Skip to main content

Нортиван®

Улашиш:
  Reading time 21 minute

Илова-варақа: пациент учун маълумот

Нортиван®, плёнка қобиқ билан қопланган таблеткалар, 80 мг

Нортиван®, плёнка қобиқ билан қопланган таблеткалар, 160 мг

 (Валсартан) 

 

Ушбу дори препаратини қабул қилишни бошлашдан олдин йўриқномани диққат билан ўқиб чиқинг, чунки унда Сиз учун муҳим маълумотлар берилган.

  • Ушбу йўриқномани сақлаб қўйинг. У Сизга яна керак бўлиб қолиши мумкин.
  • Агар Сизда саволлар қолган бўлса, уларни даволовчи шифокорингиз ёки фармацевтдан сўранг.
  • Ушбу препарат Сизга буюрилган. Уни бошқа шахсларга берманг. Хатто улардаги симптомлар сизники билан ўхшаш бўлса ҳам, бу уларга зарар келтириши мумкин.
  • Агар бирон-бир ножўя самаралар пайдо бўлса, бу ҳақида даволовчи шифокорингиз ёки фармацевтга ҳабар беринг. Бу препаратни қўллаш бўйича йўриқномада келтирилмаган ножўя самараларга ҳам тааллуқли. 4 бўлимга қаранг.

 

Ушбу қўллаш бўйича йўриқномада қуйидагилар таърифланган:

 

  • Нортиван® препарати нима ва у нима учун қўлланади.
  • Нортиван®ни қабул қилишни бошлашингиздан олдин Сиз нималарни билишингиз керак.
  • Нортиван®ни қандай қабул қилиш керак.
  • Бўлиши мумкин бўлган ножўя самаралари.
  • Сақлаш шароити ва яроқлилик муддати.
  • Ўрами ва бошқа маълумотлар.

 

  1.  Нортиван препарати нима ва у нима учун қўлланади

Нортиван валсартан таъсир кўрсатувчи моддасини сақлайди ва ангиотензин II рецепторлари антагонистлари деб номланадиган дори препаратлари синфига мансуб ва юқори артериал босимни назорат қилиш учун қабул қилинади. Ангиотензин II – бу одам организмидаги бирикма бўлиб, у қон томирлар торайишини чақиради, бунинг ҳисобига эса артериал босим ошиши юз беради. Нортиван® ангиотензин II таъсирини блоклайди. Натижада қон томирлар кенгаяди ва артериал босим пасаяди.

 

80 мг Нортиван® плёнка қобиқ билан қопланган таблеткалар учта турли ҳолатни даволаш учун қўлланилади:

 

  • Катта ёшдагиларда, шунингдек 6 ёшдан 18 ёшгача болалар ва ўсмирларда юқори артериал босимни назорат қилиш учун. Юқори артериал босим юрак ва артериянинг асосий юкламани кучайтиради. Бу, тегишлича даволанилмаса, бош мия, юрак ва буйраклар қон томирлари шикастланишига олиб келиши ва инсультни, юрак етишмовчилигини ёки буйрак етишмовчилигини чақириши мумкин. Юқори артериал босим миокард инфаркти хавфини оширади. Артериал босимни нормал кўрсаткичларгача пасайиши ушбу асоратлар ривожланиш хавфини камайтиради.
  • Катта ёшдаги пациентларни яқинда ўтказган миокард инфарктидан сўнг даволаш учун. Мазкур ҳолатда “яқинда ўтказганлик” 12 соатдан 10 кунгача оралиқни англатади.
  • Катта ёшдаги пациентларда симптоматик юрак етишмовчилигини даволаш учун. Нортиван® ангиотензинга-айлантирувчи фермент ингибиторлари (ААФ) деб номланган препаратлар гуруҳига мансуб дори воситалари (юрак етишмовчилигини даволаш учун дори препаратлари) тавсия қилинмайдиган ҳолатларда қўлланилади; ёки Нортиван юрак етишмовчилигини даволаш учун бошқа препаратлар тавсия қилинмаганда, ААФ ингибиторларига қўшимча равишда қўлланилиши мумкин. Юрак етишмовчилиги симптомлари нафас сиқишини, суюқликни тутиб қолиниши туфайли тўпиқлар ва оёқлар шишини ўз ичига олади. Ушбу симптомлар юрак мушаги организмнинг барча аъзолари ва тўқималарини таъминлаш учун етарлича кучли қон ҳайдай олмаслиги билан боғлиқ.

160 мг Нортиван® плёнка қобиқ билан қопланган таблеткалар учта турли ҳолатни даволаш учун қўлланилади:

6-yillik-qizil-jenshen

 

  • Катта ёшдагиларда, шунингдек 6 ёшдан 18 ёшгача болалар ва ўсмирларда юқори артериал босимни назорат қилиш учун. Юқори артериал босим юрак ва артериянинг асосий юкламани кучайтиради. Бу тегишлича даволанилмаса, бош мия, юрак ва буйраклар қон томирлари шикастланишига олиб келиши ва инсультни, юрак етишмовчилигини ёки буйрак етишмовчилигини чақириши мумкин. Юқори артериал босим миокард инфаркти хавфини оширади. Артериал босимни нормал кўрсаткичларгача пасайиши ушбу асоратлар ривожланиш хавфини камайтиради.
  • Катта ёшдаги пациентларни яқинда ўтказилган миокард инфарктидан сўнг даволаш учун. Мазкур ҳолатда “яқинда ўтказилганлик” 12 соатдан 10 кунгача оралиқни англатади.

Катта ёшдаги пациентларда симптоматик юрак етишмовчилигини даволаш учун. Нортиван® ангиотензинга-айлантирувчи фермент ингибиторлари (ААФ) деб номланган препаратлар гуруҳига мансуб дори воситалари (юрак етишмовчилигини даволаш учун дори препаратлари) тавсия қилинмайдиган ҳолатларда қўлланилади; ёки Нортиван® юрак етишмовчилигини даволаш учун бошқа препаратлар тавсия қилинмаганда, ААФ ингибиторларига қўшимча равишда қўлланилиши мумкин. Юрак етишмовчилиги симптомлари нафас сиқишини, суюқликни тутиб қолиниши туфайли тўпиқлар ва оёқлар шишини ўз ичига олади. Ушбу симптомтлар юрак мушаги организмнинг барча аъзолари ва тўқималарини таъминлаш учун етарлича кучли қон ҳайдай олмаслиги билан боғлиқ.

 

  1. Нортиванни қабул қилишни бошлашингиздан олдин Сиз нималарни билишингиз керак.

Нортиванни қуйидаги ҳолатларда қабул қилманг:

  • Агар Сизда валсартан ёки ушбу препарат таркибига кирувчи бошқа ёрдамчи моддаларга аллергия бўлса (рўйхати 6-бўлимда келтирилган).
  • Агар Сизда оғир жигар касаллиги бўлса.
  • Агар Сиз ҳомиладор бўлсангиз ва ҳомиладорлик даври 3 ойдан ошган бўлса (шунингдек, ҳомиладорликнинг эрта муддатларида Нортиван® препарати билан даволанишдан сақланиш мақсадга мувофиқ, “Ҳомиладорлик ва лактация даврида қўлланилиши” бўлимига қаранг).  
  • Агар Сизда қандли диабет касаллиги ёки буйраклар фаолиятини бузилиши бўлса ва юқори артериал босимни пасайтириш учун таркибида алискирен сақловчи препаратларни қабул қилаётган бўлсангиз.

 

Агар юқорида қайд этилганлардан биронтаси Сизга тааллуқли бўлса, Нортиванни қабул қилманг.

 

Огоҳлантиришлар ва эҳтиёткорлик чоралари

Нортиванни қабул қилишни бошлашингиздан олдин қуйидаги ҳолатларда даволовчи шифокор билан маслаҳатлашинг:

  • Агар сизда жигар касаллиги бўлса.
  • Агар сизда оғир буйрак касаллиги бўлса ёки сизга гемодиализ ўтказилаётган бўлса.
  • Агар сизда буйрак артериялари торайиши мавжуд бўлса.
  • Агар сиз яқинда буйрак трансплантацияси (буйрак кўчириб ўтказилиши)ни ўтказган бўлсангиз.
  • Агар сиз миокард инфарктидан сўнг ёки юрак етишмовчилиги сабабли даволанаётган бўлсангиз, даволовчи шифокорингиз Сизга буйрак фаолиятини текширилишини буюриши мумкин.
  • Агар сизда миокард инфаркти ёки юрак етишмовчилигидан ташқари бошқа оғир юрак касалликлари бўлса.
  • Агар сизда қачондир бошқа препарат (шу жумладан, ААФ ингибиторлари)ни қабул қилиш вақтида аллергик реакция туфайли ангионевротик шиш деб номланадиган тил ва юз шиши рўй берган бўлса, бу тўғрисида даволовчи шифокорга хабар беринг. Агар ушбу симптомлар Нортиван® препарати билан даволаниш жараёнида юзага келган бўлса, Нортиван®ни қабул қилишни зудлик билан тўхтатинг ва уни бошқа ҳеч қачон қабул қилманг. Шунингдек, “Бўлиши мумкин бўлган ножўя самаралари” 4-бўлимига қаранг.
  • Агар сиз қонда калий концентрациясини оширувчи препаратларни қабул қилаётган бўлсангиз. Ушбу препаратлар озуқавий қўшимчаларни ёки таркибида калий сақловчи ош тузи ўрнини босувчи моддаларни, калий тежовчи препаратлар ва гепаринни ўз ичига олади. Эҳтимол, сизга қонда калий концентрациясини мунтазам текширтириб туриш керак бўлади.      
  • Агар сиз 18 ёшдан кичик ёшда бўлсангиз ва Нортиван®ни ренин-ангиотензин-альдостерон тизимини сусайтирувчи бошқа дори препаратлари (артериал босимни пасайтирувчи препаратлар) билан мажмуадада қабул қилаётган бўлсангиз, даволовчи шифокорингиз сизга буйрак фаолиятини ва қонда калий таркибини мунтазам текширувларини буюриши мумкин.   
  • Агар сизда альдостеронизм бўлса. Ушбу касалликда буйрак усти безлари ҳаддан ташқари кўп альдостерон гормонини ишлаб чиқаради. Агар сизда ушбу касаллик бўлса, Нортиван препарати билан даволаниш тавсия қилинмайди.
  • Агар сизда диарея, қусиш ёки сийдик ҳайдовчи препаратлар (диуретиклар)нинг юқори дозалари туфайли юзага келган сувсизланиш (дегидратация) бўлса.  
  • Агар сиз артериал босимни пасайтириш учун қуйидаги дори препаратларидан биронтасини қабул қилаётган бўлсангиз:

– ААФ ингибитори (масалан, эналаприл, лизиноприл, рамиприл), айниқса, агар сизда қандли диабетнинг буйрак томонидан асоратлари мавжуд бўлса.

– алискирен.

  • Агар сиз юрак етишмовчилигини даволаш учун ААФ ингибиторини минералокортикоид рецепторлар антагонистлари (МРА) (масалан, спиронолактон, эплеренон) ёки бета-блокаторлар (масалан, метопролол) каби бошқа муайян препаратлар билан бирга қабул қилишни бошлаган бўлсангиз.

Сизни даволовчи шифокор буйраклар фаолиятини, артериал босимни, шунингдек қонда калий каби электролитлар таркибини мунтазам равишда текшириб туриши керак.

 

Шунингдек, “Нортиван®ни қабул қилманг” бўлимидаги маълумотларга қаранг.

 

Агар Сиз ҳомиладорлигингизни (ёки ҳомиладор бўлишингиз мумкинлигини) тахмин қилсангиз, даволовчи шифокорингизга хабар беришингиз керак. Эрта ҳомиладорлик муддатларида Нортиванни қабул қилиш тавсия этилмайди; ҳомиладорликнинг 3 ойидан кечроқ муддатда Нортиван® препаратини қабул қилиш мумкин эмас, чунки ҳомиладорликнинг ушбу муддатида у ҳомилага жиддий шикаст етказиши мумкин (“Ҳомиладорлик ва лактация даврида қўлланилиши” бўлимига қаранг).

 

Нортиван ва бошқа дори препаратлари

Агар сиз ҳар қандай бошқа дори препаратларини қабул қилаётган, яқинда қабул қилган бўлсангиз ёки қабул қилишингиз мумкин бўлса, даволовчи шифокорингизга хабар беринг.

Нортиван препаратини айрим бошқа дори препаратлари билан бир вақтда қабул қилиш даволаш самарадорлигига таъсир кўрсатиши мумкин. Даволовчи шифокорингизда дозани ўзгартириши ва/ёки бошқа эҳтиёткорлик чораларини кўриши зарурати пайдо бўлиши мумкин. Айрим ҳолатларда, даволовчи шифокорингиз дори препаратларидан бирини қабул қилишни тўхтатишни маслаҳат бериши мумкин. Бу ҳам рецепт бўйича, ҳам рецептсиз бериладиган препаратларга тегишли, айниқса:

  • артериал босимни пасайтирувчи бошқа препаратларга, айниқса, сийдик ҳайдовчи препаратлар (диуретиклар), ААФ ингибиторлари (эналаприл, лизиноприл каби) ёки алискиренга (шунингдек, “Нортиван®ни қабул қилманг” ва “Огоҳлантиришлар ва эҳтиёткорлик чоралари” бўлимларидаги маълумотларга қаранг);
  • қонда калий концентрациясини оширадиган препаратларга. Ушбу препаратлар озуқавий қўшимчаларни ёки таркибида калий сақловчи ош тузи ўрнини босувчи моддаларни, калий тежовчи препаратлар ва гепаринни ўз ичига олади;
  • ностероид яллиғланишга қарши препаратлар (НЯҚП) деб номлувчи муайян оғриқсизлантирувчи препаратлар турига;
  • айрим антибиотикларга (рифампицин гуруҳи), трансплататнинг кўчиб кетмаслигини олдини олиш учун препаратлар (циклоспорин)га, ОИВ/ОИТСни даволаш учун қабул қилинадиган антиретровирус препаратлари (ритонавир)га. Ушбу препаратлар Нортиван препаратининг таъсир кўрсатувчи самарасини пасайтириши мумкин;
  • психиатрияда айрим касалликларни даволаш учун қўлланиладиган литий дори препаратига тааллуқлидир.

 

Бундан ташқари:

 

  • Агар сиз ўтказилган миокард инфарктидан сўнг даволанаётган бўлсангиз, ААФ ингибиторлари (миокард инфарктини даволаш учун препаратлар) билан мажмуавий даволаниш тавсия қилинмайди.
  • Агар сиз юрак етишмовчилиги юзасидан даволанаётган бўлсангиз, ААФ ингибиторлари ва бета-блокаторлар (юрак фаолияти етишмовчилигини даволаш учун препаратлар) билан уч карра мажмуа тавсия қилинмайди.

 

Нортиван® препаратини овқат ва ичимликлар билан қабул қилиш

Сиз Нортиванни овқат истеъмол қилишдан қатъий назар қабул қилишингиз мумкин.

 

Ҳомиладорлик ва лактация даврида қўлланилиши 

  • Агар сиз ҳомиладорлигингизни (ёки ҳомиладор бўлишингиз мумкинлигини) тахмин қилсангиз, даволовчи шифокорингизга хабар беришингиз керак. Одатда, сизни даволовчи шифокор сизга ҳомиладорлик бошлангунга қадар ёки ҳомиладорлигингиз сизга маълум бўлган заҳоти Нортиван®ни қабул қилиш тўхтатилишини тавсия қилади ва сизга Нортиван® препарати ўрнига бошқа препарат буюрилади. Эрта ҳомиладорлик муддатларида Нортиван®ни қабул қилиш тавсия этилмайди; ҳомиладорликнинг 3 ойидан кечроқ муддатда Нортиван® препаратини қабул қилиш мумкин эмас, чунки ҳомиладорликнинг ушбу муддатида мазкур препарат ҳомилага жиддий шикаст етказиши мумкин.
  • Агар сиз чақалоқни эмизаётган бўлсангиз ёки эмизишни бошлашни режалаштираётган бўлсангиз, даволовчи шифокорингизга хабар беринг. Эмизикли оналарга Нортиван®ни қабул қилиш тавсия этилмайди ва агар сиз эмизишни бошлашни режалаштираётган бўлсангиз, айниқса, чақалоғингиз бўлса ёки чақалоқ муддатидан олдин туғилган бўлса, даволовчи шифокорингиз сизга бошқа муолажани буюради.

 

Транспорт воситаларини ва механизмларини бошқариш

 

Автомобилни бошқаришдан ёки механизмлар билан ишлашдан ёки диққатни жамлашни талаб қиладиган бошқа фаолият билан шуғулланишдан олдин Нортиван сизга қандай таъсир кўрсатишини билишингизга ишонч ҳосил қилинг. Артериал босимни пасайтириш учун буюриладиган бошқа кўплаб дори препаратлари каби Нортиван® ҳам кам ҳолатларда бош айланишини юзага келтириши ва диққатни жамлаш қобилиятига таъсир кўрсатиши мумкин.

 

  1.  Нортиван® қандай қабул қилинади

 

Энг яхши натижага эришиш ва ножўя самаралар ривожланиши хавфини пасайтириш мақсадида ҳар доим Нортиван®ни даволовчи шифокорингиз тавсияларига қатъий риоя этган ҳолда қабул қилинг. Агар Сизда бирон-бир шубҳа-гумон бўлса, даволовчи шифокорингиз ёки фармацевт билан маслаҳатлашинг. Юқори артериал босимга эга одамлар кўпинча ушбу муаммони сезмайдилар. Улардан кўпчилиги ўзини яхши хис қилади. Шу туфайли ўзингизни яхши ҳис қилаётган бўлсангиз ҳам, мунтазам равишда даволовчи шифокор қабулида бўлиш жуда муҳим.

 

Юқори артериал босимга эга катта ёшдаги беморлар:

 

Тавсия қилинган доза суткада 80 мг ни ташкил қилади. Айрим ҳолатларда, даволовчи шифокор препаратнинг янада юқорироқ дозаларини буюриши мумкин (масалан, суткада 160 мг ёки 320 мг). Шунингдек, у Нортиван® препаратининг бошқа дори препарати (масалан, диуретик) билан мажмуавий даволашни буюриши мумкин.

 

Юқори артериал босимга эга болалар ва ўсмирлар (6 ёшдан 18 ёшгача):

 

35 кг гача тана вазнига эга болаларни даволаш учун тавсия қилинадиган валсартан дозаси суткада 1 марта 40 мг ни ташкил қилади. 35 кг ва ундан кўпроқ тана вазнига эга пациентларга тавсия қилинадиган валсартаннинг дастлабки дозаси суткада 1 марта 80 мг ни ташкил қилади. Айрим ҳолатларда, даволовчи шифокор препаратнинг янада юқорироқ дозаларини буюриши мумкин (суткалик доза 160 мг гача ва максимум 320 мг гача оширилиши мумкин).

  

Яқинда миокард инфарктини ўтказган катта ёшдаги беморлар:

 

Ўтказилган миокард инфарктидан сўнг даволаниш, одатда, 12 соатдан кейин, белгиланган қоидага мувофиқ, суткада 2 марта 20 мг дан иборат паст доза билан бошланади. Даволовчи шифокор аста-секин, бир неча ҳафта давомида, ушбу дозани максимум суткасига 2 марта 160 мг гача дозага оширади. Максимал суткалик доза пациентнинг даволанишни шахсий ўзлаштираолишига боғлиқ.

Миокард инфарктини даволаш учун Нортиван бошқа дори препарати билан мажмуада қўлланилиши мумкин ва даволовчи шифокорингиз Сизга қандай даволаниш мос келиши тўғрисида қарор қабул қилади.

 

Юрак етишмовчилигига эга катта ёшдаги беморлар:

 

Дастлабки доза, одатда, суткада 2 марта 40 мг.ни ташкил қилади. Даволовчи шифокор аста-секин, бир неча ҳафта давомида, ушбу дозани максимум суткасига 2 марта 160 мг гача дозага оширади. Максимал суткалик доза пациентнинг даволанишга алоҳида чидамлигига боғлиқ. Юрак етишмовчилигини даволаш учун Нортиван бошқа дори препаратлари билан мажмуадада қўлланилиши мумкин ва даволовчи шифокорингиз сизга қандай даволаниш мос келиши тўғрисида қарор қабул қилади.

 

Сиз Нортиван®ни овқат истеъмол қилишдан қатъий назар қабул қилишингиз мумкин. Препаратни сув билан қабул қилиш керак. Нортиван®ни ҳар куни бир вақтда қабул қилинг.

 

Агар Сиз Нортиван® препаратини керагидан ортиқ қабул қилган бўлсангиз

 

Агар Сизда кучли бош айланиш ва/ёки ҳушдан кетиш ҳолати мавжуд бўлса, бироз ёнбошлаб ётинг. Агар Сиз тасодифан ҳаддан ташқари кўп таблетка қабул қилиб юборсангиз, даволовчи шифокор, фармацевт билан боғланинг ёки шифохонага қўнғироқ қилинг.

 

Агар Сиз Нортиван®ни қабул қилишни ёддан чиқарган бўлсангиз

 

Ўтказиб юборилган доза ўрнини тўлдириш мақсадида препаратнинг дозасини икки марта қабул қилманг. Агар Сиз препаратни қабул қилишни унутган бўлсангиз, бу ёдингизга тушиши билан уни қабул қилинг. Бироқ агар бу вақт бўйича навбатдаги дозани қабул қилиш вақти билан тўғри келиб қолса, унутилган дозани ўтказиб юборинг.

Ўтказиб юборилган доза ўрнини тўлдириш мақсадида дозани икки марта ошириб қабул қилманг.

 

Агар Сиз Нортиван®ни қабул қилишни тўхтатиб қўйган бўлсангиз

 

Нортиван препарати билан даволанишни бекор қилиш касаллик кечишининг ёмонлашишига олиб келиши мумкин. Даволовчи шифокор Сизга препарат билан даволанишни бекор қилишни тавсия этмагунга қадар Нортиван® препаратини қабул қилишни тўхтатманг.

 

Агар Сизда мазкур препарат қўлланилиши бўйича саволлар қолган бўлса, даволовчи шифокор ёки фармацевт билан маслаҳатлашинг.

 

  1.  Бўлиши мумкин бўлган ножўя самаралари

 

Барча дори препаратлари каби Нортиван® ҳам, ҳаммада ҳам кузатилмасада, ножўя самараларни чақириши мумкин.

 

Жиддий бўлиш эҳтимолига эга ва шошилинч тиббий ёрдамни талаб қиладиган айрим симптомлар:

 

Сизда ангионевротик шиш симптомлари (ўзига хос аллергик реакция) юзага келиши мумкин, масалан:

  • Юз, тил ёки халқум шиши;
  • Нафас олиш ёки ютишни қийинлашиши;
  • Аллергик тошма, қичишиш.

 

Агар юқорида қайд этилган симптомлардан биронтаси Сизда пайдо бўлса, Нортиван препаратини қабул қилишни тўхтатинг ва зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг (шунингдек, “Огоҳлантиришлар ва эҳтиёткорлик чоралари” бўлимига қаранг).

 

Бошқа ножўя самаралари қуйидагиларни ўз ичига олади:

Тез-тез (10 пациентдан 1 нафарида кузатилиши мумкин):

 

  • Бош айланиши;
  • Тана вертикал ҳолатни қабул қилган вақтда, бош айланиши ва ҳушдан кетиш ҳолатлари каби симптомлар билан бирга кечувчи ёки бирга кечмайдиган паст артериал босим;
  • Буйрак фаолиятини ёмонлашиши (буйрак фаолиятини бузилиши симптомлари).

 

Тез-тез эмас (100 пациентдан 1 нафарида кузатилиши мумкин):

 

  • Терида пуфакчалар пайдо бўлиши (буллёз дерматит симптоми);
  • Ангионевротик шиш (“Шошилинч тиббий ёрдамни талаб қиладиган айрим симптомлар” бўлимига қаранг);
  • Тўсатдан ҳушдан кетиш (беҳушлик);
  • Айланиш ҳисси (вертиго);
  • Буйрак фаолиятини оғир бузилиши (буйрак етишмовчилиги симптомлари);
  •  Мушак спазмлари, юрак ритмини бузилиши (гиперкалиемия белгилари);
  • Нафас сиқилиши, ётган ҳолатда нафас олиш қийинлашиши, оёқлар ва тўпиқлар шиши (юрак етишмовчилиги симптомлари); 
  • Бош оғриғи;
  • Йўтал;
  • Қориндаги оғриқ;
  • Кўнгил айниши;
  • Диарея;
  • Толиқиш;
  • Ҳолсизлик.

 

Тез-тезлиги номаълум (мавжуд маълумотлар асосида тез-тезлигини баҳолаш мумкин эмас)

 

  • Тошма, қичима ва эшакеми касаллиги билан бирга кечувчи аллергик реакциялар; тана ҳароратини ошиши, бўғимларда шиш ва оғриқ, мушак оғриқлари, лимфатик тугунлар шиши каби симптомлар ва/ёки шамоллаш симптомлари (зардоб реакциялари симптомлари) пайдо бўлиши мумкин;
  • Бинафша-қизил рангли доғлар, тана ҳароратини ошиши, қичишиш (қон томирлари яллиғланиши симптомлари, шунингдек васкулит деб номланади); 
  • Одатдаги бўлмаган қон қуйилиши ёки кўкаришлар (тромбоцитопения симптомлари);
  • Мушак оғриқлари (миалгия);
  • Тана ҳароратини ошиши, томоқдаги оғриқ ёки инфекциялар туфайли оғиз бўшлиғидаги яралар (қонда лейкоцитлар сонини пастлиги симптомлари, шунингдек нейтропения деб номланади);
  •  Қонда гемоглобин даражасини пасайиши ва эритроцитларнинг фоиз таркиби камайиши (бу оғир ҳолатларда камқонликка олиб келиши мумкин);
  • Қонда калий таркибини ошиши (бу мушак тиришишлари ва оғир ҳолатларда юрак ритмини бузилишига олиб келиши мумкин);
  •  Жигарнинг функционал тестлари кўрсаткичларни ошиши (бу жигар шикастланганлигини кўрсатиши мумкин), шу жумладан қонда билирубин концентрацияси ошиши (бу оғир ҳолатларда тери ва кўз оқларининг сариқ тус олишига сабаб бўлиши мумкин);
  • Қон мочевина азоти ва қон зардобидаги креатинин кўрсаткичларининг ошиши (бу буйраклар фаолияти бузилганлигини кўрсатиши мумкин);
  • Қонда натрий даражасини пастлиги (бу толиқиш, онгни чалкашиши, мушаклар тиришиши ва/ёки оғир ҳолатларда тиришиш  хуружлари билан бирга кечиши мумкин). 

 

Айрим нохуш ҳолатлар тез-тезлиги Сизнинг ҳолатингизга (аҳволингизга) қараб ўзгариб туриши мумкин. Масалан, бош айланиши ва буйраклар фаолияти бузилиши каби ножўя самаралар юрак фаолияти етишмовчилиги касаллигига эга ёки яқинда ўтказилган миокард инфарктидан сўнг даволанаётган катта ёшдаги беморларга нисбатан артериал босимни назорат қилиш учун препарат буюриладиган катта ёшдаги беморларда камроқ кузатилади.

Болалар ва ўсмирлардаги ножўя самаралар катта ёшдаги беморларники билан ўхшаш.

 

Ножўя самаралари тўғрисида хабар бериш

Агар Сизда бирон-бир ножўя самаралар пайдо бўлса, улар тўғрисида даволовчи шифокорга хабар беринг. Ушбу препарат воситасини қўлланилиши бўйича йўриқномада қайд қилинмаган нохуш кўринишларга ҳам тааллуқли.

 

  1.  Сақлаш шароити ва яроқлилик муддати

30 °С дан юқори бўлмаган ҳароратда, намлик таъсиридан ҳимоялаш учун оригинал ўрамида сақлансин.

Болалар ололмайдиган жойда сақлансин.

 

Яроқлилик муддати 

3 йил. 

Ўрамда кўрсатилган яроқлилик муддати тугагандан сўнг ишлатилмасин.

 

Дорихоналарда бериш тартиби

Рецепт бўйича.

 

  1.  Ўрам ва бошқа маълумотлар

 

Таркиби  

Ҳар бир таблетка қуйидагиларни сақлайди

Таъсир этувчи модда:

Плёнка қобиқ билан қопланган таблеткалар, 80 мг: Валсартан – 80 мг.

Плёнка қобиқ билан қопланган таблеткалар, 160 мг: Валсартан – 160 мг.

Ёрдамчи моддалар:

Ядро: микрокристалл целлюлоза, кросповидон, сувсиз коллоид кремний диоксиди, магний стеарати.

Плёнка қобиғи: Опадрай PINK 03В34654 (гипромеллоза 6 сP, титан диоксиди (Е171), макрогол 400, тальк, темир (II) оксиди (Е172), темир (III) оксиди (Е172)).

 

Препарат таърифи

 

Нортиван®, плёнка қобиқ билан қопланган таблеткалар, 80 мг

Икки ёқлама қавариқ, пушти рангли; бир томонида “С 74” гравировкали ва иккинчи томонида бўлиш учун рискали, узунлиги тахминан 15 мм, кенглиги тахминан 6 мм ўлчамдаги плёнка қобиқ билан қопланган таблеткалар.

Нортиван®, плёнка қобиқ билан қопланган таблеткалар, 160 мг

Икки ёқлама қавариқ, пушти рангли; бир томонида “С 75” гравировкали ва иккинчи томонида бўлиш учун рискали, узунлиги тахминан 18 мм, кенглиги тахминан 8 мм ўлчамдаги плёнка қобиқ билан қопланган таблеткалар.

 

Ўрам 

10 таблетка алюмин фольгали блистерда.

3 блистер қўллаш бўйича йўриқнома билан бирга картон қутида.

Улашиш:
6 yillik Koreya qizil jenshen 365