Skip to main content

ПАРАЦЕТАМОЛ СИРОПИ 2,4%

Улашиш:
  Reading time 6 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

ПАРАЦЕТАМОЛ СИРОПИ 2,4%

SIRUPUS PARACETAMOLI 2,4%

Препаратнинг савдо номи: Парацетамол сиропи 2,4%

Таъсир этувчи модда (ХПН): парацетамол

Дори шакли: сироп

Таркиби:

100 мл сироп қуйидагиларни сақлайди:

фаол модда: парацетамол – 2,5 г.

ёрдамчи моддалар: нипагин – 0,1 г, нипазол – 0,01 г, қанд – 45,0 г, сорбит – 20,0 г ёки қанд – 15,0 г, лимон кислотаси – 0,067 г, лимон кислотаси моногидрати – 0,172 г, этанол спирти 96% – 24,0 мл, рибофлавин – 0,0025 г, хушбўй озуқа эссенцияси – 0,28 г, тозаланган сув 100 мл гача.

Таърифи: сариқ рангли, бироз тахир мазали ширин таъмли, ўзига хос ҳидли сиропсимон суюқлик.

Фармакотерапевтик гуруҳи: Анальгетик-антипиретик.

АТХ коди: N02BE01

Фармакологик хусусиятлари

Оғриқни қолдирувчи ва иситма туширувчи таъсирга эга. Таъсир механизми турли хил простагландинлар синтезини сусайтириш қобилияти билан боғлиқ.

Фармакокинетикаси

Ичга қабул қилинганда парацетамол яхши ва тез сўрилади. Плазмадаги чўққи концентрациясига 30-90 минутдан кейин эришилади. Организмнинг деярли ҳамма тўқималарига ўтади, йўлдош орқали осон ўтади ва кўкрак сути билан ажралади. Плазма оқсиллари билан кучсиз боғланади, асосан глюкурон кислотаси билан ва камроқ миқдори сульфатлар билан конъюгацияси орқали жигарнинг микросомал ферментлари таъсирида метаболизмга учрайди. Метаболитлари фармакологик фаол эмас, аммо кўп миқдорда тўпланганда жигарни некрозга учрашига олиб келиши мумкин. Парацетамол буйрак орқали асосан конъюгатлар кўринишида ва қисман (5%) ўзгармаган ҳолда чиқарилади. Ярим чиқарилиш даври 1,5 дан 3 соатга ўзгаради. Жигар фаолияти бузилганида ярим чиқарилиш даври узаяди, бу парацетамолнинг метаболитларини организмда тўпланишига олиб келади.

Қўлланилиши

Турли генезли кучсиз ва ўрта жадалликдаги оғриқ синдроми (бош оғриғи, мигрень, тиш оғриғи, невралгия, миалгия, альгодисменореядаги ва шунга ўхшаш), инфекцион-яллиғланиш касалликларидаги иситмалашни даволашда қўлланилади.

Қўллаш усули ва дозалари

Препарат фақат перорал қабул қилиш учун мўлжалланган.

Парацетамолнинг дозаси барча болалар учун ёши ва тана вазнига қараб ҳисобланади. Парацетамолнинг бир марталик дозаси тана вазнига 10-15 мг/кг ни, суткалик дозаси – тана вазнига 40-60 мг/кг ни ташкил қилади.

Препаратнинг дозаси ўлчов қошиғи ёрдамида ўлчанади.

Турли ёшдаги болалар учун бир марталик дозаси:

6 ойликдан 1 ёшгача – 60-120 мг парацетамол (2,5-5 мл сироп);

1 ёшдан 3 ёшгача – 120-180 мг парацетамол (5-7,5 мл сироп);

3 ёшдан 6 ёшгача – 180-240 мг парацетамол (7,5-10 мл сироп);

6 ёшдан 12 ёшгача – 240-360 мг парацетамол (10-15 мл сироп) буюрилади.

Қабул қилишлар сони – суткада 3-4 марта, қабул қилишлар орасидаги интервал камида 4 соатни ташкил қилади.

24 соат давомида 4 дозадан ортиқ қабул қилинмасин.

Парацетамолнинг максимал суткалик дозаси – тана вазнига 60 мг ни ташкил этади. Шифокор маслаҳатисиз максимал даволаш курси – 3 кунни ташкил этади.

Ножўя таъсирлари

Кўнгил айниши, эпигастрал соҳада оғриқ, терининг қизариши, терида нуқтали тошмалар кўринишидаги аллергик реакциялар. Квинке шиши, диспноэ, кўп терлаш, артериал қон босимнинг пасайиши (шок ҳолатигача) кўринишидаги гиперреактив жавоб ҳолатлари таърифланган. Қон таркиби ўзгариши мумкин – тромбоцитопения, лейкопения, баъзан агранулоцитоз, панцитопения, метгемоглобинемия, анемия. Аллергияга мойил одамларда бронхоспазм кузатилиши мумкин («аспирин» астмаси). Одатдаги дозаларни жуда узоқ вақт давомида ёки жуда бқори дозаларда қабул қилиш жигар ва буйракнинг оғир шикастланишига олиб келиши мумкин.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

Жигар, буйрак, ўпка ва юрак фаолиятининг яққол бузилишлари.

Яққол анемияда.

Парацетамолга ўта юқори сезувчанлик.

Глюкозо-6-фосфатдегидрогеназа ферментининг туғма танқислигида (гемолитик анемия ривожланиши хавфи мавжуд) қўллаш мумкин эмас.

Дориларнинг ўзаро таъсири

Жигар микросомал ферментларини индукция қилувчи дори воситалари – барбитуратлар ва баъзи тутқаноқга қарши воситалар (фенобарбитал, фенитоин, карбамазепин, бензонал), алкоголь, рифампицин билан бирга буюрилганда препаратнинг гепатотоксик таъсири кучаяди. Фенотизианлар билан бирга қўлланганда кучли гипотермия, азидотимидин билан эса – нейтропения ривожланиши мумкин. Препарат хлорамфениколнинг токсиклигини оширади, узоқ вақт давомида қабул қилинганда билвосита антикоагулянтлар таъсирини кучайтириши мумкин.

Махсус кўрсатмалар

Жигар ва буйрак фаолиятининг енгил ва ўрта даражадаги бузилишида, Гильберт синдромида ва чақалоқларда (дозалар орасидаги интервални узайтириш ёки дозаларни камайтириш тавсия этилади) эҳтиёткорлик билан тавсия этилади.

Парацетамол йўлдош тўсиғи орқали ўтади ва она сути билан чиқарилади. Шунинг учун препаратни ҳомиладорлик ва лактация даврида буюрилганда фойда ва бўлиши мумкин бўлган хавфни синчиклаб баҳолаш керак, препаратни узоқ вақт давомида ва юқори дозаларда (айниқса ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида) қабул қилишдан сақланиш керак.

Препаратни болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва уни яроқлилик муддати ўтгач ишлатмаслик лозим.

Дозани ошириб юборилиши

Симптомлари: биринчи 24 соат давомидаги дозани ошириб юборилишининг симптомлари: терини оқариши, кўнгил айниши, қусиш, анорексия ва абдоминал оғриқлар. Жигарни шикастланиши доза ошириб юборилганидан кейин 12-48 соатдан сўнг яққол бўлиши мумкин. Глюкозанинг метаболизмини бузилиши ва метаболик ацидоз, гепатоцеллюляр етишмовчилик ривожланиши мумкин. Оғир заҳарланишда жигар етишмовчилиги гипогликемия, энцефалопатия, қон қуйилишлар, бош мияни шиши, кома ва ўлимгача ривожланиши мумкин.

Буйрак найчаларининг ўткир некрози билан кечувчи, ўткир буйрак етишмовчилиги ҳатто жигарни оғир шикастланиши бўлмаганида ҳам ривожланиши мумкин.

Юрак аритмияси ва панкреатит ривожланиши мумкин.

Жигарни шикастланиши парацетамолни 10 г ёки ундан ортиқ миқдорда қабул қилган катта одамларда, тана вазнига 150 мг дан ортиқ қабул қилган болаларда кузатилиши мумкин.

Даволаш: доза ошириб юборилганида (ҳатто симптомлар бўлмаса ҳам) шошилинч тиббий ёрдам бериш, дарҳол шифохонага ётқизиш керак. Парацетамолнинг юқори дозаси қабул қилинганидан сўнг биринчи соат давомида меъдани ювиш, қусишни чақириш, фаоллаштирилган кўмир қўллаш керак. Метионинни перорал қабул қилиш ёки ацетилцистеинни вена ичига юбориш, доза ошириб юборилганидан сўнг 48 соат давомида ижобий самара бериши мумкин. Шунингдек симптоматик даволашни ўтказиш керак.

 

Чиқарилиш шакли

40, 50, 80, 90, 100, 120 ва 125 мл дан флаконларда.

 

Сақлаш шароити

Ёруғликдан ҳимояланган жойда, 25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.

Яроқлилик муддати

3 йил.

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецепт бўйича.

Улашиш: