Skip to main content

Аденурик®

Улашиш:
  Reading time 17 minutes

ИЛОВА-ВАРАҚА: ПАЦИЕНТ УЧУН МАЪЛУМОТ

Аденурик® плёнка қобиқ билан қопланган таблеткалар 80 мг

Аденурик® плёнка қобиқ билан қопланган таблеткалар 120 мг

Фебуксостат

Ушбу дори препаратни қўллашни бошлашдан олдин ушбу илова-варақани диққат билан охиригача ўқиб чиқинг, чунки у Сиз учун муҳим маълумот сақлайди.

  • Ушбу илова-варақани сақлаб қўйинг. Эҳтимол, Сиз уни яна ўқиб чиқишингиз керак бўлиши мумкин.
  • Агар сизда қўшимча саволлар туғилса, шифокорга ёки дорихона ходимига мурожаат қилинг.
  • Бу дори препарати шахсан Сизга буюрилган. Уни бошқа шахсларга бериб юборманг. Агар уларнинг симптомлари Сизникига ўхшаш бўлса ҳам, бу уларга зарар етказиши мумкин.
  • Агар Сизда ножўя таъсирлардан биронтаси пайдо бўлса, илтимос, бу ҳақида ўз шифокорингизга ёки дорихона ходимига хабар беринг. Бу ушбу йўриқномада кўрсатилмаган ҳар қандай ножўя таъсирларга тааллуқли (4-бўлимга қаранг).

Ушбу илова-варақада қуйидаги маълумотлар сақланади:

  1. Аденурик® нима ва у нима учун мўлжалланган
  2. Аденурик® ни қабул қилишни бошлашдан олдин нималарни билиш керак
  3. Аденурик® ни қандай қабул қилиш керак
  4. Бўлиши мумкин бўлган ножўя таъсирлар
  5. Аденурик® ни қандай сақлаш керак
  6. Ўрамнинг ичидагиси ва қўшимча маълумот
  1. АДЕНУРИК нима ва у нима учун мўлжалланган

Аденурик® таблеткалар препаратининг таъсир этувчи моддаси фубуксостат ҳисобланади ва у подагра – организмда сийдик кислотаси (уратлар) ни ортиқча тўпланиши билан боғлиқ касалликни даволаш учун қўлланади. Баъзи одамлар қонида сийдик кислотаси ҳаддан ташқари кўп миқдорда бўлади, шу сабабли у эримайдиган бўлиб қолади. Бунинг натижасида бўғимлар ва буйракларда тўпланадиган уратларнинг кристаллари ҳосил бўлиши мумкин. Ушбу жараён тўсатдан бўғимда кучли оғриқ, қизариш, шиш ва бўғим ҳароратини ошиши (подагра ҳуружи) билан кечиши мумкин. Даволаш ўтказилмаганида айрим кристаллар бўғимда ва уларнинг атрофида кўп миқдорда тўпланади (тофуслар пайдо бўлади). Бу тофуслар бўғим ва суякни парчалаши мумкин.

Аденурик® препаратининг самараси сийдик кислотасининг даражасини камайтиришга асосланган. Аденурик® ни қабул қилиш фонида сийдик кислотасининг концентрацияси паст даражада қолади, бу кристалларни ҳосил бўлишини олдини олади ва вақт ўтган сари касаллик симптомларининг оғирлик даражасини камайишига ёрдам беради. Агар сийдик кислотасининг концентрацияси узоқ вақт давомида паст даражада қолса, тофусларнинг ўлчами ҳам камайиши мумкин.

Аденурик® 120 мг таблеткалари, шунингдек қоннинг хавфли ўсма касалликлари юзасидан ўтказилаётган кимётерапиянинг бошида юз бериши мумкин бўлган қонда сийдик кислотасининг юқори концентрацияларида даволаш ва профилактика учун хам қўлланилади.

Кимётерапияни ўтказишда ўсма хужайраларини парчаланиши юз беради, ва агар сийдик кислотасини ҳосил бўлишини профилактикаси ўтказилмаган бўлса, қонда сийдик кислотасининг концентрациясини ошишини чақиради.

Аденурик® препарати катталар учун мўлжалланган.

  1. Аденурик® ни қабул қилишни бошлашдан олдин нималарни билиш керак

Аденурик® ни қуйидагиларда қабул қилиш мумкин эмас

  • Фебуксостатга ёки препаратнинг бошқа компонентларига (6-бўлимда санаб ўтилган) аллергия бўлганида.

Огоҳлантиришлар ва эҳтиёткорлик чоралари

Аденурик® ни қабул қилишни бошлашдан олдин, шифокорга хабар беринг, агар:

  • Агар Сиз юрак етишмовчилиги ёки юракнинг бошқа касалликларидан азият чексангиз (хасталанган бўлсангиз).
  • Агар Сизда буйрак касаллиги бўлса (ёки бўлган бўлса) ва/ёки Сизда аллопуринолга (подаграни даволаш учун дори воситаси) оғир аллергик реакция бўлган бўлса.
  • Агар Сизда жигар касаллиги бўлса (ёки бўлган бўлса) ёки Сизда жигар кўрсаткичларини силжиши ўрин тутса.
  • Агар Сиз Леш-Нихан синдроми (қонда сийдик кислотасининг юқори даражаси характерли бўлган кам учрайдиган наслий касаллик) сабабли сийдик кислотасининг даражасини ошиши юзасидан даволанган бўлсангиз.
  • Агар Сиз қалқонсимон бези касалликлари билан хасталанган бўлсангиз.

Аденурик® га оғир аллергик реакциялар пайдо бўлган ҳолларда препаратни қабул қилишни тўхтатинг (шунингдек, 4-бўлимга қаранг). Аллергик реакцияларнинг бўлиши мумкин бўлган симптомлари қуйидагилар:

  • тошма, шу жумладан оғир шакллари (пуфаклар, тугунлар, қичишувчи ва эксфолиатив тошма каби), терини қичишиши,
  • қўл-оёқни ёки юзни шиши,
  • нафас олишни қийинлашиши,
  • иситма ва лимфа тугунларини катталашиши,
  • шунингдек, юрак ва қон айланишини тўхташи билан кечувчи ҳаётга хавф солувчи оғир аллергик ҳолатлар.

Даволовчи шифокор Аденурик® препарати билан даволашни муддатсиз бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.

Аденурик® препаратини қабул қилгандан кейин ҳаёт учун потенциал хавфли (Стивенс-Джонсон синдроми) тери тошмаси пайдо бўлганлиги ҳақида камдан-кам хабарлар берилган, бунда танада дастлаб қизғиш нишонсимон доғлар ёки кўпинча марказида пуфакли циркуляр ўчоқлар пайдо бўлади. Шунингдек бунда оғиз бўшлиғида, ҳалқумда, бурунда, жинсий аъзоларда яралар ва конъюнктивит (кўзларни қизариши ва шиши) ҳам ривожланиши мумкин. Тошмани авж олиши пуфакларни тарқалиши ёки терини кўчиши билан кечиши мумкин.

Фебуксостатни қабул қилинганидан кейин Стивенс-Джонсон синдроми ривожланган ҳолларда Аденурик® ни қабул қилишни қайта бошлаш мумкин эмас. Тошма ёки юқорида санаб ўтилган тери симптомлари ривожланган ҳолларда дарҳол шифокорга мурожаат этиш ва унга Сиз ушбу препаратни қабул қилаётганлигингиз ҳақида хабар беришингиз керак.

Агар ҳозирда Сизда подаграни зўрайиши (бўғимларда тўсатдан кучли оғриқ, қизариш, оғриқ, шиш ва ҳароратини ошиши) кузатилаётган бўлса, Аденурик® препарати билан даволашни бошлашдан олдин уни сўнишини кутиш керак.

Айрим ҳолларда подаграни зўрайиши сийдик кислотасининг даражасини камайтирувчи препаратлар билан даволашни бошида кузатилиши мумкин. Бундай зўрайиш барча пациентларда ҳам кузатилавермайди, лекин Аденурик® препарати билан даволашнинг биринчи ҳафтаси ёки ойида Сизда подагра ҳуружи пайдо бўлиши мумкин. Бундай ҳуружлар пайдо бўлганида даволашни тўхтатмаслик муҳим, чунки ушбу ҳолатда ҳам Аденурик® сийдик кислотасининг концентрациясини камайтиришга ёрдам беради. Агар Сиз шифокор кўрсатмаси бўйича ҳар куни Аденурик® ни қабул қилаётган бўлсангиз, вақт ўтиши билан подагра ҳуружлари камаяди ва камроқ оғриқли бўлади.

Зарурати бўлганида даволовчи шифокорингиз подагра симптомларини (бўғимлардаги оғриқ ва шиш) олдини олувчи ёки енгиллаштирувчи препаратларни буюриши мумкин.

Уратлар даражаси жуда юқори бўлган пациентларда (масалан, хавфли ўсма касалликлари юзасидан кимётерапия қабул қилаётганларда) сийдик кислотасининг даражасини пасайтирувчи препаратлар билан даволаш, гарчи бу ўсмани парчаланиши синдроми туфайли Аденурик® ни қабул қилган барча пациентларда кузатилмасада, тошларни ҳосил бўлиш эҳтимоли билан сийдик чиқариш йўлларида ксантинларни тўпланишига олиб келиши мумкин.

Даволовчи шифокорингиз жигар фаолиятини баҳолаш учун қон таҳлилини ўтказишни буюриши мумкин.

Болалар ва ўсмирлар

18 ёшдан кичик болаларда препаратнинг хавфсизлиги ва самарадорлиги аниқланмаганлиги сабабли, ушбу гуруҳ пациентларига препаратни қабул қилиш мумкин эмас.

 

Бошқа дори воситалари билан бир вақтда қабул қилиш

Агар Сиз бирон-бир бошқа дори воситалари, шу жумладан шифокор рецептисиз бериладиган препаратларни қабул қилаётган ёки яқинда қабул қилган бўлсангиз, бу ҳақида даволовчи шифокорга ёки дорихона ҳодимига хабар беринг.

Айниқса Аденурик® препарати билан ўзаро таъсирлашиши мумкин бўлган қуйида келтирилган моддаларни сақловчи препаратлар ҳақида хабар бериш муҳим. Бундай ҳолларда шифокор зарур чораларни кўриши мумкин:

  • Меркаптопурин (хавфли ўсмаларни даволаш учун қўлланади).
  • Азатиоприн (иммун жавобни камайтириш учун қўлланади).
  • Теофиллин (бронхиал астмани даволаш учун қўлланади).

Ҳомиладорлик ва эмизиш

Аденурик® препарати билан даволанганда ҳомилага нохуш таъсирининг хавфи аниқланмаган. Ҳомиладорлик вақтида Аденурик® ни қабул қилиш тавсия этилмайди. Шунингдек, Аденурик® кўкрак сутига ўтиши ҳам номаълум. Препаратни эмизиш ватида ва унга тайёргарлик вақтида қабул қилиш мумкин эмас.

Агар Сиз ҳомиладор бўлсангиз ёки эмизсангиз ёки ҳомиладорман деб ўйласнгиз ёки ҳомиладор бўлишни режалаштираётган бўлсангиз, ушбу препаратни қабул қилишдан олдин даволовчи шифокор ёки дорихона ҳодими билан маслаҳатлашинг.

Транспорт воситаларини бошқариш ва механизмларга хизмат кўрсатиш қобилиятига таъсири

Даволаш вақтида бош айланиши, уйқучанлик, кўришни хиралашиши, увишиш ва санчиш ҳисси пайдо бўлишини ёдда сақлаш керак, улар ривожланганда транспорт воситаларини бошқариш ва механизмлар билан ишлашдан сақланиш тавсия этилади.

Аденурик® лактоза сақлайди

Аденурик® таблеткалари лактоза (қанднинг бир тури) сақлайди. Агар Сизда бирон-бир қандни ўзлаштираолмаслик аниқланган бўлса, ушбу препаратни қўллашдан олдин даволовчи шифокор билан маслаҳатлашинг.

  1. Аденурик® ни қандай қабул қилиш керак

Аденурик® ни ҳар доим даволовчи шифокор тавсиясига мувофиқ қабул қилинг. Саволлар пайдо бўлганида шифокор ёки дорихона ҳодими билан маслаҳатлашинг.

  • Препаратнинг стандарт дозаси суткада 1 марта 1 таблеткани ташкил этади. Сиз препаратни қабул қилишнинг мунтазамлигини назорат қилишингиз учун блистер ўрамнинг орқа томонида ҳафтанинг кунлари белгиланган.
  • Аденурик® овқатдан олдин, овқатланиш вақтида ёки овқатдан кейин ичга қабул қилинади.

Подагра

Аденурик® 80 мг ёки 120 мг ли таблеткалар шаклида чиқарилади. Даволовчи шифокор препаратни Сизга тўғри келадиган дозада буюради.

Аденурик®ни ҳар куни, ҳатто подагранинг ҳуружи йўқлигида ҳам қабул қилиш муҳимдир.

Хавфли ўсма касаллиги юзасидан кимётерапия қабул қилаётган пациентларда сийдик кислотасининг юқори даражасини олдини олиш ва даволаш

Аденурик® 120 мг ли таблеткалар шаклида чиқарилади.

Аденурик® ни қабул қилишни кимётерапия бошланишидан икки сутка олдин бошлаш ва даволовчи шифокорнинг кўрсатмасига мувофиқ давом эттириш керак. Одатда даволаш қисқа муддатлидир.

Агар Сиз Аденурик® нинг тавсия этилган дозасини ошириб юборган бўлсангиз

Агар Сиз бехосдан препаратнинг юқори дозасини қабул қилган бўлсангиз, дарҳол даволовчи шифокорга хабар бериш ёки яқиндаги шошилинч ёрдам бўлмига мурожаат этиш керак.

Агар Сиз Аденурик® ни қабул қилишни унутган бўлсангиз

Агар Сиз Аденурик® ни вақтида қабул қилишни унутган бўлсангиз, кейинги дозани ёдингизга тушиши биланоқ қабул қилинг. Агар Сиз буни препаратни кейинги қабул қилишдан бироз олдин эслаган бўлсангиз, унутилган дозани ўтказиб юборинг ва кейинги дозани одатдаги вақтда қабул қилинг. Ўтказиб юборилган дозани ўрнини тўлдириш учун икки баробар дозани қабул қилманг.

 

Агар Сиз Аденурик® ни қабул қилишни тўхтатган бўлсангиз

Шифокор маслаҳатисиз, ҳатто Сиз ўзингизни сезиларли даражада яхши ҳис қилаётган бўлсангиз ҳам Аденурик® ни қабул қилишни тўхтатманг. Даволашни тўхтатиш сийдик кислотасининг концентрациясини ошиши ва бўғимлар ва уларнинг атрофида, буйракда янги урат кристалларини пайдо бўлиши ҳисобига, касаллик симптомларини чуқурлашиши билан кечиши мумкин.

Агар ушбу препарат юзасидан Сизда қўшимча саволлар туғилса, шифокорга ёки дорихона ҳодимига мурожаат этинг.

  1. Бўлиши мумкин бўлган ножўя таъсирлар

Барча дори препаратлари каби, ушбу препарат ҳам, гарчи улар ҳамма пациентларда намоён бўлмасада, ножўя таъсирларга эга бўлиши мумкин.

Қуйидаги кам учрайдиган ножўя таъсирлар (1000 пациентдан 1 нафаридан камроғида аниқланади) пайдо бўлганида ушбу препаратни қабул қилишни тўхтатиш ва дарҳол даволовчи шифокорга ёки яқиндаги шошилинч ёрдам бўлимига мурожаат этиш керак, чунки оғир аллергик реакциялар ривожланиши мумкин:

  • Анафилактик реакциялар, препаратга ўта юқори сезувчанлик (шунингдек, 2-бўлим “Огоҳлантиришлар ва эҳтиёткорлик чоралари” га қаранг)
  • Пуфакларни пайдо бўлиши ва терини ва тана бўшлиқларининг ички юзаларини кўчиши, масалан, оғиз бўшлиғи ва жинсий аъзоларнинг, иситма, томоқда оғриқ ва ҳолсизлик билан (Стивенс-Джонсон синдроми/токсикодермал некролиз) ёки лимфа тугунларини катталашиши, жигарни катталашиши, гепатит (жигар етишмовчилигига қадар), қон лейкоцитлари сонини ошиши (эозинофилия ва тизимли симптомлар билан кечувчи дори реакцияси – DRESS) билан кечувчи оғиз бўшлиғи ва/ёки жинсий аъзоларнинг оғриқли яраларини пайдо бўлиши билан характерланувчи ҳаёт учун потенциал хавфли тери тошмаси (2-бўлимга қаранг).
  • Тарқалган тери тошмаси

Тез-тез учрайдиган ножўя таъсирлари (10 пациентдан 1 нафаридан камроғида пайдо бўлиши мумкин):

  • жигар кўрсаткичларини силжиши
  • диарея
  • бош оғриғи
  • тошма (шу жумладан, тошмаларнинг турли тури, қуйида “баъзида” ва “кам” бўлимларига қаранг)
  • кўнгил айниши
  • подагра симптомларини оғирлашиши
  • тўқималарда суюқликни тутиб қолиниши билан боғлиқ маҳаллий шишлар (шиш)

Юқорида кўрсатилмаган бошқа ножўя таъсирлар қуйида келтирилган.

Баъзида учрайдиган ножўя таъсирлари (100 пациентдан 1 нафаридан камроғида пайдо бўлиши мумкин):

  • иштаҳани пасайиши, кучли чанқоқлик, қонда ёғлар даражасини ошиши, тана вазнини ошиши билан намоён бўлиши мумкин бўлган қонда қанд даражасини ўзгариши (қандли диабет);
  • жинсий мойилликни йўқолиши;
  • уйқуни бузилиши, уйқучанлик;
  • бош айланиши, увишиш ёки санчиш ҳисси, уйқучанлик, сезувчанликни пасайиши ёки ўзгариши (гипестезия, гемипарез ёки парестезия), таъм билишни пасайиши ёки ўзгариши (гипосмия);
  • электрокардиограммада ўзгаришлар, аритмия, юрак уриб кетишини ҳис қилиш;
  • қизиб кетиш ҳисси (масалан, юз ёки бўйинни қизариши), артериал босимни ошиши, қон кетиши (қон касалликлари туфайли кимётерапия олаётган беморлардагина кузатилувчи қон қуйилишлари);
  • йўтал, ҳансираш, кўкрак қафасида оғриқ ёки дискомфорт, бурун йўллари ва/ёки ҳалқумни яллиғланиши (юқори нафас йўллари инфекциялари), бронхит;
  • оғизни қуриши, қоринда оғриқ/дискомфорт ёки метеоризм, жиғилдон қайнаши/овқат

ҳазм бўлмаслиги, қабзият, тез-тез ич келиши, қусиш, қоринда дискомфорт ҳисси;

  • қичишиш, эшакеми, терини яллиғланиши ёки рангини ўзгариши, терида майда қизил ёки қирмизи доғлар, терида майда қизил ясси доғлар, бир-бирига қўшилиб кетадиган майда бўртмалар билан қопланган терида қизариш соҳалари, тошма, терида қизариш ва доғ соҳалари, шунингдек тери томонидан бузилишлар;
  • мушак тиришишлари, мушак кучсизлиги, мушак ва бўғимларда оғриқ, бурсит ёки артрит (оғриқ, шиш ва/ёки кам ҳаракатчанлик билан кечувчи бўғимларни яллиғланиши), қўл-оёқда оғриқ, белда оғриқ, мушак спазмлари;
  • сийдикда қон пайдо бўлиши, тез-тез сийиш, сийдик таҳлилини ўзгариши (оқсил миқдорини ошиши), буйрак фаолиятини бузилиши;
  • кучли толиқиш, кўкрак қафасида оғриқ ва дискомфорт ҳисси;
  • ўт пуфагида ва жигар йўлларида тош (холелитиаз);
  • тиреотроп гормонининг (ТТГ) даражасини ошиши
  • қоннинг биокимёвий таҳлили ёки қон ҳужайралари ёки тромбоцитлар сонини ўзгариши (қон таҳлили натижаларида бузилишлар);
  • буйракда тошлар;
  • эрекцияни бузилиши.

Кам учрайдиган ножўя таъсирлар (1000 пациентдан 1 та дан камроғида пайдо бўлиши мумкин):

  • мушакларни шикастланиши, бу бир қатор ҳолларда оғир бўлиши мумкин. Бу мушакни ишида, айниқса агар сиз ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз ёки тана ҳарорати юқори бўлса, бу аномал миопатия оқибатида юз берган бўлиши мумкин. Агар сизда мушакда оғриқ ёки холсизлик пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат этинг;
  • терининг чуқур қаватларини шиши, а` \йниқса лаб, кўз, жинсий аъзолар атрофида, қўлда, панжа ёки нафас олишни қийинлашиши билан бирга тилда шиш пайдо бўлса;
  • қизамиқсимон тошма, лимфа тугунларни катталашиши, жигарни катталашиши, гепатит (жигар етишмовчилигига қадар), қонда лейкоцитлар миқдорини ошиши (эозинофилия билан ёки эозинофилиясиз лейкоцитоз) билан кечувчи иситма,
  • терини қизариши (эритема), тошманинг турли шакллари (масалан, қичишувчи, оқ доғлар билан, пуфакли, йиринг сақловчи пуфакли, терини кўчиши билан кечувчи, қизамиқсимон тошма); тарқалган эритема, некроз, тери қипиқланиши ва сепсисга олиб келиши мумкин бўлган эпидермис ва шиллиқ қаватларни буллёз кўчиши (Стивенс-Джонсон синдроми/токсикодермал некролиз);
  • юқори қўзғалувчанлик;
  • чанқоқлик;
  • қулоқни шанғиллаши;
  • кўришнинг ноаниқлиги, кўришни ўзгариши;
  • сочларни тўкилиши;
  • оғиз шиллиқ қаватининг яралари;
  • меъда ости безини яллиғланиши: тез-тез учрайдиган симптомлари бўлиб қоринда оғриқ, кўнгил айниши ва қусиш ҳисобланади;
  • кўп терлаш;
  • тана вазнини камайиши, иштаҳани ошиши, иштаҳани назорат қилиб бўлмайдиган йўқолиши (анорексия);
  • мушак ва/ёки бўғим карахтлиги;
  • дарҳол сийишга қистовлар;
  • буйракни яллиғланиши билан боғлиқ сийдик хажмини ўзгариши ёки камайиши (тубулоинтерстициал нефрит);
  • жигарни яллиғланиши (гепатит);
  • тери қопламаларини сарғайиши (сариқлик);
  • жигарни шикастланиши.
  • қонда креатинфосфокиназанинг ошиши (мушакларни шикастланишини кўрсатувчи индикатор)

Агар Сизда ножўя таъсирлардан биронтаси пайдо бўлса, илтимос, бу ҳақида ўз шифокорингизга ёки дорихона ходимига хабар беринг. Бу ушбу йўриқномада кўрсатилмаган ҳар қандай ножўя таъсирларга тааллуқли.

 

Бўлиши мумкин бўлган ножўя таъсирлар тўғрисида хабарлар

Ҳар қандай ножўя таъсирлар юзага келганида, бу ҳақида шифокор ёки дорихона ҳодимига хабар қилинг. Бу, ушбу илова-варақада кўрсатилмаган ҳар қандай ножўя +таъсирларга тааллуқлидир. Сиз шунингдек ножўя таъсирлар хақида “Берлин-Хеми АГ” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига, тошкент шахар, 100015, Афросиёб кўчаси, 12-уй (бизнес-марказ) манзили бўйича бевосита хабар қилишингиз мумкин. Ножўя таъсирлар хақида хабар берган холда, Сиз мазкур дори препаратининг хавфсизлиги хақида кўпроқ ахборот тўплашга ёрдам беришингиз мумкин.

  1. Аденурик® ни қандай сақлаш керак
    • Болалар ололмайдиган жойда сақлансин.
    • Картон қути ва блистерда кўрсатилган яроқлилик муддати (“EXP”) ўтганидан сўнг дори воситасини ишлатиш мумкин эмас. Яроқлилик муддати кўрсатилган ойнинг сўнги кунига тааллуқли.
    • 30ºC дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.

Ҳар қандай препаратларни канализация ёки маиший чиқиндиларга ташламанг. Сиз энди ишлатмайдиган препаратларни утилизацияси масаласи бўйича дорихона ҳодимига мурожаат этинг. Бу чоралар атроф-муҳитни ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Яроқлилик муддати

3 йил

Бериш тартиби

Дори воситаси рецепт бўйича берилади

  1. Ўрамнинг ичидагиси ва қўшимча маълумот

Аденурик® препаратининг таркибига нималар киради

Препаратнинг таъсир этувчи моддаси фебуксостат ҳисобланади.

Бир таблетка 80 мг ёки 120 мг фебуксостат сақлайди.

Бошқа компонентлар:

Таблетканинг ядроси: лактоза моногидрати, микрокристалл целлюлоза, магний стеарати, гидроксипропилцеллюлоза, кроскармеллоза натрийли тузи, гидратацияланган коллоид кремний диоксиди.

Плёнка қобиғи

Поливинил спирти, титан диоксиди, макрогол 3350, тальк, темир (II) оксиди сақловчи Opadry II сариғи, 85F42129.

Аденурик® препаратининг ташқи кўриниши ва ўрамнинг ичидагиси

Аденурик® – плёнка қобиқ билан қопланган таблеткалар, капсуласимон, оч-сариқдан сариқ ранглигача бўлган таблеткалардир. 80 мг ли қобиқ билан қопланган таблеткаларнинг бир томонида “80” босиб ёзилган. 120 мг ли қобиқ билан қопланган таблеткаларнинг бир томонида “120” босиб ёзилган.

Аденурик® 80 мг ва 120 мг 14 таблеткадан тиниқ блистерларга (Аклар/ПВХ/алюминий) қадоқланган.

Аденурик® 80 мг ва 120 мг 14, 28, 42, 56, 84 ва 98 қобиқ билан қопланган таблеткалар сақловчи ўрамларда берилади.

Сотувда барча ўлчамдаги ўрамлар бўлмаслиги мумкин.

Улашиш: