашинуви ва озиқланиш томонидан: гипогликемия.

Умумий бузилишлар: юқори толиқиш, таъм билишни бузилиши, ҳолсизлик, тормозланиш, реакция тезлигини пасайиши, ҳайз циклини бузилиши.

 

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар.

  • Трамадол гидрохлориди ёки ёки препаратнинг бошқа компонентларига ўта юқори сезувчанлик;
  • алкоголь, психотроп, ухлатувчи, оғриқсизлантирувчи (шу жумладан опиоид) воситалар билан ўткир заҳарланиш;
  • оғир буйрак (креатинин клиренси <10 мл/мин) ёки жигар етишмовчилиги;
  • МАО ингибиторлари билан даволаниш даври ва улар бекор қилинганидан кейинги 14 кун давомида;
  • даволаш билан назорат қилиб бўлмайдиган тутқаноқ;
  • наркотикларни бекор қилиш синдромида қўллаш мумкин эмас.

Дориларнинг ўзаро таъсири

Трамадол капсулаларини МАО ингибиторлари билан бирга қўллаш мумкин эмас. Опиоид петидинни қўллашдан олдин 14 кун давомида МАО ингибиторларини қабул қилган пациентларда ҳаётга хавф солувчи, марказий нерв, нафас ва юрак-қон томир тизимларига таъсир кўрсатувчи реакциялар кузатилган. Трамадолни қўллаганда МАО ингибиторлари билан шунга ўхшаш ўзаро таъсирни инкор этиб бўлмайди.

Трамадол ва марказий нерв тизимини сусайтирувчи препаратлар, шу жумладан алкоголь билан бир вақтда қўллаганда, уларнинг марказий нерв тизимига таъсирини кучайтириши мумкин.

Фармакокинетик тадқиқотлар натижалари циметидинни (фермент ингибитори) ёндош ёки олдиндан қўллаш клиник аҳамиятли ўзаро таъсирга олиб келиши эҳтимоли камлини намойиш қилган. Карбамазепин (ферментлар индуктори) ни бир вақтда ёки олдиндан қўллаш трамадолнинг оғриқ қолдирувчи самарасини пасайтириши ва таъсир давомийлигини қисқартириши мумкин.

Аралаш агонистлар/антагонистлари (масалан бупренорфин, налбуфин, пентазоцин) ва трамадол мажмуаси тавсия этилмайди, чунки бундай бирикма назарий жиҳатдан тоза агонистнинг оғриқни қолдирувчи самараси сусайиши мумкин.

Трамадол серотонинни қайта қамраб олинишининг селектив ингибиторлари, серотонин-норэпинефринни қайта қамраб олинишининг ингибиторлари, трициклик антидепрессантлар, нейролептиклар ва тиришиш бўсағасини пасайтирувчи бошқа дори воситалари (бупропион, миртазапин, тетрагидроканнабиол каби) билан бир вақтда қўлланилганда тиришишларни чақириши ва тиришиш ривожланиши хавфини кучайтириши мумкин.

Трамадолни серотонинни қайта қамраб олинишининг селектив ингибиторлари, серотонин-норэпинефринни қайта қамраб олинишининг ингибиторлари, МАО ингибиторлари, трициклик антидепрессантлар ва миртазапин билан мажмуавий қўлланилганда серотонин синдроми юзага келиши мумкин. Қуйидаги кўринишлардан ҳеч бўлмаганда биттаси кузатилганда серотонин синдроми юзага келиши мумкин:

  • ихтиёрий мушак қисқаришлари;
  • қўзғалиш ёки кўп терлаш билан кечувчи кўз мушакларини тортишиши;
  • тремор ва гиперрефлексия;
  • гипертония, тана ҳароратини >38°С га ошиши ва кўз мушакларини тортишиши.

Серотонинэргик препаратларни бекор қилиш одатда пациентнинг ҳолатини тез яхшиланишига олиб келади. Даволаш симптомларнинг характери ва оғирлик даражасига боғлиқ.

Трамадол норадреналин, 5-НТ рецепторлар ёки литий билан рақобатли таъсир механизми сабабли, уларнинг антидепрессант самарасини кучайтириб, ўзаро таъсирлашиши мумкин. Лекин бундай ўзаро таъсир ҳақида ҳеч қандай хабарлар бўлмаган.

Трамадолни кумарин ҳосилалари (масалан варфарин) билан эҳтиёткорлик билан қўллаш керак, чунки айрим беморларда ХНН (ҳалқаро нормаллашган нисбат) ва экхимозларни ошиши ҳақида хабар берилган.

CYP3А4 ни ингибиция қилувчи препаратлар, шу жумладан кетоконазол ва эритромицин трамадолнинг метаболизмини (N-деметилизацияни) сусайтириши мумкин ва эҳтимол унинг фаол О-деметилизацияланган метаболитининг ҳам сусайтириши мумкин. Бундай ўзаро таъсирнинг клиник аҳамияти ўрганилмаган.

Чекланган сондаги тадқиқотларда операциядан олдин ёки операциядан кейин ондансетронни (қусишга қарши 5НТ3 рецепторларнинг антагонисти) қўллаш операциядан кейинги оғриқлари бўлган беморларда трамадолга эҳтиёжни оширади.

Метоклопрамид ёки домперидон қўлланилганда сўрилиш тезлиги ошиши ва холестирамин қўлланилганда эса пасайиши мумкин.

Махсус кўрсатмалар

Опиоид қарамликда, бош мия жароҳатида, номаълум сабабли онгни бузилишларида, нафас маркази томонидан ва нафас функциясини бузилишларида, бош мия ички босими ошганида, тиришишларга мойилликда трамадолни эҳтиёткорлик билан қўллаш керак.

Опиатларга сезгир беморларда трамадолни алоҳида эҳтиёткорлик билан қўллаш керак.

Нафасни сусайиши бўлган пациентларда ёки марказий нерв тизимининг депрессантлари билан бирга қўлланилганда ёки агар максимал тавсия этилган суткалик доза сезиларли даражада ошириб юборилганда, препаратни эҳтиёткорлик билан буюриш керак, чунки нафасни сусайиши юз бериши мумкин. Айрим ҳолларда трамадолни терапевтик дозаларда қўлланилганда нафасни сусайиши ҳақида хабар берилган.

Трамадолни тавсия этилган дозада қабул қилган пациентларда тиришишлар қайд этилган. Тавсия этилган максимал суткалик доза (400 мг) дан юқори дозада қўллаганда хавф ошиши мумкин. Тиришиш бўсағасини пасайтирувчи дори воситалари билан бирга қўллаганда трамадол тиришиш хуружлари хавфини ошириши мумкин. Тутқаноғи бўлган ёки тиришишга мойиллиги бўлган беморларда трамадолни фақат ҳаётий кўрсатмалар бўйича қўллаш керак.

Трамадол қарамликнинг паст потенциалига эга. Қарамлик ва суиистеъмол қилишнинг якка ҳолатлари ҳақида хабар берилган. Узоқ вақт қўллаганда кўникиш, руҳий ва жисмоний қарамлик ривожланиши мумкин. Суиистеъмол қилишга мойиллиги бўлган пациентларда ёки қарамлик юзага келганида трамадол билан даволашни фақат қисқа давр давомида ва қатъий шифокор назорати остида олиб бориш керак.

Трамадол опиоидга қарам пациентларда ўринбосар даволаш учун мўлжалланмаган. Трамадол опиоид агонист бўлишига қарамасдан, у морфинни бекор қилиш симптомларини бартараф этаолмайди.

Трамадол билан даволаш жараёнида алкоголни истеъмол қилиш мумкин эмас.

Препарат лактоза сақлайди, шунинг учун кам учрайдиган наслий галактозани ўзлаштираолмаслик, лактаза етишмовчилиги ёки глюкозо-галактоз мальабсорбция синдроми бўлган пациентларда препаратни қўллаш мумкин эмас.

Қора бриллиант PN бўёвчиси аллергик реакциялар чақириши мумкин.

Ҳомиладорлик ёки эмизиш даврида қўлланиши

Ҳомиладорлик

Ҳайвонларда ўтказилган тадқиқотлар трамадолнинг жуда юқори дозалари аъзоларни ривожланиши, суякларни ўсиши ва янги туғилган чақалоқлар ўлимига таъсир кўрсатишини намойиш қилган. Тератоген самараси кузатилмаган. Трамадол йўлдош тўсиғи орқали ўтади. Ҳомиладорлик даврида трамадолни қўллашнин хавфсизлиги ҳақидаги маълумотлар мавжуд эмас, шунинг учун ҳомиладорларда Трамадолни қўллаш мумкин эмас.

Туғруқдан олдин ёки туғруқ вақтида қўлланадиган трамадол бачадоннинг қисқарувчанлигига таъсир кўрсатмайди. У янги туғилган чақалоқларда нафас олиш тез-тезлигига, одатда клиник аҳамиятсиз таъсир кўрсатади. Ҳомиладорлик даврида трамадолни узоқ вақт қўллаш янги туғилган чақалоқларда абстинент синдромга олиб келиши мумкин.

Эмизиш

Эмизиш даврида аёл қабул қилаётган дозанинг тахминан 0,1% кўкрак сутига киради, шунинг учун бу даврда Трамадолни қўллаш тавсия этилмайди. Одатда трамадолнинг бир марталик дозасини қўллагандан кейин эмизишни тўхтатиш талаб этилмайди.

Репродуктив фаолият

Постмаркетинг даврда трамадолнинг репродуктив функцияга таъсири кузатилмаган. Ҳайвонларда ўтказилган тадқиқотларда ҳам трамадолнинг фертилликка таъсири аниқланмаган.

Автотранспортни ёки бошқа механизмларни бошқарганда реакция тезлигига таъсир қилиш қобилияти

Трамадол уйқучанлик, бош айланишини чақириши мумкин ва алкоголь ва марказий нерв тизимига таъсир кўрсатувчи бошқа дори воситалари (депрессантлар ёки психотроп воситалар) бу самарани кучайтириши мумкин, бу когнитив функцияни ёмонлашиши ва натижада пациентнинг автотранспортни бошқариш ёки бошқа механизмлар билан ишлаш қобилиятига таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун препарат билан даволаш жараёнида бу фаолиятлардан сақланиш керак.

Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач ишлатилмасин.

Дозани ошириб юборилиши

Дозани ошириб юборилиши симптомлари бошқа опиоид оғриқ қолдирувчи воситаларнинг дозасини ошириб юборилиши симптомларига ўхшаш: қорачиқни торайиши, қусиш, юрак-қон томир коллапси, седатив ҳолат ва ҳатто кома ривожланишигача онгни бузилиши, тиришиш хуружлари, улар нафасни тўхташига олиб келиши мумкин.

Даволаш  Биринчи ёрдамнинг умумий чораларини қўллаш керак. Нафас йўлларининг ўтказувчанлигини таъминлаш (аспирация кузатилиши мумкин), нафасни ва қон айланишини тутиб туриш керак. Нафас сусайганида антидот бўлиб налоксон ҳисобланади. Ҳайвонларда ўтказилган тадқиқотларда налоксон тиришишларга таъсир кўрсатмаслиги аниқланган. Тиришишлар пайдо бўлганида вена ичига диазепам юбориш керак.

Перорал шакллари дозасини ошириб юборилганда трамадолни қабул қилгандан кейин 2 соат давомида меъдани ювиш ва фаоллаштирилган кўмир қабул қилиш тавсия этилади. Кечроқ муддатларда овқат ҳазм қилиш йўлларини тозалаш фақат жуда юқори дозаларни қўллаганда фойдали бўлиши мумкин.

Трамадолнинг оз миқдори гемодиализ ёки гемофильтрация ёрдамида чиқарилади, шунинг учун Трамадол дозасини ошириб юборганда бу усулларни алоҳида қўллаш мақсадга мувофиқ эмас.

 

Чиқарилиш шакли

10 капсуладан блистерда. 1 ёки 3 блистердан қутига жойланади.

Яроқлилик муддати

4 йил.

 

Сақлаш шароити

Оригинал ўрамида, 25оС дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.

 

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецепт бўйича.

 

Улашиш: