Skip to main content

Коагил-Vii

Улашиш:
  Reading time 14 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

КОАГИЛ-VII

COAGIL-VII 

 

Препаратнинг савдо номи: Коагил-VII

Таъсир этувчи модда (ХПН): эптаког альфа (фаоллаштирилган).

Дори шакли: мушак ичига юбориш учун эритма тайёрлаш учун лиофилизат.

Таркиби:

Препаратли 1 флакон қуйидагиларни сақлайди:

фаол модда: 

эптаког альфа [фаоллаштирилган]                  1,2 мг           2,4 мг               4,8 мг

(60 КТБ/          (120 КТБ/         (240 КТБ/

60 минг. ХБ),  120 мингХБ),   240 минг ХБ);

ёрдамчи моддалар:

натрий хлориди   5,84 мг,      11,68 мг,        23,36 мг; 

6-yillik-qizil-jenshen

кальций хлоридидигидрати   2,94 мг,       5,88 мг,         11,76 мг; 

глицилглицин   2,64 мг,       5,28 мг,         10,56 мг; 

полисорбат-80   0,14 мг,       0,28 мг,         0,56 мг;

маннитол   60,0 мг,       120,0 мг,       240,0 мг.

1 КТБ 1000 ХБ га мос келади.

Эритувчи – инъекция учун сув.

1 мл тайёрланган эритма 0,6 мг эптаког альфа [фаоллаштирилган] сақлайди.

Таърифи: оқ рангли аморф масса.

Фармакотерапевтик гуруҳи: гемостатик восита.

АТХ коди: B02BD08.

 

Фармакологик хусусиятлари

Эптаког альфа [фаоллаштирилган] – оғмаҳонлар буйрак хужайраларидан (ВНК-хужайралар) ген инженерияси йўли орқали олинадиган қон ивишининг VIIа рекомбинант омилидир. Молекуляр массаси тахминан 50000 дальтонни ташкил этади.

Фармакодинамикаси

Таъсир механизми шикастланиш соҳасида ажралиб чиққан тўқима омилини қон ивишининг VIIа омили билан боғланишидан иборат. Ҳосил бўлган комплекс қон ивишининг IХ ва Х омилини фаол шаклга IХа ва Ха га ўтишини рағбатлантиради. Сўнгра қон ивишинингХа омили протромбинни (II) тромбинга айланиш жараёнини бошлайди. Тромбин фибриногенни фибринга айланиши йўли орқали гемостатик тиқин ҳосил бўлишини, шунингдек шикастланган соҳада тромбоцитларни ва қон ивишининг V ва VIII омилларини фаоллашувига олиб келади. Фармакологик дозаларда эптаког альфа [фаоллаштирилган] тўқима омили иштирокисиз тўғридан-тўғри шикастланган соҳада тромбоцитлар юзасида қон ивишининг Х омилини фаол шакли Ха га ўтказади, бу протромбиндан кўп миқдорда тромбин ҳосил бўлишига олиб келади.

Шундай қилиб, рекомбинант қон ивишининг VIIа омилининг фармакодинамик самаралари қон ивишининг Ха омилини маҳаллий ҳосил бўлишини кучайиши, кейинчалик тромбин ва фибрин қон ивиши тизимининг ферментатив реакциялар кетма-кетлиги синтезини кучайишидан иборат.

Эптаког альфа [фаоллаштирилган] қўлланилганида ДВС-синдром ривожланишига мойил касалликлари бўлган беморларда қон ивиши тизимини тизимли фаоллашуви хавфини тўлиқ инкор этиб бўлмайди.

 

Фармакокинетикаси

Адабиётдаги маълумотларга кўра рекомбинант қон ивишининг VIIа омилининг ярим чиқарилиш даври катталарда 2-2,5 соатни ташкил қилади, болаларда ярим чиқарилиш даври қисқароқ бўлади. Рекомбинант қон ивишининг VIIа омилининг ўртача клиренси соатига 31,8 мл/кг ни ташкил қилади, болаларда клиренси ўртача 2 марта юқори бўлади.

 

Қўлланилиши

Қуйидаги ҳолатлари бўлган пациентларда жарроҳлик операциялари ва инвазив муолажаларни ўтказганда қон кетишини тўхтатиш ва олдини олиш учун:

  • қон ивишининг VIII ёки IХ омилига ингибиторнинг юқори титри билан кечувчи гемофилия (наслий ёки орттирилган);
  • қон ивишининг VII омилини туғма танқислиги;
  • IIb-IIIa гликопротеинларига антителаларни мавжудлигида ва тромбоцитар массани трансфузияларига рефрактерликда (ҳозирда ёки аввал) Гланцман тромбастенияси бўлган пациентларда қўлланади.

 

Қўллаш усули ва дозалари

А ёки В ингибитор гемофилия ёки орттирилган гемофилия.

Қон кетиши ривожланганда иложи борича эртароқ Коагил-VII ни юбориш керак. Доза шахсий равишда танланади. Препарат вена ичига оқим билан (2-5 минут давомида юборилади). Одатда бошланғич доза 90 мкг/кг ни ташкил қилади. Биринчи инъекциядан кейин гемостазга эришилгунча ҳар 2-3 соатда препаратни юборишни такрорлаш мумкин. Даволашни давом эттиришга кўрсатмалар бўлганида препаратни юбориш орасидаги интервал бутун даволаш даврида давомида 4, 6, 8 ёки 12 соатгача кетма-кет оширилиши мумкин. Даволаш давомийлиги ва препаратни юборишлар орасидаги интервал қон кетишини оғирлик даражаси, шунингдек инвазив аралашувлар ёки жаррохлик операциялари характери билан белгиланади.

Енгил ва ўртача оғирлик даражасидаги қон кетиши (шу жумладан амбулатор даволаш).

Бошланғич доза – 90 мкг/кг. Гемостазни таъминлаш учун қон тўхтагунигача 3-соатлик интервал билан препаратнинг 1-3 дозаси юборилади. Эришилган самарани ушлаб туриш учун яна бир доза юборилади. Тана вазнига 270 мкг ҳисобидан дозани бир марта юбориш тартибига амал қилиш мумкин. Амбулатор даволаш давомийлиги 24 соатдан ошмаслиги керак. Препаратни эрта юбориш бўғимлар, мушаклар, тери ва шиллиқ қаватлардан енгил ва ўртача оғирлик даражасидаги қон кетишларни самарали назорат қилишни таъминлайди.

Оғир даражадаги қон кетиши.

Препаратнинг дозаси 90 мкг/кг ни ташкил этади ва клиникага транспортировка қилиш босқичида юборилиши мумкин. Даволашнинг кейинги схемаси қон кетишининг типи ва оғирлик даражасига боғлиқ. Препарат қон кетиши тўхтагунча ҳар икки соатда юборилади. Даволашни давом эттиришга кўрсатмалар бўлганида препаратни юборишлар орасидаги интервал 1-2 сутка давомида 3 соатгача оширилиши мумкин. Кейинчалик препаратни юборишлар орасидаги интервални даволаш даврида 4, 6, 8 ёки 12 соатгача ошириш мумкин. Кўрсатмаларга қараб даволаш давомийлиги 2-3 ҳафта ва ундан кўпроқни ташкил этиши мумкин.

Инвазив аралашувлар/жарроҳлик операциялари.

Аралашув ёки операциядан бевосита олдин 90 мкг/кг доза юборилади. Иккинчи доза 2 соатдан кейин юборилади, сўнгра препарат биринчи 24-48 соат давомида 2-3 соатлик интервал билан юборилади. Катта операцияларда даволаш дозаларни юбориш орасидаги 2-4 соатлик интервал билан 6-7 сутка давом эттирилади. Кейинги 2 ҳафта давомида даволаш давом эттирилганда препаратни юборишлар орасидаги интервал 6-8 соатгача оширилиши мумкин. Препаратни қўллашнинг умумий давомийлиги 2-3 ҳафтани ташкил қилади.

VII омили танқислиги.

Жарроҳлик операциялари ёки инвазив аралашувларда қон кетишини тўхтатиш ва уларни ривожланишини олдини олиш учун тавсия этилган дозалар тана вазнига 15-30 мкг/кг ни ташкил қилади. Препарат гемостазга эришилгунча ҳар 4-6 соатда юборилади.

Гланцман тромбастенияси.

Жарроҳлик операциялари ёки инвазив аралашувларда қон кетишини тўхтатиш ва уларни ривожланишини олдини олишни назорат қилиш учун доза тана вазнига 90 мкг
(80-120 мкг)/кг ни ташкил қилади. Препарат ҳар 2 соатда юборилади. Барқарор гемостазни таъминлаш учун камида учта дозани юбориш талаб этилади. Рефрактерсиз Гланцман тромбастенияси бўлган беморларни даволашнинг асосий усули бўлиб тромбоцитар массани қўллаш ҳисобланади.

 

Инъекцион эритмани тайёрлаш қоидаси.

  1. Асептика қоидаларига ҳар доим риоя қилинг.
  2. Препарат ва эритувчи (инъекция учун сув) сақловчи флаконни ҳона ҳароратигача (лекин 37°С дан юқори эмас) иситинг, масалан уларни қўлларда ушлаб. Препарат ва эритувчи сақловчи флаконни ясси юзага қўйинг.
  3. Ҳар флакондан пластик қопқоқни ечинг.
  4. Спиртли салфеткалар билан ҳар иккила флаконларнинг терини тиқинига ишлов беринг. Ишлатишдан уларни қуритинг.
  5. Қоғоз қопламани ўртасигача қайириб, шприцнинг блистер ўрамини очинг.
  6. Қоғоз қопламани ўртасигача қайириб, игнанинг блистер ўрамини очинг.
  7. Ҳимоя қалпоқчасини ечмасдан игнани шприцга кийдиринг. Шприцнинг учи қўл ёки бошқа юзаларга тегмаслигига эътибор беринг.
  8. Игнадан ҳимоя қалпоқчасини ечинг.
  9. Эритувчи сақловчи флаконнинг резина тиқинига игнани киритинг ва шприцга инъекция учун сувнинг керакли миқдорини тортинг:
  • 1,2 мг доза учун – 2 мл;
  • 2,4 мг доза учун – 4 мл;
  • 4,8 мг доза учун – 8 мл.
  1. Кейинги муолажагача игнани тиқиндан чиқармасдан шприцни четга қўйинг.
  2. Қоғоз қопламани ўртасигача қайириб, шприцнинг блистер ўрамини очинг.
  3. Игнани эритувчи сақловчи флаконнинг тиқинида қолдириб, шприцни игнадан чиқаринг.
  4. Ҳимоя қалпоқчасини ечмасдан эритувчи сақловчи шприцга иккинчи стерил игнани кийдиринг. Шприцнинг учи қўл ёки бошқа юзаларга тегмаслигига эътибор беринг. Игнадан ҳимоя қалпоқчасини ечинг.
  5. Игнани препарат сақловчи флаконнинг тиқинига уни ён деворига қаратиб киритинг ва поршеннинг стерженига секин босиб инъекция учун сувнинг тегишли хажмини кўпик ҳосил бўлиши ва игнани препарат эритмасига тегишидан сақланиб, флакон девори бўйлаб юборинг (9 бўлимга қаранг). Агар сув оқими бевосита лиофилизатга тегса “кўпик ҳосил бўлиши” пайдо бўлади.
  6. Ҳамма модда эригунча флаконни эҳтиёткорлик билан чайқатинг. Флаконни силкитманг. Кукун тўлиқ эриганига ишонч ҳосил қилинг.
  7. Флаконни бироз егилган ҳолатда ушлаб, поршенни секин ва бир текис тортиб, шприцга эритмани тортинг. Тайёрланган эритманинг барчаси шприцга ўтганлигига ишонч ҳосил қилинг. Кейинги муолажагача игнани тиқиндан чиқармасдан шприцни четга қўйинг.
  8. Периферик веналар учун катетернинг блистер ўрамини очинг.
  9. Қоғоз қопламани ўртасигача қайириб, инъекцион фильтрнинг блистер ўрамини очинг.
  10. Поршеннинг ҳолатини ўзгартирмасдан (16 бўлимга қаранг), уни бўш флаконнинг тиқинида қолдириб, игнадан шприцни чиқаринг. Шприцдан ҳавони чиқаринг. Шприцга инъекцион фильтр блистер ўрам олиб ташлангандан кейин (очиқ учи билан) кийдиринг. Инъекцион фильтр бегона юзаларга текмаслигига эътибор беринг.
  11. Катетер найчасидан ҳимоя тиқинини ечинг. Инъекцион фильтрнинг эркин учини фильтрни соат стрелкаси бўйлаб бураб, катетернинг найчасига бириктиринг.
  12. Катетер игнасидан ҳимоя қалпоқчасини ечинг. Шприцдан ҳавони чиқаринг ва вена ичига юбориш учун тизимни бириктиринг ва эритмани вена ичига оқим билан (2-5 минут давомида) юборинг. Вена ичига инъекция якунлангандан кейин игнани эҳтиёткорлик билан чиқаринг.
  13. Барча ишлатилган материалларни хавфсиз йўқ қилинишини таъминланг.

Агар беморга препаратни бир флакондан юқори дозани юбориш талаб этилса, илова қилинадиган эритувчини (инъекция учун сув) ишлатиб бошқа флакондаги препаратни шунга ўхшаб тайёрланг, сўнгра катта хажмдаги шприцда (илова қилинмайди) эритмаларни бирлаштиринг ва препаратни одатдаги тартибда юборинг.

Коагил-VII препаратининг инъекцион эритмаси тайёрланган заҳоти ишлатиш тавсия этилади.

 

Ножўя таъсирлари

Кам ҳолларда қуйидагилар кузатилиши мумкин: қалтираш, иситма, оғриқ (шу жумладан, инъекция жойида), бош оғриғи, кўнгил айниши, қусиш, холсизлик, кўп терлаш, аллергик реакциялар (тери тошмаси, қичишиш, тери қопламаларини қизариши), тромбоцитлар сонини камайиши ва фибриноген даражасини пасайиши, протромбин, аланинаминотрансфераза, ишқорий фосфотаза, лактатдегидрогеназа, Д-димер даражасини ошиши.

Айрим ҳолларда, айниқса тромбозлар ривожланишига мойиллиги бўлган пациентларда қуйидагилар кузатилиши мумкин:

  • Артериал тромбоз: цереброваскуляр қон айланишини бузилиши (бош мия инфаркти ва бош мия ишемияси), стенокардия, миокард инфаркти, ичак инфаркти.
  • Веноз тромбоз: тромбофлебит, чуқур веналар тромбози ва уларнинг асоратлари, ўпка артерияси тромбоэмболияси.

VII омилини танқислиги бўлган беморларда эптаког альфа [фаоллаштирилган] ни қўллагандан кейин VII омилига антителаларни пайдо бўлишининг алоҳида ҳолатлари таърифланган. Бу беморларга аввал одам плазмаси ва/ёки плазматик VII омили қуйилган.

 

Эҳтиёткорлик билан қўлланади

Мажақланган яралар, тарқалган атеросклероз, тромботик асоратлар, сепсис, тромботик асоратлар ёки қон томир ичида диссеминацияланган қон ивиши синдроми (ДВС) ривожланишини потенциал хавфи туфайли яқинда ўтказилган жаррохлик операцияларида эҳтиёткорлик билан қўлланади. Коагил-VII препаратини ҳомиладорлар ва эмизиликли аёлларда қатъий кўрсатмалар бўйича чеклаш керак.

 

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

Сичқонлар, оғмахонлар ёки сигирларнинг оқсиллари, шунингдек препаратнинг фаол компонентлари ва ёрдамчи моддаларига юқори сезувчанликда қўллаш мумкин эмас.

 

Дориларнинг ўзаро таъсири

Протромбин комплексининг концентратларини (фаоллаштирилган ва фаоллаштирилмаган) ва Коагил-VII ни бир вақтда юбориш мумкин эмас. Антифибринолитиклар гемофилияси бўлган беморларда интраоперацион қон кетишини камайтиради, айниқса ортопедик операцияларда ва юқори фибринолитик фаолликка эга тўқималардаги, масалан оғиз бўшлиғидаги операцияларда. Лекин антифибринолитиклар ва Коагил-VII ни мажмуавий қўллаш имконияти ўрганилмаган. Ҳар қандай бошқа дори воситалари билан бир шприцда юбориш мумкин эмас.

 

Махсус кўрсатмалар

ДВС-синдроми ривожланиши хавфи юқори бўлган пациентларда клиник ҳолат ва коагулограмма кўрсаткичларини синчковлик билан кузатиш керак.

Коагил-VII препаратини уй шароитида қўллаганда пациентлар ва уларни паваришлаётган шахслар қўллашнинг ҳар бир ҳолати ҳақида даволовчи шифокорга ёки клиникага хабар беришлари керак. Агар қон кетишини тўхтатишга эришиб бўлмаса, госпитализация қилиш керак. Амбулатор даволаш давомийлиги 24 соатдан ошмаслиги керак.

Қон ивишининг VII омили танқислиги бўлган беморларда Коагил-VII препаратини юборишдан олдин ва юборгандан кейин протромбин вақтини ва қон ивишининг VII омили фаоллигини назорат қилиш керак. Агар қон ивишининг VII омили фаоллиги кутилган даражага эришилмаса ёки препаратни тавсия этилган дозаларда қўллашга қарамасдан қон кетиши давом этса, антителаларни ҳосил бўлганлигини тахмин қилиш мумкин. Бундай ҳолларда антителалар мавжудлигига таҳлил ўтказиш керак.

Ёндош касалликлар билан боғлиқ веноз тромбоз ривожланиши хавфи, анамнезида тромбозни мавжудлиги, операциядан кейинги даврда иммобилизация ёки венани катетеризацияси ўтказилган пациентларни синчковлик билан назорат қилиш керак.

Ишлатишдан олдин эритмани тиниқлиги ва киритмаларни мавжудлиги юзасидан текшириш керак. Киритмалар мавжуд бўлганда эритмани қўллаш мумкин эмас.

 

Дозани ошириб юборилиши

Тавсия этилган дозани 10-20 марта ошириб юборилганда артериал ва/ёки веноз тромбоз ривожланиши хавфи ошади. Шунинг учун клиник ҳолат ва коагулограмма кўрсаткичларини динамик кузатуви зарур.

 

Чиқарилиш шакли

Вени ичига юбориш учун эритма тайёрлаш учун лиофилизат 1,2 мг, 2,4 мг ёки 4,8 мг биринчи очиш назоратли алюмин-пластик қалпоқча билан беркитилган, резина тиқин билан ёпилган, 1 гидролитик синф шиша флаконларда.

5 мл ёки 10 мл дан эритувчи (инъекция учун сув) эластомер элементли алюмин ва пластмассали мажмуавий қалпоқча билан беркитилган, 1 гидролитик синф шиша флаконларда.

Препарат сақловчи 1 флакон ва эритувчи сақловчи 1 флакон – контур уяли ўрамда. 1 контур уяли ўрам тиббий материаллар: игнасиз уч компонентли шприц, суюлтириш учун 2 игна, периферик веналар учун катетер, инъекцион фильтр, 2 спиртли салфетка ва рус ва давлат тилларидаги қўллаш бўйича йўриқномаси билан – картон қутида.

Ҳар бир тиббий материаллар поливинилхлорид плёнка ва ламинацияланган қоғозли стерил бир марталик ўрамга жойланган.

Биринчи очиш назорати учун қутининг қопқоғи ва тубида олд ва орқа қирралари томондан маркировка қилинмаган ўзи ёпишадиган этикетка ёпиштирилган.

 

Сақлаш шароити

2°С дан 8°С гача ҳароратда. Музлатилмасин.

Болалар ололмайдиган жойда сақлансин.

 

Яроқлилик муддати

Препарат – 2 йил, эритувчи – 2 йил 6 ой.

Ўрамида кўрсатилган яроқлилик муддати ўтгач ишлатилмасин.

 

Дорихоналардан бериш тартиби

Шифокор рецепти бўйича.

Улашиш: