Skip to main content

Метростат

Улашиш:
  Reading time 10 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

МЕТРОСТАТ

METROSTAT

Препаратнинг савдо номи:  Метростат

Таъсир этувчи модда (ХПН): Метронидазол

Дори шакли: Инфузия учун эритма.

Таркиби:

100 мл эритма қуйидагиларни сақлайди:

фаол модда: Метронидазол – 500мг

ёрдамчи моддалар: натрий хлориди, инъекция учун сув.

Фармакотерапевтик гуруҳи: Протозойларга қарши воситалар.

Фармакологик хусусиятлари

Протозойларга қарши ва микробларга қарши препарат, 5-нитроимидазол ҳосиласи. Таъсир механизми анаэроб микроорганизмлар ва соода ҳайвонларнинг ҳужайра ички транспорт оқсилларининг 5-нитрогуруҳини биокимёвий тикланишига боғлиқ. Тикланган 5-нитрогуруҳи микроорганизмлар ҳужайрасининг ДНК си билан ўзаро таъсир қилиб, уларнинг нуклеин кислоталари синтезини ингибирлайди, бу бактериянинг нобуд бўлишига олиб келади. Trichomonas vaginalis, Entamoeba histolytica, Gardnerella vaginalis, Giаrdia intestinalis, Lamblia spp., шунингдек облигат анаэроблар Bacteroides spp. (шу жумладан, Bacteroides fragilis, Bacteroides distasonis, Bacteroides ovatus, Bacteroides thetaiotaomicron, Bacteroides vulgatus), Fusobacterium spp., Veillonela spp., Prevotella (P.bivia, P.buccae, P.disiens), ва айрим граммусбат микроорганизмларга (Eubacterium spp., Clostridium spp., Peptococcus spp., Peptostreptococcus spp.) нисбатан фаол. Ушбу штаммлар учун МБК 0,125-6,25 мкг/мл ни ташкил қилади.

Амоксициллин билан бирга Helicobacter pylori га нисбатан (амоксициллин метронидазолга чидамлилик ривожланишини бостиради) фаоллик намоён қилади.

Метронидазолга аэроб микроорганизмлар ва факультатив анаэроблар сезгир эмас, аммо аралаш флора борлигида (аэроблар ва анаэроблар) метронидазол антибиотиклар билан оддий аэробларга қарши самарали синергик таъсир қилади.

6-yillik-qizil-jenshen

Ўсмаларни нурланишга сезгирлигини оширади, алкоголга сенсибилизация (дисульфирамсимон таъсир) чақиради, репаратив жараёнларни рағбатлантиради.

 

Фармакокинетикаси

Организмнинг кўпчилик тўқима ва суюқликларида, шу жумладан ўпка, буйрак, жигар, тери, орқа мия суюқлиги, мия, сафро, сўлак, амниотик суюқлик, абсцесслар бўшлиғи, қин секрети, уруғ суюқлиги, кўкрак сутида бактерицид концентрацияларга эришади. Гемато-энцефалик ва йўлдош тўсиғидан ўтади. Тақсимланиш ҳажми: (Vα):  катталарда – тахминан 0,55 л/кг; янги туғилган чақалоқларда – 0,54 – 0,81 л/кг ни ташкил қилади. Плазма оқсиллари билан боғланиши – 10-20% ни ташкил қилади.

Қондаги максимал концентрацияга (Смах) 30-60 минутдан кейин эришилади, терапевтик концентрацияси 6-8 соат давомида сақланади. Препаратнинг қондаги минимал концентрацияси (Сmin) кейинги юборишда – 18 мкг/мл. Нормал сафро ҳосил бўлишида метронидазолнинг сафродаги концентрацияси вена ичига (в/и) юборилганида, плазмадаги концентрациясидан анча юқори бўлиши мумкин.

Организмда метронидазолнинг тахминан 30-60% гидроксилланиш, оксидланиш ва глюкуронирланиш йўли билан метаболизмга учрайди. Асосий метаболити (2-окси метронидазол) ҳам протозойларга ва микробларга қарши таъсир кўрсатади.

Жигарнинг нормал фаолиятида ярим чиқарилиш даври (Т1/2) – 8 соат (6 дан 12 соатгача), жигарнинг алкоголли шикастланишида – 18 соат (10 дан 29 соатгача), янги туғилган чақалоқларда: ҳомиладорликнинг 28-30 ҳафталигида туғилган – тахминан 75 соат, 32-35 ҳафталигида мувофиқ – 35 соат, 36-40 ҳафталигида – 25 соат. Буйраклар орқали – 60-80%, (20% ўзгармаган ҳолда), ичаклар орқали – 6-15% чиқарилади.

Буйрак клиренси – минутига 10,2 мл. Буйрак фаолияти бузилиши бўлган беморларга қайта юборилганидан кейин метронидазолнинг қон зардобида тўпланиши кузатилиши мумкин (шунинг учун буйрак фаолиятининг оғир бузилишлари бўлган беморларда қабул қилиш сонини камайтириш керак). Метронидазол ва асосий метболитлари гемодиализда қондан тез чиқарилади (Т½ 2,6 соатгача қисқаради). Перитонеал диализда оз миқдорда чиқарилади.

Қўлланилиши

Протозой инфекциялари: ичакдан ташқари амёбиаз, шу жумладан жигарнинг амёбали абсцесси, ичак амёбиази (амёбали дизентерия), трихомониаз, гиардиазис, балантидиоз, лямблиоз, тери лейшманиози, трихомонад вагинит, трихомонад уретрит, Bacteroides spp. (шу жумладан, B.fragilis, B.distasonis, B.ovatus, B.thetaiotaomicron, B.vulgatus) чақирган инфекциялар: суяклар ва бўғимлар инфекциялари, марказий нерв тизими (МНТ) инфекциялари, шу жумладан, менингит, бош мия абсцесси, бактериал эндокардит, пневмония, ўпка эмпиемаси ва абсцесси.

Bacteroides турлари, шу жумладан B.fragilis гуруҳи, Сlostridium, Peptococcus ва Peptostreptococcus турлари чақирган инфекциялар: қорин бўшлиғининг инфекциялари (перитонит, жигар абсцесси), чаноқ аъзоларининг инфекциялари (эндометрит, эндомиометрит, фаллопий найлари ва тухумдонлар абсцесси, жарроҳлик операцияларидан кейинги қин равоғи инфекциялари), тери ва юмшоқ тўқималарининг инфекциялари, сепсис.

Сохтамембраноз колит (антибиотикларни қўллаш билан боғлиқ).

Helicobacter pylori билан боғлиқ бўлган гастрит ёки ўн икки бармоқ ичак яраси.

Операциядан кейинги асоратларни (айниқса чамбар ичак, тўғри ичак олди соҳасидаги аралашувлар, аппендэктомия, гинекологик операциялар) олдини олиш.

Ўсмалари бўлган беморларни нур билан даволаш (ўсманинг чидамлилиги ўсма ҳужайраларидаги гипоксия билан боғлиқ бўлган ҳолларда, радиосенсибилизацияловчи воситаси сифатида).

Алкоголизмда қўлланади.

 

Қўллаш усули ва дозалари

Катталар ва 12 ёшдан ошган болаларга бошланғич 0,5-1 г дозада в/и томчилаб (инфузиянинг давомийлиги 30-40 минут), сўнгра эса, ҳар 8 соатда 500 мг дан минутига 5 мл тезликда юборилади. Яхши ўзлаштирилганида биринчи 2-3 инфузиядан кейин оқим билан юборишга ўтилади. Даволаш курси – 7 кунни ташкил қилади. Зарурати бўлганида в/и га юбориш узоқроқ муддат давом эттирилади. Максимал суткалик доза – 4 г ни ташкил қилади. Кўрсатмалар бўйича ичга, 400 мг дозада суткада 3 марталик тутиб турувчи қабулга ўтиш амалга оширилади. 12 ёшгача бўлган болаларга худди шундай бир марталик 7,5 мг/кг дозадаги тартибда буюрилади.

Йирингли-септик касалликларда одатда 1 даволаш курси ўтказилади.

Олдини олиш мақсадида катталар ва 12 ёшдан ошган болаларга в/и га томчилаб операциядан олдин 0,5-1 г дан, операция куни ва кейинги кунлари суткада 1,5 г дан (500 мг дан ҳар 8 соатда) буюрилади. 1-2 кундан кейин ичга тутиб турувчи даволашга ўтилади. Сурункали буйрак етишмовчилиги (СБЕ) ва креатинин клиренси (КК) минутига 30 мл дан кам ва/ёки жигар етишмовчилиги бўлган беморларда максимал суткалик доза – 1 г дан кўп эмас, қабуллар сони – суткада 2 марта.

Радиосенсибилизацияловчи восита сифатида в/и га томчилаб 160 мг/кг ёки тана юзасининг 4-6 г/кв. м ҳисобидан нурлантиришни бошлашдан 0,5–1 соат олдин юборилади.

Нурлантиришнинг ҳар бир сеансидан олдин 1-2 ҳафта давомида қўлланади. Нур билан даволашнинг қолган даврида метронидазол қўлланмайди. Максимал бир марталик доза 10 г дан, курслик – 60 г дан ошмаслиги керак. Нурлантириш чақирган интоксикацияни бартараф қилиш учун глюкоза, гемодез ёки натрий хлоридининг изотоник эритмаларини томчилаб юбориш қўлланади.

Ножўя таъсирлари

Овқат-ҳазм қилиш тизими томонидан: диарея, анорексия, кўнгил айниши, қусиш, ичак санчиғи, қабзият, оғизда «металл» таъми, оғизни қуриши, глоссит, стоматит, панкреатит.

Нерв тизими томонидан: бош айланиши, ҳаракат координациясини бузилиши, атаксия, онгни чалкашиши, таъсирчанлик, депрессия, юқори қўзғалувчанлик, ҳолсизлик, уйқусизлик, бош оғриғи, тиришишлар, галлюцинациялар, периферик нейропатия.

Аллергик реакциялар: эшакеми, тери тошмаси, терини қизариши, бурунни битиши, иситма, артралгиялар.

Сийдик-жинсий тизими томонидан: дизурия, цистит, полиурия, сийдикни тутиб тураолмаслик, кандидоз, сийдикни қизил-жигарранг рангга бўялиши.

Маҳаллий реакциялар: тромбофлебит (оғриқ, инъекция жойида қизариш ва шиш).

Бошқалар: нейтропения, лейкопения, ЭКГ да Т тишини текисланиши.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

Ўта юқори сезувчанлик, лейкопения (шу жумладан, анамнездаги), МНТ органик шикастланишлари (шу жумладан, тутқаноқ), жигар етишмовчилиги, (юқори дозаларда буюрилган ҳолда), ҳомиладорлик (I уч ойлиги), лактация даврида қўллаш мумкин эмас.

Эҳтиёткорлик билан: ҳомиладорлик (II-III уч ойликлар), буйрак/жигар етишмовчилигида эҳтиёткорлик билан қўлланади.

 

Дориларнинг ўзаро таъсири

Метронидазол в/и га юбориш учун бошқа дори воситалари билан аралаштириш тавсия қилинмайди.

Билвосита антикоагулянтларнинг таъсирини кучайтиради, бу протромбин ҳосил бўлиши вақтини узайишига олиб келади.

Дисульфирамга ўхшаб этанолни ўзлаштираолмасликни чақиради. Дисульфирам билан бир вақтда қўллаш турли неврологик симптомларнинг (буюришлар оралиғи – 2 ҳафтадан кам бўлмаслиги керак) ривожланишига олиб келиши мумкин.

Циметидин метронидазолнинг метаболизмнини ингибирлайди, бу қон зардобида унинг концентрациясини ошишига ва ножўя таъсирларининг ривожланиши хавфини ошишига олиб келиши мумкин.

Жигар микросомол оксидланиш ферментларини рағбатлантирувчи (фенобарбитал, фенитоин) препаратларни бир вақтда буюриш, метронидазолнинг чиқарилишини тезлаштириши мумкин, бунинг натижасида унинг плазмадаги концентрацияси пасаяди.

Литий препаратлари билан бир вақтда қабул қилинганида, охиргисининг плазмадаги концентрациясини ошиши ва интоксикация белгиларини ривожланиши мумкин.

Қутбсизлантирмайдиган миорелаксантлар (векуроний бромиди) билан бирга қўллаш тавсия қилинмайди.

Сульфаниламидлар метронидазолнинг микробларга қарши таъсирини кучайтиради.

Махсус кўрсатмалар

Даволаш даврида этанолни қабул қилиш мумкин эмас (дисульфирамсимон реакциялар: қоринда спастик оғриқлар, кўнгил айниши, қусиш, бош оғриғи, юзга тўсатдан қон оқиб келиши ривожланиши мумкин). 18 ёшгача бўлган пациентларда амоксициллин билан мажмуада қўллаш тавсия қилинмайди.

Узоқ муддат даволашда қон манзарасини назорат қилиш керак.

Лейкопенияда даволашни давом эттириш инфекцион жараённи ривожланиш хавфига боғлиқ.

Атаксия, бош айланишини пайдо бўлиши ва беморларда бошқа ҳар қандай неврологик ҳолатнинг ёмонлашиши даволашни тўхтатишни талаб қилади.

Трепонемаларни иммобилизация қилиши ва сохтамусбат Нельсон синамасига олиб келиши мумкин.

Сийдикни тўқ рангга бўяйди. Аёллардаги трихомонад вагинитни ва эркаклардаги трихомонад уретритни даволашда жинсий ҳаётдан сақланиш керак. Даволаш хайз кўриш вақтида тўхтатилмайди. Трихомониазни даволашдан кейин ҳайз кўришнинг навбатдаги уч цикли давомида хайз кўриш олдидан ва кейин назорат синамаларини ўтказиш лозим. Лямблиозни даволашдан кейин, агар белгилари сақланса, 3-4 ҳафтадан кейин бир неча кун оралиғида аҳлатни 3 марта таҳлилини (айрим муваффақиятли даволанган беморларда инвазия чақирган лактозани ўзлаштираолмаслик бир неча ҳафта ёки ойлар давомида лямблиоз белгиларини эслатиб сақланиши мумкин) ўтказиш лозим.

Лактация даврида эмизишни тўхтатиш тавсия қилинади.

Препаратни болалар олаолмайдиган жойда сақлаш ва уни яроқлилик муддати ўтгач ишлатмаслик лозим.

Дозани ошириб юборилиши

Симптомлари: Кўнгил айниши, қусиш, атаксия.

Даволаш: Меъдани ювиш, фаоллаштирилган кўмирни юбориш (препарат ичга қабул қилинган ҳолда), гемодиализни ўтказиш. Метронидазол ва унинг метаболитлари гемодиализда яхши чиқарилади.

 

Чиқарилиш шакли

Инфузия учун 5 мг/мл эритма – 100 мл дан  флаконларда.

 

Сақлаш шароити

Қуруқ, ёруғликдан ҳимояланган жойда, 25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақланади.

 

Яроқлик муддати

2 йил.

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецепт бўйича.

Улашиш: