Skip to main content

Мебендазол

Улашиш:
  Reading time 3 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

МЕБЕНДАЗОЛ

MEBENDAZOLE

 

Препаратнинг савдо номи: Мебендазол

Таъсир этувчи модда (ХПН): мебендазол (мebendazole)

Дори шакли: таблеткалар

Таркиби:

1 таблетка қуйидагиларни сақлайди:

фаол модда: мебендазол – 100 мг;

ёрдамчи моддалар: микрокристалл целлюлоза, натрий крахмал гликоляти, маккажўхори крахмали, натрий лаурил сульфати, тальк, магний стеарати.

Таърифи: думалоқ шаклли, икки томони қавариқ, оқ рангли ёки деярли оқ рангли, бир томонида рискали таблеткалар.

Фармакотерапевтик гуруҳи: антигельминт восита.

АТХ коди: Р02СА01

Фармакологик хусусиятлари

Юқори самарали кенг таъсир доирасига эга бўлган гельминтларга қарши восита; энтеробиоз ва трихоцефалезда энг юқори самарали. Гельминтларда хужайра тубулинининг ҳосил бўлишига тўсқинлик қилади, шундай қилиб глюкозанинг утилизациясини бузади ва уларнинг организмида АТФ ни ҳосил бўлишини сусайтиради.

Фармакокинетикаси

Ичга қабул қилинганидан кейин мебендазол кам сўрилади. Юқори бирламчи метаболизми туфайли паст биокираолишликка ва жуда паст эрувчанликка эга. Унинг кўп бўлмаган қисми қонга тушиб, 90% га плазма оқсиллари билан боғланади ва жигарда метаболизмга учрайди. Деярли тўлиқ аҳлат билан чиқарилади.

Қўлланилиши

Энтеробиоз, аскаридоз, трихостронгилидоз, трихуриаз, трихинеллез, тениоз, аралаш гельминтозларда қўлланади.

Қўллаш усули ва дозалари

Катталар ва 2 ёшдан ошган болаларга энтеробиозда – 100 мг дозада бир марта. Такрорий инвазиянинг юқори эҳтимоли ҳолида, қабул қилиш шу дозада 2-3 ҳафта ўтгач такрорланади. Оиланинг барча аъзоларини бир вақтда даволаш тавсия қилинади.

Катталар ва 2 ёшдан ошган болаларга аскаридозда, анкилостомидозда, трихуриазда, аралаш гельминтларда – 100 мг дан эрталаб ва кечқурун 3 кун давомида ёки 500 мг бир марта.

Ножўя таъсирлари

Кам ҳолларда – кўнгил айниши, қорин оғриғи.

Юқори дозаларда узоқ вақт давомида қўлланганида қусиш, диарея, бош оғриғи, аллергик реакциялар, холсизлик, қон зардобида жигар трансаминазаларининг концентрациясини транзитор ошиши, лейкопения, нейтропения, анемия, эозинофилия, сочларни тўкилиши, гематурия, цилиндрурия.

 

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

  • Жигар фаолиятининг яққол бузилишлари.
  • Мебендазолга юқори сезувчанлик.
  • Ҳомиладорлик, эмизиш даврида.
  • 2 ёшгача бўлган болаларда қўллаш мумкин эмас.

Дориларнинг ўзаро таъсири

Циметидин билан бир вақтда буюриш мебендазолнинг самарасини кучайишига, карбамазепин ва фенитоин билан эса – пасайишига олиб келиши мумкин.

 

Махсус кўрсатмалар

Такрорий инфекцияланиш ёки касалликни юқтиришдан сақланиш учун даволаниш вақтида шахсий гигиенага риоя қилиш, шунингдек оиланинг барча аъзоларини бир вақтда даволашни ўтказиш керак. Узоқ муддатли қўллашда периферик қон манзарасини, жигар ва буйракларнинг фаолиятини назорат қилиш керак.

Мебендазол қандли диабети бўлган пациентларда инсулинга талабни пасайтиради.

Мебендазолни липофил моддалар билан бир вақтда қўллашдан сақланиш керак.

Мебендазол қўлланганида парҳезга риоя қилиш талаб қилинмайди.

Мебендазол қабул қилинганидан кейин бир сутка давомида алкогол истеъмол қилишга йўл қўйилмасин.

Мебендазол қабул қилинганидан кейин сурги қабул қилинмасин.

Препаратни болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин.

Дозани ошириб юборилиши

Симптомлари: қорин бўшлиғида спазмлар, кўнгил айниши, қусиш, диарея.

Даволаш: перманганат калий (20 мг/100мл) билан меъдани ювишни ўтказиш. Фаоллантирилган кўмир қабул қилиш мумкин. Специфик антидоти мавжуд эмас.

Чиқарилиш шакли

10 таблеткадан контур уяли ўрамда

1 контур уяли ўрам қўллаш бўйича йўриқномаси билан картон қутида.

 

Сақлаш шароити

Оригинал ўрамда, 250С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлаш керак.

 

Яроқлилик муддати

3 йил.

 

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецепт бўйича.

Улашиш: