Skip to main content

Релаб

Улашиш:
  Reading time 16 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

РЕЛАБ

RELAB

Препаратнинг савдо номи: Релаб

Таъсир этувчи модда (ХПН): альбумин

Дори шакли: инфузия учун 20% ли эритма

Таркиби:

Ҳар мл эритма қуйидагиларни сақлайди:

фаол модда: одам нормал альбумини – 200 мг;

ёрдамчи моддалар: натрий хлориди, натрий каприлати, натрий гидроксиди, инъекция учун сув.

Таърифи: деярли рангсиздан кўкимтир сарғиш ёки қаҳрабо рангли, тиниқ, бироз қовушқоқ суюқлик.

Фармакотерапевтик гуруҳи: плазма ўрнини босувчи препаратлар.

АТХ коди: В05АА01.

 

Фармакологик хусусиятлари

Альбумин – организмда қатор фаолиятларни бажарувчи, плазма ўрнини босувчи қон препаратидир. Унинг асосий вазифаси – қоннинг коллоид-онкотик босимини тутиб туриш. Альбумин эритмалари ОИТВ ва гепатит вирусларидан ҳоли бўлган одам қони, йўлдош плазмасидан фракциялаш йўли билан тайёрланади. Альбумин эритмаси турли генезли гипоальбуминемияни мувофиқлаш (плазма альбумини танқислигини тўлдиради), коллоид-онкотик босимни бузилган марказий ва периферик гемодинамикасини (тўқима суюқлигини қон томир хавзасига ўтишини ошиши ҳисобига, артериал босимни (АБ) ва айланаётган қон ҳажмини (АҚХ) тез оширади), сув-электролитлар мувозанатини тиклаш учун самарали воситасидир, дори воситаларини яхши ўзлаштирилишига ёрдам беради, дезинтакцион хусусиятларга эга. Альбумин пигментларини (билирубин), ёғ кислоталарини, айрим металларнинг ионларини, дори воситаларини боғлайди ва организмнинг ичида ташийди. Бундан ташқари, Альбумин токсинларни боғлайди ва уларни фаолсизлантиради.

20% альбуминнинг ҳар 50 мл вена ичига юборилганида беморда тахминан 200 мл цитрат плазмага эквивалент онкотик босимни ошишини таъминлайди. Адекват гидратланган субъектда вена ичига қўлланганида 20% ли 50 мл альбуминнинг онкотик (коллоидли – осмотик) самараси шундайки, у қон томиридан ташқари тўқималардан қон айланиш тизимига 15 минут давомида тахминан 125 мл суюқликни жалб қилади, шу билан айланаётган қон ҳажмини оширади, гематокрит ва қоннинг қовушқоқлигини пасайтиради.

Фармакокинетикаси

Альбумин – одам қонининг оқсил фракциясини таркибий қисми бўлган табиий оқсилдир. Альбуминнинг молекуляр массаси – 69,000 дальтон. Одам қонининг нормал плазмасида оқсилларнинг тахминан 60% ни альбумин ташкил қилади. Альбуминнинг оқсил молекуласи таркибига барча 20 аминокислоталар киради. Альбуминнинг синтези жигарда содир бўлади. Одатдаги шароитларда альбуминнинг умумий алмашма тўплами (пули) тана вазнига 4-5 г/кг ни ташкил қилади, ундан 40-45% томир ичида ва 55-60% томирдан ташқарида бўлади. Капиллярлар ўтказувчанлигини ошиши альбуминнинг кинетикасини ўзгартиради ва оғир куйишлар ёки септик шок каби ҳолатларда бу тақсимланиш бузилади.

Одатдаги шароитларда альбуминни ўртача ярим чиқарилиш вақти тахминан 19 кунни ташкил қилади. Синтез ва парчаланиш орасидаги мувозанат одатда тескари алоқа принципи бўйича бошқарилиши ҳисобига амалга оширилади. Чиқарилиши асосан хужайра ичида лизосомал протеазалар фаоллиги ҳисобига юз беради.

Қўлланилиши

  • ёндош тўқималарни шиши билан ёки усиз, онкотик босимни пасайиши (15 мм сим. уст. паст) билан бирга кечувчи гипопротеинемия ва гипоальбуминемия (плазмада альбумин миқдорини 30 г/л дан пасайиши, ёки умумий оқсилни 50 г/л дан пасайишида);
  • шок (гиповолемик, геморрагик, травматик, операцион, токсик, йирингли–септик) дегидратация ва қоннинг “қуюқлашганида” айланаёган қон хажмини ошириш мақсадида;
  • нефритлардаги нефротик синдром;
  • оғир куйишлар;
  • янги туғилган чақалоқларнинг гемолитик касаллиги, янги туғилган чақалоқлардаги гипербилирубинемия – қон қуйишни ўтказиш вақтида юз беради (қондаги эркин билирубиннинг даражасини камайтириш мақсадида);
  • ўткир жигар етишмовчилиги; ўткир жигар некрози (ҳам плазманинг онкотик босимини тутиб туриш мақсадида, ва ҳам қон плазмасидаги ортиқча эркин билирубин миқдорини боғлаш мақсадида);
  • асцит (айланаётган қоннинг ҳажмини тутиб туриш учун);
  • мия шиши;
  • сунъий қон айланиши ёрдамида ўтказиладиган операциялар;
  • даволовчи плазмаферез, гемодиализ;
  • катталардаги ўткир рецептор дистресс синдроми (волемик зўриқишда диуретиклар билан бирга);
  • операциядан олдинги гемоделюцияни ўтказиш ва аутоқон компонентларини тайёрлаш мақсадида қўлланади.

Қўллаш усули ва дозалари

Одам альбумини катталар ва болаларга вена ичига томчилаб ва оқим билан юборилади. Қон плазмасидаги альбуминнинг концентрациясини мониторингини ўтказиш ва гемодинамика кўрсаткичларни назорат қилиш тавсия этилади. Қуйиш тезлигини пациентларнинг ҳолати ва кўрсатмаларга қараб танлаш керак. Плазмани вена ичига қуйишда қуйиш тезлиги юқорироқ бўлиши мумкин ва у қонни йўқотиш тезлигига мувофиқ бўлиши керак.

Альбумин вена ичига томчилаб минутига 1-2 мл ёки 40 томчидан юқори бўлмаган тезликда юбориш керак. Максимал юбориш вақти – 3 соат. Катта ҳажмларда юборилганида, қўллашдан олдин Альбумин хона ҳароратигача ёки тана ҳароратигача иситилиши керак.

Қўллашга тайёрлаш

Қопқоғидан плёнкани олинг. Флаконни очишдан олдин мос келувчи антисептикли тампон билан қопқоғи устини дарҳол артинг. 5, 10, 20% альбумин эритмасини қуйишдан олдин шифокор препарат ва уни сақловчи идишни қаттиқ заррачаларни борлиги ва рангини ўзгарганлигини текшириш учун визуал кўрикдан ўтказиши керак.

Препарат визуал кўрганда тиниқ бўлиши ва қуйқалар ҳамда чўкма сақламаслигиги керак.

Препаратнинг герметиклиги ва беркитилганлиги сақланганида, бутилкада ёрлиқлар бўлмаганида, этикеткаси сақланган ҳолда, ишлатиш учун яроқли хисобланади. Визуал кўрик натижалари ва ёрлиқдаги маълумотлари (препаратнинг номи, ишлаб чиқарувчи корхона, серия рақами) касаллик тарихида қайд қилинади.

Препаратнинг максимал бир марталик дозаси альбумин эритмасининг концентрацияси, беморнинг дастлабки ҳолати ва ёшига боғлиқ. 20% ли Релаб эритмасининг максимал бир марталик дозаси 100 мл га чекланиши мумкин.

Альбумин эритмаларини оқим билан юбориш артериал босимни тез ошириш учун турли генезли шокларда мумкин.

Гиповолемия

Гиповолемик шокни даволаш учун қўлланаётган препаратнинг ҳажми ва инфузия тезлиги конкрет пациентнинг жавоб реакциясига мослаштирилган бўлиши керак. Пациентларнинг гемодинамик кўрсаткичларинии кузатиш керак, қон айланиш тизимига ортиқча волемик юкламага йўл қўймаслик мақсадида, одатдаги эҳтиёткорлик чораларига риоя қилиш керак.

Катталар: ўртача бошланғич доза 25 г, 48 соат давомида 250 г гача юборилади. Умумий дозаси фаол қон кетиши бўлмаганида нормада кузатиладиган альбумин даражасидан (тана вазнига тахминан 2 г/кг) ошмаслиги керак.

Болалар: шошилинч ҳолатларда бошланғич доза 25 г, қолган ҳолатларда доза катталар учун дозадан 2-4 марта кам бўлиши ва альбумин эритмасининг концентрациясини ҳисобга олиб бир килограмм тана вазнига миллилитрларда (боланинг тана вазнига 3 мг/кг дан кўп эмас) ҳисобланиши керак.

Агар хужайрадан ташқари дегидратация бўлса, унда альбуминдан кейин тузли эритма қуйилади.

Циррози бўлган пациентларда асцистик суюқлигини йўқотиш, юрак-қон томир тизимининг фаолиятини ўзгаришлари ва хатто гиповолемик шокни ривожланиши билан кечиши мумкин. Бундай вазиятларда альбуминни қуйиш айланаётган қон ҳажмини тутиб туриш учун керак.

Куйишларни даволаш

Куйишли шикастланишлардан кейин (одатда 24 соатдан кўпроқ вақт ўтганидан кейин қуйилаётган альбуминнинг миқдори ва плазманинг осмотик коллоид босимини юз бераётган ошиши ўртасида аниқ мувофиқлик мавжуд. Мақсад плазманинг 20 мл симоб устунига тенг бўлган онкотик босими (5,2 г/л тенг бўлган умумий оқсил концентрациясига эквивалент) билан плазмадаги альбуминнинг концентрациясини 2,5±0,5°г/л тутиб туришдан иборат бўлиши керак. Даволаш давомийлиги куйган соҳалар ва сийдик билан йўқотилган оқсилнинг миқдори билан аниқланади. Бундан ташқари, аминокислоталар билан зондли ёки парентерал озиқлантиришни бошлаш керак, чунки альбуминни узоқ муддатли қўллашни озуқа манбаи деб ҳисоблаш мумкин эмас.

Катта майдонли куйишларни трансфузион даволашни оптимал тартиби (коллоид ва тузли эритмаларни буюриш) аниқланмаган. Одатда термик шикастланишдан кейинги биринчи 24 соатда, интерстициал (хужайра ташқасидаги) суюқликни камайган ҳажмини тиклаш учун катта хажмларда тузли эритмалар қуйилади. 24 соат ўтгач, Релабни плазманинг коллоидли онкотик босимини тутиб туриш мақсадида қўллаш мумкин.

Тўқималарни шиши билан ёки усиз кечувчи гипопротеинемия

Агар гипопротеинемияга олиб келган асосий патологияни тўғрилаш мумкин бўлса, альбуминни қўллашни фақат симптоматик ёки тутиб турувчи даволаш деб ҳисоблаш керак. Катталар учун альбуминнинг одатдаги суткалик дозаси 50 дан 75 г (0,5-1 г/кг) гача бўлган миқдорни ва болалар учун 25 г ни ташкил қилади. Альбумин йўқотишда давом этаётган кучли гипопротеинемияси бўлган пациентларга, катта миқдорлари талаб қилиниши мумкин. Гипопротеинемия бўлган пациентларда одатда қоннинг ҳажми тахминан нормал бўлганлиги туфайли, альбуминни инфузия тезлиги минутига 2 мл дан ошмаслиги керак, чунки тезроқ юбориш қон айланишини бузилишини ва ўпка шишини чақириши мумкин.

Йирик жарроҳлик операциялар вақтида пациентлар қон хавзасида айланаётган альбуминнинг ярмидан кўпини йўқотишлари мумкин, бу шиш синдромини ривожланиши ёки усиз онкотик босимни пасайиши билан бирга кечади. Бундай вазият шунингдек жадал даволаш бўлимларида даволанаётган беморлар сепсисида кузатилади. Бундай ҳолатларда альбуминни тўғридан-тўғри қўллаш кўрсатилган.

Катталардаги ўткир респиратор дистресс синдроми (КРДС)

КРДС кислороднинг етказиб берилишини ўпкаларнинг интерстициал шиши билан боғлиқ бўлган етишмовчилиги билан ифодаланади, ва шокнинг ҳамда ўткир кўп қон йўқотилишининг, шунингдек бош мия жароҳатининг асорати ҳисобланади. Агар бунда бир вақтда гипопротеинемия ва ортиқча волемик юкланишга ишора қилувчи клиник белгилар бўлса, унда альбуминни диуретиклар билан бирга буюриш жадал инфузион даволашнинг жуда муҳим қисмини ҳисобланади.

Аорто-коронар шунтлаш

Замонавий сунъий қон айлантириш аппаратлари (ҚАА) тўлдириш учун нисбатан катта бўлмаган ҳажмларни талаб қилади. Пациентларда альбумин ва кристаллоидларни ёрдамида эришиладиган операциядан олдинги гемодилюцияни хавфсизлиги ва яхши ўзлаштирилиши кўрсатилган. Гематокрит ва плазма альбуминининг даражасини хавфсиз пасайиш чегараси аниқланмаган, бироқ альбумин ва кристаллоидларни ҚАА ни тўлдириш учун гематокритни 20% даражасига ва плазма альбумининг концентрациясини 2,5 г/л га эришилгунича ишлатиш умумий қабул қилинган амалиёт ҳисобланади.

Ўткир жигар етишмовчилиги

Жигар фаолиятини кома ривожланиши (жигар энцефалопатияси) билан ёки усиз йўқотишни тез-тез бўлмаган вазиятларида, альбумин онкотик босимни тутиб туриш ва плазма билирубинини боғлаш мақсадида қўлланади.

Янги туғилган чақалоқларни гемолитик касаллиги

Альбумин янги туғилган чақалоқларни даволашда плазмани ўрнини босиш учун ишлатилганида, сариқлик ва гемолиз билан боғлиқ бўлган асоратлар хавфини камайтириш учун эркин билирубинни боғлаш мақсадида буюрилиши мумкин. Тана вазнига 1 г/кг доза алмаштириш трансфузия муолажасини бошлашдан тахминан бир соат олдин буюрилади. Болаларда олдиндан гиперволемия мавжудлигида эҳтиёткорликка риоя қилиш керак.

Оқсилларга бой суюқликларни йўқотиш

Жигар циррози, юрак етишмовчилиги, перитонит, шунингдек экссудатив плеврит оқибатида ривожланган асцит кўпинча йўқотишни талаб қилади. Бунда учинчи бўшлиққа йўқотиладиган оқсилнинг, шу жумладан альбуминнинг миқдори, ҳажмни тўлдиришга ёки онкотик босимни тутиб туришга қаратилган даволашни талаб қилиши мумкин, буни Релабни инфузия қилиш ёрдамида амалга ошириш мумкин.

Эритроцитларни қайта суспензияланиши

Катта ҳажмдаги эритилган ювилган эритроцитларни қуйиш гипопротеинемияни ҳаддан зиёд ривожланиши билан бирга кечиши мумкин. Буни олдини олиш мақсадида альбуминни эритилган ювилган эритроцитларни бевосита трансфузиясидан олдин ишлатиш мумкин.

Ўткир нефроз

Циклофосфан ёки стероидлар билан даволашга нисбатан жавоб реакцияси кузатилмаганида ёки стероидлар билан даволаш вақтида шиш синдроми ёмонлашганида, диурез ва қон плазмасида калийнинг концентрациясини назорати остида 7-10 кун давомида ҳар куни 100 мл 20% ли альбуминни ва диуретикларни бирга буюриш мумкин. Шундан сўнг стероидларни такроран буюриш самарали бўлиши мумкин.

Гемодиализ

Сурункали буйрак етишмовчилигида альбуминни қўллаш стандарт гемодиализни ўтказиш протоколининг мажбурий қисми ҳисобланмайди, бироқ бу пациентларда шок ёки гипотония ривожланганида уни қўллаш кўрсатилган бўлиши мумкин. Одатда бундай вазиятларда 100 мл 20% ли альбумин қуйилади. Бундай беморларда кўпинча кузатиладиган ортиқча волемик юкламадан сақланиш керак (худди шунинг учун улар катта ҳажмдаги тузли эритмаларни кўтара олмайдилар).

Мия шиши

Мия шишини даволаш учун альбумининг 20% ли гиперонкотик  эритмаси ишлатилади.

Ножўя таъсирлари

Кам ҳолларда (> 1/10000 < 1/1000) – анафилактик реакция; гипотония;

Жуда кам ҳолларда (< 1/10000) – эшакеми, ангионевротик шиш, эритематоз тошма, анафилактик шок; онгни чалкашиши ҳолати, бош оғриғи; тахикардия, брадикардия, гипертония; ҳансираш; кўнгил айниши; иситма, қалтираш, кучли терлаш, тери гиперемияси бўлиши мумкин.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

  • альбуминни шахсий ўзлаштираолмаслик (шу жумладан анамнезда ўта юқори сезувчанлик);
  • оғир анемия;
  • гиперолемия;
  • II–III даражали сурункали юрак етишмовчилиги;
  • ўпка шиши;
  • тромбоз;
  • артериал гипертензия;
  • давом этаётган ички қон кетиши;
  • геморрагик диатез;
  • ренал ва постренал анурия;
  • қизилўнгач веналарини варикоз кенгайишида қўллаш мумкин эмас.

Дориларнинг ўзаро таъсири

Одам альбуминини бошқа дори маҳсулотлари билан специфик ўзаро таъсири номаълум.

Махсус кўрсатмалар

Одам альбумини эритмасини бошқа дори маҳсулотлари, янги қон ва эритроцитар масса, оқсил гидролизатлари, аминокислоталарнинг эритмалари ва спирт сақловчи эритмалар билан аралаштириш мумкин эмас. Альбумин эритмаларини инъекция учун сув билан суюлтириш мумкин эмас, чунки бу реципиентларда гемолиз чақириши мумкин.

Релаб эритмаларини, агар улар музлатилган бўлса ёки улар лойқаланган бўлса қўллаш мумкин эмас. Тўлиқ ишлатилмаган флаконларни қайта ишлатиш мумкин эмас. Дарз кетган, олдиндан очилган ёки шикастланган флаконларни бактериал зарарланиши мумкинлиги туфайли қўллаш мумкин эмас.

Илгари сенсибилизацияланган айрим беморларда турли оғирлик даражасидаги аллергик реакциялар пайдо бўлиши мумкин. Реакциялар ва асоратларни пайдо бўлиш эҳтимоли хавф гуруҳига тааллуқли беморларда, яъни анамнезида оқсил препаратлари ва бошқа плазма ўрнини босувчи воситалари, дори воситалари, зардоблар, вакциналарни вена ичига юборишни ўзлаштираолмасликка кўрсатма бўлган беморларда истисно қилинмайди. Реакциялар ёки асоратлар пайдо бўлганида, альбумин препаратини қуйишни дарҳол тўхтатиш ва игнани венадан чиқармай, антигистамин, кардиотоник воситалар, глюкокортикоидлар, вазопрессор препаратларни юбориш керак (кўрсатмалар бўлганида). Шок ҳолатида, амалдаги тиббий стандартларга мувофиқ шокка қарши даволашни бошлаш керак.

Альбумин юборилганида пациентлардаги электролитлар статусини назорат қилиш ва электролитлар мувозанатини тиклаш ёки тутиб туриш учун мувофиқ чораларни кўриш, дегидратацияда эса олдиндан регидратацион даволашни ўтказиш керак.

Нисбатан катта ҳажмларнинг ўрнини қоплаш зарурати туғилганда, қон ивишини ва гематокритни назорат қилиш талаб этилади. Бошқа қон компонентларини (ивиш омиллари, электролитлар, тромбоцитлар ва эритроцитлар) мувофиқ алмаштиришни таъминлаш керак.

Одам қони ва плазмасидан олинган препаратларни қўллашда инфекцион касалликлар билан зарарланиш эҳтимолини тўлиқ инкор қилиб бўлмайди. Инфекцион агентларнинг трансмиссия хавфини пасайтириш учун донорлар ва олинган препаратлар синчиклаб текширилади. Ишлаб чиқаришда донор плазмасининг фақат антиген-негатив намуналари ишлатилади.

 

 

Альбуминни қўллаш асосланмаган ҳолатлар

Сурункали нефрозда қуйилаётган альбумин эритмаси, буйрак тўқимасини асосий шикастланишига таъсир кўрсатишга улгурмасдан буйраклар орқали тез чиқарилади. Альбумин камдан-кам ҳолларда ўткир нефрозда қўлланади. Сурункали жигар циррози, ичакда сўрилишни бузилиши, сурункали панкреатит ёки очлик оқибатида тана вазнини танқислиги бўлган беморларга альбуминни инфузия қилишни оқсилли озиқлантириш манбаи сифатида қўллаш оқланмаган.

Педиатрияда қўлланиши

Болаларда плазманинг физиологик хажми ёшга боғлиқлигини хисобга олиш керак.

Ҳомиладорлик ва лактация даври

Альбуминни одамда ҳомиладорликда қўллаш хавфсизлиги назоратли клиник тадқиқотларда аниқланмаган. Бироқ альбуминни клиник қўллаш тажрибаси ҳомиладорликни кечишига, ҳомилага ёки янги туғилган чақалоққа зарарли таъсирини кутишга асос бўлмайди.

Дори воситасини транспорт воситалари ёки потенциал хавфли механизмларни бошқариш қобилиятига таъсир қилиш хусусияти

Препарат фақат стационар шароитларида қўлланганлиги туфайли маълумотлар йўқ.

Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати тугаганидан сўнг қўлланилмасин.

Дозани ошириб юборилиши

Симптомлари: жуда юқори доза ва қуйиш тезлиги юқори бўлганида гиповолемия ва юрак-қон томир тизимини ортиқча юкланишини бош оғриғи, ҳансираш, бўйинтуриқ веналарини тўлиб кетиши, артериал босимни ошиши, марказий веноз босимни ошиши каби белгилари пайдо бўлади, ўпка шиши кузатилиши мумкин.

Даволаш: препаратни қуйишни дарҳол тўхтатиш ва пациентнинг гемодинамик характеристикасини синчиклаб назорат қилиш керак. Симптоматик даволаш ўтказилади.

Чиқарилиш шакли

50 мл ва 100 мл дан рангсиз шиша флаконларда. 1 флакон тиббиётда қўллаш бўйича йўриқномаси билан бирга картон қутига жойланган.

 

Сақлаш шароити

Ёруғликдан ҳимояланган жойда, +8°С дан +25°С гача бўлган ҳароратда сақлансин.

Музлатилмасин.

Яроқлилик муддати

3 йил.

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецепт бўйича.

Улашиш: