Skip to main content

Ксилазол

Улашиш:
  Reading time 8 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

КСИЛАЗОЛ

XYLAZOL

Препаратнинг савдо номи: Ксилазол

Таъсир этувчи моддалар (ХПН): ксилометазолин. декспантенол

Дори шакли: назал спрей.

Таркиби:

Ксилазол, болалар учун назал спрей

1 мл препарат қуйиагиларни сақлайди:

фаол моддалар: 0,5 мг ксилометазолин гидрохлориди, 50 мг декспантенол;

ёрдамчи моддалар: динатрий гидрофосфат гептагидрати, натрий дигидрофосфат моногидрати, бензалконий хлориди, тозаланган сув.

Ксилазол, назал спрей

1 мл препарата қуйидагиларни сақлайди:

фаол моддалар: 1 мг ксилометазолин гидрохлориди, 50 мг декспантенол;

ёрдамчи моддалар: динатрий гидрофосфат гептагидрати, натрий дигидрофосфат моногидрати, бензалконий хлориди, тозаланган сув.

6-yillik-qizil-jenshen

Таърифи: тиниқ рангсиз эритма.

Фармакотерапевтик гуруҳи: Бурун бўшлиғи касалликларида маҳаллий қўллаш учун мўлжалланган шишга қарши ва бошқа препаратлар. Ксилометазолин бошқа воситалар билан мажмуада.

АТХ коди: R01АВ06

Фармакологик ҳусусиятлари

Фармакодинамикаси

Ксилометазолин α-адреномиметик фаолликка эга бўлган маҳаллий қон-томирларни торайтирувчи (деконгестантлар) гуруҳига киради, бурун бўшлиғи шиллиқ қаватидаги қон-томирларни торайишини чақиради, бурун йўлларининг ўтказувчанлигини тиклайди, бурун орқали нафас олишни енгиллаштиради. Препаратнинг таъсири одатда томизилгандан сўнг бир неча минутдан кейин бошланади ва 10 соатгача давом этади.

Декспантенол – В гуруҳи витамини – пантотен кислотасининг ҳосиласидир. Шиллиқ қаватни регенерациясини рағбатлантиради, ҳужайра метаболизмини нормаллаштиради, митозни тезлаштиради ва коллаген толаларнинг мустаҳкамлигини оширади. Регенерация қилувчи, метаболик ва бироз яллиғланишга қарши таъсир кўрсатади.

Фармакокинетика

Ксилометазолин маҳаллий қўлланганида деярли сўрилмайди, плазмадаги концентрацияси шу даражада камки, замонавий аналитик усуллар билан аниқлаш имкони йўқ.

Декспантенол маҳаллий қўлланганида тери орқали тез сўрилади ва пантотен кислотасига айланади, у плазма оқсиллари (асосан β-глобулин ва альбумин билан) билан боғланади. Унинг қондаги концентрацияси 0,5-1 мг/л, қон зардобидаги концентрацияси – 100 мкг/л ни ташкил этади. Пантотен кислотаси организмда метаболизмга учрамайди (Ко-А га киришишидан ташқари), ўзгармаган ҳолда чиқарилади.

Қўлланилиши

Ринит кўринишлари билан кечувчи ўткир респиратор касалликларда, ўткир аллергик ринит, вазомотор ринит, синуситлар, ўткир ўрта қулоқ отитида (бурун ҳалқумнинг шиллиқ қавати шишини камайтириш учун мажмуавий даволаш таркибида), риноскопияни енгиллаштириш учун, бурун бўшлиғида ўтказилган жарроҳлик аралалашувларидан кейин бурун орқали бузилган нафас олишни тиклаш учун қўлланади.

 

Қўллаш усули ва дозалари

Интраназал қўллаш учун мўлжалланган

Ксилазол, болалар учун назал спрей

Препарат 2 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларга ҳар бир бурун йўлига бир марта пуркалади, кунига 3 мартадан ошмаслиги керак. Препаратнинг дозаси индивидуал сезувчанлик ва клиник реакциясига боғлиқ.

Ксилазол, назал спрей

Препарат катталар ва 6 ёшдан ошган болаларга ҳар бир бурун йўлига бир марта пуркалади, кунига 3 мартадан ошмаслиги керак. Препаратнинг дозаси индивидуал сезувчанлик ва клиник реакциясига боғлиқ.

Ксилазол препаратини 7 кундан ортиқ қўллаш мумкин эмас, фақат бир неча кун танаффусдан кейингина такроран қўллаш мумкин. Болалар қўллаш давомийлиги юзасидан шифокор билан маслаҳатлашиш керак.

Қўллаш усули: пуркагич учлигидан ҳимоя қалпоқчаси ечилади. Спрейни биринчи марта қўллашдан олдин дори воситаси бир маромда пуркалгунича пуркагич учлигини бир неча марта босилсин, кейинчалик яна фойдаланилганда флакон қўллаш учун тайёр ҳисобланади.

Препаратни қўллашдан олдин бурун йўллари тозалансин, пуркагич учлиги бурун йўлига киритилсин, флакон вертикал ҳолатда ушлансин. Пуркаш вақтида бурун орқали енгил нафас олиш тавсия этилади. Фойдаланилгандан кейин пуркагич учлигини артилсин ва ҳимоя қалпоқчаси ёпилсин.

Ножўя таъсирлари

Ножўя самараларни учраш тезлигини кўрсаткичлари қуйидаги тарзда аниқланган: жуда тез-тез (≥1/10); тез-тез (≥1/100, аммо <1/10); тез-тез эмас (≥1/1000, аммо <1/100); кам ҳолларда (≥1/10000, аммо <1/1000); жуда кам ҳолларда (<1/10000); учраш тезлиги номаълум (мавжуд бўлган маълумотлар асосида баҳолаш мумкин эмас).

Нафас тизими томонидан: жуда кам ҳолларда – вақтинчалик енгил таъсирланиш (бурун шиллиқ қаватини ачишиши ёки қуриши), препаратнинг самараси пасайганида шиллиқ қавати шишини кучайиши (реактив гиперемия), бурундан қон кетиши.

Нерв тизими томонидан: жуда кам ҳолларда – бош оғриғи, безовталик, уйқусизлик, толиқиш (уйқучанлик).

Юрак-қон томир тизими томонидан: кам ҳолларда – юрак уришини ҳис этиш, юрак ритмини тезлашиши ва артериал босимни ошиши; жуда кам ҳолларда – аритмия.

Таянч-ҳаракат аппарати томонидан: жуда кам ҳолларда – тиришишлар (айниқса болаларда).

Иммун тизими томонидан: тез-тез эмас – ўта юқори сезувчанлик реакциялари (тери ва шиллиқ қаватларни қичишиш, шиши ва тошма).

Тез-тез ва/ёки узоқ муддат қўлланганида – бурун ҳалқумнинг шиллиқ қаватини таъсирланиши ва/ёки шиши, ачишиш, санчиш, аксириш, гиперсекреция, аллергик реакциялар, буруннинг шиллиқ қавати шиши, қусиш, бош оғриғи, қуруқ ринит, юрак уришини ҳис этиш, артериал босимни ошиши, уйқусизлик, кўришни бузилиши, депрессия (юқори дозаларда узоқ муддат қўлланганида) бўлиши мумкин.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

  • препаратнинг компонентларига юқори сезувчанлик;
  • қуруқ ринит;
  • бош мия пардаларида ўтказилган жарроҳлик аралашуви (анамнезида);
  • 2 ёшгача бўлган болалар (болалар учун назал спрей);
  • 6 ёшгача бўлган болаларга (назал спрей) қўллаш мумкин эмас.

 

 

 

Дориларнинг ўзаро таъсири

Препаратни МАО ингибиторлари, транилципромин ёки трициклик антидепрессантлар билан бир вақтда қўллаш ушбу препаратларни юрак-қон томир тизимига таъсир қилиши оқибатида артериал босимни ошишига олиб келиши мумкин.

Махсус кўрсатмалар

Қуйидаги ҳолатларда эҳтиёткорлик билан қўлланади:

  • МАО ингибиторлари, трициклик антидепрессантлар, ёки артериал босимни ошириши мумкин бўлган бошқа дори воситалари қабул қилинганида;
  • кўз ички босими ошганида, айниқса ёпиқ бурчакли глаукомада;
  • юрак-қон томир тизимини оғир даражадаги бузилишларида (масалан, коронар касалликлар, артериал гипертензия, тахикардия);
  • феохромоцитомада;
  • моддалар алмашинувини бузилишларида (масалан, гипертиреоз, диабет);
  • порфирияда;
  • простата бези гиперплазиясида.

Ҳомиладорлик ва лактация даврида қўлланиши

Ҳомиладорлик даврида Ксилазол препаратини қўллаш тавсия этилмайди, чунки ушбу пациентлар гуруҳида ксилометазолинни қўллаш юзасидан маълумотлар йўқ.

Ксилометазоллинни кўкрак сути билан ажралиб чиқиши номаълум, шунинг учун лактация даврида Ксилазол препаратини қўллаш тавсия этилмайди.

Педиатрияда қўлланиши

Ксилазол, болалар учун назал спрей, 2 ёшгача бўлган болаларга қўллаш мумкин эмас.

Ксилазол, назал спрей, 6 ёшгача бўлган болаларга қўллаш мумкин эмас.

Автотранспортни ҳайдаш ва механизмларни бошқариш қобилиятига таъсири

Узоқ муддат қўлланганида ёки юқори дозаларда қўлланганида Ксилазолнинг тизимли самаралари, шу жумладан юрак-қон томир ва марказий нерв тизимларига таъсирини истисно қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолатларда автотранспортни ҳайдаш ва механизмларни бошқариш қобилияти бузилган бўлиши мумкин, шунинг учун потенциал ҳавфли фаолият турларини бажаришда эҳтиёткорликка риоя қилиш ёки бажаришдан сақланиши керак.

Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати тугаганидан сўнг ишлатилмасин.

Дозани ошириб юборилиши

Препаратнинг дозаси ошириб юборилганида ёки бехосдан перорал қабул қилинганида қуйидаги симптомлар: қорачиқларни торайиши (миоз), қорачиқларни кенгайиши (мидриаз), кўнгил айниши, қусиш, цианоз, иситма, тиришишлар, тахикардия, юрак ритмини бузилиши, қон-томирлар етишмовчилиги, юрак уришини тўхташи, гипертензия, ўпка шиши, нафас фаолиятини бузилиши, галлюцинациялар ривожланиши мумкин.

Пациентларда шунингдек марказий нерв тизимининг, уйқучанлик, тана ҳароратини пасайиши, брадикардия, шок, нафас фаолиятини тўхташи ва кома билан кечувчи сусайиш симптомлари пайдо бўлиши мумкин.

Даволаш: фаоллаштирилган кўмир қабул қилиш, меъдани ювиш, ўпкаларни кислород билан вентиляциясини ўтказиш бажарилади. Артериал босимни пасайтириш учун 5 мг фентоламин 0,9% ли натрий хлориди эритмасида эритилиб вена ичига секин юборилади ёки 100 мг фентоламин перорал қабул қилинади. Қон-томирларни торайтирувчи препаратларни қўллаш мумкин эмас. Зарурат бўлганида иситмани туширувчи ва тиришишга қарши воситалар қўлланади.

Чиқарилиш шакли

Назал спрей 10 мл дан пуркагич учлиги ва ҳимоя қалпоқчаси ўрнатилган сариқ рангли шиша флаконда. 1 флакон қўллаш бўйича йўриқномаси билан бирга картон қутига жойланган.

Сақлаш шароити

25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.

Флакон очилганидан сўнг препарат 12 ҳафта давомида ишлатилсин.

Яроқлилик муддати

3 йил.

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецептсиз берилади.

Улашиш: