Skip to main content

Окситоцин

Улашиш:
  Reading time 8 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

ОКСИТОЦИН

OXYTOCIN

 

Препаратнинг савдо номи: Окситоцин

Таъсир этувчи модда (ХПН): окситоцин

Кимёвий номи:

L – цистеинил – L – тирозил – L – изолейцил – L – глутаминил – L – аспарагинил – L –  цистеинил – L – пролил – L – лейцилглицинамида циклический (1-6) – дисульфид.

Дори шакли: вена ичига ва мушак ичига юбориш учун эритма.

Таркиби

1 мл эритма қуйидагиларни сақлайди:

фаол модда: окситоцин (синтетик окситоцин) – 5 ХБ;

ёрдамчи моддалар: хлоробутанол гемигидрати (хлоробутанолгидрат) – 5,0 мг, инъекция учун сув – 1,0 мл гача.

Таърифи: тиниқ, рангсиз, хлоробутанолгидрати ҳидли суюқлик.

Фармакотерапевтик гуруҳи: туғруқ фаолиятини рағбатлантирувчи восита – окситоцин препарати.

АТХ коди: Н01ВВ02

Фармакологик хусусиятлари

Гормонал восита, гипофизнинг орқа бўлаги гормонининг олигопептид аналоги. Утеротонусловчи, туғруқ фаолиятини рағбатлантирувчи ва лактотроп таъсирга эга. Бачадоннинг силлиқ мушакларига рағбатлантирувчи таъсир кўрсатади, миометрийнинг қисқарувчанлик фаоллигини оширади ва камроқ даражада бачадон тонусини  оширади (айниқса ҳомиладорликнинг охирида, туғруқ фаолияти даврида ва бевосита туғруқ вақтида). Окситоцин таъсири остида кальций ионлари учун ҳужайра мембраналарининг ўтказувчанлиги ошади, тинчлик ҳолатидаги потенциали пасаяди ва уларнинг қўзғалувчанлиги ошади (мембрана потенциалини пасайиши қисқаришлар тез-тезлигини, жадаллигини ва давомийлигини ошишига олиб келади). Окситоцин паст дозаларда бачадонни қисқаришлар тез-тезлигини ва амплитудасини оширади, юқори дозаларда ёки такрор юборишда бачадон тонусини ошишига, уни қисқаришларини тезлашиши ва кучайишига (ҳатто тетаниягача) ёрдам беради.

Кўкрак сути секрециясини рағбатлантиради, гипофизнинг олдинги бўлагида пролактин ишлаб чиқарилишини кучайтиради. Сут бези альвеолалари атрофида миоэпителиал ҳужайраларни қисқартиради, сут ажралишини кучайишига ёрдам бериб, йирик йўллар ёки синусларга сут тушишини рағбатлантиради.

Деярли вазоконстриктор ва антидиуретик таъсирга эга эмас (фақат юқори дозаларда уларни намоён қилади), қовуқ ва ичак мушакларини қисқаришини чақирмайди. Самараси мушак ичига юборилганида 1-2 мнутдан кейин ривожланади, 20-30 минут давом этади; вена ичига юборилганида 0,5-1 минутдан кейин самараси ривожланади.

Фармакокинетикаси

Ярим чиқарилиш даври – 1-6 минут (ҳомиладорликнинг охирлари ва лактация даврида камаяди). Плазма оқсиллари билан боғланиши – паст (30%).

Жигар ва буйракда метаболизмга учрайди. Ҳомиладорлик даврида плазма, нишон-аъзолар, йўлдошда эндоген ва экзоген окситоцинни фаолсизлантирадиган окситоциназа концентрацияси ортади. Асосан буйрак орқали ўзгармаган ҳолда чиқарилади.

Қўлланилиши

Туғруқ фаолиятини қўзғатиш ва рағбатлантириш учун (туғруқ фаолиятини бирламчи ва иккиламчи кучсизлиги, гестоз, резус-конфликт, ҳомилани она қорнида нобуд бўлиши сабабли муддатдан олдин туғдириш зарурати; муддатидан ўтган ҳомиладорлик, ҳомила атрофидаги суюқликни муддатидан олдин кетиши, ҳомилани чаноқ билан келишида туғруқни олиб бориш).

Абортдан кейинги бачадондан гипотоник қон кетишларни олдини олиш ва даволаш учун (шу жумладан, ҳомиладорликнинг охирги муддатларида), туғруқдан кейинги эрта даврда ва туғруқдан кейинги бачадон инволюциясини тезлаштриш учун; Кесарча кесишда бачадоннинг қисқарувчанлик қобилиятини кучайтириш учун (йўлдош олиб ташлангандан кейин) қўлланади.

Қўллаш усули ва дозалари

Вена ичига, мушак ичига.

Туғруқ фаолиятини қўзғатиш учун – мушак ичига, 0,5-2 ХБ (0,1-0,4 мл препарат) дан; зарурати бўлганида ҳар 30-60 минутда инъекциялар такрорланади.

Туғруқ фаолиятини рағбатлантириш: вена ичига томчилаб, 10 ХБ окситоцин 5% ли декстроза эритмасининг 1 л да, бачадонни ҳаддан ташқари қисқаришларини ривожланишида инфузияни секинлаштириш миометрийнинг фаоллигини тез пасайишига олиб келади. Юбориш минутига 5-8 томчидан бошланади, кейинчалик туғруқ фаолиятининг характерига боғлиқ ҳолда тезлик оширилади, аммо минутига 40 томчидан кўп эмас. Инфузия жараёнида бачадон фаоллиги ва ҳомиланинг юрак уришлар сонини доимий назорат қилиш керак.

Мажбурий ёки тугалланмаган абортни даволаш: вена ичига томчилаб, 10 ХБ (2 мл препарат) окситоцин 5% ли декстрозанинг 500 мл эритмасида минутига 20-40 томчи тезликда юборилади.

Абортдан кейин бачадондан гипотоник қон кетишларини олдини олиш учун окситоцинни 3-5 ХБ (0,6-1 мл) суткада 2-3 марта ҳар куни 2-3 кун давомида мушак ичига юборилади, йўлдош ажралганидан бевосита кейин 10 ХБ (2 мл) мушак ичига юборишга йўл қўйилади. Абортдан кейин бачадондан гипотоник қон кетишларни даволаш учун 5-8 ХБ кунига        2-3 марта 3 сутка давомида юборилади. Зарурати бўлганида 100 мл донор қонида суюлтирилган 10-40 ХБ (2-8 мл) дан окситоцин вена ичига томчилаб юборилади.

Ҳомила чаноқ билан келган туғруқни олиб боришда – 2-5 ХБ (0,4-1 мл).

Кесарча кесишда бачадоннинг қисқарувчанлик қобилиятини кучайтириш учун (йўлдош олиб ташланганидан кейин) 3-5 ХБ (0,6-1 мл) дозада бачадон деворига юборилади.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

Ўта юқори сезувчанлик; тор чаноқ (анатомик ва клиник), ҳомилани кўндаланг ва қийшиқ жойлашиши, ҳомилани юзи билан келиши, бачадоннинг ёрилиш хавфи бўлган муддатидан олдинги туғруқ, бачадондаги чандиқлар (аввал Кесарча кесиш, бачадонда операциялардан кейинги ҳолат), бачадонни ҳаддан ташқари чўзилиши, кўп марта туғишдан кейинги бачадон, йўлдошни қисман олдинда келиши, бачадон сепсиси, бачадон бўйнининг инвазив ўсмаси; бачадон гипертонуси (туғруқ жараёнида пайдо бўлмаган), ҳомилани босилиши, артериал гипертензия, сурункали буйрак етишмовчилигида қўллаш мумкин эмас.

Эҳтиёткорлик чоралари

Стационар шароитда шифокор кузатуви остида бачадоннинг қисқарувчанлик фаолияти, ҳомиланинг ҳолати, аёлнинг артериал босими ва умумий ҳолатини доимий назорати остида қўлланилсин.

 

Ножўя таъсирлари

Аёлда: Жинсий тизими томонидан: юқори дозаларда ёки юқори сезувчанликда – бачадон гипертонияси, спазм, тетания, бачадонни ёрилиши; окситоцин чақирган тромбоцитопения, афибриногенемия ва гипопротромбинемия натижасида туғруқдан кейинги даврда қон кетишни кучайиши, баъзида кичик чаноқ аъзоларига қон қуйилиш. Туғруқни синчков тиббий кузатувида туғруқдан кейинги даврда қон кетиш хавфи камаяди.

Юрак-қон томир тизими томонидан: юқори дозаларда – аритмия; қоринчалар экстрасистолияси; оғир даражали гипертония (вазопрессор препаратларни қўллаш ҳолларида); гипотония (циклопропан анестетиги билан бир вақтда қўллашда); рефлектор тахикардия; шок; ҳаддан ташқари тез юборишда: брадикардия, субарахноидал қон кетиш.

Овқат ҳазм қилиш тизими томонидан: кўнгил айниши, қусиш.

Сув-электролит алмашинуви томонидан: кўп миқдордаги суюқлик билан узоқ муддат вена ичига юборишда (одатда минутига 40-50 ХБ) 24-соатлик секин инфузиясида тиришишлар ва кома билан кечувчи окситоцинни оғир даражали гипергидратация; кам – ўлим билан якунланиши.

Иммун тизими томонидан: анафилаксия ва бошқа аллергик реакциялар, ҳаддан ташқари тез юборишда – бронхоспазм; кам – ўлим билан якунланиши.

Ҳомила ёки янги туғилган чақалоқда:

Онага окситоцин юборилиши сабабли – 5 минут давомида Апгар шкаласи бўйича паст баҳолаш, янги туғилган чақалоқлар сариқлиги, ҳаддан ташқари тез юборишда – ҳомила қонида фибриноген миқдорини камайиши, кўз тўр пардасига қон қуйилиши; бачадоннинг қисқарувчанлик фаоллигини кучайиши натижасида – синусли брадикардия, тахикардия, қоринчалар экстрасистолияси ва бошқа аритмиялар, марказий нерв тизимининг қолдиқ ўзгаришлари, асфиксия натижасида ҳомилани нобуд бўлиши.

Дориларнинг ўзаро таъсири

Окситоцин симпатомиметикларнинг прессор самарасини кучайтиради.

Моноаминооксидаза ингибиторлари билан бирга қўллашда артериал босимни ошиши хавфи ортади.

Галотан ва циклопропан артериал гипотензия ривожланиши хавфини оширади.

Махсус кўрсатмалар

Ҳомиладорлик ва эмизиш даврида қўлланилиши

Ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида окситоцин фақат спонтан ёки индуцирланган абортларда қўлланади.

Бачадондан қон кетишини тўхтатиш учун препарат қўлланганда эмизишни фақат окситоцин билан даволаш курси тугаганидан кейин бошлаш мумкин.

Транспорт воситалари, механизмларни бошқариш қобилиятига дори препаратининг таъсири

Окситоцин автомобилни бошқариш ва шикастланиш хавфи юқори бўлган механизмлар билан ишлаш қобилиятига таъсир қилмайди.

Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин.

Дозани ошириб юборилиши

Симптомлари: ҳомилани босилиши, ҳомилани асфиксияси, ҳомилани брадикардияси, туғруқдан кейин қон кетиши, бачадон тетануси, бачадонни ёрилиши, бачадон-йўлдош гиперперфузияси, гипоксия, гиперкапния, ҳомилани нобуд бўлиши, ҳомилани туғруқдаги шикастланиши, сувли интоксикация, тиришишлар.

Даволаш: препаратни бекор қилиш, суюқлик юборишни камайтириш, жадаллаштирилган диурез, натрий хлоридининг гипертоник эритмаси, электролит мувозанатини нормаллаштириш, барбитуратлар (эҳтиёткорлик билан), синчковлик билан кузатиш.

Чиқарилиш шакли

Вена ичига ва мушак ичига юбориш учун эритма 5 ХБ/мл.

1 мл дан нейтрал шиша ампулада.

10 ампуладан қўллаш бўйича йўриқномаси ва ампулани очиш учун пичоқ ёки ампула скарификатори билан картон қутига жойланади.

Синдириш нуқталари ёки халқалари бўлган ампулалар ишлатилганида ампулаларни очиш учун пичоқ ёки ампула скарификатори қўйилмайди.

Сақлаш шароити

Ёруғликдан ҳимояланган жойда, 8 дан 15оС гача бўлган ҳароратда.

 

Яроқлилик муддати

2 йил.

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецепт бўйича.

Улашиш: