Skip to main content

Магния сульфат

Улашиш:
  Reading time 5 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

МАГНИЯ СУЛЬФАТ

MAGNESII SULFAS

Препаратнинг савдо номи: Магния сульфат.

Таъсир этувчи модда (ХПН): Магний сульфати.

Дори шакли: Инъекция учун эритма.

Таркиби:

фаол модда: Магний сульфати -250 г.

ёрдамчи моддалар: инъекция учун – 1 л гача.

Таърифи: Тиниқ, рангсиз суюқлик.

Фармакотерапавтик гуруҳи: Антигипертензив воситалар.

Фармакологик хусусиятлари

Парентерал юборилганида препарат марказий нерв тизимига тинчлантирувчи таъсир кўрсатади (дозага боғлиқ ҳолда – седатив, ухлатувчи ёки наркотик), нерв-мушак ўтказувчанлигини сусайтиради (кураресимон самарага қадар), артериал босимни пасайтиради, диурезни кучайтиради.

Фармакокинетикаси

Парентерал юборилганидан кейин қон плазмаси оқсиллари билан боғланиши 25-30% ни ташкил қилади. Барча аъзо ва тўқималарга ўтади, гематоэнцефалик ва йўлдош тўсиқлари орқали ўтади. Асосан буйраклар орқали, шунингдек аҳлат, сўлак ва сут билан чиқарилади.

Қўлланилиши

Эклампсия ва оғир преэклампсиядаги тиришиш синдроми, бачадон тетануси, сийишни тутилиши, қўрғошин санчиғи, гипомагниемия, шу жумладан фақат парентерал озуқланувчи беморларда, гипертоник криз, эпилептик статус, симоб, маргимуш ва тетраэтилқўрғошин билан заҳарланишда (мажмуавий даволаш таркибида) қўлланади.

Қўллаш усули ва дозалари

Преэклампсия ва эклампсия: дозани клиник вазиятга қараб шахсий равишда белгиланади. Вена  ичига (в/и) инфузиясида тўйиниш дозаси: 5–20 минут ичида 2-4 г ни ташкил этади.

Тутиб турувчи доза – соатига 1-2 г ни ташкил этади.

Бачадон тетанияси: Тўйиниш дозаси 20 минутлик инфузияда 4 г ни ташкил этади. Тутиб турувчи доза -аввал соатига 1-2 г, сўнгра соатига 1 г (24-72 соат давомида томчилаб юбориш мумкин).

Гипомагниемия: енгил ҳолларда – суткалик доза 1-2 г мушак ичига (м/и) юборилади. Бу дозани бир марта ёки 2-3 марта юборилади. Юбориш жойларини алмаштириб туриш лозим. Оғир ҳолларда- бошланғич доза 5 г в/и (секин!) 1 л инфузион эритмада юборилади. Кейинчалик қон зардобидаги магнийнинг концентрациясига қараб дозаланади.

Фақат парентерал озиқланувчи беморларда гипомагниемияни олдини олиш: агар озуқлантирувчи эритмаларда магний бўлмаса, уни қўшимча равишда қўшилади. Одатда 1 л парентерал озиқлантириш эритмаси учун 1 г магний сульфати қўшилади.Суткалик доза 1,5-4 г ни ташкил қилади.

Гипертоник криз: 2-4 г м/и ёки в/и (секин!) юборилади.

Қўрғошин санчиғи ёки ўткир сийдик тутилиши: 0,5 г м/и ёки в/и юборилади.

Тутқаноқ ҳолати, симоб, маргимуш ва тетраэтилқўрғошин билан заҳарланиш: 0,5-1,0 г в/и юборилади.

Магний сульфатини қайта инъекция қилишдан олдин тизза рефлексини текшириш лозим. Агар рефлекс йўқолган бўлса, препаратни юбориш мумкин эмас!

Магний сульфатини юқори суткалик дозаси буйрак фаолияти нормал бўлганида катталар учун 40 г ни ташкил этади. Буйрак фаолиятини оғир бузилишида 48 соатда 20 г дан ошмаслиги керак.

Изоҳ:

Магний сульфатининг дозалари граммларда кўрсатилган. Уларга 25% эритманинг қўйидаги  миқдори мос келади:

1 г-4 мл, 2 г-8 мл, 3 г-12 мл ,10 г-40 мл , 15 г-60 мл , 20 г-80 мл , 30 г-120 мл , 40 г-160 мл.

Магний сульфатининг ампуладаги эритмасини натрий хлоридининг 0,9% ёки глюкозанинг (декстрозанинг) 5% инъекцион эритмалари билан суюлтирилади.

Ножўя таъсирлари

Терида нуқтали тошмалар кўринишидаги ўта юқори сезувчанлик реакцияси. Гипермагниемия: кўнгил айниши, қусиш, тери қопламаларини қизариши, чанқоқ, уйқучанлик, онгни чалкашиши, гипотензия, гипотермия, мушак тонусини сусайиши, пай рефлексларини сусайиши, нафас тезлигини секинлашиши, юрак уриши сонини камайиши ва юрак аритмияси, юракни тўхтаб қолиши.

 

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

Атриовентрикуляр блокада; юрак мушагини шикастланиши, буйрак етишмовчилиги (креатинин клиренси  (КК) минутига 20 мл дан кам), гипотензия, кальций танқислиги ва нафас марказини сусайиши билан боғлиқ ҳолатлар; препаратга юқори сезувчанликда қўллаш мумкин эмас.

Препаратнинг 25% эритмасини болаларга м/и юбориш тавсия қилинмайди.

Препаратни туғишдан 2 соат олдинги даврда юбориш тавсия қилинмайди (бошқа дори воситалар билан тиришишни тўхтатиб бўлмаган ҳоллардан ташқари).

 

Дориларнинг ўзаро таъсири

Препарат билан бирга юборилганида седатив воситалар, наркотиклар, анальгетиклар ва миорелаксантларнинг таъсирини кучайтиради, кальций тузлари таъсирини сусайтиради. Нифедипин (Коринфар, Адалат, Нифекард ва бошқалар) билан бирга қўллаш оғир гипотензияга ва нерв-мушак ўтказувчанлигини блокадасига олиб келиши мумкин.

 

Махсус кўрсатмалар

Нафас марказини фалажига осонликча олиб келадиган токсик концентрация ҳосил бўлмаслиги учун, препаратни эҳтиёткорлик билан қўллаш лозим.

Буйрак фаолиятини бузилиши бўлган пациентларга, хусусан кекса шахсларга препаратни одатда камайтирилган дозаларда эҳтиёткорлик билан қўллаш лозим.

Магний сульфатни қабул қилинганда технеций юборилиб қўлланадиган радиологик текширишларнинг  натижаларини ўзгартириши мумкин.

Препарат болалар олаолмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтганидан кейин ишлатилмасин.

Дозани ошириб юборилиши

Дозани ошириб юборилганида гипермагниемия юзага келади, унинг белгилари «Ножўя таъсирлари» бўлимида таърифланган. Нафас сусайишини 5-10мл 10% кальций хлориди эритмасини в/и юбориш, кислород ёки карбоген билан нафас олдириш, сунъий нафас олдириш орқали бартараф қилинади. Агар буйрак фаолияти меъёрида бўлса, в/и физиологик эритмани томчилаб юборилади ва маннитол билан диурезни кучайтирилади.

Буйрак фаолиятини етишмовчилиги ёки оғир гипермагниемияда гемодиализ ўтказиш зарур.

Чиқарилиш шакли

25% ли инъекция учун эритма 5 мл ёки 10 мл дан ампулаларда.

Сақлаш шароити

Ёруғликдан ҳимояланган жойда, 250С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.

Яроқлилик муддати

3 йил.

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецепт бўйича.

Улашиш: