Skip to main content

Дифосфоцин

Улашиш:
  Reading time 5 minutes

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА

ДИФОСФОЦИН

DIFOSFOCIN

 

Препаратнинг савдо номи: Дифосфоцин

Таъсир этувчи модда (ХПН): цитиколин

Дори шакли: 500 мг/4 мл, 1000 мг/4 мл инъекция учун эритма

Таркиби:

4 мл эритма қуйидагиларни сақлайди:

фаол модда: 522,5 мг натрий цитиколин (натрий цитидинфосфатхолин) (500 мг цитиколинга эквивалент) ёки 1045,0 мг натрий цитиколин (натрий цитидинфосфатхолин) (1000 мг цитиколинга эквивалент),

ёрдамчи моддалар: 1 М натрий гидроксиди эритмаси, инъекция учун сув 4 мл гача.

Таърифи: рангсиз тиниқ суюқлик.

Фармакотерапевтик гуруҳи: психостимуляторлар ва бошқа ноотроп воситалар.

АТХ коди: N06BX06

Фармакологик ҳусусиятлари

Фармакодинамикаси

Бош мия метаболизмини яхшиловчи воситадир. Дифосфоциннинг фаол моддаси ­ цитиколин холиннинг манбаи бўлиб, нейрон мембраналарининг структура фосфолипидларини синтезини рағбатлантиради, бу мембраналарнинг фаолиятини яхшиланишига, шу жумладан ион алмашинувчи насослар ва нейрорецепторларнинг фаолиятига ёрдам беради. Мембранага барқарорлаштирувчи таъсири туфайли цитиколин шишга қарши ҳусусиятларга эга ва бош мия шишини кичрайтиради. Цитиколин бош мия жароҳати ёки мияда қон айланишининг ўткир бузилиши каби патологик жараёнлардан кейинги церебрал дисфункция симптомларининг яққоллигини сусайтиради. Инсультнинг ўткир даврида тўқималарнинг шикастланиш ҳажмини камайтиради, холинэргик ўтказувчанликни яхшилайди. Церебрал қон айланишини яхшилайди, бош миянинг ретикуляр формациясининг структурасини фаоллаштиради, онгни тиклайди. Цитиколин амнезия даражасини пасайтиради, когнитив, сенситив ва ҳаракат бузилишларида ҳолатни яхшилайди, шунингдек бош мия гипоксия ва ишемиясида кузатиладиган симптомларнинг яққоллигини, шу жумладан ҳотирани пасайишини, эмоционал ўзгарувчанликни, ўз­ўзига ҳизмат кўрсатиш борасида оддий ҳаракатларни бажариш қобилиятини бузилишини сусайтиради.

Паркинсон касаллигини ва Паркинсон синдромини даволашда Цитиколиннинг самарадорлиги исботланган, бу симптомларни яхшиланиши билан аниқланади.

Фармакокинетикаси

Цитиколин организмда сақланувчи табиий бирикма бўлганлиги сабабли, экзоген ва эндоген цитиколиннинг миқдорини аниқлаш мураккаблиги боис классик фармакокинетик тадқиқотларни ўтказишнинг имкони йўқ. Соғлом кўнгиллиларда ўтказилган фармакокинетик тадқиқотларда С14 нишонланган цитиколин ичга буюрилганда унинг деярли тўлиқ сўрилиши кузатилган. Доза буюрилганидан кейин 5 кун давомида буюрилган  дозанинг 1% дан кам қисми ахлат билан чиқарилади. Чиқарилиши ­ жуда секин, асосан нафас аъзолари ва сийдик орқали чиқарилади.

 

Қўлланилиши

  • ишемик инсультнинг ўткир даврида ишемик ва геморрагик инсультни тикланиш даври;
  • бош­мия жароҳати, ўткир ва тикланиш даврида;
  • Паркинсон касаллигини, Паркинсон синдромини ва артериосклеротик паркинсонизмда;
  • бош миянинг дегенератив ва томир касалликларидаги когнитив бузилишларда қўлланилади.

 

Қўллаш усули ва дозалари

Ўткир ва шошилинч ҳолатларда максимал терапевтик самарага Дифосфоцинни юборгандан кейин дастлабки 24 соатда эришилади. Вена ичига аста секин (5 минут давомида) ёки томчилаб (инфузия тезлиги ­ минутига 40­60 томчи) юборилади.

Даволашни препаратни вена ичига дастлабки 2 ҳафтада 500­1000 мг дан (беморнинг ҳолатига қараб) суткада 2 марта буюришдан бошланади. Кейин ­ 4 ҳафта давомида мушак ичига 500­1000 мг дан суткада 2 марта буюрилади. Максимал суткалик доза 2000 мг ни ташкил қилади. Мушак ичига қўллаганда препаратни айнан бир хил жойга қайтадан юбормаслик керак.

 

Ножўя таъсирлари

Жуда кам ҳолларда

  • аллергик реакциялар (тошма, тери қичишиши, анафилактик шок);
  • уйқусизлик, бош оғриғи, бош айланиши, таъсирланиш, ҳароратни кўтарилиши;
  • тремор, фалаж қўл­оёқларда увишиш;
  • кўнгил айниши, иштаҳани пасайиши, жигар ферментларининг фаоллигини ўзгариши;
  • артериал босимни вақтинчалик пасайиши, брадикардия ёки тахикардия бўлиши мумкин.

 

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар

  • препаратнинг компонентларига юқори сезувчанликда;
  • болалар ва 18 ёшгача бўлган ўсмирларда;
  • парасимпатик невр тизимининг юқори тонус ҳолатида қўллаш мумкин эмас.

 

Дориларнинг ўзаро таъсири

Дифосфоцин леводопанинг самарасини кучайтиради. Препаратни меклофеноксат сақловчи дори воситалари билан бир вақтда буюриш мумкин эмас.

Препарат қон тўхтатувчи воситалар, шунингдек бош мия ички босимини пасайтирувчи препаратлар ва перфузион суюқликлар билан бир вақтда қўлланилиши мумкин.

 

Махсус кўрсатмалар

Ҳомиладорлик ва лактация даври

Препаратни ҳомиладорлик даврида фақат агар она учун кутилаётган фойда ҳомила ёки бола учун потенциал ҳавфдан устун бўлсагина қўллаш мумкин.

Цитиколин она сути билан ажралиши ҳақида маълумотлар йўқлиги сабабли, лактация даврида аёллар эмизишни тўхтатишлари керак.

Транспорт воситаларини ва потенциал хавфли механизмларни бошқариш қобилиятига таъсирининг ўзига хослиги

Таъсир қилмайди.

Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач ишлатилмасин.

 

Дозани ошириб юборилиши

Препаратнинг токсиклиги пастлиги сабабли, хатто терапевтик дозалар оширилганида ҳам дозани ошириб юбориш ҳоллари аниқланмаган.

 

 

Чиқарилиш шакли

4 мл дан рангсиз нейтрал шиша ампулаларда (I тип гидролитик).

5 ампуладан (500 мг) полистрол контур уяли ўрамга жойланган.

3 ампуладан (1000 мг) полистрол контур уяли ўрамга жойланган.

1 контур уяли ўрамдан давлат ва рус тилларидаги қўллаш бўйича йўриқномаси билан бирга картон қутига жойланган.

 

Сақлаш шароити

25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.

 

Яроқлилик муддати

5 йил.

 

Дорихоналардан бериш тартиби

Рецепт бўйича.

Улашиш: