Skip to main content

Неварон

Улашиш:
  Reading time 7 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

НЕВАРОН

NEVARON

Препаратнинг савдо номи: Неварон

Таъсир этувчи моддалар (ХПН): тиамин гидрохлориди (В1 витамини), пиридоксин гидрохлориди (В6 витамини), цианокобаламин (В12 витамини).

Дори шакли: мушак ичига инъекция учун эритма.

Таркиби:

препаратнинг ҳар бир ампуласи (2 мл) куйидагиларни сақлайди:

фаол моддалар: тиамин гидрохлориди (В1 витамини) – 150 мг; пиридоксин гидрохлориди (В6 витамини) – 100 мг; цианокобаламин (В12 витамини) – 1 мг;

ёрдамчи моддалар: бензил спирти, натрий эдетати, рН 3,5-4,5 гача бўлган натрий гидроксидининг 1 М эритмаси, инъекция учун сув 2 мл гача.

Таърифи: қизил рангли тиниқ эритма.

Фармакотерапевтик гуруҳи: Витаминлар.

АТХ коди: A11DB

Фармакологик хусусиятлари

Неварон мажмуавий препаратдир. Неварон препаратининг фармакологик хусусиятлари унинг таркибига кирувчи учта В гуруҳ витаминларининг биологик самарасига боғлиқ. В гуруҳ витаминлари оқсил, ёғ ва углевод алмашинувини бошқарувчи тизимлар компоненти ҳисобланади. Ҳар бир витамин маълум бир биологик аҳамиятга эга. Уларнинг мувозанатли миқдорда организмга кириши метаболик жараёнларнинг кечиши учун муҳим.

6-yillik-qizil-jenshen

Одам организмидаги тиамин гидрохлориди (В1 витамини) фосфорланиш жараёнлари натижасида кўпгина ферментатив реакцияларнииг коферменти ҳисобланган кокарбоксилазага айланади. Тиамин организмдаги оқсил, ёғ ва углевод алмашинувида муҳим ўринни эгаллайди. Нерв тизими, юрак, мушаклар тўқималаридаги ва қоннинг шаклли элементларидаги барча метаболик жараёнларда, синапслардаги нерв импульси ўтказилиши жараёнларида иштирок этади.

Пиридоксин гидрохлориди (В6 витамини) марказий ва периферик нерв тизимининг нормал фаолиятини ушлаб туриш учун зарур. Пиридоксин организм томонидан тўйинмаган ёғ кислоталарининг ўзлаштирилишини яхшилайди, нерв тизими, жигар, қон яратилиш фаолиятларга ижобий таъсир кўрсатади. Фосфорланган шаклда аминокислоталар метаболизмида (декарбоксилланиш, трансаминланиш ва бошқалар) кофермент ҳисобланади. Пиридоксин нерв-мушак ўтказувчанлигини, мушаклар қисқарувчанлигини нормаллаштиради, тиришишлар ривожланишига тўсқинлик қилувчи олтингугурт сақловчи аминокислоталар – тауриннинг (метионин ва цистеиндан иборат) синтезига ёрдам беради. Нейромедиаторлар: допамин, норадреналин, адреналин, серотонин, гистамин ва GABA биосинтезида иштирок этади. Липидлар алмашинувини нормаллашишига ёрдам беради.

Цианокобаламин (В12 витамини) нормал қон яратилиши ва эритроцитларни етилиши учун зарур. У шунингдек, бир қатор биокимёвий реакцияларда иштирок этади, организмдаги метил гуруҳи ташилишида, нуклеин кислоталар, оқсиллар синтези, аминокислоталар, углевод, липидлар алмашинуви фаолиятини таъминлайди. Цианокобаламин нерв тизимидаги метаболик жараёнларга (РНК, ДНК, миелиннинг синтезига, цереброзидлар ва фосфолипидларнинг липид таркибига) таъсир кўрсатади. Цианокобаламин унинг периферик қисмининг зарарланишлари билан боғлик бўлган оғриқларни камайтиради. Цианокобаламин, метилкобаламин ва аденозилкобаламиннинг кофермент шакллари ҳужайралар ўсиши ва репликацияси учун зарурдир. Қондаги холестерин концентрациясини камайтиради. Жигар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Тўқималарнинг регенерация қобилиятини оширади.

Фармакокинетикаси

В1 витамини. Мушак ичига инъекциядан сўнг қонга тез ўтади. Жигарда фосфорланишга учрайди. Жигар, юрак, бош мия, буйраклар, талоқда тўпланади, бироқ уларнинг организмдаги заҳиралари кам. Йўлдош тўсиғидан ўтади ва кўкрак сутида аниқланади. Ичак ва буйраклар орқали чиқарилади.

В6 витамини. Жигарда фармакологик фаол метаболитлар (пиридоксалфосфат ва пиридоксаминофосфат) ҳосил бўлиши билан метаболизмга учрайди. Пиридоксалфосфат плазма оқсиллари билан 90% боғланади. Барча тўқималарга яхши ўтади; асосан жигарда, камроқ эса мушаклар ва МНТ да тўпланади. Йўлдош орқали ўтади, кўкрак сути билан ажралади. Т½ – 15-20 кунни ташкил этади. Буйраклар орқали, шунингдек гемодиализ жараёнида чиқарилади.

В12 витамини. Мушак ичига юборилгандан кейин плазмадаги чўққи концентрациясига      60 минутдан сўнг эришилади. Қонда, уни тўқималарга ташувчи махсус оқсиллар – транскобаламинлар билан боғланади. Асосан жигарда тўпланади. Буйраклар фаолияти нормал бўлганида 7–10% буйраклар орқали, тахминан 50% аҳлат массалари билан; буйраклар фаолияти пасайганида 0-7% буйраклар орқали, 70-100% аҳлат массалари билан чиқарилади. Йўлдош тўсиғидан ўтади ва кўкрак сутида аниқланади.

Қўлланилиши

Турли генезли нерв тизимининг касалликларини симптоматик даволаш:

  • невритлар, невралгия, миалгия, ишиалгия, периферик парезлар ва фалажлар, ретробульбар неврит, юз нервининг парезлари, люмбаго, плекситлар, ковурғалараро невралгия, уч шохли нерв невралгияси, ён амиотрофик склероз, тарқалган склероз, болалар церебрал фалажи, марказий ва периферик нерв тизимининг шикастланиши;
  • В1, В6, В12 гипо- ва авитаминозлари;
  • диабетик полинейропатия;
  • В1, В6, В12 витаминларининг танқислиги билан боғлиқ тизимли касалликлар;
  • Бирмер касаллиги (пернициоз анемия);
  • Бери-Бери касаллиги (қуруқ ва нам);
  • герпетик шикастланишлар (ўраб олувчи темиратки ва бошқалар);
  • энцефалопатиялар (диабетик, алкогол ва бошқалар);
  • бўғим касалликлари: артрит, остеоартроз, остеохондроз, ревматизм, ревматоид артрит;
  • витаминлар метаболизмини кучайтирувчи (антибиотиклар, изониазид қатори туберкулёзга қарши препаратлар, тутқаноққа қарши препаратлар ва бошқалар) препаратлар билан даволашда чақирилган, тегишли витаминларнинг танқислиги;
  • чегараловчи парҳезларга риоя қилганда, озиқланиш дисбалансида, иситмада, сурункали касалликларда, жадал жисмоний юкламаларда ва кучли толиқишда, операциядан кейинги витаминлар танқислигида;
  • атеросклероз, юрак ишемик касаллиги, гепатит, холецистит, қандли диабетни мажмуавий даволаш таркибида;
  • офтальмологияда (катаракта, кўз қорачиғи яраси, ирит, кератит, гемералопия, конъюнктивит) қўлланади.

Қўллаш усули ва дозалари

Неварон препаратини қўллаш давомийлиги ва дозалаш тартиби шифокор томонидан белгиланади. Неваронни 1 ампуладан мушак ичига суткада 1 марта парентерал юборилади. Инъекция учун эритма мушак ичига чуқур юборилади. Айрим ҳолатларда Неваронни         2-3 кунда 1 инъекциядан буюрилади. Даволаш курси бемор ҳолатига қараб ўзгаради.

Ножўя таъсирлари

Алоҳида ҳолатларда – ўта юқори сезувчанлик реакциялари (тери тошмаси, нафас бузилишлари, Квинке шиши). Бош айланиши, кўнгил айниши, аритмиялар, тиришишлар кўринишидаги тизимли реакциялар, жуда тез парентерал юборилганда ёки дозаси ошириб юборилган ҳолатларда ривожланиши мумкин.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

Препарат компонентларига юқори сезувчанлик. Ҳомиладорлик ва лактация даври. Сурункали юрак етишмовчилигининг оғир ва ўткир шакллари. 10 ёшгача бўлган болаларда қўллаш мумкин эмас.

Дориларнинг ўзаро таъсири

Неваронни левадопа қабул қилаётган беморларга буюриш мумкин эмас, чунки В6 витамини паркинсонизмни даволаш учун препаратнинг таъсирини сусайтиради. Пиридоксин шунингдек, қондаги тиришишга қарши препаратларнинг (фенитоин, фенобарбитал ва бошқалар) концентрациясини пасайтириши мумкин. Алкоголни истеъмол қилиш, контрацептив воситалар, сийдик ҳайдовчи препаратларни қўллаш тиаминнинг даражасини пасайтириши мумкин. Магний сақловчи препаратларни кўшимча қабул қилиш мақсадга мувофик, чунки магний тиаминни унинг фаол шаклига айланиши учун зарурдир. Алкогол, азот оксиди, умумий анестетиклар, тутқаноққа қарши воситалар қондаги В12 витаминининг даражасини пасайтириши мумкин. Цианокобаламин oғиp металл тузлари билан номутаносиб.

Махсус кўрсатмалар

Неваронни орқа миянинг нимўткир дегенерациясининг яширин симптомлари пайдо бўлиши мумкинлиги туфайли, ташҳисни аниқламасдан буюриш мумкин эмас. Юрак етишмовчилиги бўлган беморларга Неварон бемор холатига қараб шахсий равишда буюрилади.

Ҳомиладорлик ва эмизиш даврига қўлланиши.

Неваронни ҳомиладорлик ва эмизиш даврида қўллаш мумкин эмас.

Автотранспортни ва бошқа механизмларни бошқариш қобилиятига таъсири.

Препарат пациентнинг психофизик ҳолатини ўзгартиришини чақирмайди, автотранспортни бошқариш ва механизмлар билан ишлаш қобилиятига таъсир кўрсатмайди.

Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин.

Дозанинг ошириб юборилиши

В гуруҳи витаминларини қўлланганда дозани ошириб юборилиши жуда кам кузатилади, чунки улар сувда эрувчан ва уларнинг ортиқча миқдори сийдик билан чиқарилади. Симптомлари: ножўя таъсирлари кучайиши мумкин (дозасини камайтириш ёки препаратни бекор қилиш керак).

Даволаш: симптоматик.

Чиқарилиш шакли

Мушак ичига инъекция учун эритма, 2 мл дан ампулаларда. Ўрамда 3 ёки 5 ампуладан ўрамда.

Сақлаш шароити

Қуруқ, ёруғликдан ҳимояланган жойда, 25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.

 

Яроқлилик муддати

2 йил.

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецепт бўйича.

Улашиш:
6 yillik Koreya qizil jenshen 365