Skip to main content

Гепарин-Sanita

Улашиш:
  Reading time 21 minute

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

ГЕПАРИН-Sanita

HEPARIN-Sanita

 

Препаратнинг савдо номи:  Гепарин-Sanita

Таъсир этувчи модда (ХПН): гепарин

Дори шакли: вена ичига ва тери остига юбориш учун эритма

Таркиби:

бир флакон қуйидагиларни сақлайди:

фаол модда: гепарин (гепарин натрий кўринишида) – 25000 ТБ/50000 ТБ;

ёрдамчи моддалар: бензил спирти, натрий хлориди, инъекция учун сув.

Таърифи: тиниқ, рангсиз ёки оч-сариқ рангли эритма.

Фармакотерапевтик гуруҳи: Антикоагулянт.

АТХ коди: В01АВ01

 

Фармакологик хусусиятлари

Буйрак қон оқимини оширади; бош мия қон томирларининг қаршилигини оширади. Юрак ишемик касаллиги бўлган беморларда (ацетилсалицил кислотаси билан мажмуада) коронар артерияларнинг ўткир тромбозлари, миокард инфаркти ва тўсатдан ўлим ривожланиши хавфини пасайтиради. Миокард инфарктини ўтказган беморларда такрорий инфарктлар ва ўлим тез-тезлигини камайтиради. Юқори дозаларда ўпка артериясининг тромбоэмболияларида ва веноз тромбозда, кичик дозаларда – веноз тромбоэмболияларни, шу жумладан жарроҳлик операциялардан кейинги тромбоэмболиялар олдини олиш учун самарали.

Қўлланилиши

Чуқур веналар тромбози ва ўпка артериясининг тромбоэмболиясини олдини олиш.

Чуқур веналар тромбози, ўпка артериясининг тромбоэмболияси, ўткир коронар синдром (ЎКС), миокард инфаркти, периферик артерияларнинг ўткир окклюзиясини даволашда қўлланади.

Экстракорпорал қон айланишида ва гемодиализда қон ивишини олдини олиш учун қўлланади.

Қўллаш усули ва дозалари

Гепарин узлуксиз вена ичига инфузия кўринишида ёки мунтазам вена ичига инъекциялар, шунингдек тери остига (қорин соҳасига) буюрилади.

Профилактика (олдини олиш) мақсадида – тери остига суткада 5000 ТБ дан, 8-12 соатлик интервал билан юборилади. Тери остига инъекциялар учун одатдаги жойи қориннинг олд-латерал девори ҳисобланади (истисно ҳолларда елка ёки соннинг юқори соҳасига юборилади), бунда ингичка игна ишлатилади, эритмани юбориш тугагунича катта ва кўрсатгич бармоқ орасида тутиб туриладиган тери бурмасига чуқур қилиб перпендикуляр юборилади. Ҳар гал юбориш жойини алмаштириб туриш керак (гематома шаклланишидан сақланиш учун). Биринчи инъекцияни операция бошланишидан 1-2 соат олдин қилиш керак; операциядан кейинги даврда 7-10 кун давомида, зарурати бўлганида эса – узоқроқ вақт давомида юборилади. Даволаш мақсадларида юбориладиган гепариннинг бошланғич дозаси одатда 5000 ТБ ни ташкил қилади.

Самарани бир маромда тутиб турувчи дозалари қўллаш усулига қараб белгиланади: – узлуксиз вена ичига инфузияда соатига 1000-2000 ТБ дан (суткада 24000-48000 ТБ) буюрилади, гепарин 0,9% ли натрий хлориди эритмасида суюлтирилади; – вақти-вақти билан вена ичига инъекцияларда 5000-10000 ТБ гепарин ҳар 4 соатда буюрилади. Вена ичига юборишда гепариннинг дозалари шундай танланадики, унда фаолланган қисман тромбопластин вақти (ФҚТВ) назоратдан 1,5-2,5 марта катта бўлиши керак. Кичик дозалар (5000 ТБ кунига 2-3 марта) тери остига юборилганида тромб ҳосил бўлиши юзасидан мунтазам назорат қилиш учун ФҚТВ талаб қилинмайди, чунки у жуда оз даражада ошади. Узлуксиз вена ичига инфузия гепаринни қўллаш бўйича энг самарали усул бўлиб, мунтазам (вақти-вақти билан) инъекциялардан яхши, чунки барқарорроқ гипокоагуляцияни таъминлайди ва қон кетишини камроқ чақиради.

Экстракорпорал қон айланиши ўтказилганида 140-400 ТБ/кг дозада ёки 500 мл қонга 1500-2000 ТБ дан юборилади. Гемодиализда олдин вена ичига 10000 ТБ, сўнгра муолажанинг ўртасида – яна 30000-50000 ТБ юборилади.

Кекса ёшдаги пациентларга, айниқса аёлларга, дозалар пасайтирилган бўлиши керак.

Болаларга препарат вена ичига томчилаб юборилади. Назорат билан солиштирилганда ФҚТВ, доимий тезликда узлуксиз инфузия усули билан юбориладиган фракцияланмаган гепариннинг суткалик дозаси, болаларда 700-800 ТБ/кг га етиши мумкин. Бир ёшли болаларда фракцияланмаган гепаринни юбориш фонида гипокоагуляцион самарага эришиш геморрагик асоратларнинг сабабларидан бири бўлиши мумкин.

Гепаринга ўзгарувчан сезувчанлиги ёки гепаринга резистентлиги бўлган пациентларга исталган терапевтик самарага эришиш учун гепариннинг тескари пропорционал анча юқорироқ дозаларини юбориш талаб этилиши мумкин (“Махсус кўрсатмалар” бўлимига қаранг).

 

Ножўя таъсирлари

Аллергик реакциялар: тери гиперемияси, дори иситмаси, эшакеми, ринит, тери тошмаси ва оёқ кафтларида қизиш ҳисси, бронхоспазм, коллапс, анафилактик шок. Бош айланиши, бош оғриғи, кўнгил айниши, иштаҳани пасайиши, қусиш, диарея. Кам ҳолларда ўлим билан якунланувчи тромбоцитопения (6% беморларда).

Гепарин томонидан индукция қилинган тромбоцитопения фонида: тери некрози, гангрена, миокард инфаркти, инсультни ривожланиши билан кечувчи артериал тромбоз. Оғир тромбоцитопения ривожланганида (дастлабки сонидан 2 марта ёки 100 минг/мкл дан кам) гепаринни юбориш дарҳол тўхтатилади.

Узоқ муддат давомида қўлланганда: остеопороз, суякларни спонтан синиши, юмшоқ тўқималарнинг кальцификацияси, гипоальдостеронизм (гиперкалиемияни ривожланиши билан), ўткинчи алопеция, “жигар” трансаминазалари фаоллигини ошиши. Кам ҳолларда – гиперкалиемия (сурункали буйрак етишмовчилиги ва қандли диабети бўлган пациентларда ривожланиши мумкин).

Маҳаллий реакциялар: таъсирланиш, оғриқ, гиперемия, юборилган жойда гематома ва яллиғланиш, қон кетиши.

Қон кетишлари: типик – меъда-ичак йўллари ва сийдик йўлларидан, препарат юборилган жойдан, босимга дучор бўлган соҳалардан, операцион жароҳатлардан; турли аъзоларга қон қуйилиши; буйрак усти бези (буйрак усти бези етишмовчилигини ривожланиши билан), сариқ тана, ретроперитонеал бўшлиқ.

Бошқалар: Гепарин- Sanita дори воситасининг таркибида фракцияланмаган гепарин билан стабилизатор сифатида бактерицид таъсирга эга бўлган бензил спиртини бўлиши, 2 ёшда бўлган болаларда, метаболик ацидоз, МНТ сусайиши, нафасни қийинлашиши, буйрак етишмовчилиги, артериал гипертензия билан намоён бўлувчи анафилактоид ва токсик реакциялар чақириши мумкин.

Юқорида санаб ўтилган ножўя реакциялар ёки мазкур дори воситасини тиббиётда қўллаш бўйича йўриқномасида кўрсатилмаган ножўя реакциялар юз берган ҳолларда шифокорга мурожаат қилиш лозим.

 

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

Гепаринга юқори шахсий сезувчанликда, шунингдек қуйидаги ҳолатларда: эмболик ўпка (қон тупуриши) ёки буйрак (гематурия) заминида пайдо бўлувчи геморрагиядан ташқари, ҳар қандай соҳадан қон кетишлари; геморрагик диатезлар ва қон ивишини секинлашиши билан кечувчи касалликлари; қон томирларининг юқори ўтказувчанлиги, масалан Верльгоф касаллиги; жойлашашидан қатъий назар анамнездаги такрорланувчи қон кетишлар; нимўткир инфекцион эндокардит; жигар ва буйраклар фаолиятини оғир даражада бузилишлар; жигар паренхимасининг оғир даражада шикастланишлари; жигардаги хавфли ўсмалар; ўткир ва сурункали лейкозлар; апластик ва гипопластик анемиялар; юракнинг ўткир ривожланган аневризмаси; веноз гангрена; мия ва умуртқа поғонасидаги операциялар; орқа мия пункциясидан кейинги ҳолатлар; кўзлардаги операциялар; бош мия суяги ички қон қуйилишига гумон; яқинда ўтказилган геморрагик инсульт (узоқлиги 6 ойгача); хавфли артериал гипертензия; нур билан даволашни ўтказиш; меъда-ичак йўлларининг ўсмали ва ярали шикастланишлари; қандли диабетнинг оғир шакллари; шок ҳолатлари; простата бези, жигар ва ўт йўлларидаги операциялардан кейин; бола ташлаш хавфи; бачадон ички ҳомиладорликка қарши воситаларни ишлатиш; янги туғилган ва чала туғилган болаларда (бензил спиртини сақлаши туфайли) препаратни қўллаш мумкин эмас.

Алоҳида эҳтиёткорлик билан: хавфли ўсмалар, анамнездаги меъда-ичак йўлларини ярали шикастланишлари, этиологиясидан қатъий назар кахексия, яқиндаги операциядан кейинги ва биринчи 3-8 сутка давомидаги туғруқдан кейинги давр (гепарин билан даволаш ҳаётий кўрсатмалар бўйича зарур бўлган ҳоллардан ташқари); кекса (60 ёшдан ошган) пациентларда; юқори артериал босимда алоҳида эҳтиёткорлик билан қўллаш керак.

Гепарин-Sanita дори воситасининг таркибида фракцияланмаган гепарин билан стабилизатор сифатида бактерицид таъсирга эга бўлган бензил спиртини бўлиши, 2 ёшгача бўлган болаларда метаболик ацидоз, МНТ ни сусайиши, нафасни қийинлашиши, буйрак етишмовчилиги, артериал гипотензия билан намоён бўлувчи анафилактоид ва токсик реакцияларни чақириши мумкин. Ножўя кўринишлар ривожланиши мумкин бўлган қондаги бензил спиртининг минимал концентрацияси номаълум. Шунинг учун Гепарин-Sanita дори воситасини чала янги туғилган чақалоқлар ва бир ойликкача бўлган чақалоқларда гипокоагуляцион самара чақирувчи дозаларда қўллаш тавсия этилмайди.

Дориларнинг ўзаро таъсири

Гепариннинг антикоагулянт таъсири дипиридамол, гидроксихлорохинон, ацетилсалицил кислотаси, декстран, фенилбутазон, ибупрофен, индометацин, пробенецид, варфарин томонидан кучаяди (қон кетишлар хавфи ошади), юрак гликозидлари, тетрациклинлар, антигистамин препаратлар, никотин кислотаси, этакрин кислотаси томонидан – сусаяди.

Тромбоцитлар агрегациясига таъсир қилувчи препаратлар каби, НЯҚВ ҳам, масалан, аспиринни қон кетишининг юқори хавфи туфайли эҳтиёткорлик билан қўллаш керак. кеторолакни ҳатто гепариннинг паст дозалари билан бирга қўллашдан сақланиш керак.

Гепарин ангиотензин II рецепторлариниг антагонистлари ва ангиотензин-айлантирувчи фермент ингибиторлари билан бир вақтда қабул қилинганида, гиперкалиемия ривожланиши мумкин.

Нитроглицеринни вена ичига юбориш фонида, гепариннинг антикоагулянт самараси камайиши мумкин.

Қон кетишининг юқори хавфи гепарин билан антикоагулянтлар, эпопростенол, клопидогрел, тиклопидин, стрептокиназа, дипиридамол, декстран эритмалари ёки қон ивишини томозловчи ҳар қандай бошқа препаратлар бирга қўлланганда бўлиши мумкин.

Айрим цефалоспоринлар, масалан, цефаклор, цефаксим ва цефтриаксон гепарин билан бир вақтда қўлланганда коагуляция жараёнига  таъсир қилиши ва қон кетиши хавфини ошириши мумкин.

Никотин гепариннинг антикоагулянт самарасини қисман сусайтириши мумкин. Чекувчиларда гепариннинг ошириши талаб этилиши мумкин.

Номутаносиблик

Гепарин кўпгина инъекцион препаратлар (айрим антибиотиклар, анальгетиклар ва антигистамин воситалар) билан номуносибдир.

Гепарин билан номутаносиб воситалар:

альтеплаза, амикацин сульфати, амиодарон гидрохлориди, ампициллин, апротинин, бензилпенициллин калий ва натрийли тузи, аминазин, ципрофлоксацин, цитарабин, дакарбазин, даунорубицин гидрохлориди, диазепам, доксорубицин гидрохлориди, дроперидол, эритромицин, гентамицин сульфати, галоперидол, гиалуронидаза, гидрокортизон натрий сукцинати, канамицин сульфати, лабетолол гидрохлориди, метициллин, метотримепразин, нетилмицин сульфати, никардипин гидрохлориди, окситетрациклин гидрохлориди, петидин, полимиксин сульфати, прометазина гидрохлориди, стрептомицина сульфати, тобрамицин сульфати, трифлюпромазин гидрохлориди, ванкомицин гидрохлориди, винбластин сульфати, цефалотин, цисатракурий безилати.

Добутамин гидрохлориди ва гепаринни аралаштириш ва бир томчилаб юборилувчи тизим орқали инфузияни ўтказиш мумкин эмас, чунки бу чўкмани ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин.

Гепарин ва ретеплаза бир эритмада номутаносибдир. Агар ретеплаза ва гепарин бир томчилаб юборилувчи тизим орқали юбориладиган бўлса, унда у ретеплазани юборишдан олдин ва кейин физиологик эритма ёки 5% ли глюкоза эритмаси яхшилаб ювилиши керак.

Махсус кўрсатмалар

Гепарин билан даволашни гемокоагуляция ҳолатини синчков назорати остида ўтказиш керак. Қоннинг ивиш ҳолатини текширишлари қуйидагича ўтказилади: даволашнинг биринчи 7 суткасида – 2 суткада камида 1 марта, кейинчалик 3 суткада 1 марта; операциядан кейинги даврнинг биринчи куни суткада камида 2 марта, 2-нчи ва 3-нчи кунлари – суткада камида 1 марта ўтказилади.

Гепарин билан даволашни кескин тўхтатиш тромботик жараённи кучли фаоллашишига олиб келиши мумкин, шунинг учун гепариннинг дозасини бир вақтда билвосита антикоагулянтларни буюриш билан аста-секин пасайтириш керак. Оғир даражада геморрагик асоратларни пайдо бўлиши ва гепаринни шахсий ўзлаштираолмаслик истисно ҳоллари ҳисобланади.

Гематомаларни пайдо бўлиш хавфи туфайли, фракцияланмаган гепаринни мушак ичига юбориш мумкин эмас. Препаратни очиқ жароҳатлар ва шиллиқ қаватларга қўйиш мумкин эмас.

Гепарин юқори молекуляр тузилишга эга эканлиги туфайли, у алоҳида ҳолларда ўта юқори сезувчанлик реакциясини чақириш хусусиятига эга. Шундай реакцияларга мойиллиги бўлган беморларга, препаратнинг биринчи дозасини юбориш олдидан гепариннинг катта бўлмаган миқдорини юбориш керак. Ўта юқори сезувчанлик реакциялари ривожланган ҳолларда, бирон-бир бошқа антикоагулянтларни буюриш тавсия этилади. Гепаринга тасдиқланган ўта юқори сезувчанлиги бўлган пациентларга ушбу дори воситасини юбориш фақат ҳаёт учун хавфли вазиятларда амалга оширилиши мумкин.

Даволашни бошлашдан олдин ва хамма даволаш курси давомида тромбоцитлар сонини аниқлаш тавсия этилади. Тромбоцитлар сонини мониторинги препарат буюрилаётган кўрсатмалар ва унинг дозасидан қатъий назар зарур.

Препарат қуйидаги ҳолларда эҳтиёткорлик билан қўлланади: метаболик ацидоз, МНТ сусайиши, нафасни қийинлашиши, буйрак етишмовчилиги, артериал гипотензия билан намоён бўлувчи токсик синдромини ривожланиш хавфи туфайли 2 ёшгача бўлган болаларда; АБ юқори бўлган кекса ёшли пациентларда; хавфли ўсмаларда, анамнездаги меъда-ичак йўлларини ярали шикастланишларида, этиологиясидан қатъий назар кахексияда, яқинда ўтказилган операциядан кейинги даврда ва туғруқдан кейинги даврда биринчи 3-8 сутка давомида (ҳаётий кўрсатмалар бўйича гепарин билан даволаш зарур бўлган ҳолатлар бундан мустаснодир).

Геморрагик асоратлар (тери ости, мушак ички, қорин пардаси орти гематомаларнинг ҳосил бўлиши, инъекциялар жойидан қон кетиши, бурун, меъда-ичак, геморроидал, бачадон қон кетишлари, мияга қон қуйилиши, сийдик йўлларидан, операцион жароҳатлардан ва бошқа қон кетишлари) ҳар қандай, шу жумладан қон ивишининг гиперкоагуляцион ҳолатида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Геморрагик асоратларни олдини олиш чораларига қуйидагилар: гепаринни фақат стационар шароитларда қўллаш; гепариннинг ўзини инъекциясидан ташқари, инъекцияларнинг умумий миқдорини чеклаш; қон ивиш ҳолатини синчиклаб назорат қилиш; хавф солувчи гипокоагуляция аниқланганида – инъекциялар орасидаги интервалларни оширишсиз дарҳол гепариннинг дозасини пасайтириш киради. Инъекция жойларида гематомалар ҳосил бўлишидан сақланиш учун, яхшиси гепаринни вена ичига юбориш усулини ишлатиш.

Қон кетишини ривожланиш хавфи билан боғлиқ бўлган қуйидаги ҳолатларда гепарин натрийни алоҳида эҳтиёткорлик билан ишлатиш керак:

  • юрак-қон томир – нимўткир бактериал эндокардит, оғир артериал гипертензия
  • хирургик – орқа мия пункцияси ёки спинал анестезия, бош мия, орқа мия ёки кўзлардаги хирургик аралашувлар вақтида ва бевосита улардан кейин.
  • гематологик – гемофилия, тромбоцитопения, пурпура.
  • меъда-ичак йўллари – ярали шикастланишлар, меъда ёки ингичка ичакда жойлашган дренаж трубка.
  • бошқалар – ҳайз кўриш, гемостазни бузилиши билан бўлган жигар касалликлари.

Гепаринга чидамлилик иситмада, тромбозда, тромбофлебитда, миокард инфарктида, рак ва операциядан кейинги даврда кузатилиши мумкин.

Кекса (60 ёшдан катта) аёлларда қон кетишларни ривожланишининг юқори хавфи бор.

Гепарин билан бутун даволаш курси давомида аҳлатда яширин қон борлиги юзасидан синамаларни ўтказиш тавсия этилади.

Гепаринни қўллаш фонида гепарин томонидан индукцияланган тромбоцитопения (ГТИТ) ривожланиши мумкин. Гепарин-индукцияланган тромбоцитопения – кам учрайдиган, ҳатто фалокатли тромботик синдромгача бўлган артериал ёки веноз тромбозлар ривожланишига олиб келувчи, гепарин билан даволашнинг оғир асорати ҳисобланади. ГИТ ни икки тури фарқланади: ГИТ-1 – ноиммун ва ГИТ-2 – иммун. ГИТ-1, ГИТ-2 га қараганда кўпроқ кузатилади, гепарин қўлланганидан кейинги биринчи кунларда пайдо бўлади ва тромбоцитларнинг миқдорини ўртача пасайиши (дастлабки даражасидан 10-30% га) билан характерланади. ГИТ-1 даги тромбоцитопения транзитор характерга эга ва гепарин билан даволаш давом эттирилганида мустақил йўқолиши мумкин. ГИТ-2 иммунитет билан боғлиқ бўлиб, одатда гепарин билан даволаш бошланганидан кейинги 3-15 кунларида кузатилади, лекин агар беморда илгари гепарин қўлланган ва сенсибилизация бўлса, бир неча соатдан кейин ҳам пайдо бўлиши мумкин. Бунда тромбоцитларнинг миқдори 40 дан 60х109/л, кам ҳолларда – 30х109/л дан камроқни ташкил қилиши мумкин. ГИТ-2 нинг оғир клиник асорати антикоагулянтни қўллаш фонида 35-70% ҳолларда пайдо бўлувчи, улардан 30% – ўлим билан якунланувчи тромбозларни пародоксал ривожланиши ҳисобланади. Энг кўп болдирларнинг чуқур веналарини тромбози, ўпка артериясининг тромбоэмболияси ва коронар томирларнинг тромбозлари кузатилади. ГИТ нинг характерли белгилари, кўпроқ майда артерияларнинг тромбозлари билан боғлиқ бўлган, гепаринни тери остига инъекциялари жойларидаги тўқималарнинг некрози ҳисобланади. Гепарин оқим билан вена ичига юборилганидан кейин (юборилганидан кейин 5-30 минут ўтгач) ҳароратни кўтарилиши, этни увишиши, тахикардия, артериал босимни ошиши, тахипноэ, хатто нафас ва/ёки қон айланишини тўхташигача бўлган диспноэ, бош оғриғи, қисқа муддатли тўлиқ амнезия, диарея, қоринда ўткир оғриқни ўз ичига олувчи умумий тизимли реакциялар аниқланади. Ўта оғир кўриниши бўлиб, буйрак усти безларининг некрозига олиб келувчи буйрак усти безларини икки томонлама инфаркти ёки буйрак усти безлари веналарининг тромбози ҳисобланади, унда ўлим билан якунланиш хавфи ўта юқори бўлади.

ГИТ ривожланишини хавфи борлиги туфайли, терапевтик кўрсатмалар ва қўлланаётган гепариннинг дозасидан қатъий назар тромбоцитларнинг миқдорини аниқлаш керак. Тромбоцитларнинг миқдорини препаратни юборишдан олдин ёки даволаш бошланганидан кейин 24 соат ичида, сўнгра эса даволашни ҳамма даври давомида ҳафтада 2 марта аниқлаш керак.

Агар тромбоцитларнинг миқдори 100 000/мм дан кўп бўлмаса ва/ёки агар қоннинг олдинги таҳлили билан солиштирганда тромбоцитларнинг миқдорини 30-50% га пасайиши кузатилса, гепарин-индукциялаган тромбоцитопения пайдо бўлишини тахмин қилиш керак. Гепарин-индукциялаган тромбоцитопения асосан гепарин билан даволаш бошланганидан кейинги 5-нчи кундан 21-нчи кунгача ривожланади (ҳаммадан кўпроқ – 10-нчи куни). Лекин анамнезида гепарин-индукциялаган тромбоцитопенияси бўлган пациентларда, бу асорат аҳамиятли даражада олдинроқ ҳам пайдо бўлиши мумкин. Якка ҳоллар шунингдек даволашни 21-нчи кунидан кейин ҳам аниқланган. Даволашни бошлашдан олдин батафсил сўров йўли билан бундай анамнезли пациентларни аниқлаш керак. Бундан ташқари, гепарин такрорий қўлланганида қайталанишнинг пайдо бўлишини хавфи кўп йиллар давомида кузатилади, баъзида эса чекланмаган давр давом этади.

Барча ҳолларда гепарин томонидан индукциялаган тромбоцитопения шошилинч ҳолат бўлиб, унда мутахассиснинг маслаҳати талаб қилинади.

Тромбоцитлар сонини ҳар қандай аҳамиятли даражада камайиши (дастлабки кўрсатгичлари билан солиштирганда 30-50% га), хатто агар кўрсатгич критик даражага етмаган бўлса ҳам, огоҳлантирувчи белги ҳисобланади. Агар тромбоцитларнинг сонини пасайиши аниқланса, қуйидаги тадбирларни ўтказиш керак:

  1. Тасдиғини олиш учун дарҳол такрор тромбоцитларнинг сонини санашни ўтказиш.
  2. Агар олинган натижалар тромбоцитлар сонини пасайганини тасдиқласа ёки уларнинг ошишини кўрсатса, агар бунинг бошқа аниқ сабаби аниқланмаган бўлса, гепарин билан даволашни тўхтатиш.
  3. Гепарин томонидан индукция қилинган тромбоцитопения билан боғлиқ бўлган тромбоэмболик асоратларни олдини олиш ёки даволаш.

Агар антикоагулянт даволашни давом эттириш жуда муҳим бўлса, гепаринни бошқа гуруҳга кирувчи антитромботик восита, масалан, ҳар бир пациент учун шахсий равишда тайинланган даволовчи ёки профилактик дозаларда буюрилган натрий данапарид ёки гирудин билан алмаштириш керак.

Перорал антикоагулянтларга ўтишни, фақат тромбоцитларнинг сони нормага қайтганидан кейингина ўтказиш мумкин, чунки перорал антикоагулянтлар қўлланганида тромбозни кечишини ёмонлашиш хавфи бор.

Гепарин буйрак усти бези томонидан альдостерон секрециясини сусайтириши мумкин, бу, айниқса қандли диабети ва сурункали буйрак етишмовчилиги бўлган, аввалдан метаболик ацидози бўлган пациентларда, калийни тежовчи диуретикларни қабул қилиш фонида плазмада калий даражаси юқори бўлган пациентларда гиперкалиемияга олиб келади. Гиперкалиемияни ривожланиш хавфи узоқ муддатли даволашда ошади, лекин бу жараён, одатда қайтувчандир. Плазмада калий даражаси гепарин билан даволашни бошлашдан олдин хавф гуруҳи пациентларида ва гепарин билан даволашни 7 кундан ортиқ қабул қилган барча пациентларда аниқланиши лозим.

Гепаринга резистентлик:

Гепаринга резистентлик терапевтик самарага эришиш учун гепариннинг стандарт дозасига ноадекват жавоб тарзида намоён бўлади ва тахминан 5-30% пациентларда кузатилади.

Гепаринга резистентликни ривожланишига олиб келувчи омиллар:

  • плазмада антитромбина III даражасини нормадан 60% дан камга пасайиши: плазмада антитромбина III даражасини пасайиши туғма бўлиши ёки кўпинча орттирилган бўлиши мумкин (жарроҳлик аралашувларида операциядан олдинги гепарин билан даволаш, жигарнинг сурнкали касалликларида, нефротик синдромда, экстракорпорал қон айланишини ўтказишда, диссеминацияланган ёки препарат томонидан индукцияланган қон томир ички қон ивишида, масалан, нитроглицерин, апротинин билан бир вақтда қўлланганда);
  • антитромбин III га боғлиқ бўлмаган гепаринга резистентлик (антитромбин III даражаси нормал ёки ошган пациентларда);
  • тромбоэмболик асоратлар;
  • гепариннинг юқори клиренси;
  • гепаринни боғловчи оқсил, VIII омил, Виллебранд омили, фибриноген, 4 тромбоцитар омил (антигепарин омил) ёки гистидинга бой гликопротеинлар даражасини ошиши;
  • фаол инфекция (сепсис ёки эндокардит);
  • баллонли контрпульсациядан олдин операциядан олдинги тайёргарлик;
  • тромбоцитопения;
  • тромбоцитоз;
  • кекса пациентлар;
  • плазмада альбумин концентрациясини ≤ 35 г/л га пасайиши;
  • нисбий гиповолемия.

Гепаринга резистентлик шунингдек кўпинча хавфли ўсмалари бўлган пациентларда, шунингдек ҳомиладорлик вақтида ёки туғруқдан кейинги даврда учраши мумкин.

Ҳомиладорлик ва лактация даврида қўлланиши

Гепарин қўлланганида ҳомиладор аёллар учун нохуш асоратларнинг хавфи 10,4% дан 21% гача тебранади. Ҳомиладорликни нормал кечишида у 3,6% ни ташкил қилади. Гепарин қўлланганида ўлим билан якунланиш ва муддатидан олдин туғруқнинг хавфи 2,5% ва 6,8% ни ташкил қилади ва табиий популяциядаги хавф билан ўхшаш. Ҳомиладорлик вақтида гепаринни қўллашнинг асоратлари қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин: қон кетиши, тромбоцитопения, остеопороз. Ҳомиладорликдаги тромбоэмболик асоратларни ривожланиш хавфи, гепарин қўлланганида минималлаштирилувчи, ҳаёт учун хавфлироқ, шунинг учун ҳомиладорликда гепаринни қўллаш мумкин, лекин қатъий кўрсатмалар бўйича синчков шифокор кузатуви остида. Гепарин йўлдош тўсиғи орқали ўтмайди ва ҳомилага ножўя таъсирини эҳтимоли кам. Лактация даврида (эмизиш) ҳаётий кўрсатмалар бўйича қўллаш мумкин.

Автотранспротни ва бошқа потенциал хавфли механизмларни бошқариш қобилиятига таъсири. Даволаниш даврида транспорт воситаларини бошқариш ва юқори диққат ҳамда психомотор реакциялар тезлигини талаб қилувчи потенциал хавфли фаолият билан шуғулланишдан сақланиш керак.

Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин.

Дозани ошириб юборилиши:

Симптомлари: турли оғирлик даражасидаги қон кетишлар.

Даволаш: аҳамиятсиз қон кетишида дозани камайтириш ёки препаратни қўллашни тўхтатиш керак. Агар гепарин бекор қилинганидан кейин қон кетиши давом этса, вена ичига гепариннинг антагонисти протамин сульфати (ёки хлориди) юборилади (1 мл протамин сульфати 100 ТБ гепаринни нейтраллайди). Гепарин юборилганидан кейин 90 минут давомида протамин сульфатининг ҳисобланган дозасини 50%, кейинги 3 соатда 50% юборилади. Протамин сульфати қоннинг ивишини назорати остида, 2 минутда 1 мл тезлик билан 1% ли эритмаси, секин оқим билан ёки томчилаб юборилади. Протамин сульфатининг максимал дозаси 50 мг (5 мл 1% ли эритма) ни ташкил қилади.

Чиқарилиш шакли:

5 мл дан 5 мл сиғимли флаконларда, 5 мл ёки 10 мл дан 10 мл сиғимли флаконларда. 1 флакон ёки 5 флакон қўллаш бўйича йўриқномаси билан бирга картон қутига жойланади.

 

Сақлаш шароити:

Ёруғликдан ҳимояланган жойда, 25ºС дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.

Яроқлилик муддати:

4 йил.

Дорихоналардан бериш тартиби:

Рецепт бўйича.

Улашиш: