Skip to main content

Индап®

Улашиш:
  Reading time 16 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

ИНДАП®

INDAP®

 

Препаратнинг савдо номи: Индап®

Таъсир этувчи модда (ХПН): индапамид

Дори шакли: таблеткалар

Таркиби:

фаол модда: 0,625 мг, 1,25 мг, 2,5 мг индапамид;

ёрдамчи моддалар:

гранулаланган лактоза моногидрати, лактоза моногидрати, гранулаланган микрокристалл целлюлоза, тальк, магний стеарати, сувсиз коллоид кремний диоксиди, темир II оксиди (0,625 мг);

гранулаланган лактоза моногидрати, лактоза моногидрати, гранулаланган микрокристалл целлюлоза, микрокристалл целлюлоза, тальк, магний стеарати, сувсиз коллоид кремний диоксиди, темир (III) оксиди (1,25 мг);

гранулланган лактоза моногидрати, лактоза моногидрати, гранулаланган микрокристалл целлюлоза, микрокристалл целлюлоза, тальк, магний стеарати, сувсиз коллоид кремний диоксиди, темир (II) оксиди, темир (III) оксиди (2,5 мг).

Таърифи:

0,625 мг дозали таблеткалар учун: сариқ рангли, думалоқ, ясси шаклли таблеткалар.

1,25 мг дозали таблеткалар учун: пушти рангли, думалоқ, ясси шаклли таблеткалар.

2,5 мг дозали таблеткалар учун: оч-зарғалдоқ рангли, думалоқ, бир томонида хочсимон рискали таблеткалар.

Фармакотерапевтик гуруҳи: диуретик воситалар.

АТХ коди: C03BА11

Фармакологик хусусиятлари

Фармакодинамикаси

Индапамид нотиазид сульфонамидлар гуруҳига мансуб бўлиб, фармакологик хусусиятлари бўйича тиазидли диуретикларга яқин. Артерияларнинг силлиқ мушаклари тонусини пасайтиради, умумий периферик томирлар қаршилигини камайтиради. Препарат буйракларнинг проксимал найчаларида ва дистал найчаларнинг пўстлоқ сегментида натрий ва хлор ионларини ва камроқ даражада калий ва магний ионларининг қайта сўрилишини блокадаси билан боғлиқ бўлган, ўртача салуретик ва диуретик самараларга эга. «Секин» кальций каналларининг селектив блоклаш қобилиятига эга бўлиб, артерияларнинг деворларини эластиклигини оширади ва умумий периферик томирларнинг қаршилигини пасайтиради. Юракнинг чап қоринчасининг гипертрофиясини камайишига ёрдам беради. Липидларнинг плазмадаги миқдорига (триглицеридлар, паст зичликдаги липопротеинлар, юқори зичликдаги липопротеинлар) миқдорига таъсир қилмайди; карбонсувлар алмашинувига таъсир қилмайди (шу жумладан беморларда ёндош касаллиги қандли диабети бўлса). Умумий периферик томирлар қаршилигини камайиши, шунингдек томирлар деворидаги адренорецепторларнинг норадреналин ва ангиотензин II га нисбатан сезгирлигини пасайиши, томирларни кенгайтирувчи фаолликка эга бўлган простагландинларнинг (простагландин PgЕ2 ва простациклин PgI2) синтезини ошиши билан ҳам боғлиқ. Эркин ва турғун кислород радикалларининг ҳосил бўлишини камайтиради. Катта дозаларда буюрилганда диурезни ошишига қарамасдан, артериал босимни пасайиш даражасига таъсир қилмайди.

Терапевтик самараси биринчи ҳафтанинг охирига келиб намоён бўлади, бир марта қабул қилиш фонида 24 соат давомида сақланади, препаратни қабул қилиш бошлангандан кейин 8-12 ҳафта ўтгач самараси максимумга эришади.

Фармакокинетикаси

Ичга қабул қилингандан кейин индапамид меъда-ичак йўлларидан тез ва тўлиқ сўрилади; биокираолишлиги юқори (93%). Овқат қабул қилиш сўрилиш тезлигини бироз секинлаштиради, аммо сўрилиш тўлиқлигига таъсир қилмайди. Препарат 2,5 мг дозада ичга қабул қилингандан кейин қонда максимал концентрацияга 1-2 соат ўтгач эришилади. Плазма оксиллари билан боғланиши тахминан 71-79% ни ташкил қилади. Шунингдек томирлар деворининг силлиқ мушакларидаги эластин билан ҳам боғланади. Тақсимланиш ҳажми юқори, гистогематик тўсиқлар (шу жумладан, йўлдош) орқали ўтади, кўкрак сутига киради.

Жигарда метаболизмга учрайди. Ярим чиқарилиш даври, ўртача 18 соатни ташкил қилади. Асосан буйраклар орқали – 70% (кўпчилик ҳолларда – метаболитлар кўринишида, тахминан 7% ўзгармаган кўринишда), ичак орқали – 20-23% чиқарилади. Буйраклар етишмовчилиги бўлган беморларда фармакокинетикаси ўзгармайди. Кумуляцияланмайди.

Қўлланиши

Артериал гипертензияда қўлланади.

Қўллаш усули ва дозалари

Ичга, эрталаб, овқат истеъмол қилишдан қатъий назар, таблетка чайнамасдан, сув билан бирга қабул қилинади. Даволашнинг талабларига қараб Индап препаратининг уч хил дозали шаклидан бири танланиши мумкин: 0,625 мг таблеткалар, 1,25 мг таблеткалар ёки 2,5 мг таблеткалар. 0,625 мг ёки 1,25 мг ёки 2,5 мг (1 таблетка) дан суткада 1 марта буюрилади.

Индап® 0,625 мг ва 1,25 мг таблеткалари бошқа антигипертензив препаратлар (бета-адреноблокаторлар, “секин” кальций каналларининг блокаторлари, ангиотензин-айлантирувчи фермент (ААФ) ингибиторлари, ангиотензин рецепторларининг блокаторлари ва бошқ.) билан мажмуада қўллаш учун мўлжалланган. Агар 4-8 ҳафта даволашдан кейин кутилган терапевтик самарага эришилмаса, Индапни суткалик дозани максимал суткалик доза 2,5 мг гача аста-секин ошириш мумкин. Керак бўлган терапевтик самарага эришиш мақсадида, Индап® 0,625 мг ва 1,25 мг таблеткалари билан мажмуада қўлланаётган бошқа антигипертензив препаратнинг дозаси ҳам оширилиши мумкин.

Индап® 2,5 мг таблеткалари монотерапия сифатида ҳам, бошқа антигипертензив воситалар (бета-адреноблокаторлар, “секин” кальций каналларининг блокаторлари, ангиотензин-айлантирувчи фермент (ААФ) ингибиторлари, ангиотензин рецепторларининг блокаторлари ва бошқ.) билан мажмуада ишлатилиши мумкин. Агар   4-8 ҳафта монотерапиядан кейин кутилган терапевтик самарага эришилмаса, препаратнинг дозасини ошириш тавсия қилинмайди (антигипертензив самара кучаймасдан ножўя самараларининг хавфи ошади). Бундай ҳолатда даволаш схемасига диуретик бўлмаган бошқа антигипертензив препаратни қўшиш мақсадга мувофиқдир. Агар даволаш икки препаратни қабул қилиш билан бошланиши керак бўлса, Индап 2,5 мг суткалик дозада қўлланилади.

Ножўя таъсирлари

Ножўя самараларни учраш тез-тезлиги (ҳолатлар миқдори/кузатишлар сони): жуда тез-тез (≥ 1/10); тез-тез (≥ 1/100  < 1/10 гача); тез-тез эмас (≥ 1/1000 < 1/100 гача); кам ҳолларда (≥ 1/10000 < 1/1000 гача); жуда кам ҳолларда (>1/10000); тез-тезлигини мавжуд маълумотлар бўйича ҳисоблаш мумкин эмас. Кўпчилик ножўя реакциялар дозага боғлиқ характерга эга, ножўя реакциялар тез-тезлиги препаратнинг минимал самарали дозаси ишлатилганда камаяди.

Индапамиднинг таъсирига боғлиқ самаралар:

Қон яратиш аъзолари томонидан: жуда кам ҳолларда – тромбоцитопения, лейкопения, агранулоцитоз, апластик анемия, гемолитик анемия.

Марказий нерв тизими томонидан: кам ҳолларда – бош айланиши, чарчоқлик, бош оғриғи, парестезиялар.

Юрак-қон томир тизими томонидан: жуда кам ҳолларда – аритмия, артериал гипотензия.

Нафас тизими томонидан: тез-тез – ринит.

Овқат ҳазм қилиш тизими томонидан: тез-тез эмас – қусиш; кам ҳолларда – кўнгил айниши, қабзият, оғизни қуриши; жуда кам ҳолларда – панкреатит.

Буйрак ва сийдик чиқариш тизими томонидан: жуда кам ҳолларда – буйрак етишмовчилиги.

Жигар ва ўт-сафро чиқариш йўллари томонидан: жуда кам ҳолларда – жигар функциясини бузилиши; тез-тезлигини мавжуд маълумотлар бўйича ҳисоблаш мумкин эмас – жигар етишмовчилигида жигар энцефалопатияси намоён бўлиши мумкин.

Аллергик реакциялар: тез-тез – макулопапулёз тошма; тез-тез эмас – геморрагик васкулит; жуда кам ҳолларда – ангионевротик шиш, эшакеми, токсик эпидермал некролиз, Стивенс-Жонсон синдроми; тез-тезлигини мавжуд маълумотлар бўйича ҳисоблаш мумкин эмас –диссеминирланган қизил югирикнинг ўткир шакли борлигида ёмонлашиш мумкин.

Лаборатория кўрсаткичлари: гипокалиемия; жуда кам ҳолларда – гиперкальциемия; организмни дегидратация ва ортостатик гипотензияга олиб келувчи гипонатриемия, гиповолемия, хлор ионларини бир вақтда йўқотиш, иккиламчи метаболик алкалозга олиб келиши мумкин, бироқ алкалозни ривожланиш тез-тезлиги ва унинг яққоллиги юқори эмас; қон плазмасида сийдик кислотаси ва глюкозанинг миқдорини ошиши: тиазид диуретикларини подагра ёки қандли диабети бўлган беморларда эҳтиёткорлик билан қўллаш керак.

 

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

– индапамидга, бошқа сульфонамид ҳосилаларига ва препаратнинг компонентларига юқори сезувчанлик;

– бош мияда қон айланишини ўткир бузилиши;

– яққол жигар (шу жумладан, энцефалопатия билан) ва/ёки буйрак етишмовчилиги, анурия;

– гипокалиемия;

– галактозани ўзлаштираолмаслик, лактоза танқислиги, глюкоза-галактозани кам сўрилиши;

– ҳомиладорлик ва эмизиш даври;

– 18 ёшгача бўлган болалар (самарадорлиги ва хавфсизлиги ўрганилмаган);

– индапамидни Q-T интервалини узайтирувчи препаратлар билан бир вақтда қўллаш (“Дориларни ўзаро таъсири” бўлимига қаранг) мумкин эмас.

Эҳтиёткорлик билан

Декомпенсация босқичидаги қандли диабет, гиперурикемия (айниқса, подагра ва урат нефролитиаз билан кечувчи), сув-электролитлар алмашинувини бузилиши, ўртача жигар ва/ёки буйрак етишмовчилиги, асцит, юрак ишемик касаллиги, сурункали юрак етишмовчилиги, Q-T интервалини узайиши, гиперпаратиреоз.

Дориларнинг ўзаро таъсири

Дори воситаларининг нохуш мажмуаси

Индапамид ва литий препаратларини, литийнинг буйрак клиренсини пасайиши фонида унинг токсик самарасини ривожланишини эҳтимоли сабабли, бир вақтда қўллаш тавсия этилмайди.

Зарурати бўлганда диуретик препаратларни литий препаратлари билан бирга қўллаш мумкин, бунда препаратларнинг дозаларини синчиклаб танлаш, плазмада литийнинг миқдорини доимо назорат қилиш керак.

Алоҳида эътиборни талаб қилувчи препаратларнинг мажмуаси

Индапамидни Ia (хинидин, дизопирамид) ва III синф (амиодарон, бретилиум, соталол, дофетилид, ибутилид) антиаритмик препаратлар билан, антиаритмик воситалар синфига мансуб бўлмаган препаратлар билан (баъзи нейролептиклар: фенотиазинлар (хлорпромазин, сульпирид, сультоприд, тиаприд), бутирофенонлар (дроперидол, галоперидол), шунингдек бошқа препаратлар: бепридил, цизаприд, дифеманил, эритромицин (вена ичига), галофантрин, мизолатин, пентамидин, спарфлоксацин, моксифлоксацин, астемизол, винкамин (вена ичига) билан бирга қўллаш, Q-T интервалнинг давомийлигига синергик таъсири (узайиши) ҳисобига, “пируэт” туридаги аритмия ривожланишига олиб келиши мумкин. Гипокалиемия препаратни қўллаш учун хавф омили ҳисобланади.

Ностероид яллиғланишга қарши препаратлар ва тетракозактид, шунингдек салицилатларнинг катта дозалари, адреностимуляторлар, кортикостероид препаратлар тизимли буюрилганда, индапамиднинг гипотензив самарасини пасайтирадилар, баклофен гипотензив самарасини кучайтиради.

Трициклик антидепрессантлар, антипсихотик воситалар препаратнинг антигипертензив таъсирини кучайтирадилар ва ортостатик гипотензия хавфини оширадилар (аддитив самара).

Амфотерицин В (в/и), глюкокортикостероидлар ва минералокортикостероидлар (тизимли буюрилганда), юрак гликозидлари, тетракозактид, ичакнинг ҳаракатини рағбатлантирувчи воситалар, салуретиклар (ҳалқали ва тиазид) гипокалиемияни ривожланиш хавфини оширадилар (аддитив самара).

Юрак гликозидлари билан бир вақтда қабул қилинганда, дигиталис интоксикациясини ривожланиши эҳтимоли ошади.

Метформинни қабул қилиш фонида сут кислотали ацидози ривожланиши мумкин. Агар креатининнинг даражаси эркакларда 15 мг/л (135 мкмоль/л) ва аёлларда 12 мг/л (110 мкмоль/л) дан ошса, метформинни қабул қилиш мумкин эмас.

Калий тежовчи диуретиклар (амилорид, спиронолактон, триамтерен) билан бирга қўллаш самарали бўлиши мумкин, бироқ бунда айниқса қандли диабети бўлган беморларда ва буйрак етишмовчилиги бўлган пациентларда гипокалиемия ёки гиперкалиемияни ривожланиш эҳтимолини тўлиқ истисно қилиб бўлмайди.

Ангиотензин-айлантирувчи ферментнинг (ААФ) ингибиторлари плазмада натрийнинг концентрациясини пасайтириўлари сабабли, артериал гипотензияни ва/ёки ўткир буйрак етишмовчилигини тўсатдан ривожланиши хавфини (айниқса, буйрак артериялари стенозида) оширадилар. Сурункали буйрак етишмовчилиги бўлган беморларда даволашни ААФ ингибиторларининг кичик дозаларини буюришдан олдин, иложи борича индапамиднинг дозасини олдиндан пасайтириб бошлаш керак.

Организмни сувсизланиши фонида йод сақловчи контраст моддалар ишлатилганда (айниқса, катта дозалари) индапамид ўткир буйрак етишмовчилигининг ривожланиш хавфини оширади.

Кальций препаратлари билан бир вақтда буюрилганда, сийдик билан кальций ионларининг экскрециясини пасайиши оқибатида, плазмада уларнинг концентрациялари ошиши мумкин.

Индапамид циклоспорин билан бир вақтда қабул қилинганда плазмада креатининнинг даражаси ошиши мумкин.

Айланаётган қон ҳажмининг камайиши натижасида ивиш омилларининг концентрацияларини ошиши ва жигар томонидан уларнинг ишлаб чиқарилишини ошиши оқибатида бевосита антикоагулянтларнинг (кумарин ёки индандион ҳосилалари) самараларини пасайтиради (дозани тузатиш талаб қилиниши мумкин).

Қутбсизлантирмайдиган миорелаксантларнинг таъсири остида ривожланадиган            нерв-мушак ўтказувчанлигининг блокадасини кучайтиради.

Махсус кўрсатмалар

Индапамид “хавф гуруҳи”, яъни ёндош патологияси: енгил ва ўртача оғирлик даражасидаги қандли диабет, сурункали буйрак ва юрак етишмовчилиги, гиперлипидемиялари бўлган беморларда, шунингдек тузсиз парҳезда бўлган шахсларда, артериал гипертензияни даволашда самарадорлик намоён қилади.

Индапамид узоқ вақт қўлланганда гипонатриемия, гипокалиемия, гиперкальциемия ва гипохлоремик алкалоз каби электролитлар алмашинувини бузилишлари ривожланиши мумкин.

Электролитларнинг кўрсаткичларини жуда синчиклаб назорат қилиш жигар циррози (айниқса шишлар ва асцит билан – жигар энцефалопатиясининг кечишини кучайтирувчи метаболик алкалоз ривожланишини хавфи), юрак ишемик касаллиги, сурункали юрак етишмовчилиги бўлган беморларда, шунингдек кекса ёшдаги шахсларда муҳимдир.

Бундан ташқари юқори хавф гуруҳига QT интервали ошган беморлар киради, бунда бу ошиш туғма сабаблар ёки патологик жараённинг борлиги билан чақирилганлиги аҳамиятга эга эмас.

Юқорида таърифланган барча ҳолларда плазмада калийнинг миқдорини мунтазам назорат қилиш керак. Қонда калий ионларининг концентрациясини биринчи марта ўлчашни даволаш бошлангандан кейин биринчи ҳафта давомида ўтказиш керак. Гипокалиемия пайдо бўлганда тегишли даволаш буюрилиши керак.

Индапамид чақирган гипокалиемияда, юрак гликозидларининг токсиклиги ошиши мумкин. Бундан ташқари юрак гликозидлари, ичакнинг ҳаракатини рағбатлантирувчи воситалар қабул қилаётган беморларда, гиперальдостеронизмда, шунингдек кекса ёшдаги шахсларда нафақат калийнинг, балки креатининнинг миқдорини синчиклаб назорат қилиш кўрсатилган.

Қандли диабети бўлган беморларда гипокалиемия борлигида қонда глюкозанинг даражасини назорат қилиш муҳим.

Инсулинга қарам қандли диабети бўлган беморларда индапамид карбонсувлар алмашинувига деярли таъсир қилмаслигига қарамасдан, инсулиннинг керакли дозасини ошириши мумкин, яширин қандли диабетда қонда глюкозанинг назоратини амалга ошириш керак.

Индапамид сийдик билан кальций ионларининг чиқарилишини камайтириб, плазмада кальцийнинг концентрациясини аҳамиятсиз даражада ва вақтинчалик ошишига олиб келишини кўзда тутиш керак.

Яққол гиперкальциемия илгари ташхис қўйилмаган гиперпаратиреознинг оқибати бўлиши мумкин. Қалқонсимон без олди безларининг функциясини текширишдан олдин препарат қабул қилишни бекор қилиш керак.

Индапамид сийдик билан магнийни чиқарилишини оширади, бу гипомагниемияга олиб келиши мумкин. Индапамид қўлланганда, шунингдек подагра хуружлари тез-тезлигининг ошиши сабабли, плазмада сийдик кислотаси ва қолдиқ азот миқдорини мунтазам назорат қилиш керак.

Индапамидни қўллаш фонида ортостатик гипотензиянинг кўринишлари алкоголь, барбитуратлар, наркотик препаратлар, шунингдек бошқа гипотензив воситаларни қабул қилиш билан ҳам қўзғатилиши мумкин.

Индапамид, умуман олганда фақат буйрак фаолияти нормал бўлган ёки аҳамиятсиз бузилган (катта одамларда плазмада креатинин миқдори 25 мг/л ёки 220 мкмоль/л дан кам) беморларда самарали.

Беморларда даволашнинг бошида индапамид қабул қилиш фонида ўз навбатида сув ва натрий ионларини йўқотилиши билан чақирилган гиповолемия билан ифодаланувчи калава фильтрациясини пасайиши кузатилиши мумкин. Оқибатда плазмада мочевина ва креатининнинг концентрацияси ошиши мумкин. Агар буйрак функцияси бузилмаган бўлса, бунда вақтинчалик буйрак етишмовчилиги одатда асоратларсиз ўтиб кетади, бироқ мавжуд бўлган буйрак етишмовчилигида беморнинг ҳолати ёмонлашиши мумкин.

Артериал гипертензия ва гипонатриемияси (индапамид қабул қилиш оқибатида) бўлган беморларда биринчи навбатда ААФ ингибиторларининг кичик дозаларини буюриш ёки ААФ ингибиторларини қабул қилишни бошлашдан 3 кун олдин индапамид қабул қилишни тўхтатиш керак, сўнгра зарурати бўлганда уни қабул қилишни тиклаш мумкин. Жигар циррози (айниқса шишлар ёки асцит билан – жигар энцефалопатиясининг кечишини кучайтирувчи метаболик алкалоз ривожланиш хавфи) бўлган беморларни жуда синчиклаб назорат қилиш кўрсатилган.

Индапамид жигар функцияси бузилган беморларга буюрилганда жигар энцефалопатияси ривожланиши мумкин. Бундай ҳолларда препаратларни қабул қилишни дарҳол тўхтатиш керак.

Индапамид тизимли қизил югурикнинг кечишини ёмонлаштириши мумкин.

Индапамид допинг-назорат ўтказилганда мусбат натижа бериши мумкин.

Ҳомиладорлик ва эмизиш даврида қўлланиши

Ҳомиладорлик ва эмизиш даврида препаратни қўллаш мумкин эмас.

Автотранспорт/ҳаракатланаётган механизмларни бошқариш қобилиятига таъсири

Препарат психомотор реакцияларни бузилишига олиб келмайди. Бироқ алоҳида ҳолларда, айниқса даволаш курсининг бошида ёки бир неча антигипертензив препаратлар бирга қабул қилинганда артериал босимнинг пасайишига жавобан турли шахсий реакциялар ривожланиши мумкин, буни автотранспортни бошқариш ва ҳаракатланаётган механизмлар билан ишлашда ҳисобга олиш керак.

Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач ишлатилмасин.

 

Дозани ошириб юборилиши

Индапамид ҳатто жуда юқори дозаларда (40 мг гача, яъни терапевтик дозадан 16 марта катта) ҳам токсик таъсир кўрсатмайди. Препарат билан ўткир заҳарланиш белгилари биринчи навбатда сув-электролит мувозанатини бузилиши (гипонатриемия, гипокалиемия) билан боғлиқ.

Дозани ошириб юборилишида қуйидаги клиник симптомлари кузатилиши мумкин: кўнгил айниши, қусиш, артериал гипотензия, тиришишлар, бош айланиши, уйқучанлик, онгнинг чалкашиши, полиурия ёки анурия билан тугайдиган олигурия (гиповолиемиянинг оқибатида).

Шошилинч ёрдам чоралари организмдан препаратни чиқариб бошлаш чораларига қаратилган: меъдани ювиш ва/ёки фаоллаштирилган кўмир буюриш, ва ўз навбатида сув-электролитлар мувозанатини тиклаш.

Специфик антидоти мавжуд эмас.

 

Чиқарилиш шакли

0,625 мг, 1,25 мг, 2,5 мг дан таблеткалар.

10 таблеткадан ПВХ/алюмин фольгали блистерда.

3, 6 ёки 10 блистердан қўллаш бўйича йўриқномаси билан бирга картон қутига жойланаган.

 

Сақлаш шароити

Қуруқ, ёруғликдан ҳимояланган жойда, 15-250 С ҳароратда.

Яроқлилик муддати

4 йил.

 

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецепт бўйича.

Улашиш: